УМАР ТЕРМИЗИЙНИНГ “КИТОБ АН-НИЯТ” АСАРИДА НИЯТНИНГ ФАЗИЛАТИ
Улуғ ватандошимиз Умар Термизийнинг қолдирган илмий меросидан бири “Ният китоби” ҳисобланади.
Ушбу “Китоб ан-ният” китобини ҳижрий 857-йил, милодий 1453-йилларда таълиф этга. Умар Термизий “Тафсири сурат ул-ихлос” китобига эргаштириб, амалда ихлос қилишни айтиб ўтганимиздан сўнг, амалда ниятнинг ўрнини келтирамиз деб “Китаб ун-нийя” (Ният китоби) ни бошлайди. Муаллиф “Ният китоби”га киришида, аввало, ҳамду санодан сўнг, мен ният китобини бешта бобга бўлдим, – дейди. “Сен: “Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман ва мен аввалги мусулмонларданман”, – деб айт” (Анъом 162, 163).
“Албатта, биз сенга Китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат қил. Огоҳ бўлингким холис дин Аллоҳникидир” (Зумар 2, 3).
“Ҳолбуки, улар Аллоҳга динни холис қилган ҳолда, ҳаққа мойил бўлиб ибодат қилишга буюрилган эдилар” (Баййина, 5).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Аллоҳга ҳамду сано ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва у кишининг оилаларига, асҳобларига салавотдан сўнг
“Ният китоби” ни бешта бобга ажратдим.
Биринчи боб: Ниятнинг фазилати баёни.
Иккинчи боб: Ниятнинг ҳақиқати баёни.
Учинчи боб: Ниятнинг амалдан яхшилиги ҳақидаги баёни.
Тўртинчи боб: Ниятга боғланган амалнинг фазилати ҳақидаги баёни.
Бешинчи боб: Ниятнинг ихтиёрдан чиқиб кетишлиги баёни.
Биринчи боб: Ниятнинг фазилатлари. Унда кишининг ният нақадар холис бўлишли ҳақида, ҳадислар ва ривоятлар асосида панд насиҳатлар беради. Ниятнинг фазилати бобида: “Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма” (Анъом, 52).
“Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар, бир неча баробар қилиб олгувчилардир” (Рум, 39).
“Ва албатта, ундан тақводор банда четда қолади. У бойлигини сарфлайди ва ўзини поклайди. Унда бирор кишининг қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди. Фақатгина олий мақом Роббисининг розилигини истаб қилади. Ва у албатта тезда рози бўлади” (Лайл, 17, 21).
“Қилган нафақангиз, фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир” (Бақара, 272).
“Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшарлар. Унга қаттиқ ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар қаттиқ ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётганларингизни кўриб турувчи зотдир” (Бақара, 265).
“Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз” (Нисо, 114).
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 52-оятида шудай марҳамат қилади: “Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама....” оятдаги “ирода”дан мурод ниятдир.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади», – дедилар».
Ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим шаҳидларининг кўпроғи фуруш аҳилларидир, қанча-қанча шаҳидлар борки уруш сафларида жон берган уларни Аллоҳ билгувчидир ниятларини, – дедилар”. (Фуруш аҳли – тўшакларида Аллоҳ йўлида шаҳидликни орзу қилиб вафот топган кишилар).
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 35-оятида шундай марҳамат қилади: «Агар икковларининг оралари бузилишдан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир.»
Бу оятда Аллоҳ таоло ниятни мувофиқлаштиришга сабаб қилиб қўйди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ва молларингизга қарамайди балки сизларнинг қалбларингизга ва амалларингизга қарайди” – дедилар.
Албатта, Аллоҳ таолонинг қалбга қарашлиги сабаби, у ният манбаидир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир банда бир яхши амал қилади, сўнг уни фаришталар муҳрланган саҳифада Аллоҳ ҳузурига олиб чиқади. Шунда Аллоҳ таоло: «Уни улоқтиринглар чунки у амалини холис мени розилигим учун қилмаган”, – дейди. Сўнг фаришталарга нидо қилинади: “Ёзинглар!! Унга шундай.. шундай!! Ва яна ёзинглар шундай!! шундай!! – деб (бир қанча гуноҳ амалларни айтар экан). Шунда фаришталар: “Эй, Роббимиз, албатта, у инсон бу айтилган нарсаларни бирортасини қилмаган-ку? Шунда Аллоҳ таоло: У шу ишларни қалбида ният қилганди”, – дер экан.
Абу Кабша Наморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, дунё тўрт кишиникидир:
1) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳамда илм берган бўлса, у киши Раббисига тақво қилиб, қариндошлари билан алоқаларини боғласа ва бу топган мол-дунёсида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билса, шу киши энг афзал мақомдадир.
2) Аллоҳ таоло бир бандасига илм берган бўлса-ю, мол-дунё бермаган бўлса, аммо бу кишининг нияти холис бўлиб, “Aгар менда ҳам мол-дунё бўлганида эди, фалончи киши каби яхшиликлар қилар эдим”, деб айтса, бу қилган нияти ила юқоридаги биринчи киши билан савоби тенгдир.
3) Аллоҳ бир бандасига мол-дунё берган бўлса-ю, аммо илм бермаган бўлса, у киши молни андишасиз, пала-партиш ишлатиб, Раббисига тақво қилмасдан, қариндошчилик алоқаларини узиб ва бу топган молида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билмаса, шу киши энг ёмон мақомдадир.
4) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳам, илм ҳам бермаган бўлса, бу киши: “Агар менинг мол-дунёим бўлганида, фалон киши каби (яъни учинчи кишидек) ишлатар эдим”, деб айтса, бу киши мана шу нияти билан учинчи шахс каби гуноҳи тенгдир”, –дедилар. Кўрмайсанми, ниятнинг савобда ё гуноҳда шерик бўлишлиги қанчалик муҳимлигини.
Хабарларда келади: “Албатта, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб ўлдирилган бир кишини эшшакнинг ўлиги” – деб чақирилар экан. Чунки у бирор кишини жиҳодда ўлдириб кийимини ва уловини олиш учун ўлдирганди, бас, унинг ниятига шуни кўшиб кўйилади.
Убода ибн Сомад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Кимки ғазот қилса, ғаниматни ният қилиб, унга фақат ният қилган нарсаси бўлади”.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан: “Бир кишини мен билан бирга ғазот қилишини сўрадим, у киши менга ойлик тайин қилсанг розиман” – деди, мен унга ойлик белгиладим. Бўлган воқеани “Пайғамбар алайҳиссаломга гапириб бердим у киши: “У кишига дунё ва охирати учун сен берган нарсадан бошқа нарса йўқ”, – дедилар.
Ривоят қилинади: “Бани Исроил даврида бир киши бир қум тепалик олдидан ўтди ва кўнглида: Қани эди, шу тепалик миқдорича таомим бўлса эди, одамларга садақа қилиб юборардим:, – деди. Аллоҳ таоло пайғамбарига ваҳий юборди: “Айтгин унга, сенинг ниятинг чиройли бўлганлиги учун Аллоҳ таоло сенга шунча таом садақа қилганнинг савобини берди”.
Китобларда кўп хабарлар бор: “Кимки бир яхшиликни ғам қилса уни қилолмаса ҳам унга шуни савоби ёзилади”.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади пайғамбар алайҳиссаломдан: “Кимнинг нияти дунё бўлса, Аллоҳ таоло уни кўз ўнгида фақир қилиб қўяди ва дунёдан ажраётган пайтда дунёга уни ундан ҳам рағбатли қилиб қўяди. Ва кимники нияти охират бўлса Аллоҳ таолo унинг қалбини бой қилиб қўяди ва дунё ғамини қалбига тор қилиб қўяди, дунёдан ажраган пайтда осон қилиб қўяди”, – дедилар.
Умми Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: “Албатта пайғамбар алайҳиссалом саҳрода ҳалокатга учраган қўшин ҳақида зикр қилдилар,бас мен айтдим: Ей Расулуллоҳ, ичида мажбур бўлиб ва ойлик учун борганлари ҳам бор-ку? У киши алайҳиссалом: “Улар ниятларига қараб тирилаверади”, – дедилар.
Умар розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ: “Жангчи ниятига қараб жанг қилади деганларини eшитдим”, – дедилар.
Ва Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки икки саф уруш учун бир бирига юзланса, фаришталар тушади ва одамларни мартабаларга ажратиб: “Фалончи дунё учун жанг қилди ва фалончи манманлик учун жанг қилди ва фалончи кучини кўрсатиш учун жанг қилди”, – деб ёзади. Эй, огоҳ бўлинглар, фалончи Аллоҳ йўлида жанг қилди деманглар, бас, кимики Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун урушса бас у Аллоҳ йўлида”, – дедилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир киши қайси ҳолатда вафот топса, ўша ҳолатда тирилади”, – дедилар.
Аҳнаф ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки мусулмон бир бири билан қиличлашса қотил ҳам мақтул ҳам дўзахда” – дедилар. Ё Расулуллоҳ, қотилку, майли лекин мақтул нега дўзахда? – дейишди. “Чунки у соҳибини ўлдиришни ирода қилганди”, – дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир аёлга келишилган маҳрни бермаслик ниятида уйланса, бас, у зинокордир ва кимки қайтариб бермаслик ниятида қарз олса у ўғридир”, – дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Кимки, Аллоҳ учун хушбўйлик сепса, қиёмат куни унинг ҳиди мушкдан ҳам яхшироқ бўлади” – дедилар. Ва Умар ибн Хаттоб розияаллоҳу анҳудан: “Адо этилган амалларнинг энг афзали, Аллоҳ таолонинг фарз қилган амалларидир ва энг яхши тақво Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан сақланганидир”, –– дедилар.
Солим ибн Абдуллоҳ Умар ибн Абдулазизга хат ёзди: “Билгинки, албатта, Аллоҳ таолонинг бандасига ёрдами нияти қадар бўлади, кимнинг нияти том бўлса, Аллоҳ таолонинг бандасига ёрдами ҳам том бўлади ва кимнинг нияти ноқис бўлса, Аллоҳ таолонинг бандасига ёрдами ҳам ноқис бўлади.
Салаф уламоларидан: “Кўп кичик амалларни ниятнинг чиройлилиги уни катта қилади ва кўп катта амалларни ниятнинг ёмонлиги кичкина қилиб қўяди”.
Доуд ат-Тоийдан: Яхшиликнинг ҳиммати тақводир, бас агар тақводорнинг барча азолари дунёга боғланган бўлса ҳам бир кун унинг нияти солиҳ ниятга айланади ва лекин жоҳил одамнинг нияти тескариси бўлади.
Сўфён ас-Саврийдан: “Ўтмишдагилар қандай амални таълим олсалар, ниятни ҳам шундай таълим олардилар”.
Баъзи уламолардан: “Бирор амал қилишингдан олдин ниятингни тўғрилагин модoмики, сенинг ниятинг яхши экан, cен яхшиликдасан”.
Уломаларни зиёрат қилишга келган кишилардан бирлари: “Ким менга, Аллоҳ таоло учун зоил бўлмайдиган бир амални далолат беради, албатта, мен кечаю кундуз бир соат ҳам қолдирмай Аллоҳ таоло учун амал қилишни хоҳлайман”, – деди. У кишига: батаҳқиқ ҳожатингни топибсан, қўлингдан келганича амал қилгин, тарк ва қолиб кетган амалларинг учун ғам егин, яхши амалга ғам чекувчи уни қилгувчи кабидир”, – дейилди.
Салафларнинг баъзисидан: “Албатта, Аллоҳнинг сизларга берган неъмати санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада кўпдир ва гуноҳларингиз санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада кўплиги махфийдир”.
Исо алайҳиссалом: “Гуноҳни қайғурмай ухлаб, гуноҳсиз уйғонган кўз қандай ҳам яхши”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Банда қиёмат куни ниятларига қараб тирилади”.
Фузайл ибн Ийёз қачонки Аллоҳ таолонинг “Муҳаммад” сурасидаги: “Ва таъкидки, Биз сизларни синармиз, токи, сизлардан мужоҳидларни, сабрлиларни билсак ва хабарларингизни имтиҳон этсак” оятини ўқисалар қайта ўқирди ва: “Эй Роббим, Сен агар бизларни имтиҳон қилсанг, гуноҳларимизни очиб шарманда қилсанг, нима қиламиз”, – деб йиғлар эдилар.
Ҳасан ал-Басрийдан: “Албатта, жаннат аҳлининг жаннатда ва дўзах аҳлининг дўзахда абадий қолиши ниятларига яраша бўлади”.
Билол ибн Саъд айтади: “Албатта, банда мўминнинг гапини гапиради, Аллоҳ таоло уни ташлаб қўймайди. Унинг амалига қарайди, агар амал қилса Аллоҳ таоло уни ташлаб қўймайди, унинг тақвосига қарайди, бас, агар тақво қилса Аллоҳ таоло уни ташлаб қўймайди, унинг нимани ният қилганига қарайди. Агар нияти тўғри бўлса, қолган амаллари ҳам тўғри бўлади. Aмаллар устуни ниятдир. Шундай экан, амаллар ниятга муҳтождир шунда амаллар яхшиликка айланади. Бир яхши амални бажаришни ният қилиш ҳам яхшидир, агар уни бажаришга тўсиқ бўлса ҳам.
Ушбу китобни камина томонидан бугунги кунда таржима ва таҳқиқ ишлари олиб борилмоқда. Сиз азизларга Умар Термизийнинг ниятнинг фазилати ҳақида бобини ҳавола этдик. Келгуси бериб борадиган мақоламизда “Ниятнинг ҳақиқати баёни” бобини ҳавола этамиз, иншаоллоҳ. Сўзимиз сўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатган дуоларини айтамиз: “Аллоҳим! Сенга билган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан паноҳ сўраймиз ва билмаган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан истиғфор айтамиз”.
Муҳиддин Чориев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар:
- Умар Ризо Каҳҳола. Маъжам ал-муcанниф ал-кутуб ал-арабия. – Байрут. 1406/1986. 2.
- Умар Термизий. Китаб ун-нийя. – Қоҳира: “Ал-Хидайвия” кутубхонаси. 2/173, 17945 рақамли қўлёзма.
3. Умар Термизий. Тафсири суратул ихлос. – Қоҳира: “Ал-Хидайвия” кутубхонаси. 2/173, 17945 рақамли қўлёзма.
Izoh qoldirish