АВЛИЁЛАР ҲАКИМИ МУҲАММАД ИБН АЛИ ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАЁТ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ
Тарих саҳифаларидан маълумки, Термиз шаҳри қадимдан авлиёлар, алломалар ва мутафаккирлар шаҳри бўлган. Маъмурий жиҳатдан Термизга қарашли бўлган ҳудуд Термиз деб аталган. Шунинг учун мазкур шаҳар ва унинг атрофларида етишган зотларнинг ҳаммалари Термизий деган нисба билан шуҳрат топганлар. Термизий тахаллуси билан юздан зиёд машҳур муҳаддислар, авлиёлар, алломалар, мутафаккирлар ва донишмандлар ўтган. Қадимги Шарқ ва бутун дунё илму фанни равнақ топишига бетакрор ҳиссасини қўшган буюк мутафаккирларидан бири Авлиёлар Ҳакими –Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизийдир.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир ибн Ҳорун Ҳаким Термизий диёримизнинг энг қадимий илму маърифат марказларидан бўлган Термиз заминидан етишиб чиққан беназир олим, улуғ мутафаккир ва маънавият пешволаридандир.
Шайх Фаридиддин Аттор “Тазкират ул-авлиё” асарида Ҳаким Термизийни шундай таърифлаган “Суннат ҳакими, миллат азими, шайхи олам, машойихларнинг муҳташамларидан, валиларнинг муҳтарамларидан, барча кўнгилларда таниқли, барча тилларда таърифли, “Қуръон” маънолари бобида нишона, ахбор ва аҳодис бобида ягона, ҳақойиқ ва дақойиқ бобида ажойиб, хулқ ва олиҳимматлик билан безанган, мулойимлик ва ҳаё билан ораста, илм-фанлар бобида ягона ва комил, шариату тариқат бобида мужтаҳид эди”. Унинг мазҳаби хос ҳиммат, саховат ва соҳиби илми Раббоний эди [3, б. 153].
Термизийшунос олим Сайфиддин Сайфуллоҳ “Манозил ул-ибод” китоби сўнгида ёзади: ”Хатиби Бағдодийнинг ёзишича Термизийнинг отаси –Али ибн Ҳасан ҳадис илмининг билимдон олимларидан бўлган. У араб халифалигининг пойтахти бўлган Бағдодда ҳадис илми тўғрисидаги баҳсу мунозараларда фаол иштирок этган. Ҳаким Термизий “Ар-Радду алал-муаттила” (“Аллоҳнинг сифатларини рад этувчиларга муқобил”) китобида таъкидлашича, унинг онаси ва бобоси ҳам ҳадис илмида етук олимларидан бўлишган. Ҳаким Термизи илмли ва маърифатли хонадонга дунёга келган ва тарбияланган. Аллоҳ каломию ҳазрат Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларига асосланган илмий муҳит ва тарбия маскани Термизийнинг истиқболини белгилаш ва тафаккурини шаклантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилган.
Ҳаким Термизийнинг таваллуд ва вафотлари саналари узоқ йиллар давомида катта мунозара ва тортишувларга сабаб бўлиб келмоқда. Хорижий мамлакат шарқшунос олимлари томонидан яратилган кўплаб илмий тадқиқотларда Ҳаким Термизий яшаб ўтган давр IХ аср, яъни 800 йиллар оралиғи деб таъкидланган, лекин таваллуд ва вафотлари тўғрисида асосланган аниқ маълумотлар келтирилмаган. Ватанимизда бир гуруҳ тарихчи, филолог ва шарқшунос олимлар томонидан нашр этилган рисола ва илмий оммабоп тадқиқотларнинг баъзи бирларида, Ҳаким Термизий 749 йилда таваллуд топган ва узоқ умр кўрган дейилади.
Иккинчи манбаларни қиёслаб ўрганиш натижасида шуни кўрсатадики, Ҳаким Термизийнинг таваллуд йили 809-810, вафот этган йили 898-909 йиллар оралари деб фикр билдирганлар [1, б. 37].
Америкалик таниқли шарқшунос олим Ф.Роузентал Ҳаким Термизий илм соҳасида Абу Абдуллоҳ Ҳорис ибн Аҳмад Муҳосибий қарашларининг давомчиси деб билади. Бағдодлик илоҳиётчи, сўфийлик тариқатининг ажойиб назариётчиси Муҳосибий 781-857 йилларда яшаб ўтган.
