27.12.2023

ҲОЖИ МУИННИНГ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯВИЙ ҚАРАШЛАРИ

Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш барчамизнинг долзарб вазифамиздир. 

Юртбошимиз «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири саволларига берган жавобларида Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек стратегик мақсад ва буюк вазифалар, уларнинг ижроси доирасида амалга оширилган улуғвор ишларни сарҳисоб қилиб, авваламбор, «янги» деган сўзнинг халқимиз учун алоҳида аҳамияти борлигига эътиборни қаратди. Масалан, ХХ асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз «жадидчилик», яъни янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққан.

Ана шундай фидойи, халқ маърифати, миллатнинг тараққийси учун курашган илғор маърифатпарвар зиёлилар қаторида Ҳожи Муин Шукруллоҳ ўғли ҳам бор эди. 

1883 йилнинг 19-мартида Самарқанд шаҳрининг Руҳобод мавзеида дунёга келган Ҳожи Муин ибн Шукруллоҳ эски мактабда савод чиқариб, мадрасада Саидаҳмад Васлийдан араб наҳви(синтаксиси)ни ўрганган. “Меҳрий” адабий тахаллуси билан ижод қилган адиб -форс, турк, озарбайжон тилларида эркин сўзлаша олиш ва ёзиш салоҳиятига эга бўлган. Рус тилини, Европа маданиятини мустақил ўзлаштирган [1.4-5 б ].

1901 йилдан ўқитувчилик фаолиятини бошлаган адиб Беҳбудий, Ажзий, Шакурийлар таъсирида фикри ўзгариб, 1903 йили ўз маҳалласида мактаб очади ва ушбу мактаб учун 1908 йили “Раҳнамои савод” номи билан алифбо нашр эттиради. 1913 йили Беҳбудийнинг “Самарқанд” газетасида ва “Ойина” журналида ишлай бошлайди. Ижодкор ва ташкилотчи сифатида Беҳбудийнинг рағбат ва ҳурматини қозонади. 

Адиб ўз издошлари ва сафдошлари каби юрт озодлиги, миллатнинг эрки учун курашишни ўзининг муқаддас бурчи деб билди. “Садойи Туркистон”, “Самарқанд” газеталари, “Ойна” журналида чоп этилган мақолаларида асосан, халқнинг маънавиятини шакллантириш, маориф, таълим-тарбия ҳақида бўлиб, улар публицистнинг ёниқ қалбидан далолат беради. 

Жумладан, Ҳожи Муиннинг “Эски мактаб, янги мактаб” пьесасида ўз давридаги эски усул мактаби билан янги усул мактаби ўқув тизимидаги фарқни тасвирлаб, “усули жадид” мактабини олқишласа, “Тўй”, “Кўкнори”, “Мазлума хотун” каби саҳна асарларида халқ орасида урфга кириб қолган ёмон одатларни қоралайди. “Садойи Туркистон”, “Самарқанд” газеталари, “Ойна” журналида чоп этилган мақолаларида миллатнинг тараққий қилиши илм билан эканлигини, илми бор миллатнинг истиқболи мунаввар ва ўзи осойишда ҳам ажнабийлар қошида маҳобатли ва ҳурматли кўриниши тўғрисида, ёшлар  ва қизлар тарбияси, одобсизлик сабаби ва чораси, оила тарбияси, тил масаласи, юрт қайғуси, матбуотнинг аҳволи, ўзбекча алифболар тарихи, форсча алифболар тарихи  ва бошқалар тўғрисида ёзади. Адиб 1913 йил, “Ойна” журналининг 2-сонида чоп этилган “Истиқбол қайғуси” мақоласида миллатни илм ўрганишга даъват қилиб, шундай фикрларни баён қилади: “Соҳиби илм ва мутараққий миллатларнинг аломатлариндан баъзиси шулки, ибтидоий мактаблари мунтазам бўлуб, ўрта ва олий ҳар турли мадрасалари бўладур. Бу мадрасаларда ўқиб чиқгон болалари фаол одам бўлуб, ҳол ва даражаларига муносиб иш — ҳунар — тижорат ва руҳоний ўрунларга киришуб кетарлар. Шу йўл ила мутамаддун миллатлар ўз ишларини ўзлари бошқаруб, ҳеч важдан ўзгаларга муҳтож бўлмай роҳатда яшайдурлар. Ўз мадрасаларига диний, дунёвий илм ва фанларни лозиминча ўргануб чиқарлар. Онинг учун на динларини қўлдан берурлар ва на дунёвий ишларини.

Демакки, бир қавмнинг ҳаёт ва саодати илм иладур. Сувсиз балиқ тирик қолмагани каби илмсиз, иттифоқсиз миллатларнинг яшай олмаслиги табиийдур. Мен бу маҳалда илм ва фан қаторинда сарват, яъни бойликни ёзмадим, ҳолбуки, тирикчилик шартларининг бириси оқча ва мол эди. Чунки мол ва мулк илмнинг ниҳоятсиз самараларидан бир жузъидур. Илми бор одам озгина ҳаракат ва ғайрат қилса, албатта, бой бўлур. Юқорида, илмлик миллатлар яшайдур, демиш эдим. Мунинг аксинча, нодон миллатлар мутлақ яшамас, тадрижий йўқ бўлур. Алалхусус, бу замонда илми замонийсиз миллатнинг яшамайинча, тезлик ила мунқариз бўлиши муқаррардур.

Токи, бизлар ҳам ўзгалар қошида ушбу (муборизаи ҳаёт) майдонида эзилмай, илмимиз ила динимизни, молимиз ила ҳаётимизни муҳофаза қилиб яшасак. Шундай қилмаганимиз ҳолда, бора-бора охир ҳолимиз табоҳ-болаларимизнинг иши оҳ ва воҳ бўлуб ҳам дин ва ҳам дунёмизни қўлдин беруб мунқариз бўлурмиз. Ушбу вақтдан бошлаб истиқбол ғамини еб, таъмини истиқболимиз йўлида ҳаракат қилмоқ ҳар биримизнинг вазифаи лозималаримиздур” [61-62 б].

Дарҳақиқат, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.Шунинг учун ҳам, юртимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.

«Меҳнаткашлар товуши» газетасида чоп этилган (1918 йил, 28 июнь) “Ёшларимиз ва қизлар тарбияси” номли мақолада аллома, ўз даврида хотин-қизлар таълими аҳволи тўғрисида қайғуриб, шундай таҳлил қилади: 15 йил давомида Туркистонда бошлаб татар муаллимлари ва туркистонлик ёшлар томонидан фақат ўғил болалар учун махсус янги мактаблар очилганлиги, бу муддатда ҳозиргача бутун Туркистон ўлкасида 50 дан ортиқ мактаблар очилганлиги, шу муддатда ва шунча мактаблар қаторида болаларимизнинг ярмини ташкил этган қизларимиз учун намуна бўларлик бир дона «Қизлар мактаби» очилмаганлигини, бунга ҳаракат ҳам қилинмаганлигини таъкидлаб шундай дейди: “Ҳолбуки, Туркистон ёшлари орасида қизлар тарбиясининг аҳамиятини биладиган зотлар йўқ эмас, оз бўлса ҳам бор эди. Бас, нима учун бу йўлда улар тарафиндан бирлар қадам босилмади?

Бу саволға жавоб ўрнинда баъзи кишилар айтатурғонлардирким: “Қиз болаларни ўқитмоқ учун Туркистонда иқтидорли муаллималаримиз йўқ эди. Татар қардошларимиздан муаллималар кетирарга замони мусоид йўқ эди. Яъни эски ҳукумат моне бўла эди. Шунинг учун бу тўғрида айб ёшларимизда эмас, замондадир”.

Мен бўлсам мундай сатҳи юзаки жавобларға ҳеч вақт кўнмайман. Менимча, бу ҳаракатсизликларнинг сабаблари бошқа тарафдан келган. Мана шул очиқ ҳақиқатдир: бизнинг ислом дини хотунларға ўзга динлардан кўброқ ҳуқуқ берган ва ҳурмат кўрсатган, илм ўрганишнинг қарзлиғини эркаклар билан баробар хотун-қизларға фарз этган бўлса ҳам, лекин биз мусулмонлар, бохусус, биз туркистонлилар неча замонлардан бери бу ҳақдаги ислом ҳукмлариндан ва ислом таълимотиндан кўз юмиб, хотинлар ҳуқуқини поймол этиб ва аларни ўзимизға асир ҳукминда юрутуб келмакдамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом барча муслим ва муслималарға илм ўрганишнинг фарзлиғини очиқ суратда билдирган экан. Бизлар ўз қизларимизни мактабга юбормай, чор девор орасинда ҳайвон қаторинда қамаб қўямиз ва аларни илму тарбия шарафиндан, дунё саодатиндан маҳрум этамиз...” [5. 82-83 б].

Ривоятларда келишича, бир киши бир улуғ зотнинг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, – деб сўрабди. Шунда у улуғ зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, – деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.

Бугунги кунда юртимиз хотин-қизларига берилаётган имтиёзлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар, уларнинг ўқиши, ишлаши, саломатлиги, оиласи учун шароитлар яхшиланаётганлиги, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги заминида халқпарвар юртдошларимизнинг орзу армонлари рўёбини кўришимиз мумкин.

Ҳажв ва кулгининг таъсири катта бўлишини яхши тушунган адиб ҳажвий жанрда ҳам ижод қилади. Бу ҳақида мақоласида: “Ҳар ерда, айниқса, бизнинг Туркистон халқиға жиддий сўзлардан кўра ҳажвий ва кулгили сўзларнинг кўбрак таъсир этиши кўриниб турадир. Бизнинг халқ ҳар вақт тўғри ва жиддий сўзларга илтифот этмай, балки унинг тескарисича кулгулик, ҳангомалик гапларга аҳамият берадир”, деб ёзади [6. 2.б].Унинг ҳажвий мақолалари Ботурбек, Машраб, Эзма, Аърофий, Чақимчи, Муғомбир каби қатор яширин имзолар билан эълон қилинган.

Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Бегали Қосимов Ҳожи Муиннинг журналист, шоир, драматург, таржимон сифатида адабиётимиз ва маданиятимиз тарихида муайян мавқега эга эканлигини таъкидлайди [5. 16б ].

Хулоса ўрнида, буюк аждодимиз Ҳожи Муиннинг асарларини ўрганар эканмиз, бугунги фаровон турмушимиз, тўкин ҳаётимиз – улуғ аждодларимиз меҳнатлари ҳосиласи эканлигини зинҳор унутмаслигимиз лозим.

Рўзиева Кимёхон Илҳомовна,

ТИҚХММИ МТУ Бухоро табиий ресурсларини бошқариш институти ассистенти 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Бегали Қосимов. Миллий уйғониш – жасорат, маърифат, фидойилик. – Тошкент: Маънавият, 2002. [1.4-5 б ], [1.8-9 б ].
  2. Бегали Қосимов. Ҳожи  Муин қисмати. – Тошкент: Маънавият. 2008.
  3. Комилжон Ҳашимов, Санобар Нишонова. Педагогика тарихи. – Тошкент: II қисм. Дарслик. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. –2005.
  4. О.Ҳасанбоева, Ж Ҳасанбоев, Ҳ.Ҳомидов. Педагогика тарихи. – Тошкент: Ғафур Ғулом нашриёт матбаа-ижодий уйи, Дарслик II-қисм. – 2004.
  5. Ҳожи Муин. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2005 [5. 82-83 б ]. 
  6. Ҳожи Муин. Англашмаслик ёки таёқнинг таъсири.// Зарафшон, 1923, 18-феврал. – Б. 16.

Izoh qoldirish