05.10.2023

Гўзал муомала эса энг аввало саломлашишдир

Салом бериш инсонларга омонлик ва тинчлик тиламоқдир. Ўзаро муомала одоби ҳам аввал салом бериш орқали бошланади. Ислом дини инсонларни бир-бири билан гўзал муомалада бўлишга, яхшиликка чорлаб келган. Гўзал муомала эса энг аввало саломлашишдан бошланади. Саломлашиш – мўмин-мусулмонликнинг муҳим белгиларидандир. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Салом каломдан аввалдир”, – дедилар. 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Салом бермагунча, бировни таомга даъват қилманг”, – дедилар. Ушбу ҳадислардан бизга маълум бўладики, сўзимизнинг боши салом бериш билан бошланиши керак. Салом бериш инсонларга яхшилик истамоқдир. Аввал тинчлик ва омонлик тилаб, кейин гап бошлаш лозим. Таниган ва танимаган одамга салом бериб гап бошлаш исломий одобнинг ажралмас бир қисмидир. Салом бандалар орасида ўзаро омонлик воситаси сифатида белгиланган экан, энди кимки, уни тарк этиб, бошқа калом билан сўзини бошласа, ушбу ҳақ ва ҳурматни тарк қилган бўлади ва ундай жавоб берилмасликка ҳақли бўлиб қолади.

         Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Отлиқ пиёдага, пиёда ўтирганга ва оз кўпга салом беради”, – дедилар. Ушбу ҳадиси шарифда одоб бўйича ким кимга аввал салом бериши айтилмоқда. Демак, отлиқ одам пиёдага, тик турган ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом бериши керак. 

         Киши ўз уйига кираётганда ўз аҳли байтига ёки ўзига салом бериши лозимлиги Қуръони каримнинг “Нур” сурасида зикр қилинган: “Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Шоядки, ақл юритсангиз”[1] (“Нур” сураси 61 оят) 

Ояти каримадаги “Ўзларингизга” сўзини “бир-бирларингизга” ва “ўзингизга-ўзингиз” деб тушунмоқ лозим[2]

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй болам! Қачон аҳлингнинг олдига кирсанг, салом бер. У сенга ҳам, аҳли байтингга ҳам барака бўладир”, – дедилар. 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир”, – дедилар. Ушбу ҳадиси шариф кишиларни аввал салом беришга одатланишга далолат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаммадан олдин салом берардилар. Саҳобаи киромлар пойлаб туриб ҳам у зотдан олдин салом беришга улгуролмай қоларди. 

Салом беришнинг одобларидан яна бири инсон ҳеч ким бўлмаган хона ёки уйга кирса ҳам “Ассалому алайка аҳлал байти ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу”, – деб салом бериб кириши мақсадга мувофиқ бўлади. Салом бериш суннат, унга алик олиш эса вожиб амал ҳисобланади. 

 

Музаффар Бойсоатов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази котиб-иш юритувчиси


 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. ­– Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. – Б. 358. 

[2]  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 37 жуз. – Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. – Б. 41.

Izoh qoldirish