26.12.2023

АБДУХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ ТАЪЛИМОТИНИНГ ЗАМОНАВИЙ ИЛМИЙ ВА ИННОВАЦИОН ЁНДАШУВЛАРДА ТУТГАН ЎРНИ

Бугунги таълимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг инсонийлиги ва инсонпарварлигидадир. Tаълим жараёнининг инсонга йўналтирилганлиги, бу жараёнда таълим ола-ётган ҳар бир ўқувчининг интеллектуал ва жисмоний имониятлари, руҳий ҳолати ҳамда ҳар томонлама ривожланишининг ҳисобга олиниши бу тамойилнинг асосидир. Хoжа Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотида ёшларга энг биринчи вазифа сифатида илм олиш лозимлиги таъкидланади. Зеро, киши илм билан ўз олдига қўйган барча эзгу мақсадларига эришади. Қуръони Каримда илмли билан илмсиз ҳеч вақт баробар бўла олмаслиги таъкидланган. Каломи шариф оятлари “ўқи” деган хитоб билан бошланади ва бошқа оятларида ҳам илм олиш ва ўрганишга даъват қилинади. Ҳадис китобларида мусулмон шахс учун илмнинг беқиёс зарурлиги баён этилган ҳикматлар беҳисоб: “Бешикдан то қабргача илм ўрган”, –  деб, илм ҳар нарсадан юқори эканлиги, ҳеч нарса ундан юқори бўла олмаслиги таъкидланган. 

Хoжа Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотида тарғиб этиладиган юқорида тилга олинган барча умуминсоний, ахлоқий қадриятлар ушбу муқаддас “Ҳақ Таолонинг ҳужжати” билан асослаб қўйилган. Ғиждувоний Қуръони Каримни “қўрқув ва йиғи билан ўқиш”ни таъкидлайди. Бундай дейилишига сабаб шуки, бутун ҳаёти давомида яхши амалларни амалга ошириб, қисқа ғанимат умрнинг қадрига етиб, уни Яратганни эсдан чиқармасдан, бу ёруғ дунё унинг марҳамати туфайли эканлигини, нотўғри амаллари билан унинг қаҳрига дучор бўлишдан қўрқиб яшаган киши яхши ҳаёт кечиради. Ундан жамиятга зарар бўлмайди. Ғиждувоний буюрдиларки: “Ҳаёти вақтида уни яратгандан қўрқиб яшаган кишида охиратда азоб бўлмайди”1. Шунинг учун доим андишали бўлиб, фикр билан ҳамма ишни қилиш керак. 

“Илм қидиришдан бир қадам ҳам узоқлашма, ҳадис илмини ўрган” – дейди мўътабар Хожаи Жаҳон. Ҳақиқатдан ҳам илм ва ҳаёт тажрибаси билан шуғулланмаслик, узоқлашиш ҳаётда яшашда ноқулайлик, нохушлик, қийинчиликларни келтириб чиқаради. 

Тасаввуф аҳли дунёвий ва шариат илмларини “зоҳирий илмлар” деб атаганлар. Маърифат “ботиний илм” деб юритилган. Тасаввуф аҳли зоҳирий билимни Тангрини танишнинг биринчи босқичи, дейдилар. Аллоҳни таниш дунёни танишдан бошланиши керак. Чунки дунё-Тангрининг ижоди, унинг сифатлари, қудратини намоён этиб турадиган кўзгу. Хожаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувонийдан: “Маърифатнинг камоли нимада?” – деб сўраганларида, у киши қуйидагича жавоб беради: “Худованд сенга кўз берди кўриш қувватини ато этди. У тил берди ва ширин сўзлашиш қудратини ато этди. Улардан тўғри фойдаланиш саодатга элтишга сабаб бўлади, уларни нотўғри гуноҳ йўлида ишлатиш эса, шақоват, яъни бахтсизликни келтириб чиқаради. Маърифатнинг камоли улдурки, шу сабабларни ёмонлик йўлида ишлатмасин. Шу юқоридаги латоифларнинг тўғри, Ҳақ йўлида ишлаши инсонда комил маърифат борлигидан дарак беради. Маърифатнинг чегараси нафсни бошқариш ва бунинг тадбири ҳалол нарсалардангина баҳраманд  бўлмоқни одат қилмоқдур”2, – дейди ҳазрат. 

Шайхул Акбар Ибн ал-Арабий инсон билимларини учга бўлган: биринчиси: ақлий, ҳиссий билимлар: иккинчиси: ҳол илми. Учинчиси: сирру асрор илми. Биринчи илм зоҳирий фанлар билан шуғулланадиган кишилар илми бўлса, иккинчи илм-ҳол  мартабасига кўтарилган сўфийлар илми ҳисобланади. Учинчи илм авлиёлар илми. Бу илм муқаддас руҳлар орқали келади, шуъла-нур кўринишида қалбга киради. 

