09.11.2023

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”НИ АБУ АБДУЛЛОҲ ФИРАБРИЙДАН РИВОЯТ ҚИЛГАН МАШҲУР РОВИЙЛАР

 “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўп талаба эшитган. Бу ҳақида Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (231/846-320/932): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деган [5, Ж. 11, б. 28]. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривоятлари орасидан Имом Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлган. Бунинг сабаби, у кишининг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир. 

“Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси Имом Бухорийнинг вафотидан кейин шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида қолган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти Фирабрий орқали машҳур бўлган. Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни жуда кўп шогирдлари таълим олган. Улардан еттитаси ёки тўққизтаси машҳур бўлган. Имом Фирабрийдан таълим олган шогирдлари  “Саҳиҳул Бухорий”нинг матнини устозининг қўлидаги асл нусхадан кўчириб олган. Бирорта таҳқиқчи ва аҳли илм улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилмаган ва эътироз билдирмаган. 

Ибн Рушайд Сабтий бундай дейди: “Бугун машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Унинг ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун инсонлар унга суянади. Унинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига гувоҳдир. Сўнгра, “Саҳиҳул Бухорий” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмоъ боғланган. Натижада ҳужжат аниқ бўлган” [1, б. 18-19]. 

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан жуда кўп сиқа (ишончли) ровийлар жамоаси ривоят қилган. Уларнинг энг машҳурлари қўйидагилар: Ибн Сакан Саид ибн Усмон Баззоз Мисрий (294-353/907-964), Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий (301-371/914-982), Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад Журжоний (ваф. 373/984), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий (ваф. 376/987), Абу Али Муҳаммад ибн Умар Шаббавий, Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммувайҳ Сарахсий (ваф. 381/991), Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф. 389/999), Шайх Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушшоний (ваф. 391/1001) ва Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатийдир. 

Бу табақадаги ровийлар биринчи табақадаги ровийлардан эшитиб ривоят қилган. Бу ерда Имом Фирабрийдан ривоят қилган машҳур ровийлар ҳақида қисқагина маълумотларни келтириб ўтамиз. Чунки, “Саҳиҳул Бухорий” ва унинг ривоятларига катта эътибор билан қарайдиганларнинг китобларида улар ҳақидаги маълумотлар жуда кўп ва машҳур. 

Ибн Сакан Мисрий Бағдодий

Абу Али Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Баззоз Мисрий Бағдодий. У киши Ибн Сакан номи билан танилган. Ибн Сакан 294/907 йил туғилган [6, Ж. 16, б. 117]. Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти билан шуғулланган. У Бағдодда Абул Қосим Бағавий ва Ибн Абу Довуддан, Ҳарронда Ҳофиз Абу Арубадан, Дамашқда Аҳмад ибн Умайр ибн Жавҳодан ҳадис эшитган [2, Ж. 3, б. 937 (6, Ж. 16, б. 117)]. У Миср ва Нишопурда кўп аҳли илмлар билан учрашган. Ибн Сакандан Абу Сулаймон ибн Забр, Абу Абдуллоҳ ибн Манда, Абдуғани ибн Саид Аздий, Али ибн Муҳаммад Дақоқ ва бошқалар ҳадис ўрганган [2, Ж. 3, б. 937-938 (6, Ж. 16, б. 117-118)].   

Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”ни Хуросонда Имом Фирабрийдан эшитган ва Мисрга борганида уни ўзи билан бирга олиб борган. Имом Заҳабий: “Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”ни Мисрга олиб борган ва ривоят қилиб берган кишиларнинг аввалгисидир”, деган [6, Ж. 16, б. 117]. Демак, Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”ни Мисрга биринчи бўлиб олиб борган. 

Ибн Сакандан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийларнинг орасида Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Асад Жуҳаний машҳур бўлган. У 343/955 йили Мисрда ўзининг уйида “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Сакандан эшитган. Ибн Сакан 353/964 йилда вафот этган [6, Ж. 16, б. 118 (2, Ж. 3, б.  938)]. 

