29.09.2023

ҲАДИС ИЛМИДА ЁЗИЛГАН АСАРЛАРНИНГ ТУРЛАРИ ЁХУД “СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ” АСАРИ

Ҳадисларни китоб қилиб биринчи ёзган киши Шом ва Ҳижоз олими, буюк уламолардан бири Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Шиҳоб Зуҳрий, Маданийдир (ваф.124/742).. Бу киши умавийлар халифаси Умар ибн Абдулазиз (ваф.101/720) роҳматуллоҳи алайҳнинг буйруғига кўра бу ишга киришган. 

Мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳ ҳадис ёдлаган ва ҳадис илми соҳиблари дунёдан ўтиб кетаётганлиги ва улардан кейин уларга ўхшаш кишилар қолмаётгани ва секин-асталик билан бидъат ва хурофотлар тарқалиб бораётганини кўргач, шаҳарлардаги ўз волийларига ва дунё уламоларига мактуб йўллади ва уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзишни амр қилди.

Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ўз саҳиҳ китобида “Илм қандай тортиб олинади”, бобида шундай деган: “Умар ибн Абдулазиз Абу Бакр ибн Ҳазмга мактуб ёзди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бор нарсага қара, уни ёзгин. Зеро, мен илмнинг йўқолиб кетиши ва уламоларнинг вафот этиб кетишидан қўрқяпман. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларинигина қабул қилгин. Илмни кенг тарқатинглар. Илм мажлислари қуринглар ҳатто билмайдиганларга ўргатилсин. Чунки, илм сир тутилмаса, йўқ бўлиб кетмайди”.

Абу Нуъайм роҳматуллоҳи алайҳ “Тариху Исбаҳон” китобида қуйидагича келтирган: “Умар ибн Абдулазиз роҳматуллоҳи алайҳ: “Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига қаранглар, уни жамланглар”, деб дунё аҳлига мактуб ёзди [1, б. 11].

Халифанинг буйруғи билан чекка вилоятларда ёзилган ҳадислар марказда жамланди. Бу ерда кўпайтирилиб барча Ислом ўлкаларига юборилди. Буни Ибн Шиҳоб Зуҳрий қуйидагича баён қилади:

“Умар Ибн Абдулазиз Суннатларнинг жам қилинишини буюрди. Биз уни саҳифама-саҳифа ёздик. Сўнг Умар ибн Абдулазиз ҳукми остида бўлган ҳар бир давлатга булардан биттадан юборди” [2, б. 76].

Шундан кейин секин-аста ҳадис илми борасида китоблар ёзиш ривожлана бошлади. Ҳадис борасида турли хил йўналишларга кўра ҳадислар жамланиб китоб шаклида тасниф қилинди. Уларга қуйидагиларни келтиришиш мумкин.

1. Жавомеъ ва жомеъ: Бу тасниф қилинган китобда ҳадиснинг барча қисмлари жамланган бўлади. Яъни, ҳадислар маълум бир мавзу асосида эмас балки барча мавзу ва бобларга тегишли бўлган ҳадислар жамланади. Жумладан, ақоид, аҳкомлар, рақоиқ, ейиш-ичиш, сафар, туриш ва ўтириш, тафсир, тарих,  сийрат, фитналар, туҳмат-бўҳтон,  маноқийб (фазилат)лар каби ва бундан бошқа бобларга ҳам тегишли бўлган ҳадислар жамланган бўлади.

Жавомеъ китоблари кўп бўлиб, уларнинг энг машҳури учтадир:

А). “Ал-Жомеъ ал-муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар мин умури Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва аййамиҳи” (Саҳиҳул Бухорий номи билан танилган) Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 256/870).

Б). “Ал-Муснад ас-саҳиҳ ал-мухтасар минас сунани бинақлил ъадли ъанил ъадли ъан Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам” (Саҳиҳу Муслим номи билан машҳур бўлган) Муслим ибн Ҳажжож Қушайрий роҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 261/875).

