МАХДУМИ АЪЗАМ ТАЪЛИМОТИДА ТАБИАТ БОРЛИҒИ МАСАЛАСИ
Комил инсон ғояси жуда қадим илдизларга эга. Тасаввуф таълимоти бу масалани жуда чуқур ва кенг, ҳар томонлама таҳлил этган. Тасаввуф таълимотлари учун бу назария эмас, балки амалий масала бўлган ва тариқатларда инсонни камолотга етиш йўли ва услублари ихтиро этилган.
Махдуми Аъзам ўзларининг қатор рисолаларида инсон ва унинг камолоти масаласига мурожаат қилиб, уларни тасаввуфий нуқтаи назардан изоҳлаган.
Биз ҳали илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган, илк маротaба таржима ва таҳлил бўлаётган Махдуми Аъзамнинг “Рисолаи вужудия” [1, б. 34] номли тасаввуфий – фалсафий асари асосида, у томондан комил инсон тушунчасини ўрнига “вужуд деҳқони” иборасини ишлатилганлигини гувоҳи бўлдик. Демак, у киши “вужуд деҳқони” деган канцепциянинг асосчисидир. Чунки, бу фикрни Махдуми Аъзам тарихда биринчи маротаба қўллаган. Ундан олдинги мутафаккирлар, шунга яқин фикрлар айтган бўлсалар-да, лекин “вужуд деҳқони” демаган. Масалан, Муҳаммад Порсонинг “Рисолаи қудсия”да [2 б. 29] келтирилган маълумотига асослансак, Баҳоуддин Нақшбанд вужудни поклашни тупроқни хас-хашаклардан тозалаб, юмшатиб, уруғ экишга тайёр ҳолатга келтириш билан тенглаштирган. Лекин у киши ҳам “Вужуд деҳқони” деган тушунчани ишлатмаганлар. Айнан Маҳдум Аъзам комил инсон тушунчаси ўрнига Ўрта Осиё халқи учун яқин, тушунарли ва англаб етишга осон бўлган “Вужуд деҳқони” деган иборани биринчи маротиба ишлатган. Аввало Махдуми Аъзам вужудни ўзига таъриф берган ва кейин ким “вужуд деҳқони” эканлиги ва бу даражага етиш воситалари ҳақида сўз юритган.
Хўш, Маҳдуми Аъзам кимни ўз вужудини деҳқони деб ҳисоблаган? Ўрта Осиёда деҳқон жуда улуғланган, қадрланган, ўз меҳнати билан ризқини топиб еб, қолганларни ҳам ризқини мўл-кўл бўлишга асосий хизмати бўладиган, тупроқ кимёгари, қўлида тупроқ олтинга айланадиган киши сифатида эъзозланган. Ҳақиқий деҳқон ҳеч қачон оч ҳам қолмаган, бировга муҳтож ҳам бўлмаган. У Aллоҳга таваккул қилиб, тинмай меҳнат қилган ва хотиржам яшаган. Ўз вужудини билган, уни бошқара оладиган, ундаги нафсоний истакларни илоҳий сифатларга айлантира олган деҳқон каби ҳар бир ҳужайрасини ҳосилдор қилган шахс вужуд деҳқони дейилган.
Дарҳақиқат, Махдуми Аъзам айтгани каби ўз вужудининг деҳқони бўлган киши комил инсондир ва бутун оламдаги хотиржамлик, ҳамжиҳатлик ундадир.
Маҳдуми Аъзам “Рисолаи вужудия” асарида ёзадики, ҳар бир туғиладиган мавжудот ўз ҳақиқатига эга. Ҳар бир тупроқни ўзига хос кимёвий таркиби, ҳосилдорлиги, юмшоқлиги умуман салоҳияти мавжуд. Қора тупроқ, унумли тупроқ, ҳосилдор тупроқ, шўр тупроқ деймиз. Худди шундай туғилган тифл (бола)нинг танасида ҳам унинг ҳақиқий салоҳияти яширин. Тифл улғайиб, болалик, ўсмирлик даврида илм олади, касб-ҳунарни эгаллайди. Шу жараёнда танаси – вужуди унга хизмат қилади, мактабга бориб келиши, қўл – оёқ, кўз – қулоқ – барча аъзолар ёрдамида камолотга ета бошлайди. Ақл – идрок, фаҳм – фаросатли бўлади. Йиллар ўтиб у олим, заргар, савдогар, тадбиркор бўлади. Натижада тупроққа пахта, буғдой, зиғир, картошка экиб ҳосил олганда бу пахта ери, бу буғдойзор, бу зиғир ва картошка яхши ҳосил берадиган ер дегани каби, у олим, у заргар, у тижоратчи, у тадбиркор деб инсонни улуғлай бошлайдилар.
