09.10.2023

САБРНИНГ ТАГИ – ОЛТИН.

Сабр тўғрисида кўп жилдли китоб ёзса, арзийдиган бир фазилатдир. Сабр ибодат учун энг керакли бир хусусият бўлиши билан бирга, у нафс йўлидан қайтишга асос бўладиган қурол ҳамдир. Сабр тўғрисида бир воъиз сифатида бир китобнинг ўзида такрор-такрор ўринда, турли мавзуда сўз юритган Ибни Жавзий ушбу гўзал хислат инсон ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида асқотишини англатади. Бу гал у сабрнинг тарихда қолдирган икки ўчмас изи тўғрисида теран фикр юритади ҳамда ундан самарали ибрат олишга ундайди.

Сабрнинг оқибати ва ҳавойи нафснинг интиҳоси.

Мен Юсуф алайҳиссалом сурасини кўрдим. Набий алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломни сабрига кўра мақтагани ва унинг қиссасини одамларга айтиб бергани ҳамда мункар ишни тарк қилиши сабаб унинг қадрини кўтарганидан ажабландим. Иш хунук тус олган эди. У нафс хоҳишига тескари иш олиб борди.

Бас, мен: “Ажабо, агар у тескарисини қилганда ким бўлар эди?”, – дедим.

У ҳавойи нафсга хилоф қилган эди, унинг сабри зарбул масал қилинадиган, халқ орасида ўзининг ҳаракатидан фахрланадиган даражадаги зўр иш бўлиб тарихда қолди.

Буларнинг барчаси бир лаҳзалик сабр туфайли, қандай ажойиб иззат ва фахрки, маҳбуб яқин бўлсада, бир оз нафсни тутиб турасиз холос.

Одам алайҳиссалом ҳавойи нафсга эргашган ҳолати бунинг тескарисидир, Одам алайҳиссалом англаб ўз вақтида тавба қилмаганида, бу иш унинг ҳаққида доимий ноқислик бўлиб қолар эди.

Аллоҳ таоло сизга раҳм қилсин, сабрнинг оқибати ва ҳавойи наснинг нима билан тугашига бир назар солинг.

Ақлли инсон икки иш орасидаги фарқни ажрата олади: бу ҳолатлар икки ширин ва аччиқдан иборатдир. Чунки кимки тарозиси тўғри бўлиб, ҳавойи нафс палласи оғир келмаса, сабр кони фойда, ҳавойи нафсга эргашмоқ эса, турган-битгани зарар, деб билади. Шунинг ўзи ман қилинганлар учун насиҳат тўғрисида кифоя қилади. Аллоҳ таоло тавфиқ берувчидир.

Демак, сабр бу ҳамвойи нафс қаршисидаги ижобий хусусият экани ва ҳаётнинг барча жабҳасида керак экани тарихий мисоллар билан ўз исботини топган. Сабр тоат ибодат учун қанчалик зарур бўлса, ман қилинган ишлардан қайтишди асосий омиллардан экани аниқ бўлди.

Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

Izoh qoldirish