16.10.2023

АЛОУДДИН БУХОРИЙНИНГ “РИСОЛА ФИЛ ЭЪТИҚОД” АСАРИДА КЕЛТИРИЛГАН ОЛИМЛАР

Темурийлар даврининг етук уламоларидан ҳанафий олими, Имом Мотуридийнинг давомчиларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Ало Абу Абдуллоҳ Бухорий Ажамий Ҳанафийдир (779-841/1377-1438) [1, Ж, 9, б. 291]

Алоуддин Бухорий фиқҳ илмини отаси ҳамда амакиси Аъла Абдурроҳманлардан ўрганган. Алоуддин Бухорий оиласи зиёли, дин илмларида кўзга кўринган уламолардан бўлганлиги маълум бўлади. Манбаларда олимнинг онаси, хотини ва зурриётлари ҳақида бирон-бир маълумотлар учрамади.

Аллома ёшлигидан илмга қизиқиши, устозларга, илм аҳлларига бўлган муҳаббати натижасида кўпгина диний илмларда моҳирликка эришди ва натижада аҳли сунна вал жамоа эътиқодини халқ оммасига тўғри тушунтириб беришда катта хизматларни амалга оширди. Бу йўлда турли ўлкаларга сафарлар қилиб бор куч ва имкониятларини халқларнинг тинч-тотув ҳамда фаровон ҳаёти учун сарфлади. Ибн Ҳажар Асқалоний шундай деб ёзади: “У олимлардан илм олишда жуда тиришқоқ эди” [2, Ж, 4, б. 83]. Ундаги бу хислатлар ундаги илмга бўлган иштиёқини оширар эди. Унинг биринчи устозларидан бўлган отаси ва амакиси ўз асрининг етук олимларидан эди. “Натижада “Фиқҳ, усул, луғат, мантиқ, балоғат ва бошқа илмларда” пешво инсонга айланди. Ҳатто олим “Адаб ва назм” илмида ҳам кўзга кўринган инсон бўлиб улғайди” [2, Ж, 4, б. 83]. Шу аср олимлари уни “ўз асри имоми”, “замонасининг илм борасида ягона” инсон эканлигини эътироф этишди.

Алоуддин Бухорий дастлаб Ҳиндистоннинг “Калбаржа” деган жойида бўлиб, у ерда бир муддат туриб дарс берди. Таълим олувчилар орасида шу ернинг подшоҳи ҳам бор эди. Ундан сўнг Маккага сафар қилиб Каъба яқинида жойлашди [3, Ж, 15, б. 215] ва у ерда яшовчи аҳоли ҳам унинг илмидан истифода қилди. Олим сўнгра Мисрга сафар қилиб Қоҳира шаҳрида яшаб талабаларга дарс бера бошлади. Кўриниб турибдики, олим қайси юртларга сафар қилиб дарс халқасида таълим берганлиги Алоуддин Бухорийнинг барча мазҳабларда юксак илм соҳиби бўлганлигига, олимлар томонидан берилган эътирофларнинг аҳамиятини кўрсатиб беради. Абу Маҳосин айтадики: Кўпгина асримиз олимлари турли хил мазҳабда бўлишмасин унинг илмидан истифода қилишди.

Алоуддин Бухорий 831/1428 йилда Шомга сафар қилиб Дамашқда истиқомат қилди. Олимнинг дарс халқасидан бир қанча олимлар етишиб чиқди. 837/1434 йилда олим Дамашқдаги “Музза” ўлкасига кўчиб ўтади ва умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади. Имом Абу Фатҳ Миззий охирги бўлиб ундан таълим олган киши бўлди.

Алоуддин Бухорий бир қанча китоблар таълиф этган. Олимнинг ёзма меросида ақидага оид асарлари ўзига хос ўрин эгаллаган. Жумладан, “Ал-Мулжимату ли-л-мужассима”, “Фодиҳату-л-мулҳидийн ва носиҳату-л-муваҳҳидийн”, “Рисола фи ал-эътиқод” номли асарлари шулар жумласидан. Алломанинг энг сара асарларидан бири “Рисола фи ал-эътиқод” асарини алоҳида келтириб ўтиш мумкин.

“Рисола фи ал-эътиқод”да жами олтмиш учта ақидавий масалани ўз ичига қамраб олган. Рисолага киритилган масалаларнинг дастлабкиси “мукаллаф бандага илк вожиб амал” бўлиб, охиргиси рофизийларнинг Али розияллоҳу анҳу ҳамда унинг авлодлари ер юзига қайтиши ҳақидаги қарашига раддия билан якунланган [4, б. 191]

Асарнинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, аллома асарда ўзининг буюк устозларининг аниқ ишончли фикрларини керакли ўринларда келтириб, турли хил адашган оқимларга раддиялар беришда фойдаланиб ўтган. Адашган тоифаларга раддиялар беришда, уларнинг тўғри йўлни топиб олишида ўзларининг бор куч ва ақл тафаккурларини ишга солган мутафаккир уламоларнинг хизматлари беқиёс бўлган.

