29.09.2021

ДУО ВА ПОКЛИКДА МЕЪЁР

Таҳорат – исломий ибодатларнинг асосий шарти эканлиги барчага маълум. Дуо эса, саҳиҳ ҳадисга кўра, ибодатнинг мағзи саналади. Зеро, у банданинг Аллоҳга қуллиги ва муҳтожлигинининг ёрқин намоён бўлган ўрнидир. Шунинг учун ушбу икки тур ибодатни адо этиш улкан масъулият талаб этади ва қуйида бу борадаги муҳим асос бўлган одоблар билан танишиб ўтамиз.

Имом Аҳмад ва Абу Довудлар Пайғамбар алайҳиссаломдан қилган ривоятда шундай дейилади: “Тез орада дуода ва покликда ҳаддан ошадиган қавмлар бўлади”.

Поклик, яъни, одатий таҳоратда ҳаддан ошишга сувни исроф қилиш, аъзоларни ювишда муболағага кетиб, васвасага берилиш кабилар киради. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари бугунги кунга келиб тўла тасдиғини топди дейиш мумкин ва бугунги кунда аксар мусулмонларнинг таҳорат олишларида сувнинг исрофи ва шу каби нарсалар яққол намоён бўлмоқда.

Аслида эса Мовароуннаҳрнинг яна бир машҳур муҳаддиси, Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг шайхи Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумайд Кеший (ваф. 249/863) ўз “Муснад” асарида Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизийдан шундай ривоят келтирган: “Менга Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизий ривоят қилди ва деди: “Бизга Робийъ ибн Бадр, у Абу Зубайрдан, у Жобирдан ривоят қилдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муд (700-800 гм.) миқдордаги сувга таҳорат, бир соъ (4, 125 л.) миқдордаги сувга ғусл қилардилар”.

Дуода ҳаддан ошиш масаласида ҳам олимлар муҳим масалаларни баён қилганлар. Маждиддин Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Фазлуллоҳ  Турибиштий Шерозийдан (ваф. тахм. 660/1262) нақл қилинишича, дуода ҳаддан ошиш кўплаб жиҳатларга кўра бўлади. Аммо бу масаладаги асл шуки, бу кишининг фақирлик ҳолатларидан уни кетказувчи кўтаринкилик ҳолатларига ўтиб кетиши ёки ўзи ва ё бошқа бир кишининг ҳаққига яхшилик билан бўлсин, ёмонлик билан бўлсин, дуо қилишда чегарадан чиқиб кетиши, шунингдек, адаб чегарасидан чиқиб, дуо қилувчининг ўзига камол назари билан боқишидир.

Ибн Ҳажарга кўра, дуода ҳаддан ошиш – унда ҳожатдан ташқари бўлган зиёда нарсаларга тушиб қолиш ё шаръан ҳосил бўлиши маҳол ёки маъсият бўлган нарсани сўраш, ривоят қилинмаган дуолар билан дуо қилиш, айниқса хуш кўрилмаслиги ворид бўлган нарсалар, масалан, сохта сажъ билан дуо қилиб, ривоят қилинган дуоларни тарк қилишдир.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу “Эй Аллоҳим, мен Сендан жаннатнинг ўнг томонида бўлган оппоқ қасрни сўрайман” деяётганини эшитиб, шундай деганлар: “Эй ўғилчам, сен Аллоҳдан жаннатни сўра ва дўзахдан паноҳ тила. Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Тез орада дуода ва покликда ҳаддан ошадиган қавмлар бўлади”.

Турибиштий дейдики, у зот бу масалада ўғлининг ишини инкор қилди. Чунки у амал ва ҳол жиҳатидан ўзи ҳали етмаган нарсага уриниб, анбиё ва авлиёлар манзилларини сўради. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу ушбу дуони унда адаб чегарасидан чиқиш ва дуо қилувчининг ўзига камол назари билан боқиши мавжуд бўлганлиги боис дуода ҳаддан ошиш турига мансуб қилди.

