ИЛМУ МАЪРИФАТ АҲЛИНИНГ ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ ХУСУСИДА
(“Маҳбуб ул-қулуб” асари мисолида)
Бугун жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнида баркамол авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга, улуғ аждодларнинг бой илмий-маънавий меросига юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан саналади. Дарҳақиқат, “комил инсон бўлиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олижаноб фазилатларнинг маъно-мазмунини нафақат чуқур англаш, балки ана шундай хусусиятларга эга бўлиш, уларга амал қилиб яшаш – одамзотнинг маънавий бойлигини белгилаб берадиган асосий мезондир” [1, 16]. Шу нуқтаи назардан қараганда, йирик мутафаккир Алишер Навоийнинг теран маънавий меросининг мазмун-моҳиятини ёшлар онги ва қалбига сингдириш масаласи долзарб аҳамият касб этади.
Миллий маънавиятимизнинг мўътабар сиймоларидан бўлган Алишер Навоийнинг илмий-маънавий мероси мазмун-моҳиятини жамиятда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришга йўналтирилганлиги ва бунда илм - маърифат аҳлининг тутган ўрни ва аҳамиятини шоир қаламига мансуб “Маҳбуб ул-қулуб” [2] асари мисолида тадқиқ этиш ташкил этади.
Навоийнинг илму маърифат аҳлининг жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти тўғрисидаги қарашлари синергетик методологиянинг ўз-ўзини ташкиллаштириш, аттракторлик, келажакни бугунга таъсири тамойиллари асосида фалсафий таҳлил этилади.
Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида турли ижтимоий тоифаларнинг феъл-атворига хос бўлган сифатларни қиёсий таҳлил этади. Асарда иллатлардан покланиш ва эзгу фазилатларни ўзлаштириш асосида инсонни мукаммалликка чорловчи панду насиҳатлар илм олиш, таълим ва тарбия жараёнлари учун ҳам бирдек муҳимдир. Бинобарин, “инсоннинг баркамол қиёфа кашф этиши ундаги зоҳирий ёмон қилиқларни, хатти-ҳаракат ва амалларнинг нечоғлик сўниб бориш даражасига боғлиқдир” [3, б. 20].
Донишмандлар илмни қадрига етиш учун илмсизликнинг, жаҳолатнинг нималигини теран англамоқ зарурлигини таъкидлайдилар. Жаҳолат – илм-маърифатдан маҳрумлик, қолоқлик, маданиятсизлик, нодонлик, зулмат каби маъноларни англатади [4, б. 276]. Жаҳолат кишининг ҳеч бир меҳнат талаб қилмайдиган бекорчилик ҳолати бўлиб, унинг уч тури мавжуд: умуман ҳеч нима билмаслик, ҳамма нарсаларни жуда ёмон билиш, лозим бўлмаган нарсаларни билиш. Билмасликдан жаҳолат, жаҳолатдан мутаассиблик келиб чиқади [5, б. 207].
Зеро, инсонга билимнинг зарурлигини уқтириш, унга кўришнинг аҳамиятини уқтириш билан баравар бўлиб, инсон узлуксиз равишда илм ўрганиш ва ўз-ўзини ташкиллаштириш орқали маънавий юксала боради.
Буни яхши тушунган ҳазрат Навоий: “Агар киши саодатманд олим бўлса, нодонлар сўзлари ҳам унинг учун аҳамиятли ва ибрат бўлади. Агар у бесаодат жоҳил бўлса, олимнинг сўзини эшитишдан ор қилади. Ҳақиқатан, жоҳилликдан ҳам бадбахтроқ нима бор дунёда? Ўзига бино қўйиш нақадар аҳмоқлик, ўз сўзига бино қўйиш нақадар бахтсизликдир. Оламдаги барча одамлар ўзларини ўзлари севадилар ва ўз сўзлари ўзларига жуда ёқимли туюлади. Ва башарият жинсида бўлган бу сифат – уларнинг жоҳиллигига далилдир ва нафслар эса беихтиёр шу даъво билан машғулдирлар” [2, б. 96], - деб ёзади.
