АЖДОДЛАР МЕРОСИ ЭЗГУЛИККА ЧОРЛАЙДИ
Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар бой тарихимизни тиклаш, асраб- авайлаш, маънавий ва маданий меросни ўрганиш, алломалар қолдирган бебаҳо ижод намуналарини асл қўлёзма манбалар асосида тадқиқ этиш, жамоатчиликка етказиш имконини бермоқда. Айниқса, бугун юртимизда фаолият юритаётган халқаро даражадаги илмий-тадқиқот марказларининг жамият маънавий ҳаётини ислоҳ қилишга, маърифий соҳани янада ривожлантиришга ва халқ тафаккур оламини кенгайтиришга қаратилган илмий-амалий ишлари мазкур йўналишдаги муҳим уринишлардир.
Диний-маърифий йўналишдаги илмий-тадқиқот марказлари жамият ва давлат маънавий ривожи йўлида муҳим илмий фаолият сифатида янгидан-янги изланишлар, янгича дунёқараш, умуминсоний ғоялар билан улкан тамаддуний мақсадларни ҳамда “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғоясини амалга оширишда маърифий асос вазифасини ўтайди. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази янги Ўзбекистонни Учинчи Ренессанс босқичига олиб чиқишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Мазкур марказларда буюк муҳаддис, фақиҳ, калом, мутасаввиф олимлари мероси ўрганилиши, тадқиқ этилишига дунё илм аҳли катта қизиқиш билдираётир. Жумладан, Ал-Азҳар университети профессори Шайх Маҳмуд Абдураҳмоннинг: “Термизлик уламолар бизга юксак илмий мерос қолдирган. Бу диёр олимлари қолдирган илмий меросдан бутун дунё ҳозиргача баҳраманд бўлиб келмоқда. Бу борада бугунги Ўзбекистон барчамизга ўрнак бўлган ҳолда, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари орқали етакчилик қилмоқда”, деган эътирофи бизга ифтихор туйғусини беради. Дарҳақиқат, илмий-тадқиқот марказларининг фаолияти муҳим маънавий-маърифий таянч нуқта вазифасини ўтайди. Жорий йил 16 ноябрь куни Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига, хусусан, Ҳаким Термизий мақбарасига ташрифи чоғида термизий алломалар илмий меросини чуқур ўрганиш, улардан кенг халқ оммасини хабардор қилиш орқали жамиятдаги соғлом маънавий муҳитни янада мустаҳкамалаш бўйича топшириқлар берилди. Ҳақиқатан, юртимиз алломалари асарларида илгари сурилган инсонпарварлик, тинчликсеварлик, бағрикенгликка йўғрилган илғор ғояларни тарғиб этиш, кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса, ёш авлод онгу шуурига сингдириш, уларни муносиб етук авлод руҳида тарбиялаш бугунги глобаллашув даврида ҳар қачонгидан долзарб саналади. Дунёда бўлаётган нотинчликларни тўғри баҳолаган ҳолда, соғлом мафкурани шакллантириш, фуқароларни бузғунчи тоифалар таъсиридан асраш, уларга алломаларимиз асарлари, ўгитларини етказиш ҳар жиҳатдан муҳимдир. Термиздан кўплаб алломалар етишиб чиққан. Хусусан, тафсир, ҳадис, ақида ва адабиёт соҳасига оид мактабларда Ҳаким Термизий, Абу Жаъфар Муҳаммад Термизий, Имом Абу Исо Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий каби термизий нисбаси билан 100 дан ортиқ аллома ижод қилган. Улар томонидан ҳар бир давр учун аҳамиятли ва долзарб бўлган илғор ғоялар илгари сурилган. Масалан, IX асрда Имом Термизий “Сунани Термизий” асари орқали Термиз ҳадис мактабини дунёга танитган бўлса, XII асрда Мажидуддин Жаъфар ибн Али Мусавий астрономик тадқиқотлар учун Мовароуннаҳрдаги илк расадхоналардан бирига асос солган. XIV-XVI асрларда Мушкинқалам Термизий, Кашфий Термизий ва Мир Мусаввир Термизий каби ижодкорлар Хуросон ҳамда Ҳиндистонда адабиёт ва рассомлик санъати мактабларини яратган. Алломаларимизнинг ёт ғоя ва ақидаларга қарши фикрлари ҳам ҳар бир давр учун аҳамиятлидир. Чунончи, IX-X асрларда жаҳолат, турли бузуқ ақида ва қарашларнинг жамият маънавий ҳаётига салбий таъсири кучайган бир даврда Ҳаким Термизий ўз асарлари орқали хорижийлик, жаҳмийлик, рофизийлик каби мутаассиб ва радикал оқимларга қарши кескин раддиялар берган. XVII-XVIII асрларда Сўфи Оллоёр адашган гуруҳларга қарши халқчил раддияларини илгари сурган. Ушбу жиҳатлар Термизда дунё илмий жамоатчилигини жалб қилган ҳолда халқаро илмий конференция ўтказиш таклифининг нақадар ўринли ва долзарб эканини кўрсатади. Албатта, термизий алломаларнинг илғор ғоялари бугунги замон кишисини ҳушёрликка чорлайди. Чунки жаҳолат кучайган, саводсизлик авж олган, маърифатдан мосуволик бўлган жойда адашишлар, ёт ғоялар таъсирига берилишлар юзага келади. Бунинг учун ягона маърифий қурол алломалар меросини чуқур ўрганишдир. Шундагина ёш авлод онгу шуурини бугунги таҳликали замонда авж олган ёт ғоялардан асраган ва ҳимоялаган бўламиз. Умуман олганда, глобал хавф-хатарлар чуқур илдиз отиб бораётган бир даврда миллий ўзликни англаш, аждодлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва уни халққа етказиш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Ёшларимиз илмий марказлар томонидан чоп этилаётган бой маънавий асарлардан хабардор бўлиб бориши ғоят муҳим. Чунончи, улар аждодларимизнинг илмий салоҳиятига муносиб баҳо бера олишлари баробарида, бизгача етиб келган ноёб мерос — асарларнинг мазмун-моҳиятини ҳам чуқур англаши, идрок этиши керак. Бунинг учун нодир асарларда баён этилган чин умуминсонийлик ғояларини содда ва халқчил тарзда ёш авлодга етказиш лозим. Зеро, аждодларимиз мероси асрлар давомида маърифат, тинчлик ва бунёдкорликка чорлаб, эзгулик чақириғи сифатида хизмат қилиб келган. Уларни илмий асосда изчил ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган халқаро даражадаги илмий анжуманлар ташкил қилиниши эса қадим юртимизнинг азалий илмий-амалий, маърифий қудратини намоён этиб, ўз навбатида, термизий алломалар меросини дунё илмий жамоатчилигига яқинроқ танитиш имконини беради.
Музаффархон ЖОНИЕВ - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори в.в.б., тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Izoh qoldirish