МУНЖИК ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИЙ ФАОЛИЯТИ
Мунжик Термизий X аср Шарқ шеъриятининг форс тилида ижод қилган маҳоратли намоянларидан бири ҳисобланади. Тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Мунжик Термизий. Унинг асл исми Али, отасининг исми Муҳаммад, куняси эса Абулҳасандир.
Мунжик шоирнинг тахаллуси бўлиб, шоирнинг ушбу тахаллус билан номланиши борасида бир қанча фикрлар мавжуд. Жумладан, баъзи тадқиқотчилар шоирнинг тахаллуси у туғилиб ўсган жойга нисбат қилиб олинганлигини таъкидлайдилар. Бир қанча тарихий манбалар ҳам Термиз атрофида шу номдаги жой мавжуд бўлганлигини тасдиқлайди. Жумладан, Шоҳ Ҳусайн Сеистонийнинг “Тарихи иҳё ул-мулук” асарида Термизнинг шарқий қисмида “Мунжик” деб номланган қишлоқ мавжуд бўлганлиги таъкидланади. Аммо шоирнинг Мунжик тахаллуси форс тилидаги “مٌنْج” (“мунж”), яъни асалари сўзидан олинганлиги ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Жумладан, аллома Алиакбар Деҳхудонинг “Луғатнома”сида “منجیک” (“Мунжик”) сўзи асалари деган маънони билдириши келтирилган[1]. Зеро, Мунжик шеъриятининг нафислиги ва ширинлиги ҳам ушбу фикрни асослашга хизмат қилади. Мунжик бир қанча шеърларида ҳам ўзини ва шеърларини мос равишда асалари ва асал билан қиёслайди. Эронлик машҳур тадқиқотчилардан бири Сафо Забеҳуллоҳ ўзининг “Тарихи адабиёт дар Эрон” (“Эрон адабиёти тарихи”) номли асарида шоир тахаллусини “مَنجیک” (“Манжик”) тарзида келтирадики, ушбу атама сеҳргарлик билан шуғулланувчиларга нисбатан ишлатилувчи тушунча сифатида қайд этилган.
Шоир ўзининг “Мунжик” тахаллусини қуйидагича изоҳлайди:
Ҳарчанд ҳақирам, суҳанам олий ва ширин,
Оре асал ширин наояд магар аз мунж.
Мазмуни:
Гарчи ҳақир бўлсамда, сўзим ширин ва олий,
Зеро, ширин асал фақатгина асаларидан олинади.
Дарҳақиқат, Мунжик шеъриятига назар ташлайдиган бўлсак, уларда асалари нишлари каби ўткир сатира билан бирга, асалдек ширин ва ёқимли маъно-мазмун яширинганлигини кўрамиз.
Шоирнинг бизга қадар етиб келган бошқа шеърларида ҳам унинг тахаллуси зикр қилинган:
То кай бувад ин мискини Мунҷик ба ҳуҷра?
К-ӯро ҳиҷо накардааст Мунҷик ном-ном.
Мазмуни: Номи ҳеч қаерда зикр қилинмайдиган бу мискин Мунжик қачонгача ҳужрада қолади?
Мунжикнинг ҳаёти ҳақида кам нарса маълум. У Амударёнинг шимолий соҳилидаги қадимий Термиз шаҳрида туғилган. Мунжик ижодига оид қадимий манбалар ва замонавий тадқиқотларни кузатар эканмиз, шоир ҳаётига оид аниқ маълумотларга дуч келмадик. Шоирнинг туғилган ва вафот этган йиллари борасида кўп сонли фаразлар мавжуд. Масалан, профессор А. Абдуллоев шоирнинг таваллуди 940 йил, вафотини 1001 йил деб ҳисоблайди. Афғон олими Муҳаммад Муҳсин эса Мунжик вафот этган сана сифатида икки санани, яъни 988 ва 991 йилларни қайд этади.