Аллома асарни ёзишда услубий жиҳатдан ҳам мазмуний ҳамда моҳиятан ёндашганда ҳам устоз-шогирд анъанасига риоя қилганини кўриш мумкин. Зеро, у асарини ёзишда ўзидан олдин яшаган Аҳлис сунна вал жамоанинг таниқли олимлари фикрларига таянган. Хусусан, олим муайян ақидавий масала борасида ўз ёндашувини қўллаб-қувватлаш учун баъзи ўринларда бевосита олимларнинг исмларини келтирган бўлса, айрим жойларда уларнинг танилган лақабларини зикр қилган. Жумладан, Қуйида эса асарда келтирилган устозларнинг номлари келтирилади.

  1. “Ҳанафия” [4, б. 121-156]. Аллома асарда Абу Ҳанифа номи билан аталадиган “Ҳанафия” мазҳабининг эътиқодий қарашларини келтирганда шундай умумий тарзда келтирган.
  2. Шофиий [4, б. 121]Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос аш-Шофиий (767, Фаластин, Ғазо ш. – 820, Қоҳира) – имом, шофиий мазҳабининг асосчиси, саййидлардан. 2 ёшида онаси билан Маккага келган ва шу ерда Қуръони каримни ёд олган [5, б. 578]
  3. Мансур ва яна шунингдек, инда Мотуридия (Мотуридийларга кўра) шаклида ҳам келтирилади [4, б. 153-156].   Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий бўлиб, Самарқанднинг Мотурид (баъзи манбаларда Мотурит) деб аталадиган маҳалласида туғилган. Унинг туғилган йили ҳақида ҳам манбаларда жуда кам маълумотлар келтирилган бўлиб, аксар ҳолларда 236/870 йил қайд қилинган.

У дастлабки маълумотни отаси Муҳаммад ибни Маҳмуддан, сўнгра ўша даврда бошланғич мактаб ҳажмида билим берувчи Куттобда олади. Ундан кейин Самарқанддаги Работи ғозиён масжиди қошидаги мадрасада таълим олганлиги ҳақида маълумотлар бор. 

Имом Мотуридийнинг илоҳиёт илмларида ўз даврининг етук алломаси бўлиб етишишида устозларининг ҳиссаси катта бўлган. Унинг устозлари жумласидан ўз даврининг таниқли олимларидан Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн Ийодий, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Нусайр ибн Яҳё Балҳий, Муҳаммад ибн Муқотил Розийларни (у Рай шаҳрининг қозиси бўлган) кўрсатиш мумкин [6, б. 89-90]

