16.11.2023

УМАР ХАЙЁМ - ШАРҚ УЙҒОНИШ ДАВРИ МАДАНИЯТИНИНГ АТОҚЛИ НАМОЯНДАСИ ВА УНИНГ ИСЛОМ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Бугунги кунда мутафаккирларимизнинг дунёқарашини, уларнинг тафаккур услуби ва ахлоқий идеалларини, давлатчилик ғояларини ўрганиш, ўтмиш маданиятимизнинг ўзига хос хусусиятларини билиш зарурияти тобора ошиб бормоқда. Чунки мустақиллик ва миллатнинг уйғониши, маънавий юксалиш бир-бири билан узвий равишда боғлиқ жараёнлардир. Инсоният тарихида муносиб из қолдирган, ўзининг рубоийлари билан бутун Шарқ ва Ғарбда машҳур бўлган фалсафа, математика, астрономия ва бошқа фанлар соҳасида бир қанча илмий масалаларни ўрганиб, улар устида ишлаб, бу фанлар тараққиётига катта ҳисса қўшган, бугунги кунгача ўз кучини йўқотмаган фалсафий фикрлари билан машҳур бўлган ирфоний билимлар соҳиби Умар Хайёмдир.

Буюкларнинг буюклиги шундаки, уларнинг номлари ва келажак авлод учун қолдирган мерослари сарҳад билмайди, миллат танламайди бутун инсониятнинг жавоҳир мулкига айланади. Бинобарин, Умар Хайёмнинг ватани Каспий денгизининг шарқи ва жануби-шарқий қирғоқлари билан туташ, шимолдан Ашхобод ва Марв (Мари)га, шарқий томондан Ҳирот ва Балхга чегарадош Хуросон ва унинг бутун жаҳон халқларига маълум, унинг ўтли рубоийлари барча тилда ўзига хос оҳанг билан жаранглаб [1, б. 3]. инсонлар қалбини жумбушга келтириб уларни ҳаракат сари чорлаб келмоқда.

Умар Хайём милодий 1048 йилнинг 18 май куни, ҳижрий шамсий 427 йили урдибиҳишт (Эрон тақвимидаги иккинчи ой) ойининг 28 санасида, Эроннинг Нишопур шаҳрида таваллуд топган. Фиқҳни ўсмирлигида Имом Муваффақ Нишопурийдан ўрганган. Шунингдек, ҳадистафсирфалсафаҳикмат ва нужум (астрономия) илмларини ҳам ўша даврда ўрганган. Отаси хаймадўзлик билан машғул бўлганлиги учун Хайём [2] деб аташар эдилар.

Хайём шоирнинг тахаллуси бўлиб, бу отасининг касби билан нисбатланган бўлиб “чодирдўз” демакдир. Шоирнинг отаси аҳолининг ўрта табақасига мансуб бўлиб, ўзига тўқ бўлган. У ўша пайтда ўғлининг яхши билим олиши учун шароит яратиб берган [6, б. 23].

Ғиёсиддин - Умар Хайёмнинг унвони, зеро у яшаган ўрта асрларда ўз илми-ю буюк салоҳияти билан танилган мутафаккирларга шундай фахрий унвон (яъни, динга қувват) бериш расм эди. Абдулфатҳ Умар унинг ўз номи бўлиб, Иброҳим отасининг исмидир. Нишопур (Найсабури)-мутафаккирнинг туғилган ватани. Хайём деган тахаллусга келсак, бу сўз арабчадан “чодир тикувчи” маъносини англатади. Ривоят қилишларича, Умар Хайёмнинг ота-боболари чодир тикиш иши билан шуғулланган эканлар. Бунга мисол тариқасида қуйидаги рубоийни Умар Хайёмга нисбат берадилар:

Беҳисоб чодирлар тиккан ажойиб

Хайём ғам-андуҳга ботди мункайиб.

Умр риштасию, умид ўзилди,

Чайқовчи қўлида кетди соврилиб [1, б. 3-4].