В). “Ал-Жомеъ ал мухтасар минас сунани ъан Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва маърифатус саҳиҳи вал маълули ва ма ъалайҳил ъамалу” (Жомеъут Термизий номи билан танилган) Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо роҳматуллоҳи алайҳ (ваф.279/893) Бу китоб “Сунан” номи билан ҳам машҳур бўлган [3, б. 275].

 2. Сунан. Бу номдаги китобларда таҳорат, намоз, рўза, закот каби фиқҳий бобларга кўра тартибланган ҳолда ҳадислар жамланган бўлади. Сунан китоблари ҳам кўп бўлиб, бунга қуйидагиларни келтиришимиз мумкин.

А) “Сунани Термизий”. Имом Ҳофиз Абу Ийсо Муҳаммад ибн Ийсо Термизий (ваф.279/893).

Б). “Сунани Абу Довуд”. Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас Сижистоний роҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 275/891).

В). “Сунани Насоий”, у “Ал-Мужтабо минас сунани”, деб ҳам номланади. Абу Абдурроҳман Аҳмад ибн Шуъайб Насоий роҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 303/916).

Г). “Сунани Ибн Можа”. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд роҳматуллоҳи алайҳ. (ваф. 273/887). Бу киши Ибн Можа номи билан машҳур бўлган, бу асли отасининг лақабидир [3, б. 704].

3. Масонийд. Бу “муснад” сўзининг жами бўлиб, бу жойда бундан ирода қилинган нарса алифбо ҳарфларига ёки исломга биринчи кирганлиги жиҳатидан ёки насабининг улуғлиги эътиборидан саҳобаларнинг тартибига кўра ҳадислар зикр қилинган китоблардир. Ёки фақатгина битта саҳобанинг ривоят қилган ҳадислари жамланган бўлиши ҳам мумкин. Бунга мисол қилиб Имом Аҳмаднинг “Муснад” ини келтиришимиз мумкин.

Шунингдек, муснад китоби бобларга ёки ҳарфлар ёки калималарга кўра тартибланган китобга ҳам айтилади. Чунки унинг ҳадислари марфуъ ва муснад бўлганлиги боис ҳам шундай деб номланади. Бунга Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ” (Саҳиҳи Бухорий) китобини мисол қилишимиз мумкин. Бу муснад китоб ва бобларга кўра тартиблангандир.

Муҳаммад ибн Исҳоқ Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳнинг (313-ҳижрий санада вафот этган) “Муснадус Сарож” китоби эса, бобларга кўра тартиблангандир.

Муҳаммад Қузоъий роҳматуллоҳи алайҳнинг (454-ҳижрий санада вафот этган) “Муснадуш Шиҳоб” китоби калималар асосида тартиблангандир. Лекин бу калималар алифбо ҳарфлари тартибида эмас.

Имом Дайламий роҳматуллоҳи алайҳнинг (557-ҳижрий санада вафот этган) “Муснадул Фирдавс” китоби ҳарфларга кўра тартиблангандир [3, б. 704].

4. Маъожим. Бу “муъжам” сўзининг жами бўлиб, бу китобда ҳадислар шайхларнинг тартибига кўра зикр қилинади. Шайхларнинг тартиби шайхнинг аввал вафот этиши эътиборидан ёки алифбо ҳарфлари эътиборидан ёки фазилат эътиборидан ёки илм ва тақвода биринчилик эътиборидан бўлиши мумкин. Лекин, кўпинча алифбо ҳарфлари эътиборидан тартибланади. Бу қисмга Имом Ҳофиз Сулаймон ибн Аҳмад Табароний роҳматуллоҳи алайҳнинг (360-ҳижрий санада вафот этган) “Муъжамул кабийр, муъжамул авсат ва муъжамус соғийр” номли ҳадис китоблари мисол бўлади [4, б. 209].

