БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ – ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ЕТУК НАМОЯНДАСИ
Марказий Осиё минтақаси ўзининг етишиб чиққан буюк илм намояндалари билан маданий тараққиётнинг маркази ва ўзга юртларга илм-маърифат элтувчи маскан ҳисобланган. Ислом маданияти тараққиётининг бешиги ҳам айнан шу ўлка саналган. Ислом ҳуқуқи, яъни фиқҳ илмининг юксак даражада тараққий этиши ҳам бевосита юртимиз ҳудудида юз берди. Ана шу илмнинг тараққиётида ватандошимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг ўрни беқиёсдир.
“Ислом ҳуқуқшунослигининг улкан намояндаси, шайхулислом Бурҳониддин Марғинонийнинг номи Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий сингари улуғ сиймолар қаторида туради.
Нафақат мусулмон олами, балки бутун дунё эътироф этган, Аллоҳ таоло берган ақли заковати билан ислом ҳуқуқшунослиги илмида ўзига хос мактаб яратган, бебаҳо мероси билан Фарғона диёрини жаҳонга тараннум этган ул зотнинг тарихимиздаги ўрни ва обрўси беқиёсдир [1, б. 113-114]. Юртбошимиз диний қадриятлар энг муҳум маданий ёдгорлигимиз эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган.
“Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”, деб таъкидлаган эди биринчи президентимиз.
Жаҳон ҳуқуқий маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган, эндиликда уларнинг асарларига ҳуқуқий мерос сифатида ёндашилаётган, юртимиз ҳуқуқшуносларининг илмий асарларини асл ҳолича ўрганиш бахтига муяссар бўлдик. Аждодларимизнинг асарларини ўрганишлик, халқимиз маънавиятини яна-да бойитишга хизмат қилиб келмоқда.
Буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний 1123 йилда Фарғонанинг Риштон шаҳрида таваллуд топган бўлиб, илмий фаолиятни дастлаб Марғилонда (17 ёшигача), кейинчалик Самарқанд, Бухоро ва Шарқнинг йирик илмий марказларида илм олиб йирик асарларни яратган.
Алломанинг “Ҳидоя” асари мусулмон ҳуқуқшунослари қўлида, қозилик идораларида то 1928 йилгача дастуруламал бўлиб хизмат қилган. Ибодат масалалари, давлат бошқаруви, қозиларнинг ҳукм чиқариш, айб эълон қилиш, хақ ундириш жараёнлари, ҳаётда учрайдиган турли муаммолар Мовароуннаҳрда “Ҳидоя” асарида ёритилган фиқҳий қарашлар асосида ҳал қилинган [2, б. 648]. Шу боис Мовароуннаҳр мадрасаларида бўлажак мусулмон ҳуқуқи амалиётчиларига “Ҳидоя”ни қисқартмасини, яъни “Мухтарасул виқояни” ёдлаш мажбурий ҳисобланган.
Зеро, ҳанафий мазҳабининг қарашларини яхши ўрганган ҳуқуқшуносларгина, халқ орасида обру-эътибор қозонган. Шу туфайли фақиҳларга эҳтиёж ва эҳтиром кучли бўлган. Маҳаллий фиқҳ мактаблари Мовароуннаҳр диёрига ҳос бўлган, маҳаллий урф одатларни, нормалар қабул қилишда эътиборда тутганлар.
Афсуски, ушбу асар тўлақонли ўзбек тилига ўгирилмаган. “Ҳидоя”нинг 4 жилддан фақатгина I жилди ўзбек тилига ўгирилган. Шу боисдан мазкур асар араб тилидан ўзбек тилига ўгирилиб, унда келтирилган фуруъул фиқҳ соҳасига оид мавзулар ёритилган.
Бурҳониддин Марғинонийнинг ўзига ҳос услуби (фиқҳий даллилаш) очиб кўрсатиш, ҳуқуқий муаммоларни ечиш услубларини баён қилиш долзарб масалалардан саналади. Шунга тадқиқот учун буюк фақиҳ ва муфассир, муҳаддис, адиб XII асрда Мовароуннаҳрда яшаб илм тарқатган Бурҳониддин Марғинонийнинг илмий мероси ҳуқуқий мавзулар юзасидан ва тарихий жиҳатдан келтирилган фиқҳий қарашларни очиб бериш асосий муаммолардан бири саналади.
