ИБН МУҚАФФА “АЛ-АДАБ АЛ-КАБИР” АСАРИНИНГ МАНБАШУНОСЛИК ТАДҚИҚИ
Аннотация: Ушбу мақолада ислом илм-фани, хусусан адаб илми тараққиётида алоҳида мавқега эга бўлган олим ва мутафаккир ибн Муқаффанинг “ал-Адаб ал-кабир” асари ва унинг мусулмон манбашунослиги, ахлоқ ва сиёсат илмида тутган ўрни тадқиқ этилган. Шунингдек, тадқиқот ишида “ал-Адаб ал-кабир” асаридаги дўстлик, ижтимоий ҳамкорлик, одил ҳукмдор, илм фазли, саховатнинг фойдали жиҳатлари тадқиқ этилди.
Калит сўзлар: “Ал-Адаб ал-кабир”, одил ҳукмдор, ахлоқ, адаб, жамият, султонлик одоби.
Аннотация: В этой статье исследуются работы ибн Мукаффа, ученого и мыслителя, занимающего особое место в развитии исламской науки, особенно этики, и его роль в изучении мусульманских источников, морали и политики. В исследовании также рассматриваются преимущества дружбы, социального партнерства, справедливость правителя, преимущества науки и щедрости в “аль-Адаб аль-кабир.
Ключевые слова. «Аль-Адаб аль-кабир», справедливый правитель, мораль, этикет, общество, султанатский этикет.
Abstract: This article analyses the work of ibn Muqaffa, a scholar and thinker who has a special role in the development of islamic science, especially literature, and his role in the study of Muslim sources, ethics and politics. The research also explores the benefits of friendship, social partnership, justice, the benefits of science and generosity in “аl-Аdab al-kabir”.
Keywords: “Al-Аdab al-kabir”, just ruler, morality, etiquette, society, sultanate etiquette.
КИРИШ. Ҳозирги вақтда жамият ва халқ ҳаётини ҳар томонлама ислоҳ қилиш, маънан етук ва ахлоқан баркамол ёш авлодни тарбиялаш, бошқарув соҳасини нафақат сиёсий, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам юксак билимга эга бўлган кадрлар билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу жараёнда ислом оламида яшаб ижод қилган аллома ва мутафаккирлар ёзиб қолдирган бой илмий- маънавий меросни тадқиқ этиш ва улар асосида керакли хулосаларга эришиш асосий вазифалардан ҳисобланади. VIII аср ислом илм-фанининг фаол намояндаси, таржимон, мутафаккир ва давлат арбоби Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муқаффа томонидан ёзилган “ал-Адаб ал- кабир” асари ўз мазмун-моҳияти жиҳатидан мана шу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи асар бўлиб, унда жамият ва давлатни ислоҳ қилишни энг аввало ҳар бир шахс ўзидан бошлаши лозимлиги, салтанат ҳамда халқ фаровонлигига хизмат қилувчи чора-тадбирлар, уларни таназзулга етакловчи нуқсонлар ҳақида фикр юритилган.
АСОСИЙ ҚИСМ. “Ал-Адаб ал-кабир” асари икки қисмдан иборат асар бўлиб, унинг биринчи қисми “Султонлик одоби” деб номланади. Ушбу бобда ҳокимият, бошқарув тизимида фаолият кўрсатувчи амалдорлар риоя қилишлари лозим бўлган жиҳатлар, этикет қоидалари борасида сўз боради. Асарнинг иккинчи қисми эса “Дўстлик” деб номланади. Ушбу қисмда дўстлик, унинг инсонга ва жамиятга келтирадиган манфаатлари, дўст танлаш борасидаги насиҳатлар, душманга қарши курашдаги тадбирлар, оила мустаҳкамлигига рахна солувчи иллатлар ёритилган. “Ал-Адаб ал-кабир” асарининг қадимий қўлёзма нусхаси топилмаган. Фақатгина Қоҳирадаги қўлёзмалар кутубхонасида асарнинг қўлёзма нусхаси сақланади [1:18].
Ибн Муқаффанинг илмий-маънавий мероси мамлакатимизда жуда кам ўрганилган соҳалардан ҳисобланади. Олимнинг адаб илмида тутган ўрни борасида юртимиз олималардан М.Шомақсудова илмий тадқиқотлар олиб борган. Ушбу тадқиқотлар асосан ибн Муқаффа илмий меросининг адабий жиҳатларига ўз эътиборини қаратган [2:110]. “Ал-Адаб ал-кабир” асари ислом м а н б а ш у н о с л и г и д а кат т а қ и з и қ и ш уйғотиб келаётган асарлардан бири бўлиб, И.М.Фильштинский, О.Г.Большаков, Б.Шидфар, Ханна ал-Фахури, И.Ю.Крачковский каби шарқшунослар унга жиддий қизиқишбилдирганлар. Асарнинг ибн Муқаффага тегишлилиги борасида ҳам ўзаро ихтилофлар мавжуд. Ибн ан-Надимнинг таъкидлашича, ибн Муқаффа “ал-Адаб ал-кабир” асарини форс китобларидаги таржималари орқали яратган. Лекин асар муқаддимасидаги мулоҳазалардан шу нарса англашиладики, ибн Муқаффа мазкур асарини ўтмиш аждодларнинг билимларидан илҳомланиб ёзган. “Ал-Адаб ал-кабир” асари “Ад-Дурра ал-ятима” (“Ноёб марварид”) номибилан бир неча бор Миср ва Ливанда нашр қилинган. Асар 1897 йилда Байрутда нашр этилган [3:549]. Ибн Муқаффанинг ўрганилаётган асари юзасидан тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш мақсадида унинг “ал-Адаб ас-сағир”, Рисолатус саҳоба” асарларига, Суқрот, Аристотел фалсафасига, шунингдек Абу Наср Форобийнинг ижтимоий-сиёсий қарашларига ҳам алоҳида аҳамият берилди. Сабаби ибн Муқаффанинг ушбу асарида юнон ва форс маданиятларининг яққол таъсири сезилиб туради. Ўз навбатида “ал-Адаб ал-кабир” асари ҳам кейинги даврларда кўпгина олимларнинг илмий тадқиқотларига туртки бўлган муҳим манба ҳисобланади. Ибн Муқаффа Умавийлар давлатининг охири ва Аббосийлар халифалиги бошланган мураккаб бир даврда (724-759) яшади. У халқ аҳволини ҳар томонлама чуқур ўрганди, дўст ва суҳбатдошларни шод айлайдиган ҳамда уларни хафа қилувчи жиҳатларни тадқиқ этди. Кибр, кеккайиш, манманлик, хиёнат ва ёлғон, ҳақорат ва ҳурматсизлик каби иллатларнинг салбий оқибатларини батафсил тушунтирди. Халқ ҳаётини ўрганар экан, мутафаккир нафрат, макр-ҳийла, адоват ва шунга ўхшаш нуқсонларни камайтириш борасида таклифлар берди [4:38]. Ўз даври учун биринчилардан бўлиб жамият тараққиётида ижтимоий ҳамкорликнинг беқиёс аҳамиятини дўстлик ғояси орқали кўрсатиб берди. Ибн Муқаффа нуқтаи назарига кўра, инсон ҳар доим содиқ ва вафоли дўстдан фақат фойдали, ижобий жиҳатларни ўзлаштиради. Шу сабабдан ҳам бундай дўстликка сазовор бўлган киши ушбу бебаҳо неъматни сақлаб қолиш, уни юксалтириш, софлигини таъминлаш учун бор кучини сарф этишга тайёр туриши лозим [5:87].
Ибн Муқаффа дўстларни ҳаётдаги асосий таянч, қалб кўзгуси сифатида таърифлади, дўстларгагина қалбдаги энг сирли ва яширин ўй- хаёлларни ишониш мумкинлигини таъкидлади. Шу сабабли у дўстлик муносабатларида жуда мураккаб шартларни қўйди, дўст танлашда ниҳоятда синчков бўлиш лозим деб ҳисоблади. Муаллиф “ал-Адаб ал-кабир” асарида ақл соҳиби ҳаддан ортиқ ҳазил қилишдан тийилиши, такаббурликдан ўзини сақлаши, қалбини эҳтиросларга бўйсундирмаслиги лозимлиги ва бошқа бир қанча қимматли маслаҳатлар келтирди. Ибн Муқаффа ушбу маслаҳатларга риоя қилган, ман этилган иллатлардан воз кечган инсон ҳақиқий дўстликка эришишига қатъий ишонч билдирди. Ибн Муқаффа учун ўзи яшаган жамиятдаги камчиликлар ҳамда сиёсий тизим яхши таниш бўлиб, у ёш давлатнинг ҳаётида содир бўлган кўплаб камчиликларга нисбатан салбий муносабатда бўлди. У жамият ҳаётидаги кўплаб нуқсонлар ҳукмдорларнинг айби билан, шунингдек сиёсий эркинликнинг ниҳоятда чекланиши туфайли вужудга келганига гувоҳ бўлди ҳамда ўзининг “ал-Адаб ал-кабир”, “ал-Адаб ас-сағир”, “Рисолатус саҳоба” каби асарларида ушбу нуқсонларни муолажа қилиш борасида таклифлар берди [6:344].
Кўплаб тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, “ал-Адаб ал-кабир” асари Форс давлатчилиги тарихи, ички сиёсати, форсларнинг бошқарув санъати улуғланган манба ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, ушбу асар давлат бошлиқлари учун ўзига хос ойна вазифасини ҳам ўтайди. Мутафаккир асарида султонга мурожаат қилиб, давлатни адолатли тарзда бошқаришга ҳамда бошқарув соҳасида муваффақиятга эришиш учун амал қилиниши лозим бўлган хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундади. Файласуф учун ушбу хислатларни амалга оширишдаги марказий тушунчалардан бири меъёр тушунчасидир. Ибн Муқаффа ҳар қандай ахлоқий фазилатнинг туб негизида меъёр туриши лозим деб билди. “Ал-Адаб ал-кабир” асарини тадқиқ этиш жараёнида ушбу асарда юнон ва форс маданиятининг кучли таъсирини сезиш мумкин. Ибн Муқаффанинг тарихий хизмати ҳам шундан иборатки, ислом илм-фанини юнон, форс ва ҳинд маданиятининг ноёб дурдоналари билан бойитди, бунинг натижасида ўзаро маданиятларнинг синтезлашувига ўз ҳиссасини қўшди. Худди шундай “ал-Адаб ал-кабир” асарида илгари сурилган ижтимоий-сиёсий қарашларни Афлотуннинг идеал давлат тўғрисидаги таълимоти билан ҳам қиёслаш мумкин [7:15]. Кейинги давр бир қанча ғарб мутафаккирларининг таълимотларида ҳукмдорлик куч ва зўрлик воситасида қўлга киритиладиган мансаб сифатида эътироф этилади. Жумладан, XV аср италян файласуфларидан бири Николло Макиавелли ҳукмдорларнинг сиёсий фаолияти борасида сўз юритар экан, уларни ўз вазифаларини адо этишда дин, адаб, олийжаноблик қоидаларига зид равишда ёлғон ва товламачиликдан фойдаланишга ундайди. Макиавелли таълимотининг асоси “Мақсад воситани оқлайди” деган ғояга асосланади.
Макиавелли ўзининг “Подшоҳ” номли асарида шунга ўхшаш фикрларни илгари сурди. Ибн Муқаффа эса “ал-Адаб ал-кабир” асарида ҳукмдор хислатларини шундай таърифлайди: “Ҳукмдор учун қаҳр-ғазаб муносиб эмас, чунки ҳукмдорнинг куч-қудрати унинг қаҳрига боғлиқ эмас. Подшоҳга ёлғон гапириш ҳам хос эмас, чунки ҳеч ким уни хоҳлаганидан бошқа нарсага мажбурлай олмайди. Ҳукмдорга бахиллик ҳам муносиб эмас, чунки ҳукмдор фақирлик хавфидан холи бўлган озчилик инсонлардан биридир” [8:34].
Ибн Муқаффа ушбу фикр орқали олий идеални ўрнак сифатида намойиш этди. У ҳукмдор нуқсонларининг манбаини унинг ўз фуқароларига зулм ўтказиши ва уларнинг эркини чеклашида, фуқароларнинг асосий нуқсонларини эса уларнинг жоҳиллигида деб билди. “Ал-Адаб ал-кабир” асари орқали халқни жабр-зулм ва истибдоддан қутқариш учун у халифага ёрдамчи ва маслаҳатчиларни синчковлик билан танлашни ҳамда адолат ва ақлга асосланган тузум ўрнатишни таклиф қилди. Фуқароларнинг жоҳиллиги, билимсизлигига чек қўйиш учун у суҳбат ва мулоҳаза орқали уларнинг билим даражасини кенгайтириш ва ақлий салоҳиятини ривожлантиришни, доимо чин дўстлар мададига таянишни маслаҳат берди. Шунингдек фуқаролар доимий тарзда ўзини-ўзи таҳлил қилиб боришлари ва охират ҳаёти ҳақида тафаккур қилишлари лозимлигини уқтирди.
ХУЛОСА. Ибн Муқаффанинг “ал-Адаб ал-кабир” асарини тадқиқ этиш натижасида қуйидаги хулосаларга келинди:
Биринчидан, ушбу асар ахлоқийликнинг юксак намунаси бўлиб, диний-маърифий масалаларга, уларнинг жамият ҳаётидаги катта аҳамиятига, диний соҳанинг халқ фаровонлигига қўшадиган ҳиссаси каби масалаларга диққат қаратди.
Иккинчидан, мутафаккир давлат бошлиғини тафаккур ва ахлоқ соҳасида комилликка эришган шахс бўлиши керак деб ҳисоблади. У дўстлар ҳақида фикр юритганда, уларни доимо бир-бирига интилиб яшаши лозим бўлган комил инсонлар сифатида тавсифлади.
Учинчидан, ибн Муқаффа ушбу асари орқали иттифоқ ва баҳамжиҳатликнинг салтанат тараққиётидаги чексиз ўрнини, адоват ва кибру ҳавонинг зарарли томонларини аниқ далиллар билан кўрсатди.
Тўртинчидан, инсон амалий фаолиятида ҳиссиёт ва нафсга берилишдан кўра ақл ва фаросат асосида ҳаёт кечиришнинг афзаллигини содда ва равон ҳаётий мисоллар билан тушунтирди. “Ал-Адаб ал-кабир” асарида ибн Муқаффа фозил ахлоқ ва олий даражадаги одоб намуналарини тарғиб этди. Бу эса унинг таълимоти услуб жиҳатидан ниҳоятда кўркам, мақсад жиҳатидан эса олий жаражада эканлигидан далолатдир. Бу мақсадларни амалга оширишда унинг ўз даври илмий-маданий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётидан илҳомлангани ҳам катта ёрдам берди. Ибн Муқаффанинг “ал-Адаб ал-кабир” ва “ал-Адаб ас-сағир” асарларини ўқиган инсон ушбу асарлардан бебаҳо ҳикматлар, панд-насиҳатлар, ўгитлар олиши билан бирга ушбу асарлар соҳибининг гўзал одоб ва юксак ахлоқ соҳиби бўлганлигига бир лаҳза бўлса ҳам шубҳа қилмайди.
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
1. Муҳаммад Ғуфроний. Шарҳе ҳол ва асар ибн Муқаффа. – Теҳрон.: Эрон Миллий кутубхонаси, 1937.
2. Шомаксудова М. Книга “ал-Адаб ас-сагир” и “ал-Адаб ал-кабир” ибн ал-Мукаффи как произведение “адаб”а // Востоковедение. ТашГив. – № 1. – C. 110-113.
3. Ал-Фахури Ханна. Тарих ал-адаб ал-арабий. –Байрут: Дорул жийл, 1953.
4. Абдуллатиф Ҳамза. Ибн ал-Муқаффа. – Миср:Дорул фикр ал-арабий. 1960.
5. Муҳаммад Салим Жундий. Ибн ал-Муқаффа.–Дамашқ.: Араб кутубхонаси. 1937.
6. Фильштинский И.М. История арабской литературы. – Москва: Издательство Наука, 1985.
7. Шидфар Б. Калила и Димна / Пер. С арабского.– Москва: Худож. лит., 1986.
8. Ибн Муқаффа. Ал-Адаб ал-кабир / Таҳқиқ Аҳмад Закий Бошо. – Байрут: Дор ибн Ҳазм, 1994.
✍️ Сарвар САИДОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
таянч докторанти,
Izoh qoldirish