МУҲАДДИС БАДРИДДИН АЙНИЙ СУЛТОНЛАР МУАЛЛИМИ
Мавзу юзасидан олиб борилган тадқиқот ишида XIV-XV аср Айнийнинг Мамлук султонлигидаги ўрни, илмий муҳит ва Айнийнинг шоҳ асари “Умдатул Қорий”нинг ўша давр ҳадисшунослиги ривожидаги аҳамияти каби масалаларни ёритишга аҳамият қаратилди.
Бадриддин Айний яшаб, фаолият юритган давр – Миср ва Шом диёрларида ҳукмронлик қилган Мамлуклар даври (1250–1517)га тўғри келади. Мазкур даврларда Мисрдаги ижтимоий, диний, иқтисодий, давлатчилик, маъмурий ва бошқа масалалар Ибн Асир, Мақризий, Ибн Халдун, Ибн Ҳажар Асқалоний, Бадриддин Айний, Зоҳирий, Ибн Тағриберди, Абдурраҳмон Саховий, Жалолиддин Суютий каби ўрта аср тарихчилари томонидан яратилган асарларда ўз аксини топган. Сиёсий, диний-ижтимоий муҳити ва мамлакатда рўй берган кўплаб воқеа-ҳодисалар ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин.
“Буюк имомлар имоми”, “Буюк муҳаддис”, “Асрининг шайхи ва фақиҳи”, “Миср диёри олими”, “Қозил қузот”, “Шайхул ислом” каби унвонларга сазовор бўлган Бадриддин Айнийнинг тўлиқ исми Бадриддин Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Мусо ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Юсуф ибн Маҳмуд Ҳалабий бўлиб, 762/1361 йил 17 рамазон ойида Айнатоб шаҳри[1]да таваллуд топди[2].
Ибн Ҳажар ва Имом Саховий ўз асарларида зикр қилганидек, Бадриддин Айний ушбу шаҳарда дунёга келади ва шу ерда улғайди[3]. У илк бор шаръий билимлар – Қуръон ҳифзи, фиқҳ илмини отасидан, кейинчалик эса, саккиз ёшга етгач, етти қироат, ҳанафий фиқҳи, араб тили, тафсир, мантиқ каби фанларни бошқа шайхлардан таҳсил олади. 783/1381 йил илм олиш мақсадида Ҳалабга йўл олади у ерда Жамолиддин Юсуф ибн Муса Малтийдан кўпгина ҳанафий фиқҳи китобларини ўрганади. Сафардан қайтгач, отаси Шиҳабиддин Аҳмад 784/1382 йилда Айнатобда вафот этади. 785/1383 йил Дамашқга ҳадис илмини ўрганиш учун сафар қилади ва ҳадис илмига ихтисослашган “Нурия” мадрасасида таҳсил олишни бошлайди. Кейинчалик бир муддат Ҳалабда ҳам илм сафарида бўлади[4].
Бадриддин Айний 788/1386 йили ҳаж қилгандан сўнг Ҳижоз, Байтул Мақдисни зиёрат қилиш аснода ҳаж зиёратига чиққан Шарқ алломаси Алоуддин Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Сайрамийни учратади. Шайхга ҳамроҳ бўлиб, ундан илм олади. Уларга Мамлуклар султонлиги амири Зоҳир Барқуқнинг (ҳукмронлик даври 1382–1399) яқинда қурдирган катта Барқуқ мадрасасига уламоларни келиб дарс беришлари учун эълон қилингани тўғрисида хабар етади. Бадриддин ва устози шайх Алоуддин Султон Зоҳир Барқуқнинг (ваф. 801/1399) динга ва илмга бўлган муносабатини кўриб, Қоҳирага йўл олишади. Уларни ҳурмат-эҳтиром билан кутуб олишади. Мадрасанинг очилишида илмий йиғилишда шайх Алоуддин Сайрамий табаррукан биринчи дарсни ўтиб беради. Илмий мажлисда султонлар, амирлар ва аъёнлар ҳам иштирок этади. Қози Нуриддин ибн Хатибнинг айтишича, Султон Зоҳир Барқуқ Алоуддин Сайрамийни ўзи асос солган мадрасага бош шайх қилиб тайинлайди. Сайрамий шогирди Бадриддин Айнийни ўзига ёрдамчи қилиб олади. Айний яна илм олишда давом этиб, шайхи Алоуддин Сайрамий ва бошқа Қоҳирадаги улуғ шайхлардан ҳадис илмига оид асарларни, сунан китобларини жумладан, Аҳмаднинг “Муснад”и, Дорақутний ва Доримийнинг “Сунан”и, Бағавийнинг “Масобиҳус сунна”си, Насоийнинг “Сунани Кубро” каби китобларни таҳсил олади ва ўзи ҳам олимлик даражасига етади. У Шайх Сайрамий вафоти (790/1388)дан сўнг, ўрнига Зоҳирия мадрасасида бош шайх этиб тайинланади[5].
Айний ҳадис ва фиқҳ илмларини ўрганишни истаб келган ўзининг хос шогирдарига 814/1411 йилда Ал-Азҳар масжиди ва яшайдиган уйи яқинида бир мадраса барпо қилади ҳамда ўзи тасниф этган китобларни мадрасага вақф қилиб қолдиради.
У Қоҳирада қозилик, ғазначилик, йирик мадрасаларда устозлик каби олий, илмий ва маъмурий мансабларни эгаллаган, ҳатто вақф ишларида султон (Вазири) ёрдамчиси бўлиб (819/1416 й) ишлади. султон Барсбой даврида, 829/1426 йилдан бошлаб, ҳанафий мазҳаби қозиси лавозимида фаолиятини давом эттирди.
Қозилик ишлари фақат шахсий ҳолат бўйича ишларни кўриб чиқиш билан чекланиб қолмай, балки унга топширилган барча ишларни – фуқаролик, жиноий ишларни кўриб чиқиш, масжидларга имомларни тайинлаш, зарбхонани назорат қилиш, пул хавфсизлигини таъминлаш каби ишларни назорат қилиш вазифалари ҳам юклатилган эди. Мазкур масъулиятли ишларнинг оғирлигига қарамай, 818/1415 йилда очилган “Муаядия” мадрасасида ҳадис илмидан, “Маҳмудия” мадрасасида фиқҳ, тарих, грамматика, адабиёт каби фанлардан дарс берар эди. Ушбу илм даргоҳларидан буюк ҳанафий фақиҳи Камол ибн Ҳамам, Ибн Тағрий Бардий, Саховий ва Абул Фазл Асқалоний каби шогирдлар етишиб чиқди[6].
Бадриддин Айний Мисрда ўз даврининг кўплаб ҳукмдорлари – султонлари билан замондош бўлиб, улар билан яхши муносабатда бўлган, ҳатто Рим юртига 823/1420 йилда элчи қилиб юборилган. У исталган вақтда султоннинг бошқарув кенгашига кириб, у билан барча масалалар юзасидан маслаҳатлашарди. Айний туркий тилни яхши билгани сабаб, унинг султон Барсбай билан муносабатлари кучайиб, улар ўртасида устоз-шогирдлик муносабатлари вужудга келди. Султон Барсбай (ваф.842/1438) ҳузурида кечалари соатлаб қолиб, ислом шариъати ва фиқҳга оид масалаларни унга тушунтирар ва тарихдан айрим нарсаларни ўқиб, султонга туркий тилни яхши билмагани учун туркийга таржима ҳам қилиб берар эди. Султон илм истаб шайхнинг қўлида шогирд бўлиб, атрофдагиларга фахр билан “Қози Айний бўлмаганида, исломимиз гўзал бўлмасди, салтанатда қандай юришни ҳам билмас эдик”[7], – деб айтар эди. Султон Барсбай устози Айнийни шу даражада улуғлар ва ишонар эдики, келган делегацияларни қабул қилишда Султон номидан иш кўришни сўраган ҳамда қўшни диёрлардан келган мактубларни таржима қилишни унга топширган.
Айний яшаган даврда Миср масжидлари ва мадрасаларда катта олимлар ўртасида илмий мунозаралар, савол-жавоблар бўлган, Айний ҳам ана шундай уламолардан эди. Ибн Ҳажар Бадриддин Айнийдан ўн икки ёш кичик бўлиб, бу икки замондошлар ўртасида қизғин илмий баҳс-мунозаралар бўлиб турган. Уларнинг иккаласи ҳам имом, фақиҳ ва тарихчи бўлиб, ўз мазҳабларида етакчилик қилган. Ибн Ҳажар шофеий, Айний эса ҳанафий мазҳабининг етук олимларидан бўлиб, уларнинг ҳар бири қозилик лавозимида фаолият олиб борган. Уларнинг ҳар бирининг тарафдорлари ва ёрдамчилари бўлган. Улар “Саҳиҳи Бухорий”га бир даврда мукаммал шарҳлар ёзишган. Ибн Ҳажар Айнийнинг “Умдатул Қори” номли шарҳида ўзининг “Фатҳул Борий” номли ҳадислар шарҳи китобидан кўчирилганликда айблагани ва иқтибос келтирса-да, Ибн Ҳажарга ишора қилмаганлиги улар ўртасидаги келишмовчиликнинг авж олишига сабаб бўлган[8]. Бу масала ҳалигача тадқиқотчилар ўртасида баҳс-мунозара мавзуси бўлиб келмоқда. Бу икки буюк муҳаддис ўртасида қандай масала бўлмасин, улар ҳадисшунослик ва бошқа фанларда ёзиб қолдирган илмий мероси бутун ислом уммати учун асосий манба сифатида хизмат қилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Улар ўртасидаги рақобат улардан бирининг иккинчисидан истифода қилишига тўсқинлик қилмаган. Дарҳақиқат, Ибн Ҳажар Айнийнинг илмидан истифода қилганини айтган ҳамда ундан “Саҳиҳ Муслим”дан икки ҳадисни ва “Муснади Аҳмад”дан битта ҳадис эшитган. Ибн Ҳажар Асқалоний устозлари ҳақидаги “Ал-мужаммаъул муассис лил муъжамил муфаҳрис” номли китобида Айний учун алоҳида сарлавҳа ажратиб, учинчи табақа шайхлари қаторида зикр қилган[9]. Шунингдек, Имом Саҳовий ҳам “Аз-завъул ломеъ” номли китобида Ибн Ҳажар ўлимидан олдин бемор бўлиб ётганида Айний уни зиёрат қилиб, Зайнул Ироқийдан эшитган ҳадисларини айтиб беришини сўраганини таъкидлаб ўтган[10].
Бадриддин нақлий ва ақлий билимларда асрининг имоми, фуруъ ва усул масалаларида ўз замонасининг ягонаси бўлган. Илмий баҳсларда чуқур илмга эгалиги ва гўзал хулқи билан барчага намуна бўлган. Мукаммал китоб ёзишда буюк олимлар орасидан ажралиб турганки, ҳатто ҳадис, фиқҳ, тарих, араб грамматикаси йўналишларида кўплаб китоблар тасниф этган.
Бадриддин Айний турли илмий марказларда илм талабида бўлиб, кўплар катта устоз ва улуғ шайхларнинг илмий суҳбатларидан баҳраманд бўлиш билан бирга уларнинг таълим-тарбияларини ҳам олди. Ўзининг устоз ва шайхлари тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олган “Муъжамуш шуюх” номли бир китоб ҳам тасниф этган[11].
Абул Муҳасин Жамолиддин Юсуф ибн Тўғри Берди “Ал-манҳалус софий вал муставфа баъдал вафий” асари[12]да келтиришича, Бадриддин тафсир, ҳадис ва араб тили грамматикасига оид китобларидан таҳсил олган. Жумладан, тафсир илми бўйича Замаҳшарийнинг “Ал-кашшоф”, Насафийнинг “Тафсир Насафий” ва Самарқандийнинг “Баҳрул улум” каби тафсирларни мутолаа қилган ҳамда ҳадис илмида “Кутуб ситта”, Имом Аҳмаднинг “Муснад”ини ва Байҳақий ва Доруқутнийнинг “сунан”и ва Ҳумайд Кешийнинг “Муснад”и каби ҳадислар тўпламларини ҳамда Табаронийнинг “Мўжам” китобларини ўқиган.
Бадриддин Айний илм ўрганиш билан бирга илм марказларида унинг дарсларини тингловчилари ва кўпгина шогирдлар бор эди. Манбаларда Қоҳира ва бошқа диёрдаги илм марказларида устоз бўлиб ишлаганидан ташқари “Муайядийя” мадрасасининг ўзида 40 йил давомида устозлик қилган, шогирдларига ҳадис фанидан дарс бергани таъкидлаб ўтилган[13]. Шу ўринда Имом Саховий ҳам, бу муҳаддис атрофидагиларга ҳусни муомала ва тавозе билан ҳадис илми ва бошқа фанлардан дарс берган ва керакли масалалар юзасидан фатво берган. Унинг исми машҳур бўлиб, ҳатто дин пешволари ҳам келиб ундан тўрт мазҳабга оид илмларни ўрганганини алоҳида қайд этади[14].
Айний Ибн Ҳажарнинг вафотидан уч йил кейин, яъни 855/1451 йилда 91 ёшда вафот этади. Тонгда Ал-Азҳар масжидида жаноза намози ўқилиб, ўзи қурган мадрасада дафн этилади[15]. Ҳозир бу мадраса масжид сифатида хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Қоҳирадаги “Қасрул Айний” номли шифохона, унинг набираси Шаҳобиддин Аҳмад ибн Абдурраҳим ибн Маҳмуд Айнияга мансуб бўлиб, у ўз даврининг таниқли амирларидан бири бўлган.
Имом Бадриддин Айний ўз замонасида энг кўп китоб тасниф этган Имомлардан саналади. Бу борада Имом Саховий Айний каби кўп китоб тасниф эганлар қаторида яна Ибн Ҳажар (773/1372–852/1449)ни зикр қилиб ўтади.
Айний султон томонидан турли мансабларга тайинланиши, қози ва мударрис сифатида халққа хизмат қилиш билан машғул бўлишига қарамай, бу ҳол унинг илм ва асар тасниф этишни давом эттиришга тўсиқ бўлмади, у турли мавзуларда кўплаб китоблар ёзга улгурди. Жумладан, Айний ўзи яхши кўриб фиқҳ, ҳадис, тарих ва араб тили каби йўналишларида ижод қилиб, ҳаёти давомида 72 дан ортиқ кўп жилдли асарлар тасниф этди[16].
Бугунги кунда муҳаддиснинг турли йўналишларда тасниф этган асарлари илмий тадқиқотчилар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилиб, тадқиқ ва таржима қилиниб, кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Бадриддин Айнийнинг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳи ва ҳанафий мазҳаби асосида тасниф этган “Умдатул Қорий асарини тадқиқ этиш билан бирга унинг ҳаёти ва илмий мероси ҳамда унинг ўша давр ҳадисшуносликда тутган ўрнини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Бадриддин Айний ушбу шарҳининг муқаддимасида ҳадиснинг (турли) санадларини ва "Саҳиҳул Бухорий"да ривоят қилинган ривоятларни бирма-бир зикр қилиб, ушбу шарҳнинг санади Имом Бухорийга қандай етиб бориши ҳақида шундай дейди: “Менинг ушбу китобимнинг санади Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга икки буюк муҳаддис олимлар орқали етиб боради, улар Зайниддин Абдураҳим ибн Абул Маҳосин Ироқий (ваф.806/ ) ва Тақийиддин Муҳаммад ибн Муъийниддин Муҳаммад Басрийдир[17].
Имом Бухорийдан Айнийгача келтирилган санадлар уч йўл билан икки ровий орқали етиб келганини англашимиз мумкин. Натижада, “Умдатул Қорий” икки шайх: Зайниддин Ироқий ва Тақийюддин Муҳаммад ибн Маъиниддин Муҳаммад ривоятлари орқали етиб келган Саҳиҳул Бухорий нусхаси асосида шарҳланганлигига амин бўламиз.
Айний “Умдатул Қорий” асарини тасниф этишда ундаги масалаларни кенгроқ шарҳлар мақсадида турли китобларга мурожаат қилиб, улардан айримларидан иқтисоб келтириш йўли билан ёки тўғридан-тўғри матнни келтириш орқали фойдаланган. Масалан, Тафсир ва Қуръон илимларига оид 9 та асардан, ҳадис тўпламлари ва ҳадис илми – сиҳоҳ, сунан, муснад, мусаннафот, мустахражот, атроф ва ҳадис шарҳларига оид 55 та асардан, илми рижал ва тарожумга оид 13 та асардан, тарих ва сийратга оид 7 та асардан, тилшуносликка оид 19 та асардан, араб грамматикаси – наҳвга оид 3 та асардан, фиқҳ ва усулга оид 23 та асардан фойдаланганлигига ва жами 129 та эканлигига тадқиқот давомида аниқлик киритилди[18].
“Саҳиҳул Бухорий”ни шарҳлашда келтирилган фойдаланилган адабиётлар ва манбалар кўриб турибдики, “Умдатул Қорий” келтирилган барча масалалaр, Қуръон оятлари, фиқҳий масалалар, сўзларнинг грамматик ҳолати билан боғлиқ томонлари етарлича ёритилган. Шунинг учун ҳам Уламолар томонидан бу асар кенг қамровли асар деб эътироф этилган.
Юқорида келтирилган ҳадис шарҳини ёзишда фойдаланилган асарлар ичида Мовароуннаҳр уламоларининг қаламига мансуб бўлган асарлар ҳам мавжуд бўлиб, улар 14 тани ташкил этади.
Жумладан, Тафсир ва Қуръон илмларига оид асарлардан 3 та – Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Кеший (ваф. 249/863)нинг “Тафсир Абд ибн Ҳумайд ибн Наср” асаридан, Нажмиддин Умар насафий (ваф. 537/1143 )нинг “Ат-тайсир фит тафсир” (Тафсир Насафий) асаридан, Абул Қосим Жаруллоҳ Маҳмуд ибн Муҳаммад Замаҳшарий (ваф. 538/1144 )нинг “Тафсирул Кашшоф” номли асардан кенг фойдаланган.
Ҳадис тўпламлари ва ҳадис илмига оид асарлардан 4 та – Абу Муҳаммад ибн Исо Термизий (ваф. 279/892)нинг “Сунан Термизий” асаридан, Исҳоқ ибн Роҳувайҳ (ваф. 238/852)нинг “Муснад Исҳоқ ибн Роҳувайҳ” асаридан, Муҳаммад Исо Термизийнинг “Ал-илалул кабир” асаридан, Замаҳшарийнинг “Ал-фаиқ фи ғарибил ҳадис” асаридан фойдаланган.
Илми рижал ва тарожумга оид асарлардан 1 та – Имом Бухорийнинг “Ат-Тарих” асаридан фойдаланган.
Фиқҳ ва усулга оид асарлардан 3 та – Фахриддин Ҳасан ибн Мансур Фарғоний (ваф. 592/1196)нинг “Фатавои Қозихон” асаридан, Бурҳониддин Марғиноний (ваф. 667/1269)нинг “Ал-ҳидоя” асридан, Убайдуллоҳ ибн Масъуд Садруш Шариъа (ваф. 747/1346)нинг “Ат-тавзиҳ фи ҳалл ғавамизит танқиҳ” асаридан фойдаланган.
Шунингдек, Мовароуннағрлик уламоларнин қаламига мансуб асарларга ёзилган шарҳлардан 3 та масалан, Саъдуддин Тафтазонинйнинг “Ат-талвиҳ алат тавзиҳ” асаридан, Бадриддин Айнинг “Шарҳул Ҳидоя” асаридан, Зайниддин Ироқий (ваф. 806/1403)нинг “Шарҳ Сунан Термизий” каби асарлардан истифода қилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, XIV–XV асрларда мамлуклар даврида ҳадисшунослик ривожида Айний ва Ибн Ҳажар каби муҳаддсиларнинг ҳиссаси катта бўлган. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, ушбу икки асрда “Саҳиҳул Бухорийга” 20 яқин шарҳлар тасниф этилган. Улар орасида кенг ва мукаммал ёзилган шарҳлардан “Умдатул Қорий” ва “Фатҳул Борий” шарҳ асарлари бўлиб, бу икки мўътабар манбаларни ҳадисшунослик ва манбашунослик асосида қиёсий ўрганиш “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламидаги ҳадисларни туб маъноларини англашда ва кенгроқ тушунишга ҳамда уларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутади. Шуниндек, “Саҳиҳул Бухорий”даги ҳанафий мазҳаби анъаналарига хос шарҳланган ҳадисларнинг маъноларини кенгроқ тушунишда “Умдатул Қорий” асарини ва унинг муаллифи Бадриддин Айнийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Барот Амонов,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази бўлим бошлиғи
Фойдаланилган адабиётлар:
- Бадриддин Айний. Умдатул қорий. 21 жилдлик. – Байрут, Лубнан: Дурул кутубул илмийя. 2001. – Ж. 1. – 457 б.
- Бадруддин Айний. Ақд ал-жамон фи тарих аҳл аз-замон – Қоҳира: Ҳайъатул мисриятил амма. 1992. – 622 б.
- Жамолиддин Юсуф ибн Тағрибарди. Ал-манҳал ас-софий вал-муставфа баъдал вафий. 13 жилдлик. Таҳқиқчи: Муҳаммад Амин, Саид Абдулфаттаҳ. Миср: Ҳайат мисриййа амма, 1984. – Ж. 11. – 356 б.
- Иймон Умар Шукрий. Ас-султон Барқуқ Муассис давлатил Мамаликил Жаракиса (784-801/1282-1398) мин хилал махтут Ақдул Жамон фи тарих Аҳлиз Заман ли Бадрил Айний. – Қоҳира: Мактабат Мадбулий, 2002. – 612 б.
- Ибн Имод. Шазаротуз заҳаб фи ахбарин ман заҳаб // таҳқиқчи: Муҳаммад Арнаут. 10 жилдлик. – Байрут: Дору ибн Касир, 1993. Ж. 9. – Б. 580.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Ал-мужаммаъул муассис лил муъжамил муфаҳрис. –Байрут: Дарул маърифа, 1992. Ж. 3. – Б. 347.
- Ибн Юсуф Шатиҳ. Докторлик дисс. Маъалим минҳажил луғавий фи шарҳил ҳадисин набавий индал Имам Айний. – Жазоир: Қосидий университети, 2014 йил. Б. 90-94.
- Солиҳ Юсуф Маътуф. Бадриддин Айний ва асариҳу фи илмил ҳадис. – Байрут. Дарул башаирил ислaмийя, 1987. – c. 327.
- Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Аз-Завул ломиъ ли аҳлил қарнит тасиъ. 12 жилдлик. – Байрут: Дорул Жайл, 1992. – Ж. 10. – Б. 368.
- Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Важайзул калом физ зайл ала дувалил ислом. Таҳқиқчи: Башшар Аввад Маъруф. Аҳмад Хотимий. – Қоҳира: Муассаса Aр-рисола, 1995. 1886 б.
- Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Аз-завул ломиъ ли аҳлил қарнит тасиъ. 10 жилдлик. – Байрут: Дорул Жайл, 1992.
- Муҳаммад ибн Зайнулобидин Рустам. Ал-жомеъус саҳиҳ лил Имамил Бухарий. – Мағриб: Дарул башаирил исламия, 2013. – Б. 867.
- http://arab-ency.com.sy/
- https://tarajm.com.
[1] Бадриддин Айний. Умдатул қорий. – Байрут – Лубнан: Дурул кутубул илмия, 2001. Ж. 1. – Б. 5; Ибн Имод. Шазаротуз заҳаб фи ахбар ман заҳаб // Муҳаммад Арнаут. 9 жилдли. – Байрут: Дору ибн Касир, 1993. – Б . 418.
[2] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Аз-завул ломиъ ли аҳлил қарнит тасиъ. 10 жилдлик. – Байрут: Дорул Жайл, 1992. – Б . 378.
[3] Бадриддин Айний. Умдатул Қорий. – Байрут, Лубнан: Дурул кутубул илмия, 2001. Ж. 1. – Б. 5.
[4] Иймон Умар Шукрий. Ас-Султон Барқуқ Муассис давлатил Мамаликил Жаракиса (784-801/1282-1398) мин хилал махтут Ақдул Жамон фи Тарих Аҳлиз Заман ли Бадрил Айний. – Қоҳира: Мактабат Мадбулий, 2002. – Б. 232.
[5] Бадруддин Айний. Ақдул Жамон фи тарих аҳлиз замон. // таҳқиқчи: Муҳаммад Муҳаммад Амин. – Қоҳира: Ҳайъатул мисриятил амма, 1992. – Б. 297
[6] Солиҳ Юсуф Маътуф. Бадриддин Айний ва асариҳу фи илмил ҳадис. – Арриёз: Дарул башаирил ислмия, 1983. – Б. 12-14. http://arab-ency.com.sy, https://tarajm.com.
[7] Муҳаммад ибн Зайнулобидин Рустам. Ал-жомеъус саҳиҳ лил Имамил Бухорий. – Мағриб: Дарул башаирил исламия. 2013. – Б. 392.
[8] Ибн Ҳажар Асқалоний. Ал-мужаммаъул муассис лил муъжамил муфаҳрис. – Байрут: Дарул маърифа, 1992. Ж. 3. – Б. 347.
[9] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Аз-Завул ломиъ ли аҳлил қарнит тасиъ. 10 жилдлик. – Байрут: Дорул Жайл, 1992. Ж. 10. – Б. 131.
[10] Бадриддин Айний. Умдатул қорий. – Байрут, Лубнан: Дурул кутубул илмия, 2001. Ж. 1. –Б. 12.
[11] Жамолиддин Юсуф ибн Тўғри Берди. (Таҳқиқ: Муҳаммад Амин, Саид Абдулфаттаҳ) Ал-манҳалис софий вал муставфа баъдал вафий. – Миср: Ҳайат мисриййа амма, 1984. Ж. 11. – Б. 193.
[12] Бадриддин Айний. Умдатул қорий. – Байрут, Лубнан: Дурул кутубул илмия, 2001.1-жуз. –Б.8.
[13] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Аз-Завул ломиъ ли аҳлил қарнит тасиъ. 10 жилдлик. – Байрут: Дорул Жайл, 1992. Ж. 10. – Б. 135.
[14] Солиҳ Юсуф Маътуф. Бадриддин