Аслида ҳар бир шахс ўз ақлий камолоти учун жамият олдида қарздор бўлиб, маънавий юксалган сари унинг бурч ва масъулияти ҳам ошиб бораверади. Шу боис, зиёли ҳаётининг маъносини халқ оммаси қатламлари орасида холисона илм тарқатмоқ учун узлуксиз равишда изланишдан, билимлар хазинасини тўлдиришдан иборат дейиш мумкин. Зеро, эртанги кун кишиларини зукко, етук ва баркамол этиб тарбиялашда илм аҳлининг, хусусан, жонкуяр фидойи устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Навоий илм ва бойлик ҳақида сўз юритиб: “Фосиқ олим, билгинки, ўзига золим донишманддир. Бахил бой эса нодондирки, у ўз зиёнини кўзловчи. Бу икки тоифа умрини бекорга ўтказади ва гўрга ҳасрату армон олиб кетади. Чунки буларнинг бири илм ўрганиш учун қанча машаққат тортса-да, лекин илмига амал қилмади. Иккинчиси мол-дунё йиғиш учун кўп овора бўлди-ю, уни нимага сарф қилишни билмади. Илм ўрганмоқ – динни мустаҳкам қилмоқ учун, аммо бойлик орттирмоқ учун эмас. Саховатсиз бой бамисоли ёмғирсиз булутга ўхшайди. Илмига амал қилмаган олим эса устига китоб ортилган ҳайвонга ўхшайди” [2, б. 120-121], - дея таъкидлайди.
Мутафаккир илм ва бойликни моҳиятан қиёслар экан, олинган илм ва тўпланган бойликнинг хайрли амалларга сарфланиши мақсадга мувофиқлигини қайд этади. Шунингдек, саводлилик билимларнинг кўп-озлигида ҳам эмаслигига, балки билганларини тўла англаш ва ҳаётга татбиқ эта билиш муҳимлигига далолат қилади. Баҳс ва тортишувлар учун, бошқаларни назарга илмаслик, манфаат чиқариш, шуҳрат, амал орттириш ва ўзга мақсадлар учун эмас, балки ҳаётга нимадир наф келтириш учун илмга интилмоқ лозимлигини таъкидлайди. Бошқача айтганда, инсон учун билим орттиришнинг ўзи кифоя эмаслиги, балки олинган билимни у тараққиёт йўлида сарфлаши ва билимини бошқалар ҳам ундан ўз ақл шамчироқларини ёндириб олишлари учун бериши талаб этилади.
Навоий олимларга огоҳнома сифатида: “Олим киши жоҳилни рўпарасига ўтирғизиб олиб, мулзам (мот) қилишни истаса, бу иш олимнинг ўзини ўзи таҳқирлашидир. Олим киши ўз илмининг даража ва миқдорини билиб, ҳурматини сақлаши керак. Гавҳарни текшириб кўриш учун уни тошга урмаслиги лозим” [2, б. 149], - дея таъкидлайди.
Ҳақиқий олим камтар бўлмай иложи йўқ албатта, чунки у қанчалар кўп иш қилгани сайин, ҳали бир дунё ишлар бажарилмай ётганини ҳам яққол кўра олади. Билим ўз соҳибига ҳар қандай мураккаб вазиятда тўғри қарор қабул қилиш, ўзини қўлга ола билиш, ножўя хатти-ҳаракатлардан, гуноҳлардан ва хатолардан тийилиш имконини беради. Яъни билим кишига ўзини англаш асосида табиатида зоҳир бўлган салбий иллатлардан покланиш, ўз ўзини ташкиллаштириш орқали маънавий камолотини таъминлаб беради. Зеро, “ўзини саводли ва зиёли одамлигини йирик нарсаларда ҳам, майда нарсаларда ҳам ҳар доим ва бутун умр намоён эта оладиган кишини чинакам саводли ва зиёли деб ҳисоблаш мумкин” [6, б. 120].
Навоий мударрислар зикрида: “Мударрисларнинг мақсади мансаб бўлмаслиги керак ва ўзи билмаган илмдан дарс бермаслиги ва ўзини мақтаб, шовқин-сурон кўтармаслиги керак. Жоҳиллар каби мақтанчоқлик учун мадраса (илм даргоҳи) айвонида ўтирмаслиги керак. Диний илмларни билса ва аниқ масалалардан элга таълим берса, бу создир. У ярамас қилиқлардан холи ва нопок ишлардан узоқ юрмоғи керак ва ўзини олим қилиб кўрсатиб, турли-туман ножоиз ишларни “қилса ҳам бўлади”, деб ҳаромни ҳалолга чиқармаслиги керак. Ножоиз ишлар билан машғул бўлиб, жоиз ишларни қилмайди. Бундай одам мударрис эмас, мубтадеъдур (бидъатчидир) ва бундай киши билан суҳбатлашиш ислом аҳлига ман қилинган. Мударрис олим ва тақволи ва ҳушёр ҳамда айтар сўзи Оллоҳнинг каломи ва Расулулуоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси бўлиши керак” [2, б. 29-30], - дея келтиради.
Шунингдек, мутафаккир: “Шайх ул-ислом мусулмонлар пешвоси бўлиб, мусулмонлар унинг фатвосига (ҳукмига) бўйсунишлари лозим. Бундай киши исломни ҳимоя қилувчи олим бўлмоғи ва даргоҳга (азизлар, авлиёлар ва орифлар даргоҳига) яқин бўлмоғи, ориф ва донишманд, шариат қонунига тобеъ, фақирликка рози, тасаввуф йўлини тутувчи бўлиши керак. Яхши – ёмонга шафқатли ва ёшу қарига фойдали йўл кўрсатувчи, рад этиб бўлмас даражада ҳақиқатни сўзловчи. Шариат қонунларини билишда комил бўлиши ва бидатчилар бидъатини йўққа чиқарувчи обрўли киши бўлиши керак” [2, 26], - дея баён қилади.