Умар Хайём туғилган даврда Нишопур ўрта асрнинг катта шаҳарларидан бири бўлган. Кўпгина мамлакатлар билан савдо-сотиқ йўлга қўйилган. Шаҳарда ўз даврига кўра анча кенг миқёсда қурилишлар олиб борилган, чиройли мадраса, мачитлар, миноралар барпо этилган. Умар Хайём Нишопурнинг энг обрўли билим даргоҳларида ўз замонасининг етук олимлари билан бирга таълим олади.

Мутафаккирнинг илмий фаолияти Бухорода шаҳзода Хоқон Шамс Алмулк даргоҳида бошланган. Умар Хайёмни 1074 йилда Маликшоҳ даргоҳида фалакиётшунослик обсерваториясига Исфаҳон шаҳрига тақлиф этишган. Мутафаккир беш йил давомида обсерватория дарбор (олий даргоҳ) олимлари билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқотлари натижасида 1079 йил янги тақвим яратган. 1080 йилда инсон умри ва ҳаёт моҳиятига бағишланган дастлабки фалсафий рисоласини ёзади. 1092 йили Маликшоҳ вафотидан сўнг Умар Хайёмнинг осойишта, барқарор кунлари беқарор даврга ўтади. Маликшоҳнинг хотини Турконхотун ҳукмронлиги даврида илмий фаолият қўллаб-қувватланмади, обсерватория ёпилади. Мамлакат пойтахти Исфаҳондан Марв шаҳрига кўчирилади. Умар Хайём Нишопурга қайтиб мударрислик билан машғул бўлади. У ўзининг илмий тадқиқотларини давом эттириб, “Олтин ва кумушнинг моеъҳода (суюқлик) миқдорини аниқлаш санъати ҳақида” (“Дар бораи санъати муайян кардани миқдори тилло ва нукра дар моеъҳо”) рисоласини ёзади. Умар Хайём ҳаётининг охирги йиллари жуда оғир кечган. Манбаларда келтирилишича, Умар Хайём кексалик даврида Макка ва Мадина шаҳарларига зиёратга боришга мушарраф бўлган. Умрининг охирги йилларини Нишопур шаҳрига яқинроқ бир қишлоқда ўтказади.

Умар Хайёмнинг илмий мероси кўлами кенг бўлиб, қуйида бизгача сақланиб қолган асарлари келтирилган:

1. “Мушкилот ал-ҳисоб”.

2. “Ал-жабрга доир рисола”.

3. “ Рисола фил бароҳин ала масоил ал – жабр вал – муқобала”. (“Ал-жабрга доир масалаларни исботлаш ҳақида рисола”. Бу рисола Парижда, Лейден кутубхонасида, Лондонда ҳинд маҳкамаси кутубхонасида, Римда, Ватикан кутубхонасида, Нью-Йоркда, профессор Д.Ю.Смит ку­тубхонасида сақланади).

4.  “Шарҳ ал-мушкул мин китоб ал-мусиқий”. (“Мусиқа китобидаги мушкул ўринларнинг шарҳи”).

5. “Шарҳи мушкила мин мўходирот китоби Уқлидус”. (“Эвклид китоби муқаддималаридаги мушкилликлар шарҳи”).

6. “Мухтасар фит-табиат”. (“Қисқа физика дарслиги”).

7.  “Мезонул ҳикам”. (“Илми ҳикмат-фалсафа мезонлари”).

8. “Лавозимул амокина”. (“Маконлар ҳақида энг зарур билимлар, географияга оид рисола”).

9. “Борлиқ ва зарурият рисоласи”. (Қоҳира, Нуриддин Мустафо кутубхонасида).

10.  “Ал-жавоб ва саласал масоил”. (“Уч масаланинг жавоби”).

11. “Аз-зиё ал-ақлий фи мавзу ул-илм ал-куллий”. (“Бар­ча ақлий фанларнинг мавзуси ҳақида ёритгич китоб”).