Шунинг учун доимо андишали бўлиб, ҳамма ишни фикр билан қилиш керак. Шунингдек, Хoжа Абдухолиқ Ғиждувоний биродарликка қабул қилинаётган кишига қўйиладиган бешта талаб, хислатнинг иккинчиси-илмни дунё ишларидан юқори қўядиган бўлиши керак. Ўз илмини бойитиб боришга ҳамиша вақтни топиши керак. Ҳaр бир қиладиган ишнинг илмини билиши лозим. Инсоннинг камолга етишида илм асосий омил эканлигини таъкидлаб, Ғиждувоний илм ва маърифатнинг қадрини доимо баланд тутишни таъкидлаган. 

Шунинг учун Абдухолиқ Ғиждувоний ҳам диннинг тарaққиётида фаннинг ролини билган ва ботиннинг камол топишида зоҳирий илмлари илми қолнинг ўрнини муҳим деган. 

Ғиждувоний ўгитларига амал қилиб, таълимотларини давом эттирган мўътабар сўфий Ориф ар Ревгарий ўзининг “Орифнома” асарида: “Ориф эмас ул кишиким, илм ва маърифатни пулдор, дунёпараст ва бадавлат одамлар олдига “дастурхон”, бозор, балки хор  айлагай!”4, – деб илмнинг қадрини пастга урувчилардан норози бўлади. Абдухолиқ Ғиждувоний илмни бағоят теран ва ҳар томонлама ўрганишга даъват қилади, илм амалга ҳаётий. Ҳар қандай амални қалбдан, ихлос билан адо этиш кераклигини қуйидаги ўгитларларида таъкидлайди: “Ислом асоси уч нарсададур: биринчиси; ҳар тоате ибодатким айларсиз-анинг илмидан воқиф бўлинг! Иккинчиси; ҳар илмники ўрганибсиз, унга амал қилинг!, учинчиси, ҳар амалники этгайсиз сидқу ихлос билан этинг!” 5. Шу учта жумланинг ўзида олам-олам маъно мужассам. Дарҳақиқат, ҳозирда қилаётган тоат-ибодатининг маъносига бормайдиган, унинг илмидан бехабар кишилар анчадир. Илмдан хабарсиз кишининг унга амал қилиши ҳам, ихлоси ҳам шунга ярашадир. Беш вақт намозни канда қилмай ўқийдийган, аммо бутун ҳаёти давомида яхши амалларни бажармайдиган кишилар бор. Абдухолиқ Ғиждувоний дейдики: “Эй фарзанд, илм ўрган, унга амал эт. Тақволи бўл!”. Бу ҳикмат пайғамбар алайҳиссаломнинг насиҳатлари, илмнинг имон билан бир-бирига жуда яқинлиги, улар  бир-бирисиз дуруст эмаслигига бағишлаб битилган ҳадислари ҳосиласидир. 

Яхши хулқ-атворлилик бу-ҳақиқий инсонийлик, олийжаноб, меҳрибон, камтарин, саҳий, ватанпарвар, ҳалол, меҳнатсевар, ор-номусли, дўст, мард ва бошқа фазилатларга эга бўлиш демакдир. Бундай инсон табиийки жамиятга фақатгина наф келтиради, унга зарар етказмайди, оғирини енгил қилади. Худди мана шу жамиятга хизмат этиш, ўша муқаддас вазифа Аллоҳга яқинлашишнинг муҳим йўли эканлигини Хўжаи Жаҳон доимо таъкидлайди.

Демак, дунёга тўла қизиқиб, нафсга берилса, унга етади, лекин “охиратдан”, яъни адабийликдан маҳрум бўлади, агарда бу дунёда ҳалол яшаб, охиратни ўйлаб, ҳар бир ишнинг оқибатини ўйлаб, яхши амаллар содир этиб яшаса, охиратга, яъни абадийликка эришади. Шу ўринда Хoжаи Жаҳон “Маслак ал-орифин” асарида шундай назм келтиради: 

“Эй, дар ин хокдони зулмони” 

Номи  кас карда аз мусулмони .

Таржимаси: 

Эй, зулматли тупроқда турган банда 

Инсонлик номинг мусулмонлигинг биландир. 

Яъни “хокдон”и жисм, тупроқдан ясалган киши, “зулмони” зулмот шундаки, қачонки сен шу тупроқдан ясалган жисминг билан қониқсанг, бу зулматда, қоронғиликда туриш билан баробар. Инсоннинг асли бўлган руҳ асли томон интилади, яъни мусулмон бўлади-ўзининг яратувчисига итоатда бўлади. 

Хулоса қилиб айтганда, одамлар дилига эзгулик ва покликни сингдириш ташкил этган диний қадриятларнинг одамларни тарбиялашдаги қанчалик буюк аҳамиятини англаб Ғиждувоний ўзининг тасаввуфий-ирфоний таълимотида диний қадриятларга катта эътибор берган. 

 

Б.Б.Деҳқонов,

Бухоро давлат университети докторанти

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абдухолиқ Ғиждувоний. Максад ас-соликин. 
  2.  Абдухолиқ Ғиждувоний. Маслак ал-орифин. 
  3.  Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий. Орифнома. – Тошкент: Наврўз, 1994.


 

1 Абдухолиқ Ғиждувоний. Максад ас-соликин. – Б. 11. 

2 Абдухолиқ Ғиждувоний. Маслак ал орифин. – B. 18а.

4 Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий. Орифнома. – Тошкент: Наврўз, 1994.

Izoh qoldirish