27.12.2023

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ЛУҒАТШУНОСЛИККА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Мусулмон уламолар қадимдан диний илмларнинг қандай тури бўлишидан қатъи назар, мавзуга тааллуқли барча илмларни қамраб олишга ҳаракат қилганлар. Айниқса, ҳижрий аввалги асрларда барча илмларга, хусусан, диний илмларга яхлит бирлик сифатида қараш ҳолати кенг тарқалгани натижасида бу вазият ўша даврларга хос адабиётларда яққолроқ намоён бўлади. Араб тилшунослиги ва унинг ажралмас қисми бўлган луғатшунослик билан боғлиқ фикр ва қарашлар ўша давр аксарият асарларда ўз аксини топганини кўриш мумкин. Зеро, ҳар бир сўзнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини келтириш, уларнинг келиб чиқишини қайд этиш, сўзларнинг маъно ўзгаришларини очиб бериш ўрта аср мусулмон адабиётининг муҳим элементи ҳисобланган. 

Тасаввуф адабиёти бу йўналишда алоҳида ўрин эгаллаган. Сўзларнинг ҳақиқий ва мажозий маънолари, уларнинг турли шарҳ ва талқинлари, ҳарф сирлари ва рамзлар мавзуси сўфий адабиётининг жозибадор бўлишига хизмат қилган. Тасаввуфнинг илк босқичларидаёқ суфийлар турли ҳарфлардаги яширин маъноларни аниқлаганлар, Қуръоннинг айрим суралари бошидаги ҳуруфи муқаттаотлар уларни турли шарҳ ва таъвилларга ундаган[1]

Илк ўрта аср тасаввуфининг ёрқин вакили – Ҳаким Термизий (ҳижр. III /мил. IX аср) асарларида араб луғатшунослигига эътибор – сўзларнинг туб маъноси, сўз ясалиш усуллари, ҳарфлар даражасида сўзларни таҳлил қилиш жиҳати алоҳида ажралиб туради. Ҳаким Термизий “илмул ҳуруф” йўналишида ҳам фаолият олиб борган. Термизийга кўра, илм – бу исмлардир (нарсаларнинг номлари), илмнинг асли эса ҳарфларда яширинган. “Илмул ҳуруф” – “ҳикматул уля” деб аталувчи юксак илмлардан бўлиб, уни билганларга “олимул уламо” дейилади[2].

Термизийнинг деярли барча китобларида луғатшуносликка оид фикрлар ва ўзига хос ёндашув учрайди. Зеро, у бирор сўзни келтирар экан, албатта, унинг шарҳида луғавий жиҳатларини батафсил ёритади. Ўз асарларида бирор мавзу ҳақида тўхталиб ўтмоқчи бўлса, шу мавзуга доир сўзлар хоҳ диний, маърифий, ёки ахлоқий, фалсафий мазмунга эга бўлсин, уларни доимо асл ўзагига, туб маъносига қайтариш учун бутун эътиборини сафарбар қилади. Сўзнинг асл маъносини изоҳлаб беради, сўнгра шунинг устига кейинги фикр ва мулоҳазаларини барпо қилади. 

Термизийнинг тил бўйича қарашлари “араб тилининг афзаллиги” тамойили асосида шаклланган. Унга кўра, араб ҳарфлари дунёдаги барча тилларнинг ибтидоси бўлган, улар ҳамма тилларга асос бўлиб хизмат қилган. Одам алайҳиссалом ҳам араб тилида сўзлашган, араб тили унинг таълим тили ҳам бўлган[3]. Барча ваҳийлар араб тилида туширилган, Жаброил алайҳиссалом уни ҳар бир пайғамбарга қавмининг тилига таржима қилиб берган[4]. Ўз асарларида Термизий араб тили ва арабларга юксак эҳтиром кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Асарларида бу тилнинг ва тил эгалари – арабларнинг инсоният учун аҳамиятини муболағали қайд этган. Масалан, «Наводир ал-усул»нинг 67-бобида Ҳаким Термизий арабларнинг хос уммат экани, мусулмон умматидан биринчи бўлиб уларга Аллоҳ томонидан марҳамат қилинганлигини тасвирлаб, бунга далил қилиб кўплаб ҳадис ва баъзи оятларни мисол қилиб бериб, хулоса сифатида “хабарлар улар (араблар)нинг фазли ҳақида келган” деб келтиради[5]

