27.09.2023

БАҚАРА СУРАСИДАГИ МАҚСАДЛАР

Бақара сурасининг аввалида мўъминларнинг сифатлари, кейин мунофиқларнинг, сўнгра кофирларнинг сифатлари келади. Бани Исроилқиссалари, уларнинг аҳдларларни бузганликлари ва бунинг оқибатида нима воқеалар содир бўлгани баён қилинади. Шундан кейин ушбу умматнинг ҳукмлари баён қилинади, динларининг фарзлари айтилади. Суранинг охирида Бақара сурасидаги зоҳир ва ботиний ҳукмларда қоим бўлиш талаб қилинади. Аллоҳ таоло мўъминларни ушбу сўзи билан имтиҳон қилган: "Ичингиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни у билан ҳисоб-китоб қилур” (Бақара сураси, 284-оят).

Бу оятни эшитган мўъминлар қалбларида турли ажойиботлар юз бериши сабабидан шов-шув қилдилар, сиқилдилар ва динда ботин билан рост туришга ожиз эканликларини билдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни таслим бўлиб Аллоҳга бўйсунишга ва авф талаб қилишга буюрдилар. Авф талаб қилиш йўлида Аллоҳга муҳтожликларини изҳор қилишга, ибодатда бўйсунишга ва дин амрларида гайрат билан турмоққа чақирдилар.

Мўъминлар шундай қилишганда ботинда кечадиган ишлар борасида авфу рухсат ояти нозил бўлди ва Аллоҳ таоло мўъминларга қандай дуо қилишни ўргатди ва ижобат ҳам қилди. Демак, бу уммат мана шу иккита оят билан хосланди. Ва ундан кейин келадиган ҳожатлар ҳам шу умматга хос бўлди. Чунки ўтган умматларга бу нарса (яъни ич ва таш билан динда маҳкам туриш) таклиф қилинганда улар буни қабул қилишдан бўйин товлаб "Биз бунга қодир эмасмиз", дедилар. Бу уммат эса қабул қилдилар ва ўз нафсларини таслим қилдилар ҳамда шу билан бирга авфни ҳам талаб қилдилар. Шу боис Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилди ва уларни икром қилди. Шунинг учун "Бақара сурасининг охири Арш остидаги хазиналар-дандир” деб ривоят қилинган.

Умар ибн Абу Умарнинг Али ибн ал-Мадинийдан, у Язид ибн Ҳорундан, у Валид ибн Жамил ал-Киндийдан, у Қосим Абу Абдурраҳмондан, у Абу Умомадан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Арш остидаги хазиналардан тўртта нарса нозил қилинди, улардан бошқа ҳеч нарса бу хазинадан нозил қилинмаган булар: Уммал-китоб (зеро Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, у (Куръон) даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул – маҳфузда) олий мақом ва пур ҳикмат (битик)дир”, – деб марҳамат қилган (Зухруф сураси, 4-оят), Оят ал-курсий, "Бақара" сурасининг охири ва "Кавсар", - деганлар. 

Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг умматларига бир хушхабардир. Бу неъматлар бошқа пайғамбарлар ва бошқа умматларга берилган эмас. Албатта, бундай хазина, Лавҳ ал-маҳфузда Аршнинг остида бўлиб, уни бошқа пайғамбарлар ва бошқа умматлардан беркитиб қўйгандир. Хазина деб хеч ким тама қилмасин дея яширилган, ўралган нарсага айтилади.

Қуръони каримнинг ҳаммаси бир кечада Рамазон ойининг йигирма тўртинчисида нозил бўлган ва дунё осмонидаги Байт ал-иззатга қўйиб қўйилган. У жойдан бир оят, икки оят бўлиб нозил бўлиб борган. Бу тўртта оят эса Арш остидаги хазинададир. Аллоҳ таоло қуръони каримда хабар берди: "Дарҳақиқат, у (Қуръон) даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул-маҳфузда) олий мақом ва пур ҳикмат (битик)дир" (Зухруф сураси, 4-оят).

Бизнинг тушунишимизча оятнинг маноси Қуръони каримнинг ҳаммаси Умм ал-Китобда жойлашгандир. Чунки Аллоҳ таоло ундан олдинги оятда бундай деган: "Албатта, Биз уни сизлар англашингиз учун араб тилидаги Қуръон қилдик!" (Зухруф сураси, 3-оят).

Яъни арабча қилиб туширдик, бу сизларнинг тилларингиздир, деганидан кейин: "Дарҳақиқат, у (Қуръон) даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳ ал-маҳфузда)", - деди. Яъни ушбу Қуръон Умм ал-Китобдадир, Умм ал-Китоб эса "Ал-ҳамду" сурасидир.

Биз Язид ибн Ҳорун ривоят қилган ҳадисдан тушунишимизча, Умм ал-Китоб зикрдир, деб фикр билдирганлар ҳам бор. Худди шундай, тўғри, у аввало, зикрдир, сўнгра эса Фотиҳа сурасидир.

Ал-Ҳаким Ат-Термизий “Яширин масалалар” (Ал-Масоил Ал Макнуна) асаридан
 

Izoh qoldirish