ҲИРСНИНГ ҲАЁТДАГИ ТАЪСИРИ.
Ҳарислик баъзи инсонларни не куйларга солишини бот-бот ҳаётда учратамиз-у, унга қандай қараш ёки баҳо беришни билмаймиз. Бир вақтлар донолар битта сўзни шарҳлаш учун китоблар битишган. Биз у китобларга мурожаат қилсак, гап узайиб кетиши аниқ. Келинг, гапнинг индаллосини қисқа ибора ва ўхшатиш билан якунлаб қуяқолайлик.
Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу ҳақда қисқа ва лўнда қилиб айтган гапини мисол қила қоламиз:
Агар инсон бир нарсани йиғишга ҳирсини қўйса, ҳирс ундан мақсадни йўқотади.
Мол тўплашга ҳирсини қўйганларни кўрдик, бас унга кўп мол йиғилди. Шунга қарамай у янада кўпайтиришга ҳарисроқ бўлди.
Агар у тушунса, мол йиғишдан мақсад уни умрга сарфлаш эканини билар ҳамда умрини мол топишга сарфлаб, иккала мақсаддан ҳам ажралмаган бўлар эди.
Қанча кишиларни кўрдик, улар мол тўплади-ю, ундан ўзи фойдалана олмади. У молни бошқага қолдириб, ўзини фано узра кўрди.
Шоир айтади:
كَدُودَةِ الْقَزِّ مَا تَبْنِيهِ يَهْدِمُهَا وَغَيْرُهَا بِالّذِي تَبْنِيهِ يَنْتَفِعُ
Ҳарис кимса ипак қуртига ўхшайди, ўзи қурган нарса уни йўқ қилади, бошқа биров у қургандан фойдаланади.
Ҳақиқатан, мол тўплаб уни сарфламаган киши икки мақсаддан маҳрум бўлади: Бири умрга сарфлаш керак бўлган молдир. Иккинчиси умрни мол йиғишга сарфламаслик эди.
Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказ илмий ходими: Абдуллаев Аббосхон. عباس
Izoh qoldirish