13.11.2023

АДАБ-ОҚИЛНИНГ ЗИЙНАТИ

Муқаддас динимизда, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда улуғланган, инсон камолотида, унинг дунё ва охиратда саодатга эришишида кўмаклашувчи восита, шубҳасиз адабдир. Зеро, Қуръони каримнинг ҳар бир ояти каримасида адабга даъват бор. Ҳар бир ҳадиси шарифнинг моҳиятида инсонни адаб билан зийнатланишга ундов бор. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Мен гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим” деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шариф орқали пайғамбарликнинг асосий ва биринчи галдаги вазифаси башариятни адаб билан зийнатлаш, ҳидоятга бошлаш эканлиги намоён бўлади. Адабнинг марказий тамойилларидан ҳисобланган адолат билан зийнатланган халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу эса “Фарзандларингизга олдин одобни, сўнг илмни ўргатинглар” деб тавсия берганлар.

Адаб оқилликнинг асосий аломатларидан бири, инсоннинг кундалик эҳтиёжларидан ҳисобланган ейиш-ичишдан ҳам кўра муҳимроқ аҳамият касб этувчи эҳтиёждир. Шу нуқтаи назардан, ислом алломалари адаб илмини ўрганиш, унинг моҳиятини очиб бериш, мўъмин-мусулмонларни ушбу илмга ошно этиш масаласига жиддий аҳамият қаратганлар.

Эътибор берадиган бўлсак, ислом тарихида адаб илмига доир сон-саноқсиз асарлар, рисолалар ёзилган. Ушбу илмга доир дастлабки асарларга VIII аср ислом илм-фанининг намояндаларидан бири, адаб, китобат ва  таржима илмлари билимдони Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффанинг асарларини келтириш мумкин. Алломанинг “ал-Адаб ал-кабир” (“Катта одоб китоби” – الادب الكبير), “ал-Адаб ас-сағир” (“Кичик одоб китоби” – الادب الصغير), “ал-Адаб ал-важиз” (“Мухтасар адаб китоби” – الادب الوجيز) каби асарлари адаб илмининг ноёб дурдоналари сифатида бугунги кунда ҳам машҳур. Мазкур асарларда адаб илмининг инсон, жамият, давлат ва ҳукмдор ҳаётида нақадар бебаҳо аҳамиятга эга эканлиги, илм ва адаб муносабатлари, ақл ва адаб муштараклиги борасида ажойиб ҳикматлар келтирилган. Шунингдек, ушбу асарларда аллома дўстлик, саховат, мурувват, адолат каби адаб илмининг таркибий қисмларига гўзал намуналар асосида шарҳлар ёзган.

Буюк ватандошимиз, “Шайхур раис” – “Донишмандлар сардори” унвони билан улуғланган Абу Али ибн Сино ижодида адаб илмига эътибор юксак даражада ҳисобланади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ибн Сино инсон жисми учун биринчи навбатда одоб-ахлоқ зарурий аҳамият касб этишини, адаб илмининг тана саломатлигидаги ўрни беқиёс эканлигини бир қанча рисолалари орқали кўрсатиб берган. Хусусан, алломанинг “ар-Рисола фи-л-ахлоқ” (“Ахлоқ ҳақида рисола” – الرسالة في الأخلاق) рисоласида инсонни оқилликка етакловчи, унинг маънавиятини, одобини юксалтирувчи саховат, қаноат, сабр-тоқат, олижаноблик, иффат, меҳрибонлик, кечиримлилик, илтифот, очиқкўнгиллик, сир сақлай олиш, донолик, ахлоқий софлик, фаросат, мулоҳазакорлик, қатъиятлилик, ростгўйлик, дўстга содиқлик, севги, раҳм-шафқат, ҳаё, мурувват, тўғрисўзлик, камтарлик каби тушунчалар тавсифланган. Ибн Сино ушбу тушунчаларни касб этиш орқали руҳий-маънавий саломатликка эришиш мумкинлигига қатъий ишонч билдиради.

Дарҳақиқат, инсон дунёда бойлик ёки камбағаллик орқали бирор мавқега қўйилмайди. Биз ҳаётда ейиш ва ичишдан кўра соғлом ақлларни бошқалардан фарқланиб туришига сабаб бўлувчи адаб орқали зеҳнимизни мустаҳкамлашга кўпроқ муҳтожмиз. Жисм ривожланишида таомнинг ўрни катта бўлганидек, ақлнинг ривожланишида ҳам адабнинг ўрни беқиёсдир.

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқотлар бўлими катта илмий ходими

Izoh qoldirish