Ҳаким Термизий қабр тошида аллома вафоти 255/869) йил дейилган, айни шу сана алломанинг ХV асрда кўчирилган “Наводир ал-усул” ва Ҳожи Халифа (1609-1657) нинг “Кашф уз-зунун” асарларида ҳам қайд этилган. Ҳожи Халифанинг асари Ҳаким Термизий қабри устига мармар қабртош ўрнатилгандан кейин икки юз йил ўтгач ёзилган ва тошдаги санага асосланган. “Наводир ал-усул” ва Ҳожи Халифанинг “Кашф уз-зунун” асарларидан бошқа барча ёзма манбалар мармар қабртошдаги Ҳаким Термизий вафоти санаси 255/869 йил эканлигини батамом рад қилади [1, б. 37].
Ҳаким Термизий таваллуди ва ҳаёти саналарини ойдинлаштирувчи яна бир маълумот алломанинг “Солнома” асаридир. Бу далиллар илк бора 1980 йилда олмониялик шарқшунос Б.Радткенинг “Ал-Ҳаким ат-Термизий - IХ аср Ислом илоҳиётчилардан бири” сарлавҳаси остида келтирилган бўлиб 869-870 йилларда Ҳаким Термизий Ислом дунёсида машҳур илоҳиётчи сифатида танилган, 895-896 йилларда Марв ва Нишопур шаҳарларида сафарда бўлганлигини кўрсатган [3, б. 152].
Юқорида келтирилган барча далил-исботлар шу жумладан Ҳаким Термизий устозларининг ҳаёт йиллари, аллома сафарлари, археологик ашёвий манбалар, “Солнома” ва “Наврўзнома” асарларида келтирилган маълумотлар шуни исботлайдики, Ҳаким Термизий 809-810 йилларда таваллуд топган ва 120 йилдан кўпроқ умр кўриб тахминан 931-932 йилларда вафот этган.
Ҳаким Термизий 120 йил умр кўргани ва ўша вақтда ҳам ижод билан шуғулланаётганини “Наврўзнома” асарида назм шаклида қайд этилган [8, б. 13].
Хожа Абдулҳакими Тирмизи,
Раҳматуллоҳ алайҳи фирўзи.
Ҳақдан илм бўлди менга баён,
Бу илмдан бўлди янги нарса аён.
Бир юз йигирма йил умр кўрдим,
Бир дам тажрибадан тўхтамадим....
Шу юқорида келтирилган шеър мисраларидан аёнки Ҳаким Термизи 120 йилдан кўпроқ умр кўрган ва тахминан милодий 931-932 йилларда Термиз шаҳри яқинида вафот этган ва қабрлари ҳам шу ердадир. Қабр тошида “Марқад аш-шайх ал-имом ал-ориф ал-вали Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳаким ат-Термизий” деб ёзилган бўлиб, мақбараси қарйиб ўн бир асрким бутун Ислом аҳли учун қутлуғ зиёратгоҳдир. Алломанинг “Бадв уш-шаън” (Мақомотнинг ибтидоси) рисоласида ёзадилар: Менинг ҳаёт тарзим, фаолиятим қўйидагилардан иборат: “Саккиз ёшда тўлганимда барчанинг шафқатли ва меҳрибон бўлмиш Аллоҳ таоло ўз иноятини мендан дариғ тутмади. Шайх менга илм сирларини ўргатиб, тинмай илм олишни тарғиб қилар эди ва иш шу даражада етиб бордики, бутун вужудим билан сабоқ олишга интилдим. Гўдаклик чоғимданоқ ўйин ўрнини китоб мутолаа қилиш машғулоти эгаллади. Шу тариқа ёшликдан илм ул-осор (ҳадис илми) ва илм ур-рай (Ҳанафий фиқҳи) ни ўрганишни бошлаган эдим [5, б. 37].
