16.11.2023

РАҲМ-ШАФҚАТ ВА ГЎЗАЛ ХУЛҚ – ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК АСОСИ

Инсоният ва жамиятларнинг тинчлик-фаровонлиги, моддий ва маънавий барқарорлиги Ислом динининг тамал асосларида ўз аксини топган. Ана шундай муҳим асослардан бири, шубҳасиз, динимиздаги бағрикенглик тамойилидир. Муқаддас динимизнинг ушбу олийжаноб ғоялари юртимиз олимлари меросида ҳам ўз аксини топган.

Ислом тарихида мўмин—мусулмонларга нисбатан таъна ва тажовузи билан танилган “хаворижлар” деб номланган адашган оқими юзага келган бўлиб, уларнинг чиқиши ҳақида ҳадиси шарифларда огоҳлантиришлар мавжуд. Улардан бирини Муҳаммад Ҳаким Термизий (ваф. тахминан 932 йил) ўзининг “Наводир ал-усул” китобида шундай келтиради: 

“Хаворижлар – дўзах аҳлининг итларидир”.

Улар қалбларининг ҳақиқатдан оғиши натижасида дин асосларидан четлашиб, ўз фикрлари билан чуқурлашиб, такфир – мусулмонларни ҳар қандай гуноҳи туфайли кофирга чиқаришга ҳамда уларнинг моли ва жонига қасд қилишга киришиб кетишган, ҳатто саҳобаларга ҳам қарши чиқишган.

Термизий уларнинг бу хислатини мусулмонларга азият етказиш ва ҳужум сифатида баҳолаб, “Хаворижлар – дўзах аҳлининг итларидир” ҳадисига қиёслайди.

Дин эса аслида раҳмат ва тавозени устига қурилади. Шу сабабли мўминнинг хулқи ҳам раҳм-шафқат устига қурилади. Ҳаким Термизий шундай дейди: “Мўмин (айбларни) бекитади. Мўмин раҳм қилади ва шафқатли бўлади. Мўмин (айбларни) ўраб-ёпади ва истиғфор айтади. Маломат қилиш ва айблашдан сақланади ҳамда Аллоҳдан гуноҳкор банда учун раҳматни умид қилади ва унга ҳам умид бағишлайди. У мафтун (фитналанган) эса (бирон гуноҳ қилгани кишига нисбатан) сатрни йиртади, айблайди, қоралаб, сўкади, умидини узади, уздиради ва кофирга чиқаради. Бу эса итларнинг феъл-атвори”. 

Демак, маълум бўладики, Ислом динида раҳмат барча нарсадан олдин туради ва унга амал қилган мўмин-мусулмонларнинг амал ва хулқ-атвори ҳам раҳмат ва раҳм-шафқат устига қурилади. 

Ушбу омил мусулмонларнинг бошқа динларга муносабатида ҳам кўринади ва бунга исломий манбаларда кўплаб далиллар бор. Ҳадисларда келишича, киши ислом фитратида туғилса-да, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилиб тарбиялайди. Бундан келиб чиқадики, бошқа дин вакиллари ёшлигидан ўзлари учун муқаддас санайдиган нарсаларга ўргатилиб, уларга эътиқод қўйиш билан улғаядилар. Буларга тўғридан-тўғри тажовуз ва тоқатсизлик қилиш эса унинг ўзи муқаддас санаган маънавий оламини қўполлик билан чил-парчин қилиш бўлиб, ҳеч қачон яхши самара бермайди. Аксинча ғайридин киши ушбу ишни қилган одамдан қаттиқ нафратланади ва унинг сўзлари қанчалик тўғри бўлмасин, зинҳор қабул қилмайди.

Мана шу очиқ кўриниб турган омилни ҳисобга олган ҳолда Ислом динида бағрикенглик тамойиллари йўлга қўйилган ва бошқа динлар билан муроса қилиш тамал асослардан бири саналади. Агар улар билан мулоқотга киришишга тўғри келса, унда қуйидаги оятда келган маъно ҳам муҳим аҳамият касб этади:

“Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам билгувчидир” (Наҳл, 125).

  Шундай экан, киши барча билан ҳикмат ва яхши насиҳат орқали гўзал шаклда муомала қилиши, бунда эса кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилиш фақат Аллоҳнинг ихтиёрида эканлигини ёдда тутиши лозим бўлади. Умуман олганда эса, Қуръони Карим бизга:

“...одамларга яхши гаплар айтинг” (Бақара, 83)

дея буюради. Ушбу оятни улуғ олим ва муфассир Абу Лайс Самарқандий (ваф. 983 йил) “Баҳр ал-улум” (Илмлар денгизи) номли тафсирида “кишилар билан гўзал хулқ ила муомала қилиш” деб тафсир қилган.

 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

 

 

Izoh qoldirish