20.11.2023

ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙ – ЕТУК ТАСАВВУФ ШАЙХИ ВА ТАРИҚАТ АСОСЧИСИ

Исломдаги тасаввуф таълимоти “таркидунёчилик” кўринишида VII-VIII асрларда ҳозирги Ироқ давлатида пайдо бўлди ва бошқа Шарқ мамлакатларида тарқала бошлади. IX аср давомида тасаввуф назарияси ва амалиёти ривожланди ва бир қанча сўфийлик мактабларига асос солинди. X-XI асрларда сўфийларнинг дастлабки диний уюшмалари, назарий қарашлари ва таълимотлари тўлиқ шаклланди. XI-XII асрларда тасаввуф ижтимоий ҳодиса сифатида мусулмон жамияти, диний ҳаётнинг бир қисмига айланди. Тасаввуфнинг бошқа ижтимоий ғояларга очиқлиги унинг турли йўналишларга бўлиниб кетишига олиб келган, аммо тасаввуф таълимоти жамиятдаги ўзгаришларга қараб, ижтимоий ҳаётга мослашиб борди ва ривожланишда давом этди. Жумладан, Хоразмда Кубравия (XII-XIII аср), Туркистонда Яссавия (XII аср) Бухорода Нақшбандийлик (XIV аср) тариқатлари шаклланди ва ривожланди.   

Тасаввуф таълимотининг яссавийлик тариқатини вужудга келишини фақат моддий омилларга тақаб қўйиш бир ёқламаликдир. Сўфийликнинг вужудга келишини араб-мусулмон халқларининг турмуш тарзида, руҳияти, онги, маданиятидаги чуқур ўзгаришлар ҳамда ижтимоий, моддий муаммоларни диний-тасаввуфий йўл орқали ҳал қилишга интилиш билан изоҳлаш мумкин. Тариқат асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий (исми шарифи Аҳмад ибн Иброҳим ибн Маҳмуд ибн Ифтихор ибн Исҳоқ) мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий даврда яшади. 

Хожа Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти ва фаолияти, таълимоти, тариқати, ҳикматлари, ижтимоий қарашларига доир  маълумотларни “Миръот ул-қулуб”, “Насабнома”, “Рисола дар таржимаи Аҳмад Яссавий”, “Ҳадиқат ул-орифин”, “Жавоҳир ул-аброр”, “Манбаъ ул-абҳор”, “Жомиъ ул-муршидин”, “Ҳужжат ул-аброр”, “Ламаҳот мин нафаҳот ил-қудс”, “Самарат ул-машойих” каби тарихий асарлар ва маноқибларда кўришимиз мумкин. Шундай экан, Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда маноқибларга танқидий ёндашиб, асосан тарихий манбаларга суяниш зарурдир. 

Хожа Аҳмад Яссавий 1097 йилда Туркистоннинг Сирдарё ерларига тобе Чимкент яқинидаги, Сайрамда таваллуд топган. Отаси Иброҳим ибн Маҳмуд ибн Ифхтихор аждодлари пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима авлодидан шайх Исҳоқ бобога туташгандир. Аҳмад Яссавийнинг онаси Қорасоч ойим халқ орасида ҳурматли аёл бўлган. Ориф Усмон “...Хожа Аҳмад Яссавийнинг аниқ илмий таржимаи ҳоли шу пайтгача Шарқ тасаввуфи шеърияти мухлислари олдида маълум бўлмай келаётганлигини таассуф билан қайд этишган” [9, б. 6]. Лекин Яссавий “Ҳикматлар”ининг ўзи мутасаввуф ҳаёти ва таржимаи ҳолини ўрганишда асосий манба бўла олади [1, б. 51.]. 