“Ҳидоя” асари яратилган давридан бошлаб, бир қатор фақиҳлар, олимлар, тарихчилар, шоҳу ҳокимлар диққатини тортиб келади. ”Ҳидоя” ҳанафий мазҳаби таълимоти, Шарқ ҳуқуқий маданиятини ва фиқҳ илми тарихини ўрганишда энг ишончли манба саналади. Бурҳониддин Марғинонийнинг мероси хусусан “Ҳидоя” асари шарқшунос олимлардан Ш.Риё, Брокельман [3, б. 376], Флюгер, Розен, Крачковский, Семёнов ва бошқалар диққатини тортиб, уларнинг жиддий хулосаларига сабаб бўлган.
Мовароуннаҳр тарихи айниқса мазкур ўлкадаги ислом ҳуқуқшунослиги, унинг тарихи, кўплаб шарқшунос, ҳуқуқшунос тарихчи олимларни қизиқтириб келган. Айниқса мусулмон ҳуқуқшуносларини маҳаллий урф-одатларни ҳам одат ҳуқуқи сифатида эътиборга олганликларини академик Бартольд асарларида кўриш мумкин. Жумладан Петрущевский, кейинчалик Д.М.Еремов [5], юртдошларимиздан Б.А.Аҳмедов, А.Ўринбоев каби йирик шарқшунос, тарихчи олимлар асарларида ҳам кўриш мумкин.
Аллома ҳақида турли давр олимлари ўз асарларида турли хил таърифлар бериб ўтишган.
“У ислом оламида ўзигача яратилган диний асарларни мутолаа қилиб, уларни тартибга солди, толмас чарчамас тадқиқотчи, иймонли, этиқодли, ҳудожуй инсон, юксак даражадаги ҳуқуқшунос, адиб, шоир, унга ўхшагани фан ва адабиётда бўлмаган” деб таъкидлаган эди Абдулҳай Лакнавий ўзининг “ал-Фавоидал-абаия фи таржим-ил-ҳанафия” номли китобида [5]. Ислом оламида машҳур бўлган аллома ислом уйғониш даврининг буюк намояндаси бўлиб, фиқҳ илми ривожига юксак ҳисса қўшган. Алломанинг исм нисбаларида Рошидоний нисбасининг Марғиноний нисбасидан олдин зикр этилишининг сабаби, аллома айнан Риштон (Рошидон) мавзесида таваллуд топганлиги учундир. Бурҳониддин Марғиноний ҳижрий 511санаси ражаб ойининг 8-куни душанба чошгоҳ пайтида, милодий 1123 йил Фарғонанинг Риштон туманида, Чинигарон маҳалласи Даҳбед мавзесида таваллуд топган. “Ҳидоя”нинг инглиз тилидан рус тилига таржимаси 1893 йил нашрининг сўз бошисида ва Н.П.Остроумовнинг “Исломшунослик” номли асарининг 4-қисмида бу сана 530/1135-1136, Абу Тоирхўжанинг “Самария” асарида 515/1121 йил қилиб кўрсатилган. Алломанинг туғилган йили хусусида Н.С.Лакошинннинг 1907 йилда эълон қилинган “Ҳидоянинг муаллифи” номли рисоласида ва “Ҳидоя”асарининг 1990 йил Байрутда чоп этилган нашрининг сўз бошисида кўрсатилган 515/1118-593/1197 йиллар, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган қадимий қўлёзма нусхаларидан олинган маълумотлар билан тасдиқланади. Бурҳониддин Mapғиноний устозлари ўз даврининг етук таниқли олимлари бўлишган. Устозлари қаторида қуйидаги зотларни ўзлари қайд этганлар. Бурҳонидин Марғинонийнинг болалик ва ўсмирлик даврини тўлиқ ёритадиган манбалар йуқ. У зотнинг бизгача етиб келган биографик маълумотларига таяниб, алломани зиёли оилада туғилиб тарбия топган дейиш мумкин. Аллома учун илк устоз ўз боболари Умар ибн Ҳабибдир. Устозларидан халқ орасида “инсону жинлар муфтиси” номи билан машҳур бўлган Нажмиддин Абу Хафс Умар Насафий, Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий, Садр уш шаҳид Хисомуддин Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза, Садр ус-саъид Тожуддин Ахмад ибн Абдулазизлардир. Охирги икки зот навбатида илмни Абдулазиз Бурҳониддин Садрул Кабирдан, ул зот эса Сарахсийдан, ул эса Халвоийдан, ул эса Абу Али Насафийдан, ул эса Абу Бакр ибн Фазлдан, ул зот эса Сабзамунийдан, ул зот эса Абу Убайдуллоҳдан, ул эса Муҳаммаддан олган.
