МАЪНАВИЙ ҲАЁТИМИЗДА ОИЛАЛАРНИНГ МУСТАҲКАМЛИГИДА ИЛМИЙ ВА ДИНИЙ АСАРЛАРНИНГ ЎРНИ
“Адаб” сўзи арабча бўлиб, ҳаётимизга сингиб кетган, ахлоқ одамнинг маънавий етуклиги, маънавий мезонидир. Адаб деганда биз тарбияли деган тушунчани англаймиз. Адабли киши эл ўртасида эъзозлидир. Адаб инсоний фазилат киши қадрини баланд қилувчи қимматли сифатидир. У таълим-тарбиянинг асл мевасидир. Ақлнинг суянчиғи ҳисобланган адаб - барча фазилатларнинг шаъни ва ҳикматидир. Доно халқимизнинг - “Адаб бозорда сотилмас”, “Ахлоқ ақлли киши учун улуғлик ва фазилатдир”, “Ахлоқи йўқнинг ақли ҳам йўқ”, “Ахлоқсиз ақл – ақлсиз ахлоқ йўқ” [1, б. 24] нақллари бежиз айтилмаган. Шундай экан, ақл ва ахлоқ бир-бирига боғлиқ, инсонда ҳар иккови мавжуд бўлсагина камол топади.
Муқаддас Қуръони каримда ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида инсоний ахлоқ-одобнинг барча қирраларида ифодасини топган. Қуйидаги ҳадисларни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин:
- «Фарзандларингиз иззат-икром қилиш билан бирга ахлоқ-одобини ҳам яхшилангизлар».
- «Мен барча яхши ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман».
- «Мўмин кишида қуйидаги икки хислат бўлмаслиги керак: бахиллик ва ахлоқсизлик» [3, б. 43].
Муқаддас динимиз исломда аёл мўътабар бир зот сифатида эъзозланади. Ўзбек оиласи ўзбек аёлининг шаклланиш тарихи халқимизнинг кўҳна тарихи билан уйқашдир. Шарқ аёллари жумладан, ўзбек аёлининг шаклу шамойил, сийрати, маънавий оламининг, шаклланишида, айниқса, ислом ақидаларининг таъсирлари беқиёс. Ўтмишда оила бошлиғи бўлган эркакка ҳурмат, шарм-ҳаё, андиша ўзбек аёлининг муҳим хислати саналган. Бундай хислатли аёллар яшаган оилаларда тотувлик, ҳамжиҳатлик вазияти қарор топиб, фарзандлар ажойиб инсонлар бўлиб вояга етишган.
Жуда кўпгина манбаларда, айниқса “Сунани Термизий” ҳадисларда ҳам қимматли фикрлар берилгандир. Ҳадислардан намуналар:
1. Хотинларнинг энг қутли-ю, хайрлиси, эрларига машаққати енгилроқ бўлган хотиндир;
2. Агар эр билан хотин бир-бирларига муҳаббат-дўстлик назари билан қарасалар Аллоҳ таоло уларга раҳмат назари билан қарар. Агар эр хотинининг қўлидан тутса, гуноҳлари бармоқ тўкилиб кетар;
3. Аёл диёнати ёки молу дунёси ёхуд ҳусни жамоли учун никоҳ қилинади. Сен диёнатлисини танлагин, барака топгур;
4. Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди [6, б. 65].
Шунингдек ўзбек халқ мақолларида ҳам аёл хислати ҳақида мисоллар келтиришимиз мақсадга мувофиқдир. Мақоллардан намуналар:
1. Хотиннинг сариштаси – рўзғорнинг фариштаси;
2. Қизли уй – файзли уй;
3. Хотинли рўзғор гулдур, хотинсиз рўзғор чўлдир [2, б. 22].
Бугунги кунда оилада ахлоқий маданиятни шакллантириш учун қуйидаги шарт-шароитлар бўлиши лозим:
1. Оила аъзоларининг тинч-тотув, ўзаро яхши муносабатда бўлиши;
2. Оила жамоаси соғлом дунёқарашга эга бўлиши;
3. Оилада фарзандлар тарбиясида катталарнинг масъуллиги;
4. Ватанимиз ютуқлари, унда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида миннатдорлик туйғусининг мавжудлиги;
5. Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизга ижобий муносабатнинг мавжудлиги.