Шундан сўнг юқорида келган маълумотларда дуода сажъ қилиш масаласига диққат қилиш лозим бўлади. Сажъ ҳақида тўлароқ маълумотларга назар солсак, уни ишлатиш ноёб ҳодиса эмаслигини кўриш мумкин:  “Сажъ –سجعбулбул, тўти, қумри каби қушлар овозининг уйғунлашиб келиши сўзидан олинган бадиий сўз санъатларидан бири бўлиб, у бир ёки бир неча гаплардаги айрим сўзларнинг ё вазнда, ё равийда (қ. Рифма) ёхуд ҳар иккаласида мос келиши, қофияланиши натижасида юзага келади. Сажъ ўтмиш, бадиий, публицистик, ахлоқий-дидактик, фалсафий ҳамда тарихий мемуар адабиётимизда кенг қўлланилган. Сажъ санъати ишлатилган наср- насри мусажжаъ, назм эса назми мусажжаъ деб юритилган. Сажланган матн равон ўқилади, оҳангдорлик касб этади ва кишининг хотирасида мустаҳкам сақланиб қолади”. Аммо бу шеър ҳам эмас. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Пайғамбар алайҳиссаломдан ворид бўлган баъзи нарсалар борасида дейди: “Расулуллоҳдан ривоят қилинган бу байтлар ражаз баҳридадир. Ражаз эса шеър бўла олмайди, балки булар сажъ (сўзларни созлаб айтиш)га ўхшаш сўзлардир”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда дейди: (Муҳаммадга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст ҳам эмасдир. У(Қуръон) эса фақатгина эслатма ва очиқ-равшан Қуръондир” (“Ёсин”, 69).

Сажъ масаласида биргина истисно бор. У бу ишда такаллуф – сохтакорлик бўлмаслигидир. Чунки ҳадисда келади: “Тез орада дуода ва покликда ҳаддан ошадиган қавмлар бўлади”-дейилган. Сохтакорлик билан сажъ қилиш ёки унда тантанаворлик қилиш – олимлар томонидан ҳаддан ошиш доирасига киритилган амаллардандир. Шунинг учун баъзи ҳадислар такаллуфсиз – сохтакорликсиз сажъ жоизлигига далил дейилади: “Калиматан(и) хофийфатан(и) ила-л-лисан(и) сақийлатан(и) фил-мийзан ҳабийбатан(и) илар-Роҳман(и) субҳаналлоҳи биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил-азийм(и)”. “Икки калима, тилга енгил, мезонда оғир, Раҳмонга маҳбуб: Субҳаналлоҳи биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил-азийм” (Имом Бухорий, Муслим, Ибн Можа ва Аҳмадлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан). Ҳадисларда бунинг мисоли кўп. Қуръонда ҳам сажъ ишлатилгани эса маълум ва машҳур ҳодиса.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, албатта, дуода энг афзал мақом Пайғамбар алайҳиссаломдан, у зотнинг саҳобалари ва солиҳ инсонлардан ворид бўлган дуоларни қилиш, шундан сўнг ўзининг бошқа дуоларини ҳам ушбу дуоларга мувофиқлаштиришдир. Зеро, Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни хуш кўрмас” (Бақара, 190) дейилади. Шунинг учун ҳанафий мазҳаби қоидасига кўра намознинг ичида салавотдан кейин намозхон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуолар билан дуо қилиши белгиланган. Фарқлаш учун таъкидлаш жоизки, бошқа мазҳабларда дунё ва охират яхшиликларини сўраб дуо қилиш мумкинлиги айтилса-да, маъсур дуо афзал дейилган. Шунингдек, ҳанафийларга кўра, намознинг ичида, хусусан, охирида одамларнинг гапига ўхшаш гаплар билан дуо қилиш мумкин эмас, масалан, “менга фалон нарсани ризқ қилиб бер”. Ёки уни қўлга киритиш инсоний доирада бўлган нарсаларни, масалан, “Мени фалончига уйлантир” каби. Бу каби дуолар “макруҳ таҳримий” – ҳаромга тенглаштирилган макруҳ бўлиб, агарки ташаҳҳуддаги охирги қаъдага ўтиришдан олдин бўлса, намозни бузади. Агар қаъдада ташаҳҳуд миқдорида ўтирганидан кейин бўлиб, саломдан олдин бўлса, вожибни тарк қилишга олиб келади.

✍️ Жўрабек Чўтматов,

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish