ОЛИМ ВА ВОИЗ НАСРИДДИН МУТАҲҲИР АВҲАРИЙ ТЕРМИЗИЙ
Ислом таълимоти ёйилиши давридаёқ Термизда шундай ижодий ва ғоявий муҳит шаклландики, шаҳар улкан салоҳиятли алломалар етишиб чиқадиган муҳим мафкуравий марказга айланади. Жумладан, Имом Термизий ва Муҳаммад Ҳаким Термизий, Термиз саййидлари хонадонининг вакиллари Саййид Бурҳониддин Термизий, Саййид Али Шоҳ Термизий каби алломалар бутун мусулмон дунёсида маълуму машҳур бўлиб, Ислом маънавиятининг ривожланишига ва ёйилишига катта ҳисса қўшадилар. Термизга берилган “Ҳазрати Термиз”, “Мадинат ар-рижол” тахаллуслари шаҳар салоҳиятидан, мавқеидан келиб чиқади [1, б. 128. 2, Б.40].
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида Термиздан етишиб чиққан, аввал номаълум бўлган олимлар ҳақида янги маълумотлар тўпланмоқда. Улардан бири XIII асрнинг охири XIV биринчи ярмида яшаб ижод этган аллома Термизийлардан бири олим ва воиз Насриддин Термизийдир.
Аллома ҳақидаги маълумотларнинг чалкашлигининг унинг исми шарифи билан боғлиқ. Чунки ҳар бир даврда саййидларга бериладиган атоқли отлар сон жиҳатидан чегараланган бўлиб, бу манбаларда ҳам тадқиқотларда ҳам чалкашликларга олиб келади [3, б. 51-53]. Масалан, Термизлик олимлар асарларининг катологида Насриддин Термизий XIV-XV асрларда яшаганлиги қайд этилган [4, б. 116]. Термиз саййидларидан бўлган Саййид НасриддинТермизий нисбаси билан бир қаторда айрим ҳолларда Мутаҳҳир (мутаҳҳир-тоза), Авҳарий(моҳир), Худовандзода каби лақаблар билан тилга олинган. Бунинг устига алломанинг бобоси ва бир қатор қариндошларининг исми Насриддин бўлган.
Шундай бўлишига қарамасдан турли манбаларни ўрганиш, таҳлил ва солиштириш натижасида алломанинг шажарасини тиклашга эришдик: Насриддин Термизий ибн Имод Мулк ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Али ибн Муҳаммад ибн Убайдаллоҳ ибн Али ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Жаъфар ибн Убайдаллоҳ ибн Ҳусайн ном Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Талиб [5, б. 78]. Қизиғи шундаки, унинг шажарасини ҳозиргача сақланиб қолинган шажаралар асосида тўлдириш имкониятига эгамиз. Хонзода Насириддин-Жаъфар-Саййид Ҳисомуддин-Саййид Ҳусайн-Саййид Имом-Амир Шоҳ Қосим-Амир Шоҳ Муҳаммад-Амир Кандин мулаққаб ба Фатҳуллоҳ-Амир Шоҳ Қаюм-Мирсайид Санжар-Биби Шарафнисо Бегим-Мирзо Саййид Фозил-(Мирзоохунд, Мирзонозим, Мирзосоҳиб, МирзоСаййид Усмон, МирзоСаййид Нуъмон)-МирзоСаййид Мусо Нўъмон ўғли-Мирзо Саййид Маҳмуд Мусо ўғли-Саидахон Саййидмаҳмуд қизи [6, б. 148].
Саййид Насриддин бошқа Термизийлар орасида биринчи даражада сўз қудрати ва жонли нутқ санъати эгаси сифатида ажралиб туради. Маҳоратли нотиқ Насриддин Термизий чуқур билим, юксак маданият ва махсус ижрочилик салоҳияти, чиройли ва таъсирчан овози, аниқ ва равшан талаффуз эгаси бўлиб, турли тилларни мукаммал билган. Шунинг учун ҳам у турли мамлакатларга саёҳат қилган. Насриддин Термизийнинг саёҳатлари борасида ҳозирги пайтда узуқ-юлуқ маълумотларга эгамиз. Чунончи, манбаларда у Боғдодда иззат-икромда бўлганлиги қайд этилади. Айниқса, алломанинг Ҳиндистондаги сафари ҳақида кенгроқ маълумотлар сақланиб қолган. Ҳиндистонда 720/1320 йилдан Туғлуқийлар сулоласининг(1320-1413) ҳукмронлиги бошланади. Янги сулола Деҳли султонлигининг сиёсий, иқтисодий ва маъмурий барқарорликни тиклаш борасида бошқа мусулмон ўлкаларидан турли йўналишдаги мутахассисларни, олиму фузалоларни мамлакатга жалб этади. Мусулмон мамлакатларидан келган сайёҳлар олимлар ҳомийси бўлган Султон Муҳаммад ибн Ғиёсуддин Тўғлиқ (1325-1351)саройида Термиз саййидлари хонодони вакиллари айниқса кўп эди.