Махдуми Аъзам вужудни фано, йўқлик ҳолатига етказиш деганда инсон танасини тўла инкор қилмайди. Тана инсон камолоти учун восита, маркаб (туя, от каби миниб юришга хизмат қилувчи) эканлигини таъкидлайди. Танага ҳайвоний, илоҳий руҳ киритилган. Ейиш, ухлаш, шаҳват ва аммора нафс истаклари ҳайвоний руҳнинг қувватидир.
Шунинг учун уларни меъёрга солиб маркаб, яшаш воситаси бўлган вужудан камолот учун фойдаланиш зарур – дейди. Чунки меҳнат қилиш, бировга эзгулик қилиш, бировни ҳожатини чиқариш, “Даст ба кору, дил ба ёр” га амал қилиш учун ҳам тана зарур.
Мутасаввиф “Мироту-с-сафо” (Софлик кўзгуси) рисоласида “одамзод ўзида қанчалик яхши хусусиятларини намоён қилса, Аллоҳнинг иродаси рўёбга чиқаверади ва бу ишларни Аллоҳ, кўзгуда кўргандек кузатиб туради” [3, б. 118] - деб инсоннинг доимо пок ишларни қилиши, ҳаром нарсалардан сақланиши, энг асосийси унинг қалби, виждони тоза бўлиши ҳақидаги фикрларни илгари сурган.
Шу билан бирга мутасаввиф, “мукаммал инсоннинг дил кўзгусида одиллик, илми-ҳикмат каби камолот сифатлари зоҳир бўлгандагина, у кўзгунинг софлигини сақлагандагина ва ҳар қандай чирк, ғуборлардан асрагандагина келгуси авлод учун муносиб инсон бўла олaди” - деган ғояни илгари сурган.
Бу сўздан шундай хулоса чиқариш мумкинки, солик мазкур тоифанинг шарафли суҳбати, хизмат ва мулозими орқали қатор саодатларга эришгандан кейин, бундан буён ҳам уларнинг хизмат ва мулозаматларидан бош тортмаслиги ва ушбу саодатлардан маҳрум бўлмаслиги учун у ўз нафсини ғафлат уйқусидан уйғотиб, бу йўлда ўта қатъийлик билан жиддий ҳаракат қилишга даъват қилмоғи даркор.
Ер етилганида, хасу хaшaклардан пок этиб, юмшатилганда уруғ сепилгани каби инсон ўзидаги барча тааллуқолардан узилиб, илоҳий нурларни қабул этишга қобил, тайёр бўлса, зикр уруғлари сепилади.
Бу ғоялар “Рисолаи баттихия” (“Қовун ҳақида рисола”) ва “Гул ва Наврўз” да ривожлантирилган.
Махдуми Аъзам “Баттихия” рисоласида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қоланнаби алайҳиссалом: “Ад-дунё мазраатул – охират” – Дунё – охиратнинг экинзоридир”, - ҳадиси шарифларини изоҳлайди. Билгинки, экин икки турда бўлади: зоҳирий экин ва ботиний экин. Зоҳирий экин бу ҳаммамизга маълум бўлган, экин учун ер, уруғлик ва экиш ускуналари зарур.
“Вужуд деҳқони” ботиний уруғни инсон тана ва руҳиятига экувчи мукаммал шахсдир.
“Аммо ҳар бир нарсанинг экиб камол топишига мураббийнинг, яъни тарбиячининг бўлиши шартдир, токи мураббий унга яхши қарамас экан у нарса ўз камолига етмайди. Яна шуни билгинки, дунёдаги жами нарсаларнинг мураббийси инсондур.
Масалан бир киши қовун экмоқчи бўлса, у яхши ер ва сув топиб ерни суғориши ва бир неча кун дам бериши керак, сўнг яхшилаб ерни ҳайдаши керак, токи тупроқ қанча юмшаса, қовун ширин ва лаззатли бўлади. Кейин эса яхши ариқ тортиши керак, чунки қовуннинг катталиги ва ширинлиги сувнинг яхши ичганлигидадир. Ундан сўнг уруғ эксин ва ерга жуда эҳтиёт бўлсин, у шубҳа ва ҳаромлардан ҳоли бўлсин, агар бу нарсалар аралашса, ҳосили яхши бўлмайди. Ҳар бир уруғни, донни, дарахтни эккунча ҳушёр, огоҳ ва таҳоратда бўлсин, токи агар огоҳсан, мўминсан, агар ғофилсан, кофирсан” [4, б. 16] - дейди шайх.
