03.11.2023

МУНЖИК ТЕРМИЗИЙ АДАБИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИЛИШИГА ДОИР АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

Манбаларни гувоҳлик беришича Х–ХI асрларда Сурхондарё вилояти Чағониён деб юритилиб, Термиз ҳудуднинг марказий шаҳарларидан бири бўлган. Бу даврда Чағониённи Муҳтожийлар сулоласи бошқариб илм-фанни ривожлантириш мақсадида саройда олиму адиблар, тарихчилару хаттотлар, созандаю навозандаларни йиғиб илмий–адабий муҳитларни яратганлар. Жумладан, Чағониёнда бир қатор форс–тожик шоирлар ҳам яшаб ижод қилиб Термизий тахаллуси билан шуҳрат қозонганлар. Шундай шоирлардан бири Х аср охирлари ХI аср бошларида (ҳижрий–қамарий IV асрнинг иккинчи ярими, V асрнинг боши) яшаб ижод қилган машҳур шоир Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Мунжик Термизийдир.

Шоир ҳақида илк бор хабар берган шахс Носир Хисрав (1004–1088) дир. У ӯзининг «Сафарнома» асарида табризлик шоир Абу Мансур Қатрон (1015–1088) билан ўзининг учрашувини ҳикоя қилган. «Дар Табриз Қатрон ном шоиреро дидам, шеър нек мегуфт, пеши ман омад, девони Мунжик ва девони Дақиқй биёвард ва ҳар маънй, ки мушкул буд, аз ман бипурсид, ба ў гуфтам, шарҳи он бинвишт ва ашъори худ бар ман хонд...» [5, б. 11]. Мазмуни: «Табризда Қатрон номли  шоирни кўрдим, яхши шеърлар ёзар экан...ёнимга, Мунжик ва Дақиқий девонини олиб келиб мушкул маъноли сўзларни мендан сўради, мен айтиб бердим, у изоҳларини ёзиб олиб менга ўз шеърларидан ўқиб берди». 

Мунжик ҳақида хабар берувчи навбатдаги манбалар Асадий Тусийнинг «Луғати форс» (1064) ва Муҳаммад ибн Умар Родуёнийнинг «Таржумон ул-балоға» (1090) асарларидир. «Луғати фурс» (1066–1067) асарида Мунжик шеъриятига мавжуд баъзи сўзлар маъноси шарҳлаш учун мурожаат этилиб бу борада фикрлар баён қилинган. 

Родуёний ўзига хос усулда Мунжик ижодининг сири ва сеҳрини билишга ҳаракат қилиб, унинг шеърларидаги нозик нуқталарни баён қилган. Чунончи, у «Таржумон ул-балоға» нинг 61–фаслида шундай ёзади: «Ва яке аз санъатҳо он аст ки, қофияи шеър мукаррар бувад, яъни ду қавофй, мисолаш чунонки Мунжик гўяд...» 6, б. 365). Мазмуни: «Шеър санъатларидан яна бири шуки, шеърнинг қофияси такрор келса, яъни бир сўз икки марта такрорланса, чунончи Мунжик айтган». 

Мо  май бихостем задан дўш жом–жом,

Чун ту бинаёмади, бимондем хом–хом.

Аз одам андарун зи таборат касе намонд,

К-ўро ҳижо накардаст Мунжик ном–ном.

Мазмуни:

Кеча биз май ичмоқ истадик тўла жом–жом,

Сен келмагач, барчамиз қолдик хом–хом.

Келганлар орасида қолмади яқинларинг,

Мунжикким уларни ҳажв қилмади ном–ном.

Рашидиддин Ватвот (1090–1183), Адиб Собир Термизий (1078–1147) ва Сўзаний Самарқандий (1091–1173)ларнинг қарашлари ҳам Мунжик ижодининг  англашда муҳим аҳамият касб этади. Чунончи Рашидиддин Ватвот ўзининг «Ҳадоиқ ус–сеҳр фи–дақойиқ уш–шеър» («Шеър гўзалликларининг сеҳрли боғлари», 1140) асарида илми бадеиятга оид фикрларини исботлаб бериш учун кўплаб шоирлар билан бир қаторда Мунжик шеърларидан ҳам мисоллар келтирган. Адиб Собир Термизий бўлса ватандоши Мунжик шеъриятидан илҳом ва баҳра олганини фахру ғурур ила баён этган:

Эзид маро зи баҳри санои ту ҳадя дод,

Табъи Шақиқи Балхиву Мунжики Тирмизй [2, б. 296].

Мазмуни:

Яратганга ҳамду сано айтиш учун, менга совға этди,

Шақиқ Балхий ва Мунжик Термизий табъини.

Шоир Сўзаний Самарқандий бир шеърида Мунжик Термизий билан мунозарага тушиб ҳажвчилигда ундан ўзини устун қўймоқчи бўлади. Бундан хулоса қилиш мумкинки Самарқанд адабий муҳитида Мунжик шеърияти баҳсу мунозараларнинг марказида қарор топган:

Ман он касам, ки чу кардам ба ҳаҷв гуфтан рой,

Ҳазор Мунжик дар пеши ман кам орад пой [9, б. 30].