Мунжикнинг асл туғилган ва вафот этган санаси ҳеч бир тарихий манбада аниқ тарзда кўрсатилмаган. Академик А.Мирзоев “Рудакий” номли монографиясида шундай ёзади: “Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Мунжик Термизий – X аср ўрталари шоири. Унинг туғилган йили ва вафоти номаълум. Манбаларда қайд этилишича, у маълум муддат Чағонийлар ҳукмдори Тоҳир ибн Фазл саройида яратилган адабий муҳитда фаолият кўрсатган. Мунжик ижоди 988 йилда, у кўзга кўринган шоир бўлган пайтда бошланган. Табиийки, Мунжик бошланғич таълимни Термиз шаҳрида олган ва кейинчалик Чағониёнга таклиф қилинган. Мунжик Чағониёнга келгунига қадар Термиз шаҳрида яшаган. Кейинчалик эса шоир Балхга кўчиб ўтади ва аста-секин шеърият санъати борасидаги тажрибаларини ошириб, маҳоратли шоир бўлиб камолга етади. Аммо шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Мунжик Термизий ҳаёти ва ижодининг асосий қисми Чағонийлар саройида кечган[2].
Маълумки, Мунжик Термизий чағоний амирларни мадҳ этувчи кўплаб шеърлар муаллифидир. Мунжик Термизий мадҳ қилган мана шундай амирлардан бири Тоҳир ибн Фазл Чағоний ҳисобланади. Ушбу амирнинг ўзи ҳам шеърият аҳлидан бўлиб, эронлик адабиётшунослардан бири Маҳмуд Мудаббирий ўзининг “Шарҳи аҳвол ва ашъор шоирони бе девон” (“Девонсиз шоирларнинг шеърлари ва таржимаи ҳоллари”) номли китобида Тоҳир ибн Фазл Чағоний томонидан битилган 31 байт шеърни келтирган.
Мунжик Термизийнинг бой ижодий меросидан бизга қадар 517 мисрага яқин шеър етиб келган бўлиб, булар адиб маҳоратига доир айрим масалаларни ёритишда қўл келади. У нафақат ҳажвий шеърлари билан танилган, шунингдек чанг мусиқий асбобини маҳорат билан чалувчи созанда, хушовоз ҳофиз сифатида Чағонийлар саройида шуҳрат қозонган. Мунжик Термизий форс шеъриятида биринчилардан бўлиб ташбеҳ санъати ўрнида истиорадан фойдаланган. Мунжик Термизийнинг бизга қадар Абулмузаффар Тоҳир ибн Фазл, Муҳаммад Муҳтож ал-Чағонийга бағишлаб ёзган қасидалари ҳам етиб келган. XII асрнинг машҳур тазкиранависларидан бири ҳисобланган Муҳаммад Авфий ўзининг “Лубоб ул-албоб” номли асарида Мунжик Термизийни “шоирларнинг сеҳргарларидан бири” сифатида васф этиб, унинг қаламига мансуб бўлган ўн уч байт шеърни намуна сифатида келтиради. Мазкур асарда Мунжик Термизий шеъриятига юксак баҳо берилиб, унинг “гўзал шеърлар, ажойиб иборалар ва ноёб ўхшатишлар” қўллаган маҳоратли шоир бўлганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилган. XI асрда Хоразмда яшаб ижод қилган форс шоири, адабиётшунос олим Рашидуддин Ватвот ўзининг “Ҳадойиқ ас-сеҳр фи дақойиқ аш-шеър” номли асарида ҳам Мунжик Термизий ижодига юксак баҳо бериб, унинг бир қанча байтларини келтиради.
Жумладан:
Моро ҷигар ба тири фироқи ту хаста гашт,
Эй сабр, бар фироқи бутон нек ҷавшанӣ.
Мазмуни:
Жигарим фироқинг ўқидан хаста,
Эй сабр, маъшуқа жабрини айлагил баста.
Мунжик Термизийнинг шеърият хазинаси Рўдакий, Кисоий, Шаҳид Балхий, Абу Шакур Балхий ва бошқа кўп сонли форс шеъриятининг маҳоратли намояндаларининг шеърлари каби турли урушлар ва хилма-хил сабабларга кўра бизгача етиб келмаган. Аммо Мунжик Термизийга тегишли бўлган ушбу кам сонли мисралар ҳам унинг форсий тилдаги ижодининг ниҳоятда нафис кўринишда бўлганлигидан далолат беради.
ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб Мунжик Термизий шеърларини турли тазкира ва баёзлардан тӯплаб нашр эттириш ишлари бошланди. Натижада, адабиётшинос олим Эҳсон Шаворибий Муқаддамнинг саъй-ҳаракати билан шоирнинг жамланган адабий мероси “Девони Мунжики Термизий” номи остида нашрдан чиқди[3].
Мунжик Термизий ўз давридаги девон тартиб берган кам сонли шоирлардан бири ҳисобланади. Аксарият замондошларининг асарлари сингари Мунжик девони ҳам бизга қадар сақланиб қолмаган, бироқ унинг баъзи парчалари сифатида тазкиралар, тилшунос шоир ва хаттот Асади Тусий томонидан “Луғати фурс” номли луғатда келтирилган шеърий намуналар сақланиб қолган. Тарихий манбаларга асосланадиган бўлсак, девон XIII асрга қадар яхлит ҳолда мавжуд бўлиб, мўғуллар истилоси даврида бошқа сон-саноқсиз ноёб манбалар қатори йўқолиб кетган. Мунжик девони бизгача бир қанча шоирларнинг тазкираларида тарқоқ ҳолатда етиб келган. Ушбу тарқоқ ҳолатдаги шеърларни излаб топиш, тўплаш ва уларга тузатиш киритиш тадқиқотчи-адабиётшунослар олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан замонавий форс адабиётшуносларидан бири Эҳсон Шаворибий томонидан унинг турли тазкиралардаги тарқоқ шеърлари жамланиб, бир девон шаклига келтирилган. Эҳсон Шаворибий Мунжикнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ва шеърлари ҳақидаги тарқоқ маълумотларни тўплашдан ташқари, уларга маълум бир қўшимчалар қўшиб, тартибга солган[4].
Бунгача ҳам Мунжик Термизийнинг тарқоқ ҳолдаги шеърларини излаб топиш билан бир қанча тадқиқотчилар шуғулланган. Жумладан, форс тадқиқотчиларидан Муҳаммад Дабир Сиёқий, Муҳаммад Мудаббирий, Али Ашраф Содиқий, француз олими Жильбер Лазар кабилар Мунжий Термизий шеърлари борасида изланишлар олиб борганлар. Мунжик Термизий девони Х–XII асрларда ўша даврдаги илм аҳли орасида жуда машҳур бўлганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлайди.
Сарвар Саидов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Фойдаланилган адабиётлар:
- Алиакбар Деҳхудо. Луғатнома. Ж. 16. – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1998. Ж. 5.
- Мирзо Кенжабек. Буюк термизийлар. – Тошкент: “Ӯзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017.
- Мунжик Термизий. Девон. Ашъори пароканда. Эҳсон Шаворибий Муқаддам тадқиқи. – Теҳрон: Қўлёзмалар мероси маркази, 2012.
- Муҳаммад Авфиӣ. Лубоб ул-албоб. – Теҳрон: Мумтоз, 1942.
- Рашидиддин Ватвот. Ҳадоиқ ас-сеҳр фи дақоиқ аш-шеър. – Қоҳира: “Матбаа лажна ат-таълиф ва ат-таржима ва ан-нашр”, 1945.
- Эҳсон Шаворибий Муқаддам. Ашъоре навёфта аз Мунжик Термизиӣ. Мерос журнали. Иккинчи нашр, 2011, – № 46.
[1] Алиакбар Деҳхудо. Луғатнома. Ж. 16. – Теҳрон: Теҳрон университети нашриёти, 1998. Ж. 5. – Б. 869.
[2] Мирзо Кенжабек. Буюк термизийлар. – Тошкент: “Ӯзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2017. – Б. 256.
[3] Эҳсон Шаворибий Муқаддам. Ашъоре навёфта аз Мунжик Термизиӣ, “Мерос” журнали. Иккинчи нашр, 2011, – № 46, – б. 10-12.
[4] Мунжик Термизий. Девон. Ашъори пароканда. Эҳсон Шаворибий Муқаддам тадқиқи. – Теҳрон: Қўлёзмалар мероси маркази, 2012. – Б. 110.
Izoh qoldirish