28.09.2023

САЛОМЛАШИШ ОДОБИ

Ислом дини инсонларни бир-бири билан гўзал муомалада бўлишга, яхшиликка чорлаб келган. Гўзал муомала эса энг аввало саломлашишдан бошланади. Инсонларнинг бир-бирлари билан саломлашиши Ислом динининг асосий шиорларидандир. Саломлашиш – мўмин-мусулмонликнинг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир”[1], – деб марҳамат қилади (“Нисо” сураси, 86 оят). Ушбу ояти каримада саломлашишнинг аҳамияти таъкидлаб ўтилиб, берилган саломга ундан кўра яхшироқ ёки ўзига баробар жавоб беришга амр қилинмоқда. 

Ибн Жарийр қилган ривоятда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар: “Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Ассалому алайка, йа Расулуллоҳ”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга: “Ва алайкассалому ва раҳматуллоҳи”, – дедилар. Кейин бошқа бир одам келиб: “Ассалому алайка, йа Расулуллоҳи ва роҳматуллоҳи”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ва алайкассалому ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, – дедилар. Сўнгра яна бошқа одам келиб: “Ассалому алайка, йа Расулуллоҳи ва рoҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Ва алайкассалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуху”, – дедилар. Шунда у одам: “Эй Аллоҳнинг расули, отам ҳам, онам ҳам сизга қурбон бўлсин, ҳузурингизга Фалончи, Фалончилар келиб салом бердилар. Нима учун сиз уларга мендан кўра яхшироқ жавоб бердингиз?”, – деб сўради.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен менга ҳеч нарсани қолдирмадинг. Аллоҳ: Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг, – деган. Сенга ўзингдек жавоб бердик”, – дедилар. Ҳар бир қавмнинг ўзига хос саломлашиш усули бор. Муқаддас динимиз ҳам инсонларни бир-бирлари билан саломлашишга буюради. Таниган ва танимаганларга салом бериш суннатдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал энг яхши амалдир?”, – деб сўралганда, У зот: “Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг”, – деб жавоб берганлар[2]. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир”, –дедилар”. 

Юқоридаги ояти карима ва ҳадисларга амал қилиб салом бериш орқали Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатига эргашган бўламиз. Уламоларимиз айтадиларки, бир-бирлари билан ўзаро саломлашиб юрган кишилар бир-бирларига муҳаббат қўядилар. Ўзаро саломлашиб муҳаббатда юрган кишилар эса мўмин бўладилар. Ўзаро саломлашиб, муҳаббатда юрган мўминлар эса жаннатга кирадилар. Биз бундан саломнинг нақадар аҳамиятли эканлигини билишимиз мумкин.  

 

Музаффар Бойсоатов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази котиб-иш юрутувчиси

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. ­– Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. – Б. 91. 

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 37 жуз. – Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. – Б. 34. 

Izoh qoldirish