Мазмуни:

Мен бўламан ҳажвда зўр фикрлар айтган одам,

Мингта Мунжик олдимда боса олмас қадам.

Мунжик Термизий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги қарашлар XIII асрга келиб янада кенгайган. Чунончи Муҳаммад Авфий (1172–1233) «Лубоб ул–албоб» («Илмлар мағзи», 1221) асарида Мунжик Термизий ҳақида қўйидагича фикр билдирган. «Мунжик аз соҳирони шоирон буд, шеъри ғарибу алфози хубу маънии бикру ибороти балиғу истиъороти нодир ва аз мулозимони ҷаноби эҳсони умарои Чағониён роҳимаҳуллоҳ буд ва дар қасидае мегўяд дар мадҳи амири фозили муфаззал Абулмузаффар Тоҳир ибн Фазл ибн Муҳаммад (ибн Муҳаммад) Музаффар» [4, б. 500]. Мазмуни: «Мунжик шоирларнинг сеҳргари эди, шеъри чиройли, сўзи гўзал, маъноси мусаффо, иборалари жозибали, истиоралари нодир ва саҳию эҳсонли, Чағониён амирларининг мулозими эди, қасидаларида фозиллар–фозили амир Абулмузаффар Тоҳир ибн Фазл бин Муҳаммад Музафарни куйлайди…» 

Мунжик ҳақида хабар берувчи ХIХ асргача яратилган тазкиралардан энг сўнгиси Ризоқулихон Ҳидоят (1800–1871)нинг «Мажмаъ ул–фусаҳо» тазкираси ҳисобланади. Ризоқулихон Ҳидоят  ўз тазкирасида Мунжик ижодиётини жуда юқори баҳолаган: «Касе аз тири таънаш нарастй ва аз каманди ҳажваш нажастй» («Бирор киши унинг таънасидан қутулаолмас ва ҳажв камандидан паноҳ тополмас эди»). 

Мунжикнинг ижоди ХХ асрда келиб илмий тадқиқотларда, тузилган тўпламларда, ёзилган дарслик ва дастурларда ҳам кенг шарҳланган. Айниқса, ХХ асрнинг 50-йиллари Рудакий таваллудининг 1100 йиллиги муносабати билан бошланган ишлар йўналиши бўйича Рудакийнинг замондошу издошлари ижодига ҳам эътибор қаратилди. Алалхусус, 1958 йили Душанбеда «Ашъори ҳамасрони Рўдакй»  тўплами нашр этилиб ундан Мунжик шеъриятига ҳам ўрин ажратилди [1, б. 341–370]. 

Эрон олими Забеҳулло Сафо (1911–1978) «Тарихи адабиёти Эрон» (1977) асарида Мунжик ижоди бўйича фикрларини қўйидагича изҳор этган. «Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Мунжик Термизий аз шоирони бузурги нимаи дуввуми қарни чаҳорум аст, ки баъд аз Дақиқй дар дарбори Чағониён басар мебурда ва маддоҳи онон, алалхусус, амир Абуяҳё Тоҳир ибн Фазл бин Муҳаммад ибн Муҳтож Чағонй ва амир Абулмузаффар Фахр уд–давла Аҳмад бин Муҳаммад Чағонй будааст». Мазмуни: «Абулҳасан Али бин Муҳаммад Мунжик Термизий IV аср 2-ярмининг (яъни Х асрнинг 2-ярми) улуғ шоирларидан, у Дақиқийдан сўнг Чағониён амирлари саройида фаолият юритиб, алалхусус, амир Абуяҳё Тоҳир ибн Фазл бин Муҳаммад бин Муҳтож Чағоний ва амир Абулмузаффар Фахр уд–давла Аҳмад ибн Муҳаммад Чағонийларнинг маддоҳи эди». Олим давом этиб ёзади: «Мунжик шоири забоновару суханпардозу некўхисолу балеғу нуктадон буд». Мазмуни: «Мунжик гўзал сўзли, нутқи равон, ўткир фикрли, сўзда саховатли шоир эди». Забеҳулло Сафо шоирдан кўплаб шеърий мисоллар бериб унинг сўз маҳоратини кўрсатиб беради [3, б. 424]. 

Эй, хубтар зи пайкари дебои арманй,

Эй, поктар зи қатраи борони баҳманй.

(Эй, арманнинг нафис ипакларидан яхшироқ,

Баҳман ёмғири қатраларидан тозароқ).

Мунжик ижоди хусусидаги айрим қайдлар афғон олими Муҳаммад Муҳсин Тиббийнинг «Торихи адабиёти дарии Афғонистон» (1349–1971) рисоласида ҳам мавжуд. Муҳаммад Муҳсин шоир Сўзаний Самарқандийдан Мунжикка оид мисол келтириб унинг ижоди ҳазил-мутойибага мойиллиги ва у Тоҳир Чағонийга замондош экани ҳамда вафоти йиллари 377/987 ёки 380/990 саналарига тўғри келишини эслатиб шоирдан икки қитъа ҳавола этади, чунончи:

Эй ба дарёи ақл карда шиноҳ,

В-аз ҳама неку бад шуда огоҳ.

