ЁШ АВЛОДНИ БАҒРИКЕНГЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШДА ИСЛОМ МАНБАЛАРИНИНГ ЎРНИ
Ислом фалсафасида инсонларнинг бир-бирига бўлган муносабатларида меҳр-оқибатли бўлиш, фақир-мискинларга ёрдам бериш, бағрикенглик кўрсатиш, шахс ва жамиятнинг ўзаро илиқ, ҳурматга сазовор муносабатларда бўлишига чорлайдиган маънавий-ахлоқий фикрлар кенг ўрин олган. Улардан бирида шундай дейилади: “Бир-бирингизни орангизни бузманг, бир-бирингизни орқангиздан айб қидирманг, бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг” [1, б. 22]. Бундай миллий, ахлоқий фазилатлар ва исломий қадриятлар асрлар давомида халқимиз қалбидан ўрин олиб, улар маънавиятининг шаклланишига хизмат қилган. Бу фазилатларнинг, айниқса, ҳозирги ҳуқуқий демократик ва фуқаролик жамиятини қуришда муҳим аҳамият касб этади.
Қуръони карим Раҳмон сурасининг 60-оятида: “Эҳсон – яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшиликдир” дейилади. Бу оятнинг мазмуни шундаки, ҳаёти-дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтган кишининг охиратдаги мукофоти жаннатдир. Эҳсон калимасининг луғавий маъноси – чиройли амал қилмоқликдир. Пайғамбар алайҳиссаломдан “Эҳсон нимадир?” деб сўралганида, у киши шундай жавоб қилган эканлар: “Эҳсон – Оллоҳ таолога гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Зотан, сен У зотни кўрмасанг-да, У зот, шак-шубҳасиз, сени кўриб тургувчидир”.
Мулк сурасининг 13-16 оятларидан шундай фикр келтирилади: “Жаннатга етишмоқ йўли, яъни машаққатли йўл – қул бўйнини қуллик исканжасидан бўшатмоқлик ёки очлик кунида қариндош етимга ёхуд хору зор мискинга таом бермоқликдур”.Инсон бахт учун туғилар экан, унга ҳеч қачон паст назар билан қараш, унинг ҳуқуқларини поймол қилиш, мазлум сифатида кўриш гуноҳ ҳисобланади.
Исломий манбалардан ҳисобланган ҳадиси шарифларда ҳам энг юксак инсоний фазилат сифатида фақир мискинларга ёрдам кўрсатиш бағрикенглик тимсоли эканлиги ва бундай инсон боқий дунёда мукофотга сазовор бўлиши хусусида фикрлар келтирилган. Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда Термизий ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган.
Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. “Ал-жомиъ” (“Жамловчи”), “Аш-шамоил ан-набавия” (“Пайғамбарга хос сийрат ва фазилатлар”), “Ал-илал фил-ҳадис” (“Ҳадисларни нақл қилишдаги нуқсонлар”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Ат-тарих” (“Тарих”), “Китоб аз-зуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб ул-асмо вал-куна” (“Исмлар ва унвонлар ҳақида китоб”) каби асарлар шулар жумласига киради.
Аллома Ҳаким Термизий «Манозил ул-ибод мин ал-ибода» асарида юксак инсоний фазилатларни қуйидагича изоҳлайди: «Улуғ ва буюк Аллоҳнинг қудратига тенг келадиган куч ва қувват йўк» [3, б. 12]. Инсонга берилган барча имтиёзлар Аллоҳ туфайли экан, инсонга қилинган «ҳидоят (раҳнамолик), тавфиқ (мадад), қўрқув ва қувват — барчаси улуғ Аллоҳдандир». Демак, Аллоҳ ўз бандасининг бахти учун барча нарсага тайёр, Аллоҳ ўз бандасига тўғри йўлни ҳидоят қилади. Ана шу зайлда Аллоҳ ўз бандасига тавфиқ кўрсатади, уни куч-қувват билан таъминлайди, шунингдек уни қўрқув (Худони доимо ёд)да тутади. Аммо қўрқув ихтиёрий, банда кўпинча қўрқув (Худо)ни унутиб қўяди, бу эса, уни адаштиради. Адашув нимада намоён бўлади, Аллоҳ бандаси аксар ҳолатда бойликка ҳирс қўяди, бойликка маҳлиёлик эса, бандани тубанликка етаклайди. Буларнинг бари нафсга бориб тақалади Муҳаддис Термизий бундай ҳолатни қуйидагича тавсифлайди: «Нафс эса Аллоҳга зид… Чунки нафс Аллоҳнинг душманидир» [2, б. 12].
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонни улуғлаш, унга бағрикенглик қилиш, меҳр тафтини дариғ тутмаслик, қулликда бўлган инсонни озод қилиш, умуман олганда, ёмонлик қилишдан тийиш тўғрисида шундай фикр билдиралади: “Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Набий соллалоҳу алайҳи вассаламдан.... “Қул озод қилолмасам-чи?” – деб сўрадим. Жаноб Расулуллоҳ: “Бирор иш қилаётган одамга ёрдамлаш ёки бирор нотавоннинг ишини қилиб бер!” – дедилар [3, б. 33]. Мен: “Бу ҳам қўлимдан келмаса-чи?” – дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Одамларга ёмонлик қилишдан ўзингни тий, бу бирлан ўзингга савоб орттирурсан”! – дедилар” [4, б. 24].
Таъкидлаш жоизки, инсонпарварлик деганда, инсонни эъзозлаш, ҳурмат қилиш, ундаги ижтимоий-ахлоқий хислатларни камолга етказиш, унинг моддий ва маънавий фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш ва қўллаб-қувватлашни тасаввур қиламиз. Инсонпарварлик, энг аввало, инсоннинг бахт-саодати, эзгулик, меҳр-мурувват, хайр-эҳсон, яхшилик, раҳмдиллик, муҳтож ва ғарибларга ёрдам, сабр-қаноат, камтарлик, тўғрисўзлик, ширинсуханлик, сахийлик, нафсни тийиш ва бошқа хулқ-одоб қоидалари билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, баркамол авлод тарбиясида ислом фалсафасининг роли беқиёс. Буюк муҳаддис олимлар имом Бухорий ва Термизийларнинг инсонийлик фазилатлари хусусидаги фикрларини, тўплаган ҳадисларини ёш авлодга ўргатиш ҳозирги таълим тарбия жараёнида жуда катта аҳамиятга эгадир.
Нозимжон Қосимович Холмуродов
Бухоро давлат тиббиёт институти
Ижтимоий фанлар кафедраси мустақил тадқиқотчиси
Фойдаланилган адабиётлар:
- А. Мансуров, У. Жўраев, М. Лафасов. Ҳадис илми сабоқлари. – Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1999. 22-б.
- Ҳаким Термизий Ал-жомиъ (“Жамловчи”). — Т., 2003. 12-б
- Ҳаким Термизий Манозил ул-ибод мин ал-ибода. — Т., 2000. 33-б.
- Қуръони Карим маъноларининг таржимаси. “Ал-Исро” сураси. – Т.: ТИУ, 2001. – 288 б.
Izoh qoldirish