ФАТВОЛАРДА ОЯТ ВА ҲАДИСЛАР БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК?!
Фатвога далил бўладиган бирламчи манбалар – оят, ҳадис ва ижмоъ фатво берилаётганда ёки айтилаётганда кўрсатилмаслиги лозим. Оят ва ҳадислар фақат фатво сўровчи қатъий ва узрли ҳолда сўраган тақдирдагина кўрсатилади. Бу анъана асрлар давомида сақланиб келган бўлиб, ҳозиргача аҳли суннат ва жамоанинг ҳақиқий уламолари давом қилдираётган қадриятдир. Уламолар сўралган савол ва фатволарга фақат “бўлади”, “бўлмайди” тарзида ўта қисқа ва лўнда жавоб бериб келганлар (Бу ҳақида қаранг: Имом ан-Нававий. Одоб ул-фатво. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдор ус-солис, 2006. – 1/52).
Мусулмон оламида амалда бўлиб келган, қозихоналарда расман эътироф қилинган тарихий ҳужжатлардан бири “фатво ривоятлари” деб аталади. Уларда сўралган саволларга фиқҳий манбалардан иқтибослар олинган ҳолда муфтий ва аъламларнинг жавоблари берилган бўлади. Муфтий ва аъламлар уларга муҳр босадилар. Бугунги кунда архивларда сақланиб келаётган ана шу тарихий ҳужжатларда ҳам саволларга берилган жавобларда оят ва ҳадислардан далиллар учрамайди. Улар саволларга оят ва ҳадисдан далилларни келтиришга ҳаракат қилмаганлар. Зотан, шаръий далиллар таҳқиқи аҳли илмларнинг ўзаро кўриб чиқадиган, авомдан узоқда тутадиган, фақат ўз ўрталаридагина кўтариладиган масалалар жумласидандир.
Тобеъинларнинг улуғларидан Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ сўралган нарсанинг фақат ўзигагина жавоб берарди, ортиқча тафсилотларга тўхтаб ўтирмас эди:
كان إبراهيم إذا سئل عن شيء لم يجب فيه إلا جواب الذي سئل عنه
“Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ бирор нарса сўралса, ўша сўралган нарсагагина жавоб қайтарар эдилар” (Доримий, 1/151).
Манбаларда келтирилишича, саҳобаларнинг буюкларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бутунбошли маърузаларида бир-иккитагина ҳадис айтар, мабодо ҳадис айтадиган бўлса, қалтираб, овозлари ўзгариб кетар эди. Ёки, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ҳадис айтиш учун махсус тайёрланар, махсус таҳорат олар ва яхши кийимларини кийиб, виқор билан ўтириб олар эдилар. Бунинг сабаби ҳадиси шариф айтиш масъулиятининг нақадар катталигини ҳис қилганларидан бўлган.
Таниқли саҳоба Ҳузайфа ибн ал-Ямоний розияллоҳу анҳу кўп ҳадис айтишдан ўзини олиб қочар, ҳадис айтишга кўп ҳам эътибор беравермас эди. У бир сафар бу борада бундай дегандилар:
عن حذيفة قال: والله لو شئت لحدثتكم ألف كلمة تبغضوني عليها وتجانبوني وتكذبونى
“Аллоҳга қасамки, агар хоҳласам, сизларга минглаб ҳадисни айтиб бера оламан, бу борада менга ғазаб қилишларингиз, мендан узоқлашиб кетишларингиз ва мени ёлғонга чиқаришларингиз ҳам мумкин”. Бу ҳадис иснодидаги ровийлар ишончлидир (Мажмаъ аз-завоид, 1/858).
Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Izoh qoldirish