Абу Зайд Марвазий

Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Марвазий Фашаний Шофеъий 301/914 йилда туғилган [6, Ж. 16, б. 314]. У Аҳмад ибн Муҳаммад Мункадирий, Муҳаммад ибн Абдураҳмон Дағулий ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Саъдийдан ҳадис эшитган. Абу Зайд Марвазий Марвдан Нишопурга, у ердан Макка ва Бағдодга кўчиб ўтган. Макка ва Бағдод шаҳарларида “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан эшитган. Абу Абдуллоҳ: “Бу ривоят – Абу Зайд Марвазий улуғ бўлгани учун ривоятларнинг энг улуғроғидир”, деган [4, Ж. 2, б. 334]. 

Абу Зайд Марвазий “Имом, моҳир, таҳрирчи, тадқиқотчи, парҳезкор, ибодатгўй, кўриш қобилияти ўткир, диққат билан текширувчи, тақводорлиги ва парҳезкорлиги ҳамда зоҳирий илмлари ва ибодати билан машҳур” деб васф этилган. Абу Зайд Марвазийдан Ҳоким, Абу Абдураҳмон Суламий, Абу Ҳасан Дорақутний, Абу Бакр Барқоний ва бошқалар ҳадис ўрганган [6, Ж. 16, б. 313-314]. Лекин Абу Зайд Марвазийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилишга катта эътибор берган кишиларнинг энг улуғлари Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Иброҳим Асилий, Абу Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Холф Маъофирий ва Абу Нуъайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Миҳроний Исбаҳонийдир. Абу Зайд Марвазий 371/982 йилда вафот этган [6, Ж. 16, б. 315].

Абу Аҳмад Журжоний Маккий

Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф Журжоний Маккий. У Бағдодда Имом Бағавий ва унинг табақасидаги ровийлардан ҳадис эшитган. Абу Аҳмад Журжоний Ироқ, Шом, Миср, Хуросон ва Мовароуннаҳрга сафар қилган. Имом Самъоний: “Абу Аҳмад Журжоний Басра ва Шерозда Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ўрганган”, деб айтади [3, Ж.  2, б. 41]. Ҳофиз Абу Нуъайм ва Имом Қобисий “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Аҳмад Журжонийдан ривоят қилган. Абу Аҳмад Журжоний 373/984 йилда вафот этган. 

Абу Исҳоқ Мустамлий

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Иброҳим Балхий Мустамлий жуда кўп уламолардан ҳадис эшитган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни 314/926 йилда Имом Фирабрийдан эшитган [6, Ж. 16, б. 492]. 

Абу Исҳоқ Мустамлий “Саҳиҳул Бухорий”ни бир неча марта айтиб берган. Ҳофиз Заҳабий: “Абу Исҳоқ Мустамлий сиқа (ишончли) ва соҳиби ҳадис бўлган”, деб айтади. Ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганлардан бири Абу Зар Ҳаравийдир. Абу Зар Ҳаравий “Саҳиҳул Бухорий”ни 374/985 йили Балхда Абу Исҳоқ Мустамлийдан эшитган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривоятлари ичида Абу Зар Ҳаравийнинг ривояти энг тўлиқроғидир. Абу Зар Ҳаравий 435/1044 йилда вафот этган. Абу Исҳоқ Мустамлий эса 376/987 йилда вафот этган. 

Абу Али Шаббавий

Абу Али Муҳаммад ибн Умар ибн Шаббувайҳ Шаббавий Марвазий. У “Саҳиҳул Бухорий”ни 316/928 йилда Имом Фирабрийдан эшитган. Абу Али Шаббавий эса “Саҳиҳул Бухорий”ни 378/989 йили Марвда айтиб берган. Саид ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Сайрофий ва Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Ҳамадоний ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийлар ҳисобланади. 

Абу Муҳаммад Сарахсий

Имом ва муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммувайҳ Сарахсий. У “Саҳиҳул Бухорий”ни 316/928 йили Имом Фирабрийдан эшитган [6, Ж. 16, б. 492]. Имом Сарахсий 381/991 йилда вафот этган. Абу Зар Ҳаравий ва Абу Ҳасан Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Музаффар Довудий ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган.

Абу Ҳайсам Кушмиҳаний

Муҳаддис Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий ибн Муҳаммад Марвазий Кушмиҳаний. У “Саҳиҳул Бухорий”ни Ироқ, Ҳижоз, Марв ва Фирабр шаҳарларида эшитган [3, Ж. 5, б. 76]. Абу Ҳайсам Кушмиҳаний “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан бир неча марта эшитган [6, Ж. 16, б. 491]. Имом Самъоний: “Абу Ҳайсам Кушмиҳаний Машриқ ва Мағрибда “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти билан машҳур бўлган. Чунки, у Хуросонда бу китобни ҳикоя қилган кишиларнинг охиргисидир”, деган [3, Ж. 5, б. 76]. Абу Ҳайсам Кушмиҳаний 389/999 йилда вафот этган [3, Ж. 5, б. 76 (6, Ж. 16, б. 492)].