Йигирма етти ёшда бўлганимда, ирфоний илмларни чунон ўргандимки, қалбимда Аллоҳ таоло ўйи – Маккани зиёрат қилиш ишқи ўйғонди. Сафарга чиқиш имкони туғилиши биланоқ йўлга отландим ва Ироққа етиб бориб муҳаддис сифатида танилдим. У ердан Басрага, Басрадан Ражаб ойи (ҳижрий қамарий ойнинг еттинчи ойи) Макка сари йўл олдим. Шундай қилиб Шаъбон ойининг (ҳижрий қамарий ойнинг саккизинчи ойи) охирларида Маккатуллоҳга етиб келдим ва Худонинг амри билан ҳаж мавсумигача ўша ерда бўлдим. Ҳар эрта дуо сеҳри билан уйғонар эдим. У ерда қалбим замирида тавба қилиш, озми кўпми дунёвий молу мулкдан воз кечиш ҳисси уйғонди. Ҳаж зиёратини бажо этиб, ватанга қайтдим. Қалбим савоб йўлини топган эди. Ўша кунлар Худога яқин бўлган пайтларимда дуо қилиб, Худодан шуни сўрадимки, руҳиятимни ўзгартириб, мени дунёвий ишлардан озод этиб, муқаддас Китобини ҳифз этишга ундасин. Бу менинг ёлғиз орзуйим эди. Шундай қилиб, йўлда келаётган онларимда Қуръони каримни мутолаа этиш ишқи қалбимда жўш урар эди. Шу боис сафарда бўлган онларимданоқ Каломуллоҳни ҳифз этишга киришдим [5, б. 25].
Кечалари уйғоқ, уйқуни билмас эдим. Қалбим бўлса, бундан қувват оларди, аммо мен ҳайратда эдим ва менда юз берадиган бундай мўъжизани қандай ҳолатлигини тушуна олмасдим. Шундай бўса-да, ҳар ишга қўл урганимда қувватим ва қувончим кундан-кунга ошар эди”.
Ҳаким Термизий ҳаёти давомида кўп шаҳарларда айниқса Балх, Нишопур, Бағдод, Макка ва Мадинада бўлиб, даврнинг йирик алломалари билан суҳбатда бўлган ва умри давомида 400 дан ортиқ асар ёзгани тилга олинади. Лекин шундан 57 таси бизнинг давримизгача етиб келган.
Ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашда жаҳон олимлари эътироф этган алломанинг бутун инсониятга сабоқ бўладиган ҳаёт ва фаолияти ҳамда яратган асарлари ва ҳадисларини чуқур ва пухта ўрганиш ва ёш авлодни таълим-тарбиясига фойдаланиш катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб дунёнинг глобаллашуви ва замонавий ахборот майдонларидаги ҳаракатларнинг тез суръатлари билан ҳаётимиз, турмуш тарзимизга кириб келаётгани, оммавий маданият деб беҳаёлик маънавий тубанликни тарғиб қилувчи кино, турли хил порнографик расмлар ва рекламалар, интернет тармоқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кириб келаётган урфу одатларимизга ва динимизга зид ҳар қандай маънавий-ахлоқий инқирозларни олдини олишга кўмаклашади ва ёш авлоднинг онгига-қалбига уларга қарши иммунитет ҳосил қилдиради.
Ҳаким Термизийнинг ҳаёт ва илмий фаолиятини чуқур ўрганиш, яратган асарларини ва ҳадисларини ўзбек тилига таржима қилиб умумтаълим мактабларнинг I-ХI синфларда ўтиладиган “Тарбия” фанининг дарслигига алоҳида мавзу сифатида киритиш ёш авлодга ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган моддий-маънавий бойликни асраб авайлаш ва шулар орқали ўқувчиларга садоқат, адолат, поклик, ростгўйлик, ватанпарварлик, оилапарварлик ҳиссини уйғотиш ва Термизий номи билан жаҳонда машҳур алломаларга нисбатан фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиш орқали баркамол авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбиясига фойдаланиш ҳозирги куннинг долзарб муаммолардан ҳисобланади.
С.Самиева
Термиз давлат университети ,
Тожик филологияси ва Шарқ тиллари кафедраси ўқитувчиси
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Чориев.З., Аннаев.Т., Муртазоев.Б., Аннаев.Ж., Ал-Ҳаким ат-Термизий. – Т.: Янги аср авлоди, 2008.
2. Мирзо Кенжабек. Буюк Термизийлар. – Т., 2017.
3. Фариддин Аттор. Тазкират ул-авлиё. – Т., 2018.
4. Олимов Ш.Маънавий-ахлоқий тарбия асослари. – Т., 2015.
5. Абдуллаев.Р. (нашрга тайёрловчи). Бадвв уш-шаън ёхуд Ҳаким Термизийнинг ўзи ҳақида ёзганлари. – Т., 2016.
6. Ачилов Н. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарлари воситасида талабаларда маърифатпарварлик фазилатларини ривожлантириш технологияси. (диссертация, Термиз-2020 йил).
Izoh qoldirish