27.10.2023

ФАҚАТ МУАЙЯН ЗОТЛАР ФАТВО БЕРМОҒИ ЛОЗИМ

Саҳоба ва тобиъинлар даврида халифа одамлар ҳар хил фатволарни эшитиб, ҳайрат ва изтиробга тушиб қолмасликлари учун ўзи таъйинлаган кишидан бошқаларни фатво бериш билан шуғулланишдан қайтарган. Ана ўша саҳоба ва тобиъинлар даврида Маккаи мукаррамада фатво бериш фақат тобиъинларнинг улуғлари Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ ва Мужоҳид раҳимаҳуллоҳга топширилган эди (Бу ҳақида қаранг: Ибн Халликон. Вафийёт ал-аъён. 3-жилд. – Байрут: Дори содир, 1968. – Б. 261; Ибн Имод. Шажарот аз-заҳаб. 2-жилд. – Байрут: Дору Ибн Касир, 1988. – Б. 70). 

Халифанинг жарчиси одамлар орасида юриб, ана шу икки имомдан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан шуғулланмасин, деб жар солиб чақирганлиги тарихий ҳақиқатдир. Ҳеч ким – на саҳобийи киромлар ва на тобиъини изомлар – бу таклифга эътироз билдирмасдан, шу икки зотнинг фатвосига рози бўлиб, узоқ вақт амал қилиб келганлар. 

Бунинг асосий сабаби одамлар ихтилофлар гирдобига тушиб қолмаслик, жанжал ва мунозараларнинг олдини олиш, мусулмонларни ҳайрат ва изтиробларга гирифтор қилмаслик ҳамда фитналар кўзини очмаслик эди. 

Ана шу сабаблар орадан қарийб ўн беш аср ўтганидан кейин – бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас: 

Саҳоба ва тобиъинларга ўхшаб, ихтилоф ва фитналардан сақланиш мақсадида мусулмонлар бугун ҳам тўғри келган кимсадан фатво сўрамасликка қатъий амал қилишлари лозим бўлади. 

Ҳар бир одам салгина ва тартибсиз, чала ўқиб олиб, фатво беришдан, масала айтишдан, оят ва ҳадисдар далил келтириб ҳукм қилишдан сақланиши лозим. 

Умумэътироф қилмаган, аҳли илм бўлмаган кимсанинг бўлар-бўлмас фатволар бераверишини маънавий жиноят деб баҳолаш керак бўлади. 

Қадим подшоҳлик ва хонликлар даврида ҳам шу анъана қатъий амалда бўлган. Тарихдан маълумки, Бухоро амирлигида расмий фатво берувчи муфтийлар сони етти ёки ўн бир нафардан иборат бўлган, булардан бошқаларнинг фатволари расман ва амалан қабул қилинмаган. Зотан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳам: “Менинг фатво беришим мумкинлигига давримнинг буюк олимларидан етмиш нафари рухсат бермагунча мен асло фатво бермадим!”, деганлар. 

 Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди

Izoh qoldirish