5. Ажзо. Бу “жуз” сўзининг жами бўлиб, бу китобда биргина ровийнинг ривоятлари ёки биргина мавзуга тегишли тўпланган кичик китобчадир. Мана шу киши саҳоба розияллоҳу анҳумларнинг табақасида бўладими ёки улардан кейинги табақадан бўладими, бунинг фарқи йўқ. Бунга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳадислари жузи ва Молик роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадислари жузини мисол қилишимиз мумкин. Мана шунга қиёс қилавер. Гоҳида “Ажзо” лафзини битта мавзу атрофида жамланган ҳадис китобига ҳам ишлатилади. Бунга Имом Бухорийнинг “Жузъу рофъул ядайни фис солат” китоби мисол бўлади [1, б. 14].

6. Мустахражот. Бу “Истихрож”, сўзидан иштиқоқ қилиб олинган. Бунинг истилоҳий маъноси, муҳаддис ҳадис китобларидан бўлган бир китобни олиб, (масалан, Бухорийнинг “Жомиъус саҳиҳ китобини олиб) унинг ҳадисларини китоб соҳибининг туруқидан бошқа бўлган ўзининг санади билан тахриж қилади. У (истихрож қилаётган киши) китоб эгасининг шайхи ёки унинг юқорисидаги шайхида жам бўлади. Шайхул ислом Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи шундай дейди: “Истихрож қилишнинг шарти, истихрож қилаётган киши китоб соҳибидан узоқроқ бўлган шайхга етиб бориб боғланмаслиги лозим, чунки ундай бўлса, китоб эгасига яқинроқ бўлган шайхга китоб эгасини боғлайдиган санадни йўқ қилиб юборган бўлади. Аммо узрли бўлса бўлади. Масалан, у (узоқроқ ровий) олий санаддан бўлса ёки муҳим бирор ровийни зиёда қилса, булар узрга киради”. Шунингдек, истихрож қилаётган киши китоб эгаси ривоят қилган саҳобийдан ривоят қилиши шарт қилинади.

Бунга Аҳмад ибн Исмоил Исмоилий роҳматуллоҳи алайҳнинг (371-ҳижрий санада вафот этган) ва Барқоний роҳматуллоҳи алайҳларнинг Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ” ларига ёзган мустахрож китоблари ва Абу Авона Исфароиний (316-ҳижрий санада вафот этган) роҳматуллоҳи алайҳнинг ва Мусо ибн Муҳаммад Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳнинг (323-ҳижрий санада вафот этган) Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ” ларига ёзган мустахрож китобларини мисол қилсак бўлади [1, б. 15].

Мустахрож китобларидан бир неча фойдалар бордир:

1. Ҳадисдаги ҳазф бўлиб кетган лафзларнинг зиёда бўлиши, ҳадисдаги шарҳнинг зиёда бўлиши.

2. Санаднинг олий бўлиши.

3. Ҳадис санади туруқлари кўп бўлиши билан ҳадиснинг қувватли бўлиши. Бу ҳадислар қарама-қарши бўлиб қолганда таржиҳ қилиш учун керак бўлади.

4. Истихрож қилинаётган китобдаги ҳадиснинг қиссасини зиёда қилиш. Шу ва бундан бошқа фойдалар ҳам бор [1, б. 11]. 

7. Мустадракот. Бу китобда бошқа китобда тушириб қолдирилган ҳадислар тўлдирилади. Яъни шу китоб соҳиби бошқа китоб муаллифининг шартига мувофиқ келиб, лекин унинг китобига киритилмай қолган ҳадисларни жамлайди. Бунга Ҳоким Абу Абдуллоҳ Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳнинг (405-ҳижрий санада вафот этган) “саҳиҳайн” га бўлган “Мустадроку Ҳоким” китобини мисол қилиш мумкин.

