ФАТВО БЕРИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИШ
Фатво бериш ниҳоят даражада масъулиятли иш бўлиб, шариат манбаларида алоҳида қайд қилинган, бу ҳақида алоҳида мақолалар, асарлар битилган. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган:
من أفتى الناس بغير علم ، لعنته ملائكة السماء وملائكة الارض
“Кимки илмсизлик билан фатво берса, осмон ва ер фаришталари унга лаънат айтади” (“Жамъ ул-жавомеъ”, 1/4137).
Ушбу ҳадиси шарифни қувватлайдиган бошқа ривоятда қуйидагича огоҳлантирилган:
من أفتى الناس بغير علم كان إثمه على من أفتاه
“Кимки одамларга илмсизлик билан фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кимсага бўлур” (Ҳоким, 1/436. У саҳиҳ деган).
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу бундай деган:
قَالَ حُذَيْفَةُ إِنَّمَا يُفْتِى النَّاسَ أَحَدُ ثَلاَثَةٍ رَجُلٌ عَلِمَ نَاسِخَ الْقُرْآنِ مِنْ مَنْسُوخِهِ - قَالَوا وَمَنْ ذَاكَ قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ - قَالَ أَوْ أَمِيرٌ لاَ يَجِدُ بُدًّا أَوْ أَحْمَقُ مُتَكَلِّف
“Одамларга уч нафар кимсадан бири фатво беради. Қуръоннинг носих ва мансухини биладиган кимса”. Шунда "Ким улар?", деб сўрадилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтишича, чаҳорёри изомлардан бири Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Парвоси йўқ бошлиқ ёки такаллуфли аҳмоқ ҳам”, деб қўшимча қилганлар (Доримий, 1/177-178).
Саҳобаларнинг энг улуғ ва машҳурларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай деганлар:
عن ابن مسعود قال ان الذي يفتي الناس في كل ما يستفتى لمجنون
“Ҳар бир сўралган нарса борасида одамларга фатво бераверадиган кимса жиннидир!” (Доримий, 1/176; Табароний, 9/8923-8924).
Яъни, шариат илмларидан мукаммал ва тизимли билим олмаган, сўралган нарсасига шаръий китоблардан эмас, балки ўз ақли ва дунёқарашига қараб фатво ва жавоб бераверадиган одамнинг гаплари жиннининг сўзлари каби эътиборсиздир.
Саҳобаларнинг улуғларидан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса бундай деб марҳамат қилган эдилар:
كان عبد الله بن عمر رضي الله عنهما يقول : يا أيها الناس إليكم عني إني كنت مع من هو أعلم مني ولو كنت أعلم أني أبقى حتى يفتقر إلي لتعلمت لكم ، إليكم عني
“Эй, одамлар! Мен ўзимдан ҳам олимроқ киши билан бирга бўлганимда, менга мурожаат қилишдан сақланинглар! Агар мен олимроқ бўладиган бўлсам, фақат менгагина муҳтож бўлиб қоладиган бўлинса, мен ўзим сизга ўргатиб қўяман. Шунинг учун менга мурожаат қилаверманглар!” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ал-Матолиб ал-олия, 3/3057).
Яъни, мурожаат қилиниши мумкин бўлган ўринларда олимроқ одамдан фатво сўралади, қолганлар ўзлари фатво беравермасдан одамларни ўша олимроқ одамга мурожаат қилинишини тавсия қилишлари керак бўлади. Бунга қуйидаги ривоятни келтириб ўтиш мумкин:
Тобеъинларнинг улуғларидан Абдурраҳмон ибн Абу Лайло раҳимаҳуллоҳ: “Мен ансорий саҳобалардан бир юз йигирма нафарчаси билан учрашганман. Улардан бирортасидан бир масала сўралса, униси бунисига, буниси эса унисига мурожаат қилишни ҳавола қилар эдилар, ҳатто биринчи сўраганга қайтиб келиш ҳам мумкин эди”, деганлар (Имом ан-Нававий. Одоб ул-фатво. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдор ус-солис, 2006. – 1/14).
Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ келтиришича, буюк тобеъинлардан бўлмиш Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ: أجسر الناس على الفتيا أقلهم علما – “Одамларнинг фатво беришга журъатлироғи уларнинг илми озроғидир!”, деганлар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бирор даврада элликтача масала сўралса-да, бирортасига жавоб бермаган онлари бўлган экан. У зот: “Кимки бирор масалага жавоб бермоқчи бўлса, аввал ўзини жаннат ва дўзах орасига солиб кўрсин. Дўзахдан қандай халос бўлишини ўйласин, сўнг жавоб берсин!”, дер эдилар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан масала сўралганда, “Буни билмадим”, десалар, сўровчи: “Э, бу осон ва енгил масала-ку!”, деб қолса, ул зот қаттиқ ғазабланар ва “Илмда асло енгил нарса бўлмайди!”, дер эдилар.
Имом ас-Саймарий раҳимаҳуллоҳ ва Хатиб ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
من حرص على الفتيا وسابق إليها وثابر عليها إلا قل توفيقه واضطرب في أمره وإن كان كارها لذلك غير موثر له ما وجد عنه مندوحة وأحال الأمر فيه على غيره كانت المعونة له من الله أكثر والصلاح في جوابه أغلب
Muzaffarxon Ilmiy Markaz, [26.10.2023 15:14]
“Кимки фатво беришга ҳарисманд бўлса, унга қизиқиб, шошиладиган бўлса, унинг тавфиқи оз бўлади, ишлари изтиробли бўлади. Агар фатво беришни ёқтирмайдиган бўлса, унга чопмайдиган бўлса, унга таъналар қилинмайди, фатво беришни бошқага ҳавола қиладиган бўлса, Аллоҳдан унга кўпроқ ёрдам бўлади, жавобларида эса тўғрилик ғолиб бўлади”.
Юқоридаги ривоятларнинг барчаси фатво иши ниҳоятда масъулиятли эканлигини билдиради. Чунки, шаръий фатво бериш ҳалол ва ҳаром, гуноҳ ва савобни фарқлаш учундир. Ҳалолни ҳаромга ва савобни гуноҳга ёки аксинчага айлантириб қўйиш инсонни имонидан айириши аниқ. Бинобарин, фатво берувчилар буни яхши ва чуқур англашлари лозим, зотан, ушбу масъулиятни англамаган киши олим ҳам эмас.
Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Izoh qoldirish