Навоий шайх ул-исломнинг жамиятда муҳим мавқега эгалиги боис ушбу лавозим соҳиби илми билан ахлоқий етукликка эришган, маърифатли ва донишманд, камтар, тасаввуф (“хилофу ихтилофи бўлмаган, риё ва манманлик, даъво-ю таъмани инкор этадиган, инсон зийнати, тийнатини покловчи таълимот)ни [3] ёқловчи, барчага шафқатли ва фойдали йўл кўрсатувчи, ҳақиқатгўй, шариат қонунларининг билимдони ва энг муҳими эл орасида обрў қозонган кишилардан бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Бошқаларга ижобий таъсир кўрсатиш орқали, уларни тўғри йўлга, эзгуликка йўналтириш учун барча муносабатларда киши ўз-ўзини ташкиллаштириш орқали шахсий намуна кўрсатиши кераклигига, акс ҳолда унинг барча оғзаки уринишлари бесамар кетишига далолат қилади.
Олиму фузалолар ва уламоларнинг жамият равнақидаги ўрни ҳақидаги ҳадис шарифни Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандаларига илм берган экан, уни бевосита ўзини тортиб олмайди, аммо уни уламоларни маҳв этиш йўли билан тортиб олади. Шунда ер юзида фақат жоҳилу нодонлар қолиб, улардан фатво сўрганларида ўз билганларича жавоб берадилар-да, ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар”, - дедилар” [7]. Бундан маълум бўладики, олиму фузалоларнинг жамият равнақида тутган ўрни беқиёс даражада катта бўлиб, буюк шоир ушбу жиҳатни ўз вақтида тўғри англаган, бошқаларни бундан огоҳ этганки, бу мутафаккирнинг узоқ келажакни олдиндан кўра билганлигининг далилидир.
Ҳазрат Навоий мактаб аҳли зикрида, мактабдор домла феълидаги бераҳмлик, қаттиқ кўнгиллик, қўполлик, дарғазаблик, қўрқитиш орқали кичкинтойларни тартибга солишга уринишларини ва тамагирлик иллатини қаттиқ танқид қилади. Муаллифнинг таъкидлашича: “Ҳар қандай бақувват кишини болалар тарбияси чарчатади, бундай ишни дев ҳам қила олмайди. Мактабдор домла эса бир тўда болага илм ва адаб ўргатади. Бунга нима етсин? Лекин болалар ичида ақлу идроки пастлари ҳам бўлади. Бундай ҳолда муаллим кўп машаққат чекади. Шу сабабли, болаларда муаллимнинг ҳаққи кўп. Агарда шогирд келгусида подшоҳ бўлса ҳам, ўз муаллимига қуллуқ қилса арзийди. Агар шогирд шайх ул-ислом ва қозилик даражасига етса ҳам, устози ундан рози бўлса, Тангри ҳам ундан рози бўлади” [2,34-35], - дея жамиятда муаллим мақомининг юксаклигига ишора қилади.
Навоий таълим ва тарбия жараёнининг оғир ва мураккаблигини, мураббийлик касбининг заҳматли ва шарафли эканлиги боис, ўқувчиларда муаллимнинг ҳаққи кўплигини алоҳида таъкидлайди. Мутафаккир устоз-мураббийларни улуғлаб, уларни тартибсизликдаги тартиб ўрнатувчи аттрактор сифатида намоён этади.
Навоий насиҳат аҳли ва воизлар зикрида - “ваъз айтиш муршиди (тўғри йўлга солувчи, пир) комил ва огоҳлар (Оллоҳнинг дўстлари) ишидур ва уларнинг насиҳатини қабул этган киши мақбул кишидур. Воиз шундай бўлиши керакки, унинг мажлисига холи кирган тўлиб, ва тўла бўлиб кирган эса холи бўлиб чиқсин. Воиз олим ва тақводор бўлиши керак, унинг насиҳатига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлади. Агар у бошқаларга буюрса-ю, ўзи амал қилмаса, унинг сўзи ҳеч кимга фойда (таъсир) қилмайди” [2,41] деб ёзади. Улуғ шоир шунчаки ваъз айтишнинг фақат комил инсонларга, пиру устозларга, олиму тақводорларга хослигини, улар насиҳатларидан барчанинг бирдек манфаат топишини айтиш билан чекланмайди, балки айтилган ваъзнинг таъсирини кучайтириш мақсадида ваъзхонни ҳам ҳаётда ўз айтганларига, илмига амал қилишга чақиради ва шу асосда ўз-ўзини ташкиллаштиришга ундаб, ташқи таъсир ишораси билан такомилликка йўналтиради.
