Ҳадисларни кўп айтавериш ёки кўплаб далил сўрайвериш одоблари
Аҳли суннат ва-л-жамоатдан ажралган, адашган фирқа ва оқимларнинг ўзига хос хусусияти ва аломатларидан бирини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай кўрсатиб кетганлар:
يَأْتِى فِى آخِرِ الزَّمَانِ قَوْمٌ حُدَثَاءُ الأَسْنَانِ سُفَهَاءُ الأَحْلاَمِ يَقُولُونَ مِنْ قَوْلِ خَيْرِ الْبَرِيَّةِ يَمْرُقُونَ مِنَ الإِسْلاَمِ كَمَا يَمْرُقُ السَّهْمُ مِنَ الرَّمِيَّةِ لاَ يُجَاوِزُ إِيمَانُهُمْ حَنَاجِرَهُمْ
"Охирзамонда бир қавм чиқиб келади, ёшлари кичик, ақллари эса аҳмоқона бўлади. Инсониятнинг яхшиси бўлмиш зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларини гапирадилар. Лекин, ўзлари исломдан худди камондан ўқ чиқиб кетгани каби чиқиб кетадилар. Уларнинг имонлари бўғизларидан нарига ўтмайди" (Бухорий, 4/3611; 6/5057; 9/6930-6931; Абу Довуд, 4/4769; Аҳмад, 1/616, 912, 1086; Ибн Абу Шайба, 10/30823).
Шориҳлар ҳадис матнидаги "йақулуна мин қавли хайри-л-барийя"ни: "Қуръони карим ёки ҳадиси шарифдан гапирадилар", деб изоҳлаганлар. Таниқли ҳадисшунос олим Бадриддин ал-Айний раҳимаҳуллоҳ уни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини гапирадилар, деганлар. (Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қори шарҳ "Саҳиҳ ал-Бухорий". 16-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 199).
Саҳиҳ бўлмиш мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилган оқим вакилларининг хусусияти кичик ёшли аҳмоқ ўсмирлар бўлиб, илм-фандан узоқ, илмга қизиқмайдиган, одоб-ахлоқи мутлақо йўқ бўлиши айтиляпти. Аҳмоқлиги сабабли ўз фикрига эга бўлмаган, дунёқараши тор бўлади. Бироқ, шундай бўлса-да, улар: "анови ҳадисда бундай дейилган", "манови ҳадисда ундай дейилган", "бу борада бундай ҳадис бор", "бунга далилингиз борми?", "бу борада саҳиҳ ҳадис борми?", "сиз айтган ҳадис саҳиҳми, ўзи?" каби гапларни кўп сўзлайдиган ва ҳадиси шарифларни нотўғри талқин қилувчилар бўлишади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ўзларининг ҳадисларини гапирувчи бўладилар, деб билдирмоқдалар. Яъни, ҳадеб ҳадис гапиравериш, ҳадис ҳақида сўрайвериш, далил ва ҳужжат талаб қилавериш, амал қилмасдан қуруқ "аҳли ҳадис" бўлиш имонсизлик нишонаси бўлиб қолар экан. Аллоҳ асрасин!
Қуйидаги ҳадиси шарифларга эътибор беринг, уларда бизни огоҳлантириш бор:
تحدثون في آخر الزمان بأحاديث لم تسمعوا أنتم ولا آباؤكم فإياكم وإياهم
"Охирзамонда сизларга сизлар ва оталарингиз ҳам эшитмаган ҳадисларни айтишади. Бас, улардан узоқ бўлинг ва улар ҳам сиздан узоқ бўлсинлар!" (Бухорий, "Тарих ал-кабир", 7/1167).
Мазкур ҳадиси шариф бошқа муҳаддислар томонидан бу тарзда бошланган:
سيكون في آخر الزمان ناس من أمتي
"Яқин орада, замона охир бўлганда, умматим орасидан бир гуруҳ одамлар пайдо бўлади..." (Муслим, 6; Ҳоким, 351; Абу Яъло, 11/6384; Аҳмад, 2/8580).
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ бу хилда ривоят қилганлар:
يكون في آخر الزمان دجالون كذابون يأتونكم من الأحاديث بما لم تسمعوا أنتم ولا آباؤكم فإياكم وإياهم لا يضلونكم ولا يفتنونكم
"Охирзамонда “дажжол”, каззоблар бўладилар, улар сизлар ва сизларнинг оталаринггиз ҳам эшитмаган ҳадисларни кўтариб келадилар. Сизлар улардан, улар эса сизлардан узоқ бўлсин! Улар сизларни залолатга бошлаб қўймасинлар, сизларни фитнага аралаштириб, алдамасинлар!"(Муслим, 1/7).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида уларнинг ривоят қилган ҳадислари ажойиб экани таъкидланган:
يحدثونكم ببدع من الحديث
"Сизларга ҳадислардан ажойибларини гапириб берадилар"(Аҳмад, 2/8580).
Мазкур ривоятлардан шу нарса маълум бўладики, замона охирга яқинлашган сайин ҳар хил ҳадислар эшитила бошлайди: улардан айримларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган, мутлақо тўқима ва сохта ҳадислар бўлса; баъзиларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар-у, бироқ, бошқа маънони ирода қилган, лекин буни айтувчилар уларни нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳақ ва анъанавий йўлдан чалғитаётган бўлади. Яъни, узоқ даврлар мобайнида кўпчилик эшитмаган, уламолар оддий халққа эшиттиришни истамай келган, халқнинг онгги ва дунёқарашига ҳамда миллий анъаналари ва қадриятларига мос келмайдиган ҳадиси шарифларни ушбу гуруҳ вакиллари гапириб, одамларни чалғитиб, ихтилоф ва фитналарга сабаб бўладилар.
Воқеълик ҳам шундай бўлмадими?! Буни юқорида кўриб ўтдик.
Шунинг учун ҳам бешинчи рошид халифа деб тан олинган буюк тобеъин Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
قَالَ عُمَرُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ إِذَا رَأَيْتَ قَوْماً يَنْتَحُوْنَ بِأَمْرٍ دُونَ عَامَّتِهِمْ فَهُمْ عَلَى تَأْسِيسِ الضَّلاَلَة
“Қачон бирор гуруҳнинг оммадан четга чиқиб бирор ишни қилаётганини кўрсанг, демак, улар залолатни таъсис қилиш устида бўлиб чиқади!” (Доримий 1/313).
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муқаддимасида келтиришича, шайтон одам суратида келиб, одамларга ҳадис айтиб беради. Бу ҳадис одамлар орасида тарқаб кетади. Сўнг "Бу ҳадисни кимдан эшитдинг?", дейилса, "Бир одамдан эшитдим, юзини танийман-у, исмини (ўзини) танимайман", деб жавоб беради. Мазкур манбада шайтонларнинг бир гуруҳи чиқиб, одамларга Қуръон ўқиб беради, деган ривоят ҳам келтирилади. Яъни, одамлар ҳадисларни чала ўқиб ёки эшитиб ёки чала ва хато тушуниб олиб ҳам бир-бирларига айтиб юраверадиган бўлиб кетади. Ушбу ҳадис аниқ шу айтилаётган маънодами, ўша ҳадисни аниқ муайян шахс айтганми, бунисига эътибор сусайиб кетади.
Ҳамидуллоҳ Аминов (Беруний),- Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими илмий ходими, тарих фанлари номзоди
Izoh qoldirish