Марғиноний замонасининг энг йирик олимларидан таълим олган, ўз даврининг илмий анъана ютуқларини ўзлаштиришда уларнинг тажрибаларидан фойдаланган. Кейинчалик ўзи ҳам устоз аллома даражасига эришган. Бурҳониддин Марғиноний ўзи билган ҳар бир илм аҳлини ўзига устоз деб билган. Марғиноний ҳаёти ибратида ва ўгитларида устозни қаттиқ ҳурматлашни буюради. “Устозимиз шайхул-ислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладиларки, - деб ёзади бу ҳақда шогирди Заржуний – Бухоронинг улуғ имомларидан бири дарс айтаётиб, гоҳ ўтирар гоҳ ўрнидан турар эди. Бунинг сабабини сўраганларида, дедилар: Устозимнинг ўғли кўчада болалар билан ўйнар эди ва баъзида масжид эшигига яқин келаяпти. Ҳар гал уни кўрганимда устозимга бўлган ҳурмат туфайли ўрнимдан турдим”.
Марғиноний илмга киришган талабаларга қаттиқ саъй-ҳаракат қилишни, сусткашлик ва дангасаликни ўзига ёт билиш лозимлигини уқтиради ва уларга ҳаётидан мисол қилиб: “Илмда шерикларим устидан ғалаба қилишимнинг сабаби шуки, сустлик ва дангасалик ҳеч қачон менга йўл топмади” дейди. Бу борада Баҳовуддин Нақшбандий таъкидлаган ушбу жумла ҳам ўринлидир: “Биз бу йўлнинг талабига қадам қўйганимизда икки юз киши эдик. Менинг ҳимматим буларнинг ҳаммасидан ўтиш эди. Илоҳий иноятга ноил бўлиб, бу жамоатнинг ҳаммасидан ўтиб кетдим ва асл мақсадга етдим. Ҳар қандай инсон бир мақсад сари астойдил ҳаракат қилса, албатта ўз муродига етиши мумкин. Бурҳониддин Марғиноний авлодлари ҳам оталаридан илм ўрганиб, етук олим даражасига етганлар. Манбаларда алломанинг уч ўғли зикр қилинган [6, б. 11].
Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий ўзининг асари муқаддимасида “Ҳидоя”нинг биринчи қисмида зикр этилган саҳобалар ва тобеъинлар исмлари 50 дан кўпроқ эканлиги, тоифа ва уруғлар 12 та, жуғрофий ва тарихий жойлар номи 55 та эканлиги кўрсатиб, уларнинг ҳар бири ҳақида қисқача маълумотлар берилган. Шунингдек у, 90 дан ортиқ буюк фақиҳлар, имомлар, мужтаҳидлар, жумладан, машҳур саҳобалар ва муҳаддислар исмларини ва уларга тегишли бўлган маълумотларни зикр этган [7, б. 60]
Буюк ватандош алломамиз Бурҳониддин Марғинонийнинг улуғлигининг яна бир жиҳати шундаки, ислом оламида муқаддаси Қуръони каримдан сўнг мукаммал манба Имом Исмоил Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ” асари бўлса, бу асардан кейинги муқаддаси йирик манба Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари ҳисобланади. Юртимизда буюк алломанинг илмий мероси ҳали тўла-тўкис тадқиқ этилмаган бўлиб ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Янги ренессанс пойдеворини қўриш арафасида турар эканмиз, дунёда фиқҳ илми тамаддунини ривож топишига улкан ҳисса қўшган аждодимизнинг илмий, маънавий меросини ўрганиш муҳим ва долзарб масала ҳисобланади.
Асроржон Акрамжонович Сатторов
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги
университети ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
- Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз маъсулмиз. – Т. 9. – Т.: Ўзбекистон, 2001.
- Ўзбек Совет Энциклопедияси бош редакцияси. – Т, 1980. XIV-тoм.
- Бартольд. Сочинения. – М., 1963.
- Еремов Д.М. Шариат-ис ламский кодекс прави морали //Азия и Африка сегодня. 1991. N7.
- Ҳожи Исмататуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда ислом маданияти. – Т.: Шарқ, 2005.
- Наврўзова Г. Ал-Марғиноний ва Баҳовуддин Нақшбанд таълимоти. // Ҳидоят. 2000. № 11-12.
- Саидов А.Х. Бурҳониддин Марғиноний – буюк ҳуқуқшунос. – Т.: Адолат, 1997.
Izoh qoldirish