11.10.2023

ТАВОЗЕЪ

Тавозеъ сўзи “ўзини паст олиш”, “итоат қилиш”, “бошқалардан юқори қўймаслик” маъноларини англатади. Истилоҳда эса инсоннинг мансаби, улуғлиги талаб этиб турган ҳолатдан чиқиши ва оддий одамлар мақомига  тушиши, камтар бўлишига айтилади. Тавозеъ ҳар бир мўмин банда учун улуғ неъмат ҳисобланади. 

Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам”:

“Аллоҳ менга “тавозеъ қилинглар. Токи биров бировга тажовуз қилмасин ва биров бировдан фахрланмасин”, деди, дедилар[1]. Демак, тавозеъ кишиларни бировга тажовуз қилиш ва фахрланишдан қайтаради. Айниқса, ота-боболари билан фахланиш тавозеъга мутлақо тўғри келмайдиган амалдир. 

         Яна бир ҳадиси шарифда “Ким Аллоҳ учун тавозеъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас”, дейилган.

Банданинг Аллоҳ таолога нисбатан тавозеъ қилиши унинг У Зотдан қўрқиши, бўйсуниши ила бўлади. Бандалар орасидаги тавозеъ эса бир-бирининг ҳақ гапини сўзсиз қабул қилиши, таклифларига кўниши билан бўлади[2].  

Тавозеъ ҳақида буюк мутафаккир шоиримиз Ҳазрат Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” (“Чор девон” ҳам дейилади) асарида шундай байт келтиради: 

 

Тавозеъ яхши, аммо яхшироқдур

Агар даъб[3] этса ани аҳли давлат[4].

 

Тавозеъ ҳамма учун яхши одат, яхши хулқдир. Аммо аҳли давлат шуни одат қилса ҳаммасидан яхшироқ дейилмоқда. Тавозеъ – камтарлик сифати инсонларда бўлса қандай яхши, лекин аҳли давлат – давлат соҳиблари шу сифатга эга бўлса манфаати кўпдир. Аҳли давлатнинг камтар бўлиши қанчалик улуғ сифат эканлигини Ҳазрати Навоий айтмоқда.    

Тавозеъ ­ – ўзини паст олиш, камтар бўлишдир. Ушбу одат ҳар бир инсон учун зарур сифатдир. Инсон тавозеъ орқали ўзининг камтарлигини зоҳир қилади.  Камтарлик сифатига эга банда ғурур ва кеккайишни бутунлай тарк қилади. Тавозеънинг акси такаббурликдир. 

 

Музаффар Бойсоатов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази котиб-иш юритувчиси

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 34 жуз. – Тошкент: “HILOL-NASHR” нашриёти. – Б. 336.

[2] Юқоридаги манба. – Б. 337.

[3] Арабча “одат”. 

[4] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Наводир уш-шабоб. – Тошкент, 1987. – Б. 413.

Izoh qoldirish