АЛОУДДИН АТТОР ҲАЗРАТ БАҲОУДДИННИНГ АЙРИМ МАЪНАВИЙ СИФАТЛАРИ ҲАҚИДА
(“РИСОЛАИ ҚУДСИЯ” АСАРИДАГИ НАҚЛЛАР МИСОЛИДА)
Улуғ тарихий бурилишлар даври мафкурасини белгилаган улкан ғоялар инсоният тараққиётининг муайян босқичида янги маънавий-руҳий зарурат, фикрий ва ҳиссий изланишлар эҳтиёжига жавоб тариқасида пайдо бўлганлиги сабабли маданий-маънавий ҳаётнинг ҳамма соҳасини қамраб олиб, бани одамнинг тахайюл ва тасаввуротлар олами, тафаккур тарзига таъсир этиб келди. Инсоннинг тўхтовсиз ижодий фаолияти ғоялар тизимига ўзига таъсир ўтказиб, янги таълимотлар, мазҳаблар, қарашлар силсиласини вужудга келтирди.
Тасаввуф тадрижий тараққиётга эга таълимот сифатида Шарқ халқлари тарихида Ўрта асрларда ва ундан кейинги даврларда ҳам тасаввуф таълимоти давр мафкураси нуқтаи назардан ўзига хос мавқега эга бўлган.
Янги Ўзбекистонни қуришда миллий қадриятларимизга, айниқса, инсоннинг маънавий-руҳий камолотга элтувчи тасаввуф таълимотини ўрганишга кучли эҳтиёж сезилмоқда. Зеро, мустаҳкам эътиқод, ислом илми ва мафкурасини кенг тарғиб қилиш ва уни ёш авлод қалбига сингдириш ҳаётий зарурат ўлароқ эътироф этилмоқда. Чунки тасаввуф таълимотининг таркибида энг яхши, идеал жамият ҳақидаги қарашлари вужудга келган. Тасаввуф намояндлари назарида бундай идеал жамият солиҳ кишилар жамияти сифатида талқин қилинган.
Тасаввуфнинг тарихий тараққиёти ва назарий жиҳатларини ўрганиш баробарида, йирик шайхлар ва авлиёлар фаолиятини тадқиқ этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Воқеан, назарий қарашларнинг ўзини олиб қараганда ҳам шайхларнинг сўзи ва ҳолатлари, асарлари, насиҳатлари, улар ҳақидаги хотиралар, ривоят ва ҳикоятларни ўрганиш замирида умумлаштирилган. Тасаввуфий қарашларнинг яхлит таълимот сифатида ислом ўлкаларига кенг ёйилиши ва ижтимоий ҳаётда муҳим воқеъликка айланишида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан олимларнинг ўзига хос ўрни бор.
Баҳоуддин Нақшбанд Нақшбандия таълимотини асослаган бўлса, унинг шогирдлари Алоуддин Аттор, Муҳаммад Порсо, Алоуддин Ғиждувоний ва Яъқуби Чархийлар унинг ишларини давом эттирганлар. Машҳур мутасаввиф шайх, Баҳоуддин Нақшбанднинг халифаси Аттор Баҳоуддин ҳазратларининг етук шогирдларидан бўлган.
Хожа Муҳаммад Порсо Аттор илтимоси билан “Рисолаи қудсия” (“Хожа Баҳоуддиннинг қудсий калималари”) китобида Аттор тилидан ўз пири ҳақидаги ўнлаб ривоят ва хотираларини келтирган. Уларда Нақшбанднинг шарҳи ҳоли, ҳаёт тарзи, маънавий сифатлари, одатларига оид қимматли маълумотлар баён этилган [1].
Адабиётлар таҳлили ва методология. Нақшбандия таълимотини асосчиси Ҳазрати Баҳоуддиннинг маънавий сифатлари тадқиқига бағишланган тадқиқотлар Н.Комилов, О.Бўриев, В.Зоҳидов, Г.Наврўзова, О.Усмон, Ҳ.Болтабоев, Р.Шодиев, М.Ҳазратқулов, Ж.Холмуминов, Б.Номозов, Д.Сайфуллаева. Х.Саматов., Ф. Музаффаров., В.Чўлиевалар томонидан ўрганилган [2]. Аммо Баҳоуддин Нақшбанднинг халифаси ва куёви Алоуддин Аттор пири комилнинг маънавий сифатлари ҳақида Хожа Муҳаммад Порсонинг “Рисолаи қудсия” (“Хожа Баҳоуддиннинг қудсий калималари”) китобида Аттор тилидан келтирилгани илмий далил сифатида хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, Шайх Аттор ҳазратларининг илмий мероси ҳақида тарих манбаларида аниқ маълумот келтирилмаган [2].
Муҳаммад Боқирнинг “Мақомати Хожаи Бузрук” асарини ёзишича, Хожа Муҳаммад Пoрсонинг “Рисолаи қудсия” асаридан асаридан фойдалангани ҳақида шундай ёзади: “Бу зикр (хотира)лар Ҳазрати Эшоннинг ишончли кишилари, чунончи, Хожа Алоуддин Аттор ва қутб ул-авлиё, яъни жаноби ҳазрати Хожа Муҳаммад Пoрсо... тилларидан бевосита ёки бевосита эшитилган ёки нақл қилган мўътабар китобларидан олиниб, бу “Мақомат”га киритилди [3,8].
Натижалар ва амалий мисоллар. Аттор илтимоси билан “Рисолаи қудсия” (“Хожа Баҳоуддиннинг қудсий калималари”) китобида Муҳаммад Порсо Баҳоуддин Нақшбанд тутган ҳаётий йўли, маънавий сифатлари, одатларига тўхталиб ўтади.
Муҳаммад Порсонинг «Рисолаи қудсия» асари Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг қудсий калималарини шарҳлашга бағишланган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Бу сўзлар (уларнинг) муборак оғизларидан чиққан сўзлардан бир томчисигина бўлиб, бу заиф банда... бу қудсий калималардан баъзиларини садоқат ва иродат юзасидан табаррукона ва иршод сифатида қаламга олиб юрарди». Муҳаммад Порсо ўзининг бу асарида улуғвор устозининг қудсий калимларини келтирибгина қолмай, уларни шарҳлаб ҳам беради.
“Рисолаи қудсия” асарининг илмий-академик нашри 1354/1976 йилда форс олими Аҳмад Тоҳири Ироқий томонидан Теҳронда тайёрланган.
Асарда келтирилишича, Алоуддин Аттор шундай айтган: «Хожамиз (Баҳоуддин Нақшбанд) йўллари фақр, тарки дунё, тааллуқотлардан кечиши, тўлиқ ёлғиз бўлиб, мосивонинг инкоридан иборат эди. Уларнинг муқаддас сўзлари фақирнинг исботи ва фақирларнинг муҳаббати ҳақида эди» [4, 68].
Мутассаввифларнинг фикрича, илоҳ йўлидаги фақирлик — бу ихтиёрий қашшоқлик, ботиний оламнинг барча ҳаваслардан холи-халос бўлиб, илоҳий файзни қабул қилишга ҳозирланишдир [5, 68].
Алоуддин Аттор устози Баҳоуддин Нақшбанд тутган йўллари ҳақида: «Ҳалолга интилиш ва нафсдан қочишни, айниқса, ҳалол луқмани таъкидлаб гапирар эдилар. Суҳбатларида доимо “ал ибодату ашарата ажзоин тисъату минҳо талабу-л-ҳалоли ва жузъун воҳидун минҳо соиру-л-ибодоти», яъни “Ибодат ўн қисмдан иборатдир. Ундан тўққиз қисми ҳалолликни қидириш, бир қисми эса бошқа ибодатдир”, деган ҳадис ўтар эди» [3, 67].
Баҳоуддин Нақшбанд ўзлиқдан ҳамда фоний дунёдан воз кечган ва Ҳақ бақосида ўзлигини қайта топган зот бўлиб, суратда бандаю, маънида озод кишидир. Сурат – ташқи кўринишда банда бўлиш – жисм-танани Илоҳ тоатига бағишлаш бўлса, маънида озодлик – ботинни барча алоқалардан тозалаб, руҳни ҳур ва пок сақлаш демак. Сўфийга ҳеч бир нарса ва ҳеч бир киши қарам бўлмаслиги, унинг ўзи ҳам ҳеч бир нарсанинг, ҳеч бир одамнинг қарами бўлмаслиги керак. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд бу ҳақида ўзи айтганларидай:
“Ҳеч мо не ва ҳеч мо кам не,
Аз паи ҳеч, ҳеч мо ғам не.
Жанда дар пушт, пушт гўристон,
Гар бимирем ҳеч мотам не” [5, 32].
Ҳеч нарсамиз йўқ, шунинг учун ҳеч камимиз йўқ. Ҳеч-ҳеч, яъни у-бу нарса дейишдан ҳеч бир ғамимиз йўқ. Эгнимизда жандаи орқада қабристон, ўлган кунимиз мотам ҳам йўқ.
“Ҳазрати Хожа Ало ул-ҳақ вад-дин (Алоуддин Аттор) аттароллоҳу марқадаҳунинг нақлича, Ҳазрати Хожамизнинг йўллари фақир йўли эди. Тарки дунё тарки тааллуқот (кўнгил боғланадиган нарсаларнинг тарки), нафйи мосуво (Аллоҳдан бошқанинг инкори) уларда мавжуд эди. Уларнинг муборак нафас (анфоси қудсия)лари фақирлик ихтиёри ва фуқаро муҳаббати ҳақида бўлиб, эҳсонлари жуда юқори эди. Улар: “Биз нимаики топсак, шундан топдик”, – деб айтар эдилар [3, 52].
“Хожамизнинг таомлари зироатдан ҳосил буларди. Ҳар йили бироз арпа ва мош экардилар. Ва ишлов берардилар. Ҳўкизларни эҳтиёт қилардилар. Уларнинг шариф суҳбатларига келган уламолар ва акобирлар овқатларини табаррукона ер эдилар” [3, 55].
Баҳоуддин Нақшбанд умри бўйи деҳқончилик билан, ўз қишлоғида унча катта бўлмаган ерга буғдой ва мош экиб кун кечирган. У уйида ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган. Қишда қамишлар устида, ёзда бир бўйра устида ётиб кун кечирган, уйида хизматкори бўлмаган.
Бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирлик ва йўқчилликда ўтказган, топган тутганларини етим-есирларга, бева-бечораларга инъом этган, ҳукмдорлардан доимо ўзини йироқ тутган, улар олдида ҳеч қачон тамагирлик қилиб яшамаган.
“Ҳазрати Хожа Алоуддин аттараллаҳу сирраҳудан қуйидагини нақл қиладилар: “Тангри инояти билан Ҳазрати Хожамиз қаддасаллаҳу сирраҳунинг муборак нафаслари баракатидан толиблар кўпинча биринчи қадамдаёқ муроқаба давлатига мушарраф бўлар эдилар. Агар бу иноят назари ва тарбиятлари зиёда бўлса, адам (йўқлик) даражасига етардилар. Агар бу назар бундан зиёда бўлса фано мақомига етишар эдилар. Ўзларидан бутунлай фоний бўлиб, Ҳаққа боқий бўлардилар . Шунда Ҳазрати Хожамиз илтифот қилардилар: “Бу давлат ҳосили воситаси ила ўзидан бутунлай узилиш ва ҳақиқий мақсудга етишиш керак!” [3, 62-63].
Юқоридаги зикрдан аён бўладики, Бахоуддин Нақшбанд “Зоҳирда халқ билан ва ботинда Ҳақ билан” шиорини кўтариб чиққан бўлсалар-да, аммо хилватни инкор қилмаган. Чунки тасаввуф ботин билан, ғайб олами билан ошноликдир. Хилватнинг ҳақиқати ғайри илоҳ нарсалар ва ишлардан фориғ бўлиб, дилни Худо муҳаббатига боғлашдан иборат. Нақшбандияда ҳам чилла ўтирмасдан, суҳбат билан қўлга киритилишни тарғиб этади.
Айтар эдилар: “Ман арафаллаҳа ла яхфи алайҳи шайъун” (Кимки Аллоҳни танисa, ундан хеч нарса маҳфий қолмайди). Хожа Алоуддин Аттор айтар эдилар: “Уларнинг бу қудсий калималаридан мурод шуки, орифга нарсалар сирининг аён бўлиши, унинг таважжуҳ қилишига боғлиқдир” [3, 93].
Тасаввуфнинг ички сирларидан воқиф бўла бориш натижасида инсон бу таълимот мусулмон халқлари ахлоқига қанчалик чуқур кириб борганлигини ҳис қила бошлайди. Нафақат халқ балки халқ ичидан етишиб чиққан комил мутфаккирлар ҳам ўз асарларининг қаҳрамони қилиб сўфийлар ахлоқи, шу жумладан, тариқат етакчисини намуна қилиб ибрат сифатида кўрсатишга ҳаракат қилганлар.
Хулоса ва тавсиялар. Шайх Алоуддин Атторнинг машҳур мутасаввиф Ҳазрати Баҳоуддиннинг маънавий сифатлари: камолотга, олий ахлоқий сифатларга интилиш, тўхтовсиэ изланиш, руҳий изтироблар замиридаги кучли муҳаббат, мақсадга етишиш йўлидаги бемисл инсоний сидқу вафо, фидойилик ҳақида кўпгина маълумотларни тақдим этган.
Маънавиятимизни юксалтиришда нақшбандийликда илгари сурилган ҳалоллик, меҳнатсеварлик, тўғрилик, софдиллик, ўзгаларга ёрдам бериш, саҳийлик, имонли ва эътиқодли бўлиш, меҳр-шафқат каби хулқ-одоб қоидалари, шубҳасиз, кишиларни ижтимоий ҳаёт ишларида фаол қатнашишга, эзгулик ва хайрли ишлар қилишга даъват этади.
Раҳматов Эркин,
СамДУ докторанти
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али. Мақомоти 149 Хожа Баҳоуддин Нақшбанд. Таржимон тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний. – Тошкент: Ўзбекистон, 2019. – Б. 335.
- Баҳоуддин Нақшбанд. (Манбалар таҳлили). – Тошкент: Sanostandart, 2019.
- Буюк Термизийлар: Термиз тазкираси / Мусанниф Мирзо Кенжабек. – Тошкент: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2017. – Б. 512.
- Комилов Н. Тассаввуф. – Тошкент. Movorounnahr, 2009.
- Соҳибназар К. Тасаввуф фалсафаси. Ўқув қўлланма. – Самарқанд: СамДУ нашри, 2021. – Б. 304.
Izoh qoldirish