  1. Аш-Шайх ал-Ашъарий ва яна шунингдек, Шайх номи билан ҳам атайдилар [4, б. 87, 101, 106, 126, 132. 191]. Абул Ҳасан ал-Ашъарий (260-330/873-941). Абул Ҳасан Али ибн Исмоил ибн Исҳоқ ибн Солим ибн Абдуллоҳ ибн Мусо ибн Билол ибн Абу Бурда ибн Абу Мусо ал-Ашъарий Басра шаҳрида 260/873 йилда таваллуд топган. Абул Ҳасан ал-Ашъарий нисбани катта бобоси, сулола асосчиси – машҳур саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий (601-665)дан олган. Абул Ҳасан ал-Ашъарий бошланғич сабоқларни ўз отасидан олган, кейинчалик ўз замонасининг таниқли олимларидан Абу Исҳоқ ал-Марвазий (вафоти 376/986) ва Ибн Сурайж (вафоти 371/981)дан фиқҳ илмини, Закариё ибн Яҳё ас-Сожий (835-920)дан ҳадис илмини ўрганади.
  2. Ашоира [4, б. 90]. Аҳли сунна вал жамоанинг икки йирик ақидавий таълимотидан бирининг асосчиси Имом Ашъарий (р.ҳ.)нинг йўлини олганларга нисбатан ишлатилади. Алоуддин Бухорий баъзи ўринларда Ашоира уламоларининг гапларига кўра деб ҳам устозларининг фикрларини келтириб ўтади.
  3. Устоз [4, б. 88].   Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Меҳрон Исфиройиний (337-418/949-1027) бўлиб “Дин устуни” номи билан улуғланган.
  4. Қодий ва Имомул-ҳарамайн [4, б. 88] Абул Маъолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ, Имом Ҳарамайн Жувайний (419-478/1028-1078) ашъарий каломининг етук намояндаси, Имом Ғаззолийнинг устози. Нишопур яқинидаги Азозвар қишлоғида (Жувайн тумани)да туғилган. Нишопурда Абул Қосим Исфароиний (ваф. 1059) раҳбарлигида калом усул уд-диндан, отасидан эса – фиқҳдан сабоқ олган. Отаси фавотидан сўнг 19 ёшли Жувайний отаси ўрнига шофеъий фиқҳи мударриси вазифасини эгаллаган. Салжуқийлар вазири Қундурий томонидан ашъарийларга қувғин уюштирилган чоғда Жувайний Ҳижозга қочиб бориб, Макка ва Мадинада яшаган (1058-62), шу туфайли Имом ал-Ҳарамайн (“икки муқаддас масжид имоми”) фахрий унвонини олган. Вазир Низомулмулк даврида ашъарийларга қувғин Низомия мадрасасини таъсис этган. Шу мадрасада Жувайний шофеъий фиқҳининг энг яхши билимдони сифатида шуҳрат қозонган ва умрининг охиригача шу ерда дарс берган. Жувайнийнинг каломга оид асосий асари “аш-Шомил”дан бизгача унинг учдан бир қисми етиб келган умуман олганда Жувайний Ашъарий, Боқилоний ва Абу Исҳоқ Исфароний (1027 й. в. э.)ларнинг ғояларини ривожлантирган [5, б. 85-86]
  5. Розий [4, б. 138].   Фахриддин Розий (тўлиқ исми Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн; 1149, Рай – 1209, Ҳирот) – машҳур калом олими ва диний фалсафа намояндаси. Рай ва Мароғада таҳсил олган. Шофиий ва ашъарий олим сифатида фаолият кўрсатган. Хоразм, Бухоро ва Самарқандда яшаган. Ғазна (1185 й.гача) ва Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятларида фаолият олиб борган, кейинчалик Ҳиротда яшаган [5, б. 508]
  6. Қола фий ал-Мавоқиф [4, б. 134]Яъни шарҳи “Ал-Мавоқиф” китоби бўлиб, ушбу китобнинг муаллифи Азудуддин Абдураҳмон Ийжийдир. Абулфозил Азудуддин Абдураҳмон ибн Рукнуддин Абдуғаффор ибн Аҳмад Широзий Ийжий (680-756/1281-1355) Ижу шаҳрида [7, Ж, 1, б. 287]   дунёга келган. У ҳанафий мазҳаби олими, таниқли фақиҳ, мутакаллим бўлиб [8, Ж. 1, б. 4], Шерозда мадрасада дарс берган ва қози лавозимида ишлаган. 
  7. Ал-Муҳаққиқ. Саъдуддин Тафтозоний: Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Саъдуддин Тафтазоний ҳижрий 712 йил Хуросон шаҳрининг Нисо қишлоқларидан бирида таваллуд топган. Ўз асрининг буюк олимлари бўлган Азд Ийжий каби олимлардан таълим олган. Натижада у “наҳв, сарф, мантиқ, балоғат, усул, тафсир ва калом илмида етук олимлик даражасига етиб шуҳрати ҳамма тамонга етиб борди ва турли ўлкалардан талабалар ундан таълим олиш учун кела бошлади. У ўн олти йил китоб ёзиш билан вақтини ўтказди ва шу пайт оралиғида “Таҳзиб ал-мантиқ”, “Шарҳи рисалату шамсия”, “Шарҳи ақидату насафия”, “Ал-Мутоввал”, балоғат илмида “Хошия ала шарҳ ал-Азд ала мухтасар Ибн Ҳожиб”, усулда “Ат-Талвиҳ ала кашф ғовамиз ат-танқиҳ” каби кўплаб китоблар ёзди.
  8. Саййид [4, б. 134]Тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Саййид Шариф (1339, Астрабод яқинидаги Тоғу (Тожу) қишлоғи- 1413, Шероз) – Амир Темур даврида яшаб ижод этган йирик мутакаллим, файласуф, шоир ва мунажжим, сўнги калом вакили [5, б. 174]

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, муаллиф асарда турли хил фирқаларга раддиялар беришда, уларнинг адашган ўринлардаги хатоларини кўрсатиб беришда устозларнинг фикрларидан унумли фойдаланган. Бугунги кунда ҳам ақидада адашиб, тўғри йўлни топа олмай, ёт ғояларга эргашиб кетган инсонлар учун ушбу асарнинг ўрни беқиёсдир. Устоз-шогирд анъанасига амал қилиб келган халқимиз доимо ўзининг мусаффо эътиқодини сақлаб келган.

 

Р. Бегалиев

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ас-Саховий. Ад-Давъу-л-ламиъ ли-аҳли қорни ат-тасиъ. – Байрут: Дарул жийл, 1992.
  2. Шайху-л-ислом ал-Ҳофиз ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Инбау-л-ғумар би анбаи-л-ғумар. – Қоҳира, 1998. 
  3. Ибн Тағрибардий. Ан-Нужум аз-зоҳиро фий мулуки Миср ва-л-Қоҳира. 
  4. Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Ҳанафий. Ар-Рисолату фил-эътиқод. – Қувайт: Дор ад-диё ли-н-нашр ва-т-тавзиъ, 2012. 
  5. Ислом энциклопедияси. - Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017. 
  6. Буюк юрт алломалари. Тузувчи ва нашрга тайёрловчи: У.Уватов. - Т.: – Ўзбекистон НМИУ, 2016. 
  7. Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. 
  8. Абу-л-Фозил Азудуддин Абдураҳмон ибн Рукнуддин Абдуғаффор ибн Аҳмад Широзий Ийжий. Шарҳ Мухтасар ал-мунтаҳий ал-усулий. Ж. 1. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2004. 

 

Izoh qoldirish