Хожа Аҳмад Яссавий дастлабки таълимни Яссида олади,  сўнгра бобоси Арслонбоб хоҳиши билан Бухорога келди ва 1124-1158 йиллар оралиғида Хожа Юсуф Ҳамадонийдан таълим олди. Жуда кўплаб олим ва тадқиқотчилр Хожа Аҳмад Яссавий Туркистонга қайтганлигини шунчаки қайд этиб ўтганлар, лекин “қайтиш” сабабини аниқламаганлар. Бизнинг фикримизча, Хожа Аҳмад Яссавийнинг Бухорони тарк этиб, Туркистонга кетиши сабаби ўз таълимотини мазмун-моҳияти кўчманчи чорвадорларга мўлжалланганлиги, шунингдек, бутпарастлигича қолиб келаётган туркий қорлуқларни исломга киритиш тарафдори бўлган. Олим Х.Неъматовнинг “Аҳмад Яссавий ҳаётига оид баъзи саналар” сарлавҳали мақоласи Яссавий 1097 милодий йилда туғилиб тахминан, олтмиш ёшларда Туркистонга қайтган, хилватда олти йил яшаб, 1166 йилда яъни 69 ёшида вафот этганлинини [7, б. 6] тадқиқотларида қайд этган. Профессор В.Зоҳидов сўфийлик бир қанча тариқатларга  бўлинишини уқтириб, уларни бу дунёга, табиатга, ҳаётга, ислом динига муносабати табиатга қараб яссавийликни эклектик (грекча. – танлайман ҳар хил қараш, назарияларни аралаштириб юбориш) оқимининг кўзга кўринарли вакилидир, деб таъкидлайди [4, б. 320-331.]. 

Хожа Аҳмад Яссавий яшаган даврда туркий халқларнинг бир қисми ҳали исломни қабул қилмаган, кўчманчилик ҳолатида яшар эди. Айрим халқлар эса ислом динини қабул қилгани билан ҳали улар онгида ислом ақидалари мустаҳкам ўрин олмаган эди. Шунинг учун Яссавий тариқати бир йўла ҳам тасаввуф, ҳам ислом динини тарғиботи тарзида майдонга келди. Англиялик олима Ж.С.Тримингэм худди шу ҳолатни назарда тутиб: “Яссавийлик таълимоти бир қанча  диний, ижтимоий ва маданий тармоқларга эга. Яссавий туркий қабилаларни мусулмонлашувида,  улар орасида исломни тарғиб этишда муҳим ўрин тутади” [8, б. 156] деб таъкидлаган эди. 

Демак, Аҳмад Яссавий ўз тариқати тамойилларини яратишда аввало “аҳолининг руҳий-маънавий даражаси, диний-маърифий тайёргарлиги”ни назарда тутган [8, б. 156], сўнгра кўчманчи чорвадор табақаларининг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган. Таъкидлаш керакки, Аҳмад Яссавий тариқатининг “туркий забонда ифодалагани”, унинг халқ руҳий-маънавий, диний-маърифий даражасига мувофиқ келиши яссавийликни кўчманчи туркий чорвадорлар орасида  тез тарқалишини таъминлади. 

Яссавийлик таълимотининг кенг тарқалишига сабаб бўлган омиллардан яна биттаси, унинг исломгача бўлган халқ расм-русумларига, турмуш тарзига асосланганидадир. Мисол учун, таркидунёчиликнинг бир кўриниши “узлатга” чекиниш Туркистон ҳудудида исломдан динидан илгариги будда, насроний диний урф-одатларида билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик лозим [5, б. 68.]. Албатта, Яссавий ҳам  ўз қавмларига тегишли тариқатни бирданига топган ёки яратган эмас, бу борада у устозларидан мадад олганлиги, мунтазам равишда  ислом каломи, ҳадисшунослик, тасаввуф илми билан машҳур бўлганлиги манбаларда кўп бор қайд этилади. 

Демак, Яссавия тариқати ҳам ислом ва тасаввуф асосланган тариқатдир. Тарихчи олимлар таъкидлашича, Қуръони карим ва ҳадисларидан кейин Аҳмад Яссавий ҳикматлари энг кўп шуҳрат топган эди.