Ибн Баттута хотиралари туфайли Саййид Насриддин Авҳарийнинг Ислом дунёсидаги мавқеи, хусусан Султон Муҳаммад саройида кўрган иззат-икроми борасида маълумот олишимиз мумкин [7, б. 688]. Султон Муҳаммад саройида меҳмон бўлиб келган аллома ватанига кетиши олдидан мезмоннинг илтимосига кўра маъруза қилиши лозим бўлади. Саййид Насриддиннинг маърузаси учун Индонезиянинг Селебрес оролида ўсадиган муқосирий оқ сандал дарахтидан михлари ва атрофлари тилладан бўлган, тепасиги катта ёқут тош ўрнатилган минбар тайёрланган. Уни афрож деб аталадиган чодир ичига қўйиб беришди. Маърузачига жавоҳирлар билан безатилган саййидлар либоси бўлган заррин қора аббосий кийим ва шундай салла кийдирадилар. Мамлакат акобирлари қозилар, факиҳлар ва амирлар султон бошчилигида маърузани тинглайдилар. Воиз балоғатда хутба ўқийди, ваъз-насиҳат қилиб, эслатмалар беради, - дейди Ибн Баттута.
Минбардан тушганда султон Саййид Насриддиннинг олдига келиб, қучоқлайди ва филга миндиради. Анжуманда қатнашганлар султон чодири қаршисида қурилган воизнинг рангдор ипакдан қурилган чодирига боришади. Чодирининг бир ёнида султон воизга инъом этган ашёлар орасида катта тандир, икки қозон, товоқлар, бир қанча кўзалар, қаҳва қайнатадиган чойнак каби тилла идишлар, тўрт оёқли хонтахта, китоб соладиган идиш бўлиб, буларнинг барчаси, Ибн Баттутанинг далолатича, соф тилладан бўлган. Маъруза қилгач, Саййид Насриддин ўз ватанига қайтиб кетади.
Саййид Насриддиннинг бизгача етиб келган асарлари дунёнинг турли кутубхоналарида сақланади. Жумладан, тилшуносликка “Шарҳ мифтоҳ ул-улум” (Илмлар калити шарҳи) асари Қувайт университетининг “Жобир ал-Аҳмад” кутубхонасида сақланади [8, б. 116]. Олимнинг “Шарҳ ул-мисбаҳ фий ихтисор-л-мифтаҳ” (Мифтоҳнинг қисқартмаси борасида мисбоҳ шарҳ) асари Марокашнинг Фас шаҳридаги “Хизонат ул-қаравийн” кутубхонасида сақланади [9, б. 283].
Насриддин Мутаҳҳир Авҳарий Термизий ҳаёти ва ижоди борасида тадқиқотлар давом этмоқда, келажакдаги изланишлардан янги маълумотлар кутиб қоламиз. Ҳозирги пайтдаги маълумотларнинг ўзи алломанинг Термиздан етишиб чиққан энг машҳур нотиқ эканлигини кўрсатади.
Ж. З. Мирзаев
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фойдаланилган адабиётлар:
- Жалолиддин Мирзо. Термиз тарихи. – Т: Шарқ, 2001.
- Жалолиддин Мирзо. Термиз саййидлари. – Т: Санъат журнали нашриёти, 2008.
- Мирзаев Дж.З.Cобственные имена в системе этнической атрибуции средневекового Термеза. «Ўзбек ҳалқининг келиб чиқиши: илмий методологик ёндошувлар, этногенетик ва этник тарихи» мавзусидаги республика илмий назарий семинар материаллари. - Т., 2004.
- Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари катологи. – Т.: Фан, 2018.
- Фасих Ахмад ибн Джалал ад-Дин Мухаммад ал-Хавафи. Фасихов свод. Издание Д.Ю. Юсуповой. – Т.: Фан, 1980.
- Саййидлар шажараси. М.Султонова, Н. Аббосхонова. – Т.: Тошкент ислом университети, 2017.
- Ибн Баттута. Саёҳатнома. “Туҳфат ан-нуззор фи ғароиб ал-амсор ва ажойиб ал-асфор”(Ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар ҳақида назар соҳибларига туҳфа) / Масъул муҳаррир ва муқаддима муаллифи Н.Иброҳимов. – Т., 2012.
- Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари катологи. – Т.: Фан, 2018.
- Чўтматов Ж. Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи. Монография. – Т.: Yangi nashr, 2017.
Izoh qoldirish