Абу Зар Ҳаравий, Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳафсий ва Карима бинти Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳотим Марвазиялар “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Ҳайсам Кушмиҳанийдан ривоят қилган ровийлар ҳисобланади [6, Ж. 18, б. 233]. Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Ҳайсам Кушмиҳаний ва бошқалардан эшитган.   

Имом Заҳабий: “Карима Марвазия ривоят қилганда ривоятни асли билан солиштириб кўрарди. У киши яхши тушунарди ва биларди”, деган [6, Ж. 18, б. 233]. Карима Марвазия 463/1071 йилда вафот этган.   

Абу Бакр Иштихоний Самарқандий

Имом фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мат Иштихоний Самарқандий “Саҳиҳул Бухорий”ни 319/931 йилда (Имом Фирабрийнинг вафотидан бир йил олдин) Имом Фирабрийдан эшитган. 

Имом Довудий бундай дейди: “Мен Иштихонда Ибн Матнинг ҳузурига кирганимда, у менга: “Сен “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитганмисан”, деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Кимдан”, деб сўради. Мен: “Исмоил Ҳожибийдан”, дедим. Шунда у: “Уни мендан ҳам эшитгин. Албатта, мен уни (иккинчи маротаба ҳам) мустаҳкамлаб берайин. Мен фиқҳни ўргангандим ва “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитган пайтимда катта  фақиҳ эдим. Исмоил эса елкада кўтариб юриладиган ва ўзи юролмайдиган ёш бола эди. Менинг эшитишим билан унинг эшитиши тенг бўладими?” деди. Мен “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Матдан ҳам эшитганман”. 

У Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий ва Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Одам Шошийдан ҳадис ривоят қилган. 

Ундан Абу Саъд Идрисий, Али ибн Сахтам Самарқандий, фақиҳ Абу Наср Довудий ва бошқалар ҳадис ўрганган. 

Ибн Асир Жазарий: “У шофеъий мазҳабининг имомларидан бўлган ва “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган. 381/991 йилнинг ражаб ойида вафот этган”, деган. 

“388/998 йилда вафот этган” деган гап ҳам бор. Абу Саъд Идрисий “Тарихи Самарқанд” асарида бундай дейди: “Абу Бакр ибн Мат Иштихоний – шайх, фазилатли, тақводор ва фиқҳда шофеъий мазҳабининг имомларидан бўлган. Биз ундан Иштихонда бир неча маротаба ҳадис ёзиб олганмиз. У Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Ҳасан ибн Соҳиб Шоший ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. У 388/998 йилнинг ражаб ойида Иштихонда вафот этган”. 

Шайх Абу Али Кушшоний

Шайх, асосий таянч ва самимий уламо Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб ибн Хамона Кушшоний (Кушшон Самарқанддан 12 фарсах узоқликда жойлашган шаҳар). У “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан 320/932 йилда эшитган ва ундан эшитган ровийларнинг энг охиргиси ҳисобланади. Шайх Абу Али Кушшоний “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган кишиларнинг охиргисидир [3, Ж. 5, б. 73 (6, Ж. 16, б. 481)]. Шунингдек, у Абу Нуъайм Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Адий Устуробозий, Абу Ҳассон Муҳайб ибн Салим ва бошқалардан ҳадис эшитган. 

Ундан олий санадни талаб қилган жуда кўп уламолар “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган. Ундан Ҳофиз Ҳасаннинг укаси Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Холал, Абу Саҳл Аҳмад ибн Али Абюрдий, Абу Абдуллоҳ Ғунжор ва бошқалар ҳадис эшитган [6, Ж. 16, б. 481]. 

Имом Самъоний: “У кушшонлик шайх, сиқа (ишончли), солиҳ ва машҳур уламо бўлган. Одамлар уни олдига келиб ҳадис эшитган”, деган.

Имом Заҳабий: “У шайх, асосий таянч ва самимий киши бўлган”, деган. Яна Имом Заҳабий: “У узоқ умр кўрган шайх бўлган ва олий санад билан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийларнинг энг охиргисидир”, деган.