8. Атроф. Бу китобда ҳадиснинг қолган қисмига далолат қилувчи ҳадиснинг бир бўлагини зикр қилиш билан билан чекланилади. Масалан, “Иннамал аъмалу биннийяти”, ҳадиси ёки “Буниял исламу ала хомсин”, ҳадисининг шу қисминигина келтирилади. Шу билан бирга бу китобда ҳадиснинг санадини умумийликка кўра, яъни барча санадлари зикр қилинади ёки бирор хос китобга қайдлаган ҳолда келтирилади. Бунга Абу Масъуд Иброҳим ибн Муҳаммад Димашқийнинг “Атрофус Саҳиҳайн” китоби ва Абул Қосим Али ибн Ҳасан Ибнул Асокир роҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Ашрофу ала маърифатул атроф” китоби бунга мисол бўлади. Шунингдек, “Атрофул кутубил хомса” ва бундан бошқа китоблар ҳам бор [1, 6, 7, 8].

Шу ўринда Имом Термизийнинг “Жомеъ ат-Термизий” асари ҳақида бир оз сўз юритамиз. Имом ат-Термизийнинг “Жомеъ ат-Термизий” асари “Сиҳоҳи Ситта” - (саҳиҳ ҳадисларнинг олти тўплами) қаторида учинчи китоб ҳисобланади. Бу асар “Жомеъ ат-Термизий” (Термизийнинг тўплами), “Сунан ат-Термизий” (Термизий тўплаган суннатлар), “Саҳиҳ ат-Термизий” (Термизийнинг саҳиҳ ҳадислари) ва “Жомеъ ас-саҳиҳ” (Суннатлар тўплами), “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” (Саҳиҳ тўплам), “Ал-Жомеъ ал-кабир” (Катта тўплам) деган номлар билан ҳам учрайди [9, б. 15].

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ асарни 270 ҳижрий йили Қурбон ҳайити куни ёзиб тугатганлар. Бу милодий 884 йилнинг 9-июнига тўғри келади [10, б. 15].

“Жомеъ ас-Сунан” да 3956 та ҳадис келтирилган. Улар 47 та “китоб” деб аталган катта бўлимларга ажратилган. Асар тахминан 2228 та бобга бўлинган.

Имом Термизий роҳимаҳуллоҳнинг  мазкур шоҳ асари бир неча жиҳатлари билан бошқа ҳадис тўпламларидан ажралиб туради:

Биринчидан, “Жомеъ ас-суна” асари фиқҳий китоблар бобларига кўра тартиб билан берилган. Зеро, ҳадис китоблари фиқҳ бобларига мувофиқ қилиб ёзилса, уни “ас-Сунан” (Суннатлар) деб аташган. Шунинг учун мазкур асар “Таҳорат” (Поклик) мавзуси билан бошланади. 

Иккинчидан, бу асарда Имом Термизийнинг устози Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ қўллаган услуб “Жомеъ” йўналишига хос хусусиятлар ҳам мавжуд. “Жомеъ” асарларда илм, одоб-ахлоқ, муайян оятларнинг тафсирлари, ислом ақидаси, дуолар каби турли мавзуларга оид ҳадислар жамланган. Имом Термизийнинг бу асарида, бу қоидага ҳам мукаммал тарзда риоя қилинган. Бу асар ўзида “сунан” лик ва “жомеъ”лик хусусиятларининг қамраб олингани боис, уни “Жомеъ ат-Термизий” ва “Сунан ат-Термизий” деб ҳам номланади. Бу эса бошқа ҳадис китобларидан ўзига хослик билан ажралиб туришига сабаб бўлади.