12. “Рисола фил-вужуд”. (Фалсафий рисола. Берлин давлат кутубхонасида, Эрон, Мажлис кутубхонасида).

13.  “Зижи Маликшоҳий”. (Астрономияга доир рисола).

14. “Рисола фи куллиёт ил-вужуд”. (“Борлиқнинг умумийлиги ҳақида рисола”).

15. “Наврўзнома”. (Берлин давлат кутубхонасида, Лон­дон кутубхонасида. Асар ўзбек тилига Урфон Отахон томонидан таржима қилинган) [3, Б. 110-111].

Шу билан бирга турли манбаларда номи тилга олинган асарлари ҳам мавжуд. Жумладан, 

- “Олтин ва кумушнинг моеъҳода миқдорини аниқлаш санъати ҳақида” (“Дар бораи санъати муайян кардани миқдори тилло ва нуқра дар моеъҳо”) рисола;

“Абулфатҳ Умар ибн ал Хайём  рисоласи”; 

“Ҳисобнинг қийин масалалари” асари;

“Абул-Фатҳ Умар ибн Хайёмнинг талқини” асари.

Умар Хайёмнинг фалсафа, борлиққа оид қарашлари кўп жиҳатдан ўзи устоз деб тан олган ибн Сино ҳамда Форобийнинг ғоялари билан уйғун ёки ўзи китобларини шарҳлаган салафларининг қарашлари билан издош сифатида тўлиқ ҳамоҳанг деб бўлмайди. Мутафаккирнинг ўзига хос фалсафаси борлиққа оид қарашларида ўзининг аксини топган.

Умар Хайёмнинг борлиқ ҳақидаги қарашлари ўзига хос ва такрорланмасдир. Унинг ижодига кенгроқ назар ташласак, унда ёрқин фалсафий ёндашувларнинг гувоҳи бўламиз. Умар Хайём материянинг йўқолмаслиги, унинг бир суратдан иккинчи суратга ўтиб юриши, одам ҳам вафот этгач, шу моддий дунёдаги ўлик жисмларга қўшилиб кетиши, бу нуқтаий-назардан тирик ва ўлик табиат орасида кескин чегара йўқлигини эътироф қилади. Объектив дунёнинг киши онгидан ташқарида мавжудлигини, унинг абадий ва азалий эканлигини тасдиқлашда яққол кўриниб туради:

Бизлар бўлмасак ҳам жаҳон бўлғуси,

Бизлардан на ному нишон бўлғуси.            

Аввал-ку йўғ эдик - етмовди халал, 

Яна бўлмасак ҳам ҳамон бўлғуси [4, б. 285].

Яна:

Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,

Айланган фалак ҳам бутун бор эди.

Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,

Бу тупроқ қаро кўз - бир нигор эди [4, Б. 285].

Умар Хайёмнинг бир қатор рубоийларида турли образлар ёрдамида материянинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб юришини аниқ кўрсатиб беради. Унингча, одам ўлгандан кейин тупроққа айланади. Заминда инсон танасининг заррачалари бор. Улар ердан униб чиққан гиёҳлар, экинлар воситаси билан яна одам танасига ўтади ва ҳоказо, материя айланиб юради:

Жонимиз бу танни тарк этиб кетар, 

Икки ғишт гўримиз кўзин беркитар,

Кейин бошқа гўрга ғишт қўймоқ учун

Бизнинг тупроқларни эзиб лой этар [5, б. 9].

Умар Хайём, айниқса, юқоридаги фикрни кўза образи орқали ёрқин ифодалайди. Ғарбда унинг бундай шеърлари “Кўзанома” номи билан машҳур. Шоир буларда одам танаси тупроққа айланиб кетгач, ундан бошқа нарсалар қатори, кўзалар ҳам ясалиши мумкинлигини қайта-қайта таъкидлайди:

Кўза – ю косангни кўтар, эй дилдор,

Кўклам сув бўйи, салқин жойга бор.