“Наводир”нинг мазкур бўлимида арабларни ҳидоятдан тўсган ҳамда уларга ҳурмат кўрсатмаган одам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг шафоат ва марҳаматларидан маҳрум бўлиши ёритилади. Зеро, “Аллоҳ таоло арабларни хос қавм этиб сайлаган. Яҳудийлар[6] арабларнинг биродаридир. Аллоҳ уларга мавҳиба ва карома, жуҳд ва ибодат ато этган. Исмоил фарзандларига[7] эса яхши хулқ, саховат ва шижоат инъом этган. Аллоҳ уларга бу хулқларни бериб, сўнг уларни тавҳид нури билан поклаган. Аллоҳ мусулмон умматини хулқларнинг энг яхшиси билан хулқлантирди, араблар эса бу умматнинг аввалидирлар. Ажамларда бу хулқлар йўқ эди, уларда кейин аста-секин пайдо бўлди”. Мазкур бобда Расулуллоҳ алайҳиссалом арабларни махсус дуо билан сийлаганлари ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Шунингдек, “арабларни яхши кўриши имон, ёмон кўриш – мунофиқлик”, деб келтиради[8]

Араб тилига мана шундай ёндашувдан кейин, Ҳаким Термизийга кўра, араб тилида бир нарсанинг исми ўша нарсанинг хабарини беради ва асл моҳиятига далолат қилади. “Зеро, бу Аллоҳ томонидан ўша нарсага исм билан белгилаган хусусиятдир. Бу илм остига барча исмлар кирмайди, фақатгина Аллоҳнинг Ўзи ном берган исмларгина аслий исмлар бўлиб, юқорида зикр қилинган илм билан сифатланади. Масалан: “муслим”, “мўмин” сўзлари, “Яҳё” ва “Аҳмад” исмлари. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга нарсаларнинг исмларини билдириб, фаришталардан юқори қилди. Унинг биринчи билдирган нарсаси – Аллоҳнинг исмлари бўлди, Ўзининг исмларидан биринчи бўлиб, “Аллоҳ” исмини ўргатди. Бу исм қолган барча исмларни қамраб олган. Мана шу исм аслий сўздир. Шу сўздан Аллоҳнинг бошқа исм ва сифатлари чиққан, сўнгра бошқа мавжудотларнинг исм-номлари ушбу сифатлардан насибадорлигига кўра келиб чиққан. Бу, худдики, барча анҳорлар бошланиш оладиган денгизга ўхшайди. Сўзларни ташкил этувчи ҳарфлар таркиби ҳам, шу сўзнинг ҳикмати, туб моҳиятига мувофиқ тарзда тартиб топган”[9]. Бу нарсаларни англаб етганларни Ҳаким Термизий “аҳл ал-асмо’” деб атайди. 

Ҳаким Термизий “Илм ал-авлиё” асарида, барча илмлар исмлар (номлар)да мужассам бўлганини айтади: “Исм ўзи аталган нарсага далолат қилади. Ҳамма нарсанинг исми бўлади... “Исм” сўзи аслида икки ҳарфдан иборат – سم. “Басмала”ни айтадиган бўлсанг, “би-см” дейсан. Олдига алиф қўшилиши билан “исм” бўлади. Айтилганидек, бу сўз (исм) “син” ва “мим” ҳарфларидан иборат. “Син” – сано (ялтираш), “мим” – мажд (шавкат). Сано – ёруғлик, мажд – эса нарсаларнинг мағзидир. Исм ўзи англатган нарсанинг мағзи ва мазмунини ёритиб, шу нарсанинг маълумотини ва унинг яширин маъноларини очиб беради”[10].  Шу ўринда Ҳаким Термизийнинг ҳарфлар ва нур ўртасини боғлаган фикрлари унинг қарашлари тизимида муҳим ўрин тутишини эслаб ўтамиз. Ишроқ фалсафасига яқин бўлган бу каби қарашлари учун Ҳаким Термизий кўп танқидларга ҳам учраган. Ҳаким Термизийдан таъсирланган Ибн Арабий “Футуҳот” асарининг иккинчи бўлимини “илмул ҳуруф”га бағишлаган[11].

Термизийга кўра, исм ўзи англатган сўзнинг моҳияти билан чамбарчас боғлиқ, демак, исмни билиш бу ўша сўзнинг туб моҳиятини билишдир. Ташқи сезиш ҳислари (тинглаш, кўриш, пайпаслаш) томонидан билинадиган сўзларни ташкил қилувчи товушлар ёки ҳарфлар – қолиплар бўлиб, “ёруғлик” ва “мағзни” ўз ичига оладики, аммо улар ташқи сезги аъзолари томонидан англанмайди. Ирфоний билиш ҳам айнан сўзлар ичидаги шу ёруғликни англаш, сўзнинг туб моҳиятини билишдир[12].