Учинчидан, “Жомеъ ас-сунаннинг яна бир фазилати шундаки, унда мазҳаб жиҳатлари ҳисобга олинган, ҳар бир ҳадиснинг фиқҳий масалаларга тегишли томонларига алоҳида тўхталиб, мазҳаб имомларининг фикр-қарашлари қайд этиб борилган. Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг мазҳаби фатволари “Куфа аҳли”нинг фикри ёки Иброҳим Нахаъий, Суфён Саврий, Абдуллоҳ ибн Муборак каби шу мазҳаб олимларининг қарашлари сифатида қайд қилиб борилган. Бу ҳадисларнинг фиқҳий мазҳаблардаги ўрнини ўрганишда катта аҳамият касб этади. “Жомеъ ат-Термизий”нинг бу жиҳати ҳам бошқа ҳадис тўпламларида учрамайди [9, б. 16].

Тўртинчидан, Имом Термизий ҳар бир бобга кирган ҳадисни зикр қилганидан кейин, худди шу бобга тегишли ҳадис ривоят қилган саҳобаи киромларнинг исмларини санаб ўтадилар [11, б. 12].

“Жомеъ ат-Термизий”нинг аҳамиятини янада оширадиган томони шуки, мазкур саҳобаларнинг номлари “Бу бобда...” иборасидан сўнг зикр этилади. Бу жиҳат ҳамон ҳадисшуносларни ҳадислар бўйича тадқиқотлар ва изланишларни давом эттиришга чорлаб келади.

 “Жомеъ ат-Термизий”нинг яна бир фойдали жиҳати унда ҳадисшуносликда илк бор янги атама ва истилоҳлар қўлланганидир. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ айрим ҳадисларни “ҳасан саҳиҳ” ёки “ҳасан ғариб” деб ёки “саҳиҳ ғариб” ёхуд “ҳасан саҳиҳ ғариб” деб атаганлар. Лекин бу бирикмаларни таърифламаганлар. Бу ҳол тадқиқотчиларни айна шунга ўхшаш истилоҳларни тушунтиришга янгидан-янги фикрларни юзага чиқаришга илҳомлантириб келади [9, б. 18]. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадис борасида ёзилган ҳар бир асарнинг ўзига хос жиҳати бўлиб, у бошқасида топилмаслиги мумкин. Бу ўринда фақатгина Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарига бир оз тўхталиб ўтдик. Уларнинг ҳаммасини зикр қиладиган бўлсак, гап жуда ҳам узайиб кетиши мумкин.

 

Шокиржон Мадаминов 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом 

таълим муассасаси мударриси

 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Шарҳул Манзуматил Байқуния. Абдуллоҳ Сирожиддин. Мактаба Дорул фалаҳ, 2009. 
  2. Муҳаммад ибн Матар аз-Заҳроний, Тадвин ас-сунна ан-набавиййа: нашъатуҳу ва татоввуруҳу мин ал-қорн ал-аввал ила ниҳайати ал-қорн ат-тасиъ ал-ҳижрий. 
  3. Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя. Саййид Абдулмажид Ғоврий роҳматуллоҳи алайҳ. ­– Байрут: Дор Ибн Касийр, 2012. 
  4. Тайсийру мустолаҳул ҳадийс. Маҳмуд Тоҳҳан. - Ар-Риёз Мактабаул Маъариф, 2004. 
  5. Шарҳул Манзуматил Байқуния. Абдуллоҳ Сирожиддин. Мактаба Дорул фалаҳ, 2009.
  6. Муқаддимату Туҳфатул Аҳфазий.
  7. Ар-Рисалатул Мустатрофату.
  8. Ат-Тадриб. 
  9. Термизий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо. Жомеъ ас-сунан. (Сайланма). (Матн) Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий, таржима ва изоҳлар муаллифлари: Ҳ. Аминов, М. Исмоилов, Б. Абдуллаев. – Т.: Мовароуннаҳр, 2018.
  10.  Акром Зиё ал-Умарий. Турос ат-Термизий ал-илмий. - Мадина:    Мактабат ад-Дор, 1991.
  11.  Абу Ийсо ат-Термизий. Сунани Термизий. Мирзо Кенжабек таржимаси. – Т.: Шарқ, 2012. 

Izoh qoldirish