Чун кунй табъи поки хеш палид,

Чи кунй рӯйи сурхи хеш сиёҳ.

Нон фурӯ зан ба оби дидаи хеш,

В-аз дар ҳеч сифла шир махоҳ.

***

Неку гул ду рангро нигаҳ кун,

Дурр аст ба зер ақиқ сода.

Ё ишқу маъшуқа рӯзи хилват 

Рухсора ба рухсора бар ниҳода  [5, б. 7–31–32].

Холиқ Мирзозода ўзининг «Таърихи адабиёти тожик» (1987) китобида Мунжик ижодига ҳам махсус ўрин ажратган. Муаллиф ўз асарининг маълум қисмларида Х-ХI асрлар адабий муҳити тўғрисида гапириб, Мунжик ижодидан бир неча ўринда эллик бир байт шеърни мисол келтирган. Булар орқали Мунжик яшаб ижод этган давр  ижтимоий ҳаёти,  тарихий шароити, адабий муҳити ҳақида маълум  тасаввурлар олиш имконияти туғилади [11, б. 240-243].

Адабиётшунос Расул Ҳодизода ўзининг тадқиқотларида Мунжик Термизийнинг қасидаларда васфу тавсифни мураккаб даражага кўтарганлиги, тимсол ва таъбирни, тасвир тарзини сирли ва жилокор қилгани, шеъриятда кўп маъноли йўналишни танлагани ҳамда ривожлантирганини таъкидлаб ва ушбу байтни мисол тариқасида кӯрсатиб берган [8, б. 52].

Ҳаво қазост, ҳаворо ба ҳила натвон зад,

Чун парниён ба бари тири ў чу зи оҳан сад.

Термизийшунос олим Рамазон Абдуллаев Эрон олими Эҳсон Шавориби Муқаддамнинг «Мунжик Термизий» номли китобини нашрга тайёрлаш жараёнида “Мунжик” Термизнинг шарқий қисмида жойлашган қишлоқнинг номи эканлиги бошқа тарафга қараганда “мунж” луғатларда “асалари” маъносида келгани ва “ик” эса унга  қўшилган қўшимча эканлигини айтади.

Ҳарчанд ҳақирам, суханам олию ширин,

Оре, асали ширин н–ояд магар аз Мунж.

Мазмуни:

Бечора бўлсам ҳам сўзим олий ва шириндир.

Ҳа, ширин асал Мунждан бошқа қаердан ҳам келарди? [10, б. 5]

Шу тариқа Мунжик Термизий ҳаёти ва ижоди ҳақида адабиётшунослар турлича фикр билдирганлар, бу фикрлар гоҳо юзаки бўлса, баъзилари чуқур таҳлиллардир. Хулоса тариқасида айтиш мумкинки Мунжик Термизий Термиз шаҳрининг қолаверса бутун форс–тожик адабиётининг йирик ижодкор шоирларидан бўлиб унинг адабий мероси ўз давридан бошлаб бугунгача кўпгина тадқиқотчилар диққатини ўзига тортиб келган. Афсуски бу буюк ҳамшаҳаримизни ҳаёт йўли ижодий фаолияти тадқиқотчилар томонидан тўлалигича ўрганилмаган. Шунинг учун биз айни дамда термизийларни ӯрганиш жараёнида Мунжик Термизийнинг ҳаёти ва ижодини ҳам қайта ўрганиш ва бу борада мукаммалроқ тадқиқотларни олиб бориш зарур деб ӯйлаймиз. 

 

Жамшид Панжиевич Жумақулов

Термиз давлат университети, 

Тожик филологияси ва шарқ тиллари кафедраси ўқитувчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ашъори ҳамасрони Рўдакй. – Душанбе: 1958. – Б. 341–370.
  2. Девони Адиб Собир Тирмизй. – Теҳрон: Ал Ҳуда, ҳиж.1380.
  3. Зебеҳулло Сафо. Тарихи адабиёти Эрон. – Теҳрон, ҳиж. 1373.
  4. Муҳаммад Авфий. Лубоб ул–албоб.–Теҳрон: Мумтоз, 1361.Чопи аввал.
  5. Муҳаммад Муҳсин Тиббий. Торихи адабиёти дарии Афғонистон (1349–1971, жилди аввал, 7–31–32).
  6. Носири Хисрав. Сафарнома. – Душанбе: Ирфон, 1970.
  7. Родуёний. Таржимон ул–балоға. чопи дуввум. – Теҳрон: Асотир.
  8. Расул Ҳодизода. Адабиёти форсу тоҷик дар асрҳои 11–14 –қисми якум Душанбе: Дониш 1976.
  9. Саъдиев С. Сўзанй ва муҳити адабии Самарқанди асри  XII. – Душанбе: Дониш, 1974.
  10. Термизий, Мунжик, Девон. / Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Рамазон Абдуллаев. – Т., 2016.
  11. Холиқ Мирзозода. Таърихи адабиёти тожик. 1987.

 

 

 

Izoh qoldirish