Термизийнинг луғатшунослик, хусусан диний сўзлар луғатига оид махсус асарлари ҳам мавжуд: “Таҳсил назоир ал-Қуръон”, “ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф” ва “Баён ал-фарқ байна-с-садр ва-л-қалб ва-л-фуод ва-л-лубб”[13].

“Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида асосий ғоя – Қуръон лафзларида кўпмаънолилик бор, лекин тўлиқ бир хил маъноли сўзлар йўқ. Сўз ўз ўрнида муайян маънога эга, гарчи турли маъноларга йўналса ҳам, аниқ маъноларга далолат қилса ҳам, Қуръонда белгиланган ўрнидаги маънога мустаҳкам боғланган. “Таҳсил”да Ҳаким Термизий сўзнинг ўзаги ва араб тили сўз ясаш қоидалари (иштиқоқ) орқали ясалган ҳосиласи ҳақида гапириб, сўзнинг Қуръондаги маъноларига тўхтаб ўтади. Маънолар бир қанча бўлсада, аммо бир ўзак атрофида айланади. 

Ҳаким Термизий “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида аввал сўзнинг асл маъносини тил қомуслари асосида аниқлайди, кейин сўз тузилган ҳарфлар ва англатган маъноси ўртасида боғлиқликни аниқлайди, бунда у далил келтиришда Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлардан фойдаланади. Шунингдек, у ўзига илҳом бўлган, кўнглидан тошиб чиққан, ўзи қониқиш ҳосил қиладиган маънолардан ҳам унумли фойдаланади. Ҳаким Термизийнинг илҳом асосидаги талқинлари айрим ҳолларда масаланининг ботиний жиҳатини қамраб олгани учун ҳам, турли даврларда мунозараларни уйғотган.   

Ҳаким Термизий “Таҳсил”да биринчи лексик бирлик сифатида الهدي “ал-ҳуда” лафзининг 15 та маъносини кўрсатади, лекин ундан ягона сўз “мойил бўлиш, оғиш” ҳосил бўлади, деб, оятдаги  إِلَيْكَ هُدْنَا إِنَّا (Аъроф, 156) бирикмасини “биз Сенга мойил бўлдик”, шаклида шарҳлайди. Сўнгра: “هدية “ҳадя” дейилиши ҳам, ҳадя берувчига кўнглинг мойил бўлгани учун шундай дейилади. Қалб тана аъзоларининг амири, агар Аллоҳ уни нурига ҳидоят қилса, яъни нурига мойил қилса, ҳидоят топади, яъни мойил бўлади. Аллоҳ таоло айтади:   يَشَاءُ مَنْ لِنُورِهِ  اللَّهُ يهدي(Нур, 35) “Аллоҳ таоло Ўз нурига хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур” (яъни мойил қилур). Мана шу сўзнинг асл маъносидир” – деб хулоса қилади.

 Шундан сўнг Термизий الهدي “ал-ҳуда” лафзининг луғат китобларидаги ўн беш маъновий кўринишини, яъни важҳини келтиради – баён, ислом, тавҳид, дин, дуо, басира, маърифат, Қуръон, расул, рушд, савоб, тақво, тавфиқ, тавба, йўлак. Бу сўзларни ўзи ишора қилган “мойил бўлмоқ” деган аслий маъноси билан боғлаб изоҳлайди. Масалан, الهدي “ал-ҳуда” лафзи бир жойда “дуо” бўлиб келди, агар банда Роббисига нурли қалб билан дуо қилса, (бошқа) қалблар у нурга мойил бўлади. Чунки бу сўз узра нур бор, зеро у мунаввар қалбдан чиқяпти.

Хулосада Ҳаким Термизий айтади: “Бу турли важҳларни барисининг манбаси битта الهدي “ал-ҳуда” сўзига боради. Чунки الهدي “ал-ҳуда” – банданинг кўксини ёритган нур ила қалбнинг Аллоҳга мойил бўлишидир, (бу нур билан банданинг) кўкси очилди, кенг бўлди. Бу Аллоҳнинг Каломида шундай келади: “Ахир Аллоҳ кўксини Ислом учун кенг қилиб қўйган, бас, ўзи Парвардигори томонидан бир Нур — Ҳидоят устида бўлган киши (куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?!” (Зумар, 22)[14]

Бу билан Ҳаким Термизий, бирор ўзлашма маъно асл луғавий маъносидан мустақил бўла олмайди, чунки ҳаммаси бир манбадан чиқади, демоқчи. 