Бу чарх кўп сарв қад, ой юзлиларни

Гоҳ, кўза, гоҳ коса қилмиш неча бор [4, б. 90].

Мутафаккир таълимотига назар ташлар эканмиз, унинг умр бўйи моҳиятни излаши, чуқур мулоҳазакорлигига амин бўламиз. Инсон ўлганидан кейин унинг руҳи умумий руҳга, танаси эса чириб тупроққа, умумий кулга қўшилиб кетади. Умар Хайём дунёқарашининг ажиб нуқтаси бу теран фикрларини юксак ифода эта олишда ҳамдир. У бир рубоийда биз босиб юрган ернинг ҳар бир гарди қачонлардир шоҳларнинг боши, ё гадоларнинг қўли, ё гўзалларнинг кўз қорачиғи бўлгандир, деб айтади. Умар Хайём кўкатлар устидан босиб борар ёки йўл устидан ажойиб қасрларга назар ташлар экан, уларда шоҳлар бошини, гадолар қўлини, гўзаллар юзини кўради.

Тупроқни топтайди нодон оёғи, 

Билмаски – бу жонон юзин тупроғи.

Саройлик кунгурасин безаган ҳар ғишт –

Султон калласи, ё вазир бармоғи [6, б. 53].

Умар Хайём кўпроқ илмий ижод билан машғул бўлган, фақат Маликшоҳ талаб қилган пайтлардагина, унинг хизматида бўлган ёки шоҳни турли сафар, овларда кузатиб борган.

Борлиқ ҳақида фалсафий қарашларида Форобий ва ибн Синонинг “вужуди вожиб” ва “вужуди мумкин”ининг ўзаро нисбати ҳақидаги ғояларига мурожаат қилади. 

Умар Хайём “борлиқ ва масъулият, русча таржимада «трактат о Бытии и долженствовании» асарида оламни яратувчиси тангри ҳақида шундай деб ёзади «Аслида барча нарсаларнинг сабаби ҳеч қандай сабабга муҳтож бўлмаган бирламчи сабабга олиб келади. Илоҳий билимларда бундай сабаб фақат мавжуд бўлган нарсаларнинг зарурий сабаби деб ҳисобланади.

“Нега” деган саволни барча нарсаларнинг зарурий сабабига бериб бўлмайди. Умар Хайём фикрича барча мавжуд нарсалар зарурий мавжуддан келиб чиқади, уларнинг пайдо бўлиши эманация назариясига биноан тадрижий ҳолатда зинапоя шаклида содир бўлади. Умар Хайём шундай деб ёзади: “Шундай қилиб оламдаги барча нарсалар яратганнинг саховати ва мурувватидан пайдо бўлади ва биз бу масалада бошқа ҳеч нарса деёлмаймиз, чунки “нега” деган саволни тангрига нисбатан ишлатиб бўлмайди.

Олам Аллоҳнинг меҳру саховати ёрдамида яратилган экан ундаги барча мавжуд бўлган нарсалар бир бирига тенг эмас, бошқача қилиб айтганда Аллоҳ нарсаларни бирин-кетин зинапоя шаклида яратади. Ушбу жойда Умар Хайём борлиқнинг яратилишда борасида эманация назариясини қуйидагича изоҳлайди. “Борлиқдаги мавжуд нарсалар Аллоҳ томонидан бир пайтнинг ўзида яратилмаган, балки улар юқоридан пастга қараб аста секин бир тартибда пайдо бўлади. Биринчи бўлиб соф ақл яратилади, чунки у бирламчи сабабга энг яқин туради, кейин эса бирламчи сабабдан узоқлашиб борар экан мавжудликнинг ўткинчи моддий нарсаларини яратади ва ниҳоят бу моддий фоний оламда Аллоҳга энг яқин бўлган инсонни яратади. Яратиш жараёни узоқ пайтга чўзилади, чунки бу жараёнда хилма-хил, бир-бирига зид бўлган нарсалар яратилади, агар улар бир вақтнинг ўзида яратилганида улардаги зиддиятлар бир-бирини йўқ қилиб юборар эди. Агар тангри нега борлиқда бундай бир-бирига қарама-қарши нарсаларни яратди деган савол туғилса жавоб қуйидагича бўлар эди. Ёвузликнинг ўзи ҳам эзгуликка йўл очиб беради, шунинг учун ундан воз кечиш катта хато бўлади. Аллоҳ барча нарсаларни мукаммал қилиб яратди, лекин улар бир-биридан зарурий мавжудликка яқинлиги жиҳатидан бир-биридан фарқ қиладилар.