Асарнинг бугунги кундаги аҳамияти долзарб бўлиб, соғлом авлодни тарбиялашда уларни ҳомиладан бошлаб, туғилиши ва вояга етишигача бўлган даврда, луқмаи ҳалол билан ўстиришга даъват қилади. Махдуми Аъзам нафақат қовун ёки дарахт, балки инсоннинг баркамол бўлиб ўсишида луқмаи ҳалол, яхши тарбия ва яхши мураббий лозимлигини уқтиради.
Шунга яқин ғоялар Махдуми Аъзамнинг “Гули наврўз” асарида илгари сурилган. Рисола тасаввуф суви билан суғорилган бўлиб, у инсонларни софликка даъват қилади. Инсоннинг қалби эзгулик дарахтининг гуркираб ривож топишига ярайдиган замин бўлиши кераклигини уқтиради. Ҳадисда айтилганидек, ушбу эзгулик дарахтининг илдизлари замин ҳисобланган, унда эсган майин шабада қиш мобайнида музлаб, уйқуга ётган дарахтларга, ўт-ўланларга ҳаёт бахш этади. Шу шабада туфайли дарахтлар куртак отади, гулғунча қилади ва мева беради. Аллома инсон қалбини шунга ўхшатади, яъни комил мукаммал пирнинг нафаси ҳам баҳорда эсган майин, илиқ шабада сингари ўз муриди қалбидаги эзгулик дарахтини ғафлат уйқусидан уйғотиб, унга ҳаёт бахш эта олади. Ўз пирининг ўткир нафасидан баҳраманд бўлган мурид қалбидаги эзгулик дарахти секин-аста куртак отиб, гулғунча қилади ва мева беради. Албатта, бу муриддан ҳам муршиддан ҳам кўп машаққатлар, изланишлар, талаб қилади. Сабр қилиб, барча қийинчиликларга бардош берган муридгина “ман сабара”, “зафара” ҳадис ҳукмидек зафар қучади.
Қалб мазмум иллатлардан холи бўлса, маҳмуд нарсалар билан тўлади. Турли экин ва райҳонлар ҳам бегона ўтлардан тозаланган ерларда ўсади. Агар ер тозаланмаса, у ҳолда ҳеч нарса унмайди.
Махдуми Аъзам айни вақтда муридларни куз шабадаси сингари дарахтларнинг япроғини хазон қилиб уларни ғафлат томон етакловчи ноқобил “пирлар”нинг бехосият нафасларидан огоҳ бўлиш лозимлигини уқтиради. Мутасаввиф ҳар бир жамиятнинг келажагини унинг қўйнида ўсиб, улғаяётган ёшларнинг етарли ва тўлиқ парвариш олишга боғлиқ деган ғояни илгари сурганлар. Бу масалада лоқайдлик қилиш ёки эътиборсиз бўлишнинг оқибати ҳалокат эканлигидан огоҳ этганлар.
Яратилиш эътибори билан инсон гарчи ҳамма нарсадан кейинда бўлса-да, моҳият, салоҳият жиҳатидан баридан олдинда – юксакда туради. Зеро, инсон – оламнинг руҳи. Олам гўзалликларининг меҳваридир.
Эркин Зойиров
Фалсафа фанлари номзоди, доцент
Бухоро муҳандислик технология институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири
Фойдаланилган адабиётлар:
- Хожагий Аҳмад Косоний. “Рисолаи вужудия”. Қўлёзма. Муаллифнинг шахсий кутубхонасида сақланмоқда.
- Хожа Муҳаммад Порсо. “Рисолаи қудсия”. Қўлёзма. Ўз.Р.ФАШИ. № 2517/ VII.
- Хожагий Аҳмад Косоний. Рисолаи Баттихия. / тарж. Мансуров С. Махдуми Аъзамнинг “Баттихия” асарида маънавий – ахлоқий қарашлар. // Мустақил Ўзбекистон: Фалсафа фанларининг долзарб муаммолари. – Т., 2002.
- Хожагий Аҳмад Косоний. Гули Наврўз. Муаллифнинг шахсий кутубхонасида сақланмоқда.
Izoh qoldirish