Ҳаким Термизий луғавий аслият тушунчасини фақат бир неча сўзларга қўллаш билан чекланмаган, уни исм, феъл, ҳарф категорияларига нисбатан ҳам қўллаган. 

Ҳаким Термизийнинг луғатшуносликка оид яна бир “ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф” асарининг муқаддима қисмида маънодош сўзлардаги 164 та фарқни келтиришини айтади, аммо қўлёзмада ва унинг нашрида 156 та фарқ келтирилади. Ушбу китобда Термизий маънодош сўзларнинг фарқларини тасаввуфий ёндашув асосида ёритиб беради. Биринчи қарашда маънолари бир ёки яқин бўлган сўзлар Ҳаким Термизий шарҳлари асосида тамомила фарқли экани намоён бўлади. Бунда у Қуръон ва ҳадис матнларидан фойдаланади. Сўзларнинг фарқларини баён қилишда аллома қалб ва нафс зиддиятини асос қилиб олади. Асарда маънодош сўзларнинг тубидаги яширин маъноларини маънавий-ахлоқий тамойиллар асосида очиб берилиши натижасида сўзлар ижобий ёки салбий маъно касб эта бошлайди[15]

Ҳаким Термизий “ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф”  асари муқаддимасида қисқа ҳамд ва наътдан кейин ўз услубига кўра сўралган масалага жавоб сифатида ушбу асарни таълиф қилганини ҳамда асарнинг асосий мақсадини билдиради: “Мендан феълларнинг ўхшашлиги ва уларнинг фарқли жиҳатларини баён қилишимни сўраган эдингиз. Билингки, феъллар тана аъзоларига кўкракдан чиқади. У эса иккига бўлинган: соғлом қалб ва касал нафс. Икковидан қайсиниси устун келса, феъл шунга яраша бўлади. Феъллар ботинда фарқли бўлсада, зоҳирда ўхшаш”[16].

Мисол сифатида “шижоат” ва “журъат” сўзларини шарҳлаб ўз хулосасида уларга қуйидагича маъно беради: “Шижоат – қалбнинг тафти, унинг жунбушга келиши ва тик туришидир. Шу ҳолатда унга жигар ёрдамга келади, зеро, жигар қалбга мададдир. Унда қувват ва раҳмат жо бўлган. Шунинг учун у қалб ва руҳга мувофиқдир. Журъат эса нафсдандир. У бепарволик, беэътиборликдир. Нафсдан эътибор кўтарилса, ёмон ўринларни мулоҳаза қилмайди, шунда айрим ишларга журъат пайдо бўлади ва хавотирга қўяди”[17].

“Ёрдам” маъносини берувчи “авн” ва “мусоада” (араб. ёрдам) маънодош сўзларини қиёслаб, уларнинг фарқларини кўрсатади: “ал-авн” – бу сени бирор бандага ғамхўрлик қилиб дини ва дунёсида ёрдам кўрсатишингдир. Агар унга дин ишида мусибат етса, уни қаровингга оласан, ҳамдардлик кўрсатасан, унинг ҳаққига дуо қиласан. Агар дунё ишида талофот етса, унга эътибор кўрсатасан, ўз амалларингда у билан содиқ бўласан. Умуман олганда, унинг ғам-ташвиши қалбингда бўлади [...] мана шу – “ал-авн”. Ал-мусоада эса – тана аъзоларинг билан зоҳирда намойиш қилиш, нафсинг роҳат олиши учун ўзингни ёрдам бераётгандек кўрсатасан. Аммо ичингда у билан ишинг йўқ”[18]

Ҳаким Термизий Қуръонда синонимия ва омонимия ҳодисасини рад этиб, луғавий аслият ҳамда маъно ва важҳлар муштараклиги услубиятига асос солишга уринади[19]. Термизийнинг бундай услубдан юришига қуйидаги сабабларни келтириш мумкин:

  1. Қуръоннинг услубидан келиб чиққан ҳолда тилда умумий маъно бир хиллиги мавжуд эмаслиги тамойилига қаттиқ амал қилган. Бунга кўра, Қуръондаги ҳар бир лафзнинг ўз махсус далолат қиладиган мазмуни бор. Баъзан сўзларнинг умумий аслиятига қайтариш учун кучли мушоҳада, кенгроқ таъвил қилишга тўғри келади.   
  2. Термизий сўзларнинг далолат қиладиган маъноларини луғат китоблари ва мўъжамлардан олади, сўнгра уларни луғавий аслияти билан боғлашга ҳаракат қилади. 
  3. Ҳаким Термизийнинг луғавий аслият ғояси Халил ибн Аҳмад Фароҳидий, ибн Қутайба, Ибн Форис каби араб тилшунослари асарларидан келиб чиққан бўлсада, (зеро, бу фикр уларнинг асарларида очиқ, яққол қайд этилмаган) вужуҳ ва назоир йўналишида[20] ижод қилган олимлар асарларида Термизийнинг бу ғояси олдин ҳам, кейин ҳам учрамайди[21].

Термизий “Баён ал-фарқ байна-с-садр ва-л-қалб ва-л-фуод ва-л-лубб” асарида ҳам маъноси бир-бирига яқин сўзларнинг аслий туб маъноларини аниқлаб, уларнинг фарқли жиҳатларини баён қилади. 

Юқорида зикр этилган асарларидан ташқари бошқа китобларида ҳам Ҳаким Термизий сўзларнинг ясалишига эътибор беради. Жумладан, ўзининг энг машҳур ва кенг тарқалган асарларидан бири “Наводир ал-усул”да 250 дан зиёд сўз ва истилоҳнинг асл маъносини очиб беради[22], бунда у асосан Қуръон ёки ҳадисда қўлланган лафзларни қамраб олади. “Наводир”да сўзни ташкил қилувчи ҳарфлар ва маъно ўртасидаги боғлиқликни очиб бериб, ҳарф ҳам сўз маъносининг бир қисмини ташкил этиши, шу бўлаклардан сўзнинг маъноси келиб чиқишини кўрсатиб беради. Масалан, “Наводир”нинг биринчи бобида арабча كن (араб. бўл!) сўзини қуйидагича шарҳлайди: «كن сўзидаги коф (ҳарфи) Ўз кайнуна(борлиқ)сидан, нун (ҳарфи) эса Ўз нуридан олинган. Бу сўз тугалдир. У билан (Аллоҳ) нарсаларни ва жонзотларни яратган”[23]. “Наводир”нинг 19-бобида “фиқҳ”га таъриф берилади: “Фиқҳ – фаҳмлашдир ҳамда ишлар устидаги парданинг очилишидир. Агар банда Аллоҳга буюрган ва қайтарган нарсаларини тушуниб англаб етганидан кейин ибодат қилса, унга буюрилган ва қайтарилган ишларда Аллоҳнинг қилган тадбирлари устидаги парда кўтарилади.  Мана шу холис ибодат бўлади”.  Сўнгра “фиқҳ” сўзининг луғавий маъносини очиб беради: “ал-фиқҳ” сўзи “ат-тафаққуъ” (бир нарсанинг ёрилиши) сўзидан олинган. Луғатда бирор нарса очилиб қолса, “фуқиа аш-шайъ” (нарса ёрилиб очилиб қолди) дейилади, “фуқиа ал-журҳ” (яра очилди) – яра битгандан кейин ёрилса. Бу феълдан исм (от) ясалса, “фақ’ун” бўлади. Ҳ (ҳарфи) ва ҳамза (ҳарфи) бир-бирининг ўрнига келаверади. Шунинг учун “фақа’a” (فقأ) ҳам фақаҳа (فقه) ҳам дейилади”[24]

Ҳаким Термизийнинг луғатшуносликка оид қарашларида “иштиқоқ мактаби” қарашлари билан уйғунлик кўзга ташланади. Ҳижрий учинчи ва тўртинчи асрларда кенг тарқалган ушбу мактаб намоёндалари асарларида ҳам араб тилининг энг афзал тил экани, сўзларнинг келиб чиққан асл маъносига қайтариш орқали туб мазмунини англаб етиш каби қарашлар устувор бўлган. Ушбу мактаб намоёндаларидан бири, деб ҳисобланадиган Абу Ҳотим Розий (ваф. 934 й.)нинг “Зийнат” асарида ҳам айнан шундай қарашлар кўзга ташланади[25]. Чунончи, Ҳаким Термизий ҳам асарларида ўз фикрларини ифодалашда араб тилидаги “иштиқоқ” ҳодисасидан унумли фойдаланади. “Иштиқоқ” атамаси араб тилшунослигида икки хил маънони англатган: 1. Сўзнинг мазмуни, унинг этимологияси, ўзакдош сўзлар билан алоқасини аниқлаш мақсадида сўзнинг негизини топиш. 2. Ўзак билан шаклан ва мазмунан боғлиқликни сақлаган ҳолда бир сўздан бошқасини ясаш. 

Араб тилида сўз ясалишининг асосий 4 тури ажралиб туради:

  1. Иштиқоқ сағир – шакл ва мазмун, ўзакдошлик сақлаган ҳолда янги сўз ясалиши.
  2. Иштиқоқ кабир – бу турда ўзак ҳарфларининг бирини махражи ва моҳияти яқин бўлган ҳарф билан алмаштириш орқали сўз ясаш.
  3. Иштиқоқ кубар – ўзак ҳарфларнинг кетма-кетлик тартибини ўзгартириш орқали сўз ясаш: مدح – حمد، أيس – يئس
  4. Иштиқоқ куббар – икки ёки ундан кўп сўзларни уларнинг ўзак ҳарфларидан бир ёки кўпроғини тушириб қолдириш йўли билан янги сўз ясаш: هرول = هرب + ولى[26].       

Ҳаким Термизий ҳам ушбу иштиқоқ турлардан сўз ясалишини кўрсатиб бериш, сўзнинг ўзак маъно билан боғлиқлигини очиб бериш мақсадида ўз асарларида кенг истифода этган. Жумладан, иштиқоқнинг иккинчи тури бўйича мисол: Термизий “Наводир ал-усул”да келтиришича, أزًّ ва هَزَّ ва وزَّ сўзлари бир маънода, лекин турли ўринларда қўлланади. Шунигдек, ز ва س ҳарфлари опа-сингилдирлар, бир-бирининг ўрнига ишлатса бўлади: صقر  ва زقر ва سقر (офтобнинг тиғи), ёки وَزَّ  ва وَسَّ (васваса солмоқ) сўзлари бир маънода қўлланаверади[27].

Учинчи тур бўйича мисол: “Китаб ал-фуруқ” асарининг “Муқояса ва мушокала фарқи” бобида Термизий қуйидагича ёзади: Луғатда قاس   (ўлчамоқ, таққосламоқ) ва ساق (ҳайдамоқ, юбормоқ) бир маънодадир. Илло, улардан бири бир ўринда, иккинчиси бошқа ўринда қўлланади. Бу каби мисоллар кўп, масалан: مدح ва حمد, شكر ва كشر, علم ва عمل. Инсон кўксидаги илм унинг қалбидаги нарсанинг аломати, тана аъзоларининг амали эса инсон кўксидагининг аломати, демак иккови ҳам аломатдир. Худди шундай, قاس  ва ساق. سائق – са’иқ “(ҳайдовчи) ўз турдошларидан ажралиб қолган нарсани ўз аслий манбасига ҳайдайди, قائس – қо’ис” (қиёсловчи) эса ўз аслидан ажралиб чиққан фаръий масалани қиёслайди[28].

Юқоридагилардан Ҳаким Термизий тилшунос-луғатшунос олим бўлган, деган хулоса келиб чиқмайди, чунки унинг асарларида араб тилшунослигига оид фикрлар тизимли шаклда келтирилмайди. Лекин унинг илоҳий яратилиш тартиботида тил марказий ўрин эгаллаши ҳақидаги фикрларида изчиллик бор. Термизий учун араб тили нафақат Тангри оламни яратган восита, нафақат бошқа жонзотлар ва фаришталардан ажратиб турадиган илоҳий инъом, балки Аллоҳ ўз сирларини пинҳон қилган идиш ҳамдир. Илоҳий маърифат йўлида бу сирлар кашф этилиши керак. Лекин ҳамма ҳам буни уддалай олмайди. Тилдаги яширин маъноларни англаш авлиёлар пайғамбарлардан ўзлаштирган илмнинг ажралмас қисмидир. Ҳаким Термизийга кўра, бундай ирфоний тил валийлар илмининг (илм ал-авлиё) асосидир[29]. Юқорида қайд қилинган, синонимия ҳодисасини Ҳаким Термизийдан ташқари Ибн Дурайд (837–933) ва Ибн Форис (941–1004) каби араб тилшунослари ҳам инкор этган. Улар сўзнинг мазмунига унинг этимологиясини ҳам боғлаб, сўзларнинг ички ясалиш фарқлари уларни синоним деб ҳисоблашга монелик қилишини айтган. Масалан, ибн Форисجلس ва قعد  феълларини фарқлайди. Биринчиси, тик туриш ҳолатидан ўтиришни, иккинчиси, ётган ҳолатдан ўтиришни амалга оширилишини айтади. Шунингдек, тилшунослар رؤية ва حلم  яхши – туш ва ёмон туш, ضوء  ва نور –ёритадиган нур (қуёш) ва ўзлаштирилган нур (ой), وثب  – قفز – طفر бошидаги иккита феълни “тепадан пастга сакрамоқ” ҳамда охиргисини “тепага сакрамоқ”ни фарқлаганлар. Араб тилидаги синонимларда тўлиқ маънодошликнинг иложсиз эканини тасдиқлаган ҳолда синонимияни мутлақ инкор этишни ҳам кўплаб тилшунослар рад этганлар[30].

Араб тилида бу ҳолат умумий мазмун асосида бир-бирига боғлиқ турли маъноларни англатади. Ўрта аср мусулмон тилшунослари икки ёки ундан кўп маъноларни ифода этадиган сўзларни “ал-муштарак ал-лафзий” атамаси остига киритганлар. “Ал-муштарак ал-лафзий” атамаси ҳам омонимия ва полисемияга мос келган ҳолда, кўпроқ полисемияга (кўп маънолилик) тўғри келади.     

Ҳаким Термизий араб тилига мукаммал тил сифатида қарагани учун араб тилидаги сўзларнинг асл моҳиятига етибгина диний таълимотларни тўлиқ англаш мумкинлиги ҳақидаги фикрни илгари суради. Ҳарфлар асл сўзларнинг туб моҳиятига мувофиқ равишда таркиб топиши ғоясини ўртага ташлайди. Сўзларнинг зоҳирий ва ботиний маъноларини ажратиб, фақат сўзнинг мазкур икки жиҳатини билгандагина тўғри хулосалар чиқарилиши, акс ҳолда ҳар қандай соҳада йирик хатолар юзага келиши мумкинлигини мисоллар билан исботлаб, огоҳлантиради. Сўзлар ясалиши мавзусига тасаввуфий тус бериб, ҳарф–сўз, маъно ўртасида узвий боғлиқлик борлигини муқаддас матнлар асосида исботлайди. Араб луғатшунослигида синонимия ва омонимия ҳодисасини рад этиб, маънодош сўзлар қалб – нафс зиддияти асосида фарқли мазмун касб этишини қайд этади. 

 

Иброҳим Усмонов,

тарих фанлари номзоди, доцент.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси 

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти докторанти 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Salih Ҫift. Hakîm Tirmizî ve tasavvuf anlayişi. – Истанбул: Insan yayinlari, 2008. 
  2. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. 
  3. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-фуруқ ва Соми, Наср. Ҳаким Термизийнинг “Илм ал-авлиё” асари кириш қисми. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-ҳуррия ал-ҳадиса, 1981. 
  4. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Илм ал-авлиё /  Соми Наср нашри. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-ҳуррия ал-ҳадиса, 1981. 
  5. Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул / Исмоил Иброҳим нашри. – Қоҳира: Мактаба Имом ал-Бухорий, 2008. Т.I. 
  6. Жуюший, Муҳаммад. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф” асари кириш қисми. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. 

 


 

[1] Шиммель, Аннемари. Мир исламского мистицизма / Перевод с англ. Н.Пригариной. – М: Садра, 2012. –С. 398.

[2]Salih Ҫift. Hakîm Tirmizî ve tasavvuf anlayişi. – Истанбул: Insan yayinlari, 2008. – С.284-285. 

[3] Соми, Наср. Ҳаким Термизийнинг “Илм ал-авлиё” асари кириш қисми. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-ҳуррия ал-ҳадиса, 1981. – Б. 33.

[4] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Илм ал-авлиё / Соми Наср нашри. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-ҳуррия ал-ҳадиса, 1981. – Б. 115.

[5] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул / Исмоил Иброҳим нашри. – Қоҳира: Мактаба Имом ал-Бухорий, 2008. Т.I. – Б. 295.

[6] Улар «Наводир ал-усул»да «валад Исҳоқ» деб келтирилади.

[7] Яъни арабларга.

[8] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул / Исмоил Иброҳим нашри. – Қоҳира: Мактаба Имом ал-Бухорий, 2008. Т.I. – Б. 295.

[9] Барака, Абдулфаттоҳ. Ал-Ҳаким ат-Термизий ва назарийятуҳу фи-л-вилая. – Қоҳира: Мактаба Ваҳба, 2014. –Б.528-542.

[10] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Илм ал-авлиё / Соми Наср нашри. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-ҳуррия ал-ҳадиса, 1981. – Б. 113.

[11] Salih Ҫift. Hakîm Tirmizî ve tasavvuf anlayişi. – Истанбул: Insan yayinlari, 2008. – С. 284-285.

[12] Sviri, Sara. Words of power and the power of words // Jerusalem Studies in Arabic and Islam. 2002. – № 27. – Р. 231. 

[13] Фахриддинов, Зафар. Ҳаким Термизийнинг Марказий Осиё илмий-маънавий муҳитидаги ўрни ҳамда тафсир ва луғат илмига қўшган ҳиссаси // Ислом зиёси, 2019. – № 4. – Б. 49.

[14] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Таҳсил назоир ал-Қуръон / Ҳусни Зайдон нашрга тайёрлаган. – Қоҳира: Матбаа саада, 1969. – Б. 24.

[15] Жуюший, Муҳаммад. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф” асари кириш қисми. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. – Б. 46.

[16] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. – Б. 50.

[17] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. – Б. 173-174.

[18] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-фуруқ ва манъ ат-тародуф. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. – Б. 170.

[19] Ҳайдар, Жаббор Дафтар. Далолат ал-асл ал-луғавий инда ал-Ҳаким ат-Термизий (фи китабиҳи Таҳсил назоир ал-Қуръон) // Мажаллат Куллият ат-тарбия ли-л-банат. – № 10. 2019 йил. – Б. 310.

[20] Тафсир илмида «ал-вужуҳ ва-н-назоир» бир сўзнинг турли ўринларда бир шаклда, юзаки маъноси бир бўлиб келгани ҳолда бошқа-бошқа маъноларни англатишига айтилади. Муайян бир сўзнинг турли ўринларда шаклан ва луғавий жиҳатдан тенг ва ўхшаш келиши «назоир», ушбу сўзларга турли ўринларда турли маъно берилишига эса «вужуҳ» дейилади (Қаранг: Фахриддинов, Зафар. Ҳаким Термизийнинг Марказий Осиё илмий-маънавий муҳитидаги ўрни ҳамда тафсир ва луғат илмига қўшган ҳиссаси // Ислом зиёси, 2019. – № 4. – Б. 45-54 ).

[21] Ҳайдар, Жаббор Дафтар. Далолат ал-асл ал-луғавий инда ал-Ҳаким ат-Термизий (фи китабиҳи Таҳсил назоир ал-Қуръон) // Мажаллат Куллият ат-тарбия ли-л-банат. – № 10. 2019 йил. – Б. 298, 309.

[22] Қаранг: Фаҳарис Наводир ал-усул. – Жидда: Дар ал-минҳаж, 2015. Т.V. – Б. 348-353.

[23] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. / Нуруддин Бурдурий нашри. – Жидда: Дар ал-минҳаж, 2015. Т.I. – Б. 143.

[24] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. / Нуруддин Бурдурий нашри. – Жидда: Дар ал-минҳаж, 2015. Т.I. – Б. 326.

[25] Иброҳим Анис. Абу Ҳотим ар-Розийнинг “Китаб аз-зийна фи-л-калимат ал-исламийя ал-арабийя” асари нашрига кириш сўзи. – Сано: Марказ ал-буҳус ва-д-диросот, 1994. – Б. 12-13.

[26]Белкин, Владимир. Арабская лексикология. – М: Из-во МГУ, 1975. – С. 57-58.

[27] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. / Нуруддин Бурдурий нашри. – Жидда: Дар ал-минҳаж, 2015. Т. I. – Б. 149.

[28] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Ал-Фуруқ ва манъ ат-тародуф. – Ажуза: Мактаба ал-Иман, 2005. – Б. 259.

[29] Sviri, Sara. Words of power and the power of words // Jerusalem Studies in Arabic and Islam. 2002. №27. – Р. 210. 

[30] Белкин, Владимир. Арабская лексикология. – М: Из-во МГУ, 1975. – С. 147-150.

Izoh qoldirish