БУЗУҚ ЭЪТИҚОД ЯНГИ АСРНИНГ ВАБОСИ
Маълумки, 21 аср ахборот теҳнология асри сифатида ҳалқимизнинг онги ва шуурига сингиб улгурди. Ҳозирги вақтда ахборот технологиялари шу даражада ривожландики, дунёнинг бир чеккасидаги воқеа бир зумда кенг жамоатчиликка етиб боради. Ахборотнинг бундай тезликда тарқалишига интернет глобал тармоғининг кашф қилиниши сабаб бўлди. Ҳозирги даврда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш мушкул. Зеро, ахборотларни етказишда, инсон билим тафаккурини кенгайтиришда, бизнес бозорида ва бошқа соҳаларда унинг ўрни беқиёслигини ҳам айтиш лозим. Лекин интернет омма мафкурасини бузишда, бузғунчи ғоя ва ақидаларни тарқатишда, инсон онгини заҳарлашда ҳам қора кучларни асосий тарғибот базаси бўлиб қолмоқда. Глобал тармоқнинг салбий характерини ўзида мужассам қилган бир неча омиллари борки, бу омиллар ҳар бир инсон учун асосий хатар саналади. Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпти. Айни чоғда қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Интернет ва уяли телефон орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш энг катта муаммолардан бирига айланди. Эҳтиёт чоралари изланяпти, лекин бу ечим ва чоралар кўпи фақат назарий, уларни амалда қўллаш қийин. Булардан ташқари турли хил оқимлар ва «Оммавий маданият» ниқоби остидаги ахлоқий бузуқлик ва зўравонликлар ёшларимизнинг маънавиятига таҳдид солиб турибди.
Бу иллатларга қарши бизлар фарзандларимизни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказайлик. Чунки илмли ва юксак маънавиятли фарзандларимизда бу таҳдидларга қарши «мафкуравий иммунитет» шаклланади.
Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим.
Кези келганда айтиш мумкинки: бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.
Ҳозирги кунда — ана шундай маънавий бўшлиқни тўлдиришга уринадиган, шунинг ҳисобидан ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширишни ўйлаб юрганлар кўп. Минг афсуски бу кучларнинг асл қиёфаси, мақсад-муддаолари ва имкониятларини тўла ва аниқ-равшан тасаввур қилиш осон эмас. Нега деганда, улар кўпинча турли ниқоблар, жозибали шиор ва ғоялар пардаси остида иш кўради. Бундай кучларнинг ихтиёрида жуда катта моддий, молиявий ресурслар ва имкониятлар мавжуд бўлиб, уларнинг пухта ўйланган, узоқ ва давомли ёвуз мақсадларига хизмат қилмоқда.
Демак, маънавиятимизга қарши қаратилган ҳар қандай хуруж – бу миллатимизни миллат қиладиган, асрлар, минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ўзига хос ва ўзига мос хусусиятларга, миллий ғурур, миллий ифтихор туйғусига, бизни доимий равишда тадрижий тараққиётга чорлайдиган, шу йўлдаги барча асорат ва иллатлардан халос бўлиб, озод ва фаровон ҳаёт барпо этишдек эзгу мақсадларимизга катта зарба берадиган мудҳиш хавф-хатарларни англатади.
Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бундай мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришини, улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини, юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушуниши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша олиши мумкин.
Маҳмуд Нормуродов - Имом Термизий ХИТМ илмий ходими
Izoh qoldirish