Таъкидлаш жоизки, бугунги замонавий ўзбек оиласи жаҳонда содир бўлаётган ижобий ўзгариш янгиликлардан ўз вақтида бохабар бўлиб бораётган тараққиёт топган мамлакатлар оилалари тарбиясига алоқадор бўлган илғор тенденциялар хусусида ўз вақтида эшитиб, англаб, тушуниб олаётган оила эканлигини таъкидлаш жоиз [4, б. 53].
Инсоннинг ахлоқий ҳаёти унинг ахлоқий тарбияси билан чамбарчас боғлиқ. Зеро ахлоқий тарбия инсоннинг шахс бўлиб етишувини таъминлайдиган узлуксиз жараёнларидан бири. Унда индивид ахлоқий қадриятларни англаб етади, ўзида ахлоқий фазилатларни барқарор этади, ахлоқий тамойиллар ва меъёрлар асосида яшашга ўрганади. Ахлоқий тарбия инсоният тарихи мобайнида икки муҳим масалага жавоб излайди: булардан бири-қандай яшамоқ керак, иккинчиси – нима қилмоғ-у, нима қилмаслик лозим. Ана шу саволларга жавоб излаш жараёни ахлоқий тарбиянинг амалий кўринишидир.
Тарбия она қорнидан бошланади деган гап бор. Унинг асл маъноси, аввало, ота-онанинг ўзи ахлоқий тарбия кўрган бўлиши керак дегани. Зеро қуш инида кўрганини қилади: ота-она оилада юксак ахлоқ намунасини кўрсатиши лозим.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ахлоқийлик инсонда фақат ахлоқий тарбия воситасидагина вужудга келади, деган моддиятчилик қарашлари кўп йиллар мобайнида ҳукмронлик қилиб келди. Тўғри, ахлоқий тарбиянинг аҳамияти ниҳоятда катта. Лекин ахлоқийлик инсонга унинг инсонийлик белгиларидан энг муҳими сифатида ато этилган илоҳий неъмат. Шу маънавий неъмат – асосни ахлоқий тарбия ёрдамида такомиллаштирамиз. Акс ҳолда маймун ва итлардан ҳам ахлоқий мавжудот тарбиялаб етказишимиз мумкин бўлур эди.
Ҳикматномада: Адаб икки хилдир: ҳикмат адаби ва хизмат адаби. Ҳикмат адаби поклик ва тўғри йўлга етаклайди, хизмат адаби эса бадавлатлик ва обрўга етаклайди — деб бежиз айтилмаган [5, б. 62] Ўзбекистоннинг мустақиллиги туфайли ота боболаримиз одоб-ахлоқ ҳақидаги ҳикоятлари, нақл ва ривоятлари фарзандларимизнинг маънавий қадриятларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ахлоқийлик ва ахлоқий эзгулик, инсонийлик каби маънавий қадриятлар шахс камолотида дастуруламал бўлиб келмоқда.
Нодира Эргашовна Султонова
ТАҚИ “Фалсафий ва
ижтимоий-сиёсий фанлар” кафедраси ф.ф.д (PhD), доцент
Фойдаланилган адабиётлар:
- Жабборов И. Ўзбеклар (анаънавий хўжалиги, турмуш тарзи ваэтномаданияти). – Т.: Шарқ, 2008.
- Қаххарова Ш. Глобал маънавият глобаллашувнинг ғоявий асоси. –Т.: Тафаккур, 2009.
- Маҳмудов Т. Комиллик асрорлари. Ҳаётий ҳикматлар. – Т.: Адолат, 2006.
- Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги нашриёт – матбаа ижодий уйи, 2016.
- Наврўзова Т.Н., Зоиров Э.Х., Юнусова Т.С. Тасаввуфда инсон ва унингкамолоти масаласи. – Т.: Фалсафа ва ҳуқуқ, 2006.
- Сунани Термизий. Ал-Жоъме-ал саҳиҳ. Ж. 1. 1999.
Izoh qoldirish