Абу Саъд Идрисий “Абу Али Кушшоний 391/1001 йилда вафот этган” [3, Ж. 5, б. 73 (6, Ж. 16, б. 481)] ва Муътамин Сожий эса “У 392/1002 йилда вафот этган” деган икки хил маълумотни қайд этишган. 

Абу Али Кушшонийнинг таржимаи ҳолини ёзган жуда кўп уламолар уни Имом Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийларнинг энг охиргиси, деб айтган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни 320/932 йилда (Имом Фирабрий вафот этган йили) эшитган. Абу Али Кушшоний узоқ умр кўрган, 391/1001 йилгача яшаган. Яъни, Имом Фирабрийнинг вафотидан кейин 70 йил “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган. Шунинг учун ҳам унинг санади олий бўлган. Уламолар турли жойлардан келиб, унинг олдида тўпланган. 

Ибн Макула: “У Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини Фирабрийдан ўрганган. Мен уни “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилганларнинг энг охиргиси деб ҳисоблайман”, деган. 

Имом Самъоний: “У ривоят қилаётган вақтда дунёда “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қиладиган бирор киши қолмаган эди”, деган. Яна Имом Самъоний: “У дунёда “Саҳиҳул Бухорий”ни Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган ровийларнинг энг охиргисидир”, деган. Шунинг учун жуда кўп уламоларни Абу Али Кушшонийдан ривоят қилганини кўрамиз.

Абу Али Кушшонийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганлардан бири жуда кўп китоблар муаллифи Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Муътаз ибн Муҳаммад ибн Мустағфир ибн Фатҳ Насафий Мустағфирийдир (ваф. 432/1041). “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти мана шу восита орқали Ибн Ҳажар Асқалоний ва Шаҳобиддин Қасталонийга боғланади. 

Ундан ривоят қилганлардан яна бири Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Холал Бағдодийдир (ваф. 430/1039). У “Саҳиҳул Бухорий”ни Мовароуннаҳрда Абу Али Кушшонийдан эшитган. Хатиб Бағдодий ундан ривоят қилган “Саҳиҳул Бухорий”даги баъзи ҳадисларни ўзининг “Ал-Жомиъ ли-ахлоқир ровий” ва “Ал-Асмаул мубҳамату” китобида келтирган. Шунингдек, ундан Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Айюб Баззор ҳам ҳадис ривоят қилган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти мана шу йўл орқали Қози Иёзга боғланади.   

Абу Наср Ахсикатий

Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатий. Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний бу кишини “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган ровийларнинг орасида зикр қилган. Абу Наср Ахсикатийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийлардан бири Исмоил ибн Исҳоқ ибн Исмоил Саффор Зоҳиддир. 

Албатта, юқорида зикр қилинганлар “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан эшитиб ривоят қилган иккинчи табақа ровийлари ҳисобланади. “Саҳиҳул Бухорий”ни муаллифига боғланган санад билан ривоят қилишга эътибор қиладиган барча ровийларнинг санадлари уларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийлар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш бугунги кунда олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. 

 

Абдувоси Шоназаров,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот

маркази илмий тадқиқотлар бўлими илмий ходими  

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Рушайд Сабтий Фиҳрий Андалусий. Ифадатун насийҳ фит таъриф би-санад ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. – Тунис: Ад-Дар ат-Тунисия, 2019.
  2. Абу Абдуллоҳ Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймаз Заҳабий. Тазкиратул Ҳуффоз: 4 жилдли. 1760 саҳифали. Абдураҳмон ибн Яҳё Муъаллимий таҳқиқи. – Ҳайдаробод: Даиротул маориф ал-Усмония, 1374/1954.
  3. Имом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Ал-Ансоб: 13 жилдли. – Ҳайдаробод: Даиротул маориф ал-Усмония, 2016. 
  4. Имом Абу Закариё Муҳиддин ибн Шароф Нававий. Таҳзибул асма вал луғат: 4 жилдли. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2008. 
  5. Исмоил ибн Умар ибн Касир. Устозлар жамоасининг таҳқиқи. Ал-Бидоя ван ниҳоя. Ж. 15. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1407/1986.
  6. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъламин нубало. Ж. 25. – Байрут: Дору муассаса ар-рисола, 1992. 

 

 

 

Izoh qoldirish