Навоийнинг бундан беш аср бурун ёзилган ушбу сатрларини бугунги жамиятимиз тўғрисида айтилган фикрлар дейишга тўла асос бор. Чунки мутафаккир ўткир тафаккур ила бугун фан, таълим ва тарбия соҳаларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг мақбул йўлларини ўз вақтида кўрсатиб беради. Айни бу ҳолат синергетиканинг “келажакнинг бугунга таъсири” тамойилининг Алишер Навоий фаолиятида намоён бўлишига яққол мисолдир.
Таассуфки, шоли курмаксиз бўлмагани каби, зиё аҳли орасида ҳам бу улуғ номга номуносиблари топилади. Ақлли ва олим одамдан кўп нарсани талаб этмоқ лозим бўлади, агар у оддий кишилар учун кечирарли бўлган беҳуда гапларни гапирса, тубан ишларга қўл ўрса, адолат юзасидан унга таъна айтмаслик ноўрин бўлар эди. Айниқса бугунги кунда “олим” деб аталувчиларнинг анчагина қисми фанга ўзларини кундалик харжу тамадди билан таъмин этишга мажбур бўлган соғин сигирдек қарайдиларки, бу уларни косибга, ҳаттоки қаллобга айлантиради [6, б. 247-248].
Дарҳақиқат ҳар қандай лавозим жуда масъулиятлидир. Табиийки, у кишини руҳан бойитади, уни яхши, покиза қалбли қилиб кўтаради. Майда, паст ният, қаллоб ва ахлоқий жиҳатдан қашшоқ кишилар масъул лавозимларни ишғол этиб, ўз вазиятларидан обрў талабликка берилиб кетадилар, уни қўлдан бериб қўйишдан қўрқиб, яна-да кўпроқ тубанлашадилар, ҳар қандай қабиҳликка бораверадилар. Уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги кирдикорлари жамият учун бениҳоя зарарли эканлиги бу улар даражасидагиларнинг геометрик прогрессияга мувофиқ кўпайишида намоён бўлади.
Алишер Навоий маънавий меросининг мазмун-моҳиятини инсон камолотини юксалтириш, бағрикенглик, яхшилик, ҳалоллик, адолатлилик, саховатлилик каби эзгу тамойиллар ташкил этади ва у инсониятни эзгу амаллар қилишга даъват этиб, салбий сифатлардан етадиган ҳалокатлардан огоҳ этади. Жамият маънавий ҳаёти учун масъул бўлган ислом пешволари, мударрислар, олимлар ва воизларни шариат қонунлари, Қуръон ва ҳадисларни чуқур ўзлаштиришга, фаолиятда илмга, ҳақиқат мезонига қатъий амал қилишга, барчага шафқатли ва манфаатли йўл кўрсатувчи бўлишга чақиради. Бундай сифатларни ўзлаштирилиши охир-оқибатда уларни аттракторлик, яъни тартиб ясовчилик даражасига олиб чиқиши ҳаётий далиллар билан изоҳлаб кўрсатилади.
Мутафаккир ижодида, хусусан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида кишининг саодати унинг илмига, қилаётган амалига, феъл-атворига боғлиқлиги, ҳаётини эзгу амалларга бағишласа, яхши сифатлар соҳиби бўлса, у албатта бахтиёр бўлиши, ҳаёти гўзал мазмун касб этиши рад этиб бўлмас далиллар билан асослаб берилади. Буюк мутафаккир томонидан илгари сурилган комил инсон концепциясига кўра, инсон ўзининг бутун ҳаёти ва фаолияти давомида узлуксиз равишда ўзини ўзи такомиллаштириб, феъл-атворидаги салбий қусурлардан покланиб, эзгу сифатларни ўзлаштириб борган сайин у комиллик сари юксалаверади.
Бахтиёр Темурович Турсунов,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий
халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008.
2. Алишер Навоий. Маҳбуб ул-қулуб. (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. – Т.: Sano-standart, 2018.
3. Тилаб Маҳмуд. Комиллик асрорлари. Ҳаётий ҳикматлар. – Т.: Адолат, 2006.
4. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2 том. З.М.Маъруфов таҳрири остида. – М.: “Рус тили” нашриёти, 1981. 1 том.
5. Ғайбуллоҳ ас-Салом. Асарлар. Эй, умри азиз. – Т.: Шарқ, 1996.
6. Тафаккур гулшани. Ватандош ҳамда хорижий алломаларнинг афоризмлари ва ҳикматли сўзлари (В.Воронцов композицияси: Ш.Абдураззоқова таржимаси). – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989.
7. Саҳиҳи Бухорий. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008.
Izoh qoldirish