 Ўрта асрларда яратилган кўплаб манбаларда Хожа Аҳмад Яссавий ҳаёти ва фаолияти, тариқати,  кейинги даврдаги муридлари, издошлари, давомчилари  ҳақидаги   маълумотларни  учратишимиз мумкин. Жумладан, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат ва машойим ул-футувват” номли асарида яссавийлик тариқати  давомчиларидан ўнлаб пиру муршидлар ҳақида  маълумотлар берилган. Жумладан, Қутбиддин Ҳайдар, Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний, Исмоил ота, Исҳоқ ота, Садр оталар ҳақида маълумот бериб [6, б. 15-154.], ул кишиларни Аҳмад Яссавий муриди ва тариқатининг йирик вакилларидан бири эканлигини таъкидлайди. Сулаймон Боқирғоний таърифича, Хожа Аҳмад Яссавий  “машойихлар улуғи, икки жаҳон кўзгуси” бўлмиш пири комилдир [3, б. 14]. Яссавия тариқати талаблари шайх учун ҳам, ҳукмдор учун ҳам, оддий солиқ учун ҳам бир хил эди. 

Мустақиллик йилларида А.Бозоров, Т.Қораев каби тадқиқотчилар Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг бошқа халифалари тўғрисида илмий тадқиқот ишларини олиб боришган [2, б. 13-14]. Тадқиқотчи О.Усмонов таъкидлашича, Яссавия тариқатига эътиқод қўйган, унинг қоидаларини  тарғиб қилган издошлари  Узун Ҳасан ота, Саид ота, Садир ота ва Бадир оталар барчаси Занги отанинг шогирдларидир [9, б. 6]. Тошкент ва Чимкент вилоятларида   Хожа Аҳмад Яссавийнинг халифа ва шогирдлари бўлмиш Сайид ота, Сузук ота, Занги ота, Иброҳим ота каби кўплаб оталар яшаб, халқимизни хақ йўлига, поклик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, меҳр-шафқат, диёнат ва иймон каби умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия  қилганлар. Дарҳақиқат, Аҳмад Яссавий ислом оламидаги кўплаб мутасаввифларнинг пири ва шайхи ҳисобланади. Тадқиқотчи О.Усмонов Мовароуннаҳрда XIV-XV асрлардан сўнг пайдо бўлган  “бектошия” ва яна бир неча кичик тариқатларни ҳам “яссавия ” дан тарқалган, деб ҳисоблайди, аммо бу назарияни янги манбалар асосида исботлаш  талаб этилади. 

Хулоса, Яссавийлик тариқатининг ўз даврига нисбатан кенг ёйилишига сабаб, фикримизча, жамиятнинг барча табақаларига мос ижтимоий тариқат эди. Жумладан чорвадорлар, ҳунармандлар, деҳқонларнинг орзу-истаклари, манфаатини ўзида акс эттириши, бундан ташқари, тариқатнинг гуманистик, ахлоқий, тарбиявий ғояларга бойлиги эди.

 

Шавкат Абдирасулович Хамзаев

 Самарқанд давлат чет тиллар институти

Фалсафа тарихи бўйича таянч докторанти.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991. 
  2. Бозоров А, Қораев Т. Яссавий ихлоси// Шарқ юлдузи, 1991. 1-сон. 
  3. Боқирий С. Боқирғон китоби. – Т.: Ёзувчи, 1991. 
  4. Зоҳидий А. Туркистонда ўрта аср араб-мусулмон маданияти. – Т.: ГФНТИ, 1994.
  5. Зоҳидов В. Улуғ шоир ижодининг қалби. – Т., 1970.
  6. Навоий А. Насоимул муҳаббат. – Т.: Бадиий адабиёт,1968.
  7. Неъматов Х. Аҳмад Яссавий ҳаётига оид баъзи саналар//Ўзбек тили ва адабиёти, 1992, 2 сон. 
  8. Тримингэм. Ж.С. Суфийские ордена в исламе. – М.: Наука, 1989.
  9. Усмон Ориф. Ваҳдат шарбатин ичдим (Яссавий тариқати)// Мулоқот журнали, 1991. 6-сон. 

 

 

 

 

 

 

 

Izoh qoldirish