Шундай қилиб юқорида келтирилган лавҳадан Умар Хайёмнинг борлиқ ҳақидаги қарашларига неоплатонизм эманацион назарияси хослигини кўришимиз мумкин. Бу назарияга биноан борлиқ зарурий мавжудлик ёки бошқача қилиб айтганда Аллоҳ томонидан босқичма-босқич бир даражадан қуйироқ бир даражага қараб яратилган. Шунинг учун «борлиқдаги барча мавжудотлар ўзининг яратилиши бўйича бир-биридан фарқ қиладилар, лекин уларнинг барчасида яратувчининг меҳри муҳаббати ҳамда саховати туфайли мукаммаллик мавжуд, бу мукаммаллик уларнинг ички моҳиятида яширинган».

Шундай қилиб, Умар Хайёмнинг борлиқ, ақл ва жон ҳақидаги фалсафий қарашлари неоплатонизм фалсафасининг пантеистик руҳиятида бўлиб, тасаввуф таълимотидаги қарашларга ҳам яқин бўлган. Умар Хайёмнинг ўзи “Мавжудликнинг умумийлиги ҳақида («О всеобщности сущого») асарида тасаввуф илмига юқори баҳо беради ва уни Аллоҳ ҳақидаги барча билимлар ичида энг олий деб ҳисоблайди. Бу асарнинг охирги бўлимида у шундай деб ёзади: “Билгинки, Аллоҳнинг борлиғи ҳақида билмоқчи бўлганлар тўрт гуруҳга ажралади. Биринчиси Мутакалимлар, улар Аллоҳнинг ақидавий исботларига асосланадилар, улар шу билан чегараланадилар. Иккинчи гуруҳдагилар эса файласуф ва олимлар бўлиб, улар Аллоҳнинг борлиғини мантиққа асосланган ақлий мушоҳадалар орқали билишга ҳаракат қиладилар. Улар кўпчилик томонидан тан олинган ақидалар билан қаноатланмайди. Лекин уларнинг мантиқий исботлари зиддиятли бўлиб ҳақиқатга олиб бормайди. Учинчи гуруҳдагилар бу исмоилийлар ва толимийлар. Уларнинг фикрича ақлий мушоҳада ва исботлар зиддиятли ва ожиз. Шунинг учун Аллоҳнинг борлиғи ҳақидаги ягона тўғри билим бу пайғамбарлар ва авлиёларга берилган ваҳий шаклидаги билимдир. Тўртинчи гурухдагилар бу суфийлардир. Улар Аллоҳнинг борлиғи ва унинг сифатлари ҳақида ақлий мушоҳадалар ва ақидалар орқали билишга интилмайдилар. Улар нафс ва ҳирс туфайли жонларида пайдо бўлган хираликларни руҳий покланиш ёрдамида йўқотишга ҳаракат қиладилар. Жонлари покланганлигида улар малаклар билан бир даражага кўтариладилар ва уларнинг қалб кўзларига малаклар кўринади. Бу йўл энг яхшиси деб ҳисоблайман, чунки инсон комиллик йўлига турганида Аллоҳнинг мараҳаматидан афзали йўқдир, ваҳоланки Аллоҳ билан инсон ўртасидаги барча тўсиқларни, пардаларни инсон ўзи қўяди. Бу пардалар ва тўсиқлар инсон табиатидаги нафс, ҳирс ва моддий нарсаларга боғланишдан келиб чиқади, агар улар олиб ташланса бутун оламдаги нарсаларнинг яширин моҳияти, улардаги ҳақиқат одам кўзига ойдин ва равшан ҳолатда очилади. Бутун олам соҳиби, марҳаматли Аллоҳ айтганидек, ҳаётингиз давомида Аллоҳ сизга илҳом ва қобилиятлар тайёрлаб қўйди, уларни қалбингиз тубидан топишингиз керак.

Аллоҳ илми, инсон билимидан фарқланади. У ўз зоти, мазмун-моҳиятидан тўла-тўкис хабардор. Унинг билими тадрижий ўзгаришларга муҳтож эмас, чунки бундай билим билмасликдан билишга, ноаниқликдан аниқликка томон йўналмаган, у аслида баркамол, мутлақ илмдир. Шундай экан, инсоннинг Ҳақ тўғрисидаги билими билан Аллоҳнинг ўзи тўғрисидаги илми ўртасида беқиёс фарқ мавжуддир. Лекин шунга қарамасдан, инсон зоти унинг лутфи ва раҳматидан бир умрга умидворликда яшайди.

Умумий хулоса қилиб айтиш мумкин Умар Хайём яшаган даврларда жамиятни амалий билиш ва бошқаришга нисбатан ҳаракатлар мавжуд бўлган. Ҳукмдорлар атрофига фаол кишиларни тўплаб, илмий марказлар тўзишган. Фалсафий муаммоларни ўрганиб, ечим излаш ўзига хос аҳамият касб этган. Бу эса жамиятда маънавий муҳитни юксалтириш, илмни қўллаб-қувватлаш, жамиятни барқарор ҳолатга келтиришга хизмат қилган. Борлиқ ҳақида қарашларида Фаробий ва Ибн Синонинг “вужуди вожиб” ва “вужуди мумкин”нинг ўзаро нисбати ҳақидаги ғояларига мурожаат қилади. Борлиқнинг тадрижий ўзгаришига қадар ривожланиш жараёни руҳдан, ақлдан ашёвий борлиққа қараб, сўнгра эса моддийликдан инсон руҳи, ақлига қараб йўналиб боради. Биринчи борлиқ, биринчи сабаб – Тангри таоло. Унинг асли, зотининг таърифи йўқ. У зоти, моҳияти нуқтаи назаридан зарурий, асл сабабдир. Иккинчи туркумга, яъни, биринчи сабабнинг оқибати билан боғлиқ нарсаларга келсак, улар биринчи сабаб­нинг ҳосиласи бўлиб, фазовий сайёралардир. “Вужуди мумкин”  – яратилган олам ашёлари мустақил борлиқ эмас деган хулосага келиш мумкин.

 

Ж.Ж. Шодиев

БухМТИ - “Ижтимоий фанлар” кафедраси  ўқитувчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Умар Хайём. Наврўзнома. – Т.: Меҳнат, 1990. 

2. Жаъфарий, Муҳаммадтақий. Таҳлили шахсияти Хайём. \\ Кимёи саодат. 17.05.2017. 

3. Умар Хайём Нишопурий. – Шарқнинг буюк мутафаккири: халқаро илмий анжуман материаллари. –  Теҳрон: Ал-Ҳуда, Мовароуннаҳр,  Маҳкам Маҳмуд, Мукаррам Нурматова. Умар Хайём ва унинг даври. Мақоласидан. 2004.

4. Умар Хайём. Рубоийлар. – Т.: Бадий адабиёт, 1971.

5. Умар Хайём. Рубоийлар. Форс тилидан Ш.Шомухамедов таржимаси. – Т.: Узбекистон, 1976.

6. Шомухамедов Ш. Умар Хайём (ҳаёти ва ижоди). – Т.: Узфан, 1962.

 

 

 

 

Izoh qoldirish