18.10.2023

АЛОУДДИН КОСОНИЙ МЕРОСИ – ДУНЁ КУТУБХОНАЛАРИДА

Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Алоуддин ҳавоси тоза, тупроғи унумдор Фарғона водийсидаги Сайхун (ҳозирги Сирдарё)нинг шимолий қисмида жойлашган шаҳарлардан бири Косон (айрим манбаларда Кошон деб ҳам келган)да туғилгани сабаб у кишига Косоний деб нисбат берилган [1].

Билимга чанқоқ аллома мадраса таълимига қаноат қилмай, илм талаби билан ёшлигида Бухорога боради. Ўша даврда илм маркази бўлган бу шаҳар Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандий (ваф. 539/1143)га шогирд тушиб, фиқҳ, ҳадис, ақида ва тафсир фанларидан илм ўрганади.

Устозининг “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) номли асарига “Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ” (“Шариат қоидалари бўйича нодир манба”) номли уч жилдлик шарҳ ёзиб, Самарқандийга тақдим этади. Устоз шарҳдан шунчалик мамнун бўладики, олима ва солиҳа қизини шогирдига никоҳлаб беради. Келиннинг маҳрига отаси китобига ёзилган беназир шарҳ кифоя қилади. Шундай қилиб, одамлар орасида “Туҳфа”сини шарҳ этиб, қизини олди”, деган гап машҳур бўлиб кетади [2].

Косоний турмуш ўртоғини жуда яхши кўрган ва ҳурмат қилган. Фотиманинг вафотидан сўнг умрининг охиригача ҳар жума куни унинг қабрини зиёрат қилган. Улуғ фиқҳшунос олим 587/1191 йилда вафот этган. Унинг қабри рафиқасининг ёнидадир. Ҳалаб шаҳрининг ташқарисидаги “Иброҳим Халил” масжиди қабристонига дафн этилган [3]. Ибн Адим ривоят қилади: “Мен Зиёуддин Муҳаммад ибн Хамис Ҳанафийнинг: “Шайх Косоний ўлим тўшагида экан, унинг ҳузурига келдим. У киши бирдан Иброҳим сурасини ўқишни бошладилар ва Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ таоло имон келтирган зотларни дунё ҳаётида ва охиратда собит сўз ила собит қилур”, деган сўзини ўқишлари билан руҳлари таналарини тарк этди”, деганини эшитдим” [1].

Алоуддин Косоний ва Фотима бинти Муҳаммаддан Маҳмуд исмли фарзанд қолган. Айюбийлар ҳукмдори Султон Зоир уни ўз қарамоғига олиб, вояга етказган.

Косонийнинг энг эътиборли асари “Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ” шу билан бирга, ислом фиқҳига оид “Султонул мубин фи усулид дин” ва “Китобул жалил” номли асарлари борлиги айтилади. Шунингдек, алломанинг “Эътиқодул Косоний” рисоласи ҳам машҳурдир.

Қуйида Алоуддин Косонийнинг дунё кутубхоналарида сақланаётган асарлари қўлёзмаларининг бир нечтасини санаб ўтамиз:

Ирландиянинг Дублин шаҳридаги Честер Битти кутубхонасида № 3638/I, 3638/II, Қатар давлатининг Доха шаҳридаги “Дарул кутубил Қатария” кутубхонасида 747, Кувайт шаҳридаги “Маъҳадул махтутотил арабия” кутубхонасида 1809/I, II, Германиянинг Берлин шаҳридаги Давлат кутубхонасида 447-449, Британия музейи кутубхонасида 5512 Or, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Янги Жомиъ” кутубхонасида 370-373, “Сулаймония” кутубхонасида 393-399, “Саройли” кутубхонасида 71-73, “Роғиб Пошо” кутубхонасида 451-452, Тунисдаги Зайтуния универстети кутубхонасида 68/IV, Фаластиннинг Қуддус шаҳридаги “Мактабатул холидия” кутубхонасида 13/III, Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги “Ҳудайвия” кутубхонасида 12/II, “Дарул кутубил Мисрия” кутубхонасида 405/I, “Мактабатул азҳария” кутубхонасида 44133, Суриянинг Дамашқ шаҳридаги “Зоҳирия” кутубхонасида 231, 2576, Саудия Арабистонининг ар-Риёд шаҳридаги “Марказул Малик Файсал лил буҳус вад диросатил исламия” кутубхонасида 11731-11736 ب, 16735-16739 ب, 260/II, Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги “Мактабатул Осифия” кутубхонасида 1074/II, 344, Ҳиндистоннинг Рамбур шаҳридаги “Мактабату Рамбур” кутубхонасида 171/I, 59, 419/II, 728-732, АҚШнинг Барнистон шаҳридаги “Барнистон” кутубхонасида 2563, 2807 рақамда сақланаётган нусхаларини кўрсатиш мумкин [4].

“Эътиқодул Косоний”: Париж миллий кутубхонасида № 825/3, Саудия Арабистонидаги Подшоҳ Файсал номидаги исломий тадқиқотлар марказининг кутубхонасида 0825 рақами остида сақланмоқда.

Алоуддин Косонийнинг Дунё кутубхоналарида ҳали бизга маълум бўлмаган яна юзлаб қўлёзма асарлари мавжудлиги шубҳасиздир.

Алломанинг “Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ” асари тадқиқ қилиниб, ҳозирги нашриётларида чоп этилган.

Қирқ йилдан зиёд мусулмонлар хизматида бўлган олимнинг беқиёс хизматларини ақидавий ва фиқҳий ихтилофларга барҳам берилишида, мазҳабларнинг бирдамлигида, ҳанафийларнинг мавқеи тикланишида, илм-маърифат ва барқарорлик таъминланишида, қолаверса, адашган тоифаларнинг томири қирқилишида кўриш мумкин.

Буюк аждодимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган мўмин-мусулмонлар, албатта, дин-диёнат, имон-эътиқод, одоб-ахлоқ, меҳр-мурувват ва бошқа одамийлик тамойилларига амал қилади. Бобокалонимизнинг ҳаёти ва ижоди, фаолиятини яна-да чуқур тадқиқ этишда, илмий меросини ўрганишда ҳам халқимизга, айниқса, ёшларимизга, ҳам халқаро илмий доирага ёрдам кўрсатсак, ҳаётда учрайдиган кўплаб ижтимоий масала ва муаммоларни ҳал қилиш учун йўл очган бўламиз.

 

Ихтиёр Қушшақов

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Бадоиъус-саноиъ фи тартибиш шароиъ. Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косоний. – Қоҳира: Дарул ҳадис, 2005. 

2. Абдулқодир ибн Абул вафо. Жавоҳирул музия фи табақотил ҳанафия. Ж.2. Мир Муҳаммад кутубхона. Каротоший, 2009. 

3. Бадоиъус-саноиъ фи тартибиш шароиъ. Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косоний. – Покистон: Мактабатул Рошидия. 

4. Марказул Малик Файсал лил буҳус вад диростил исломия. Хизонатут турос. Мактабатул бустон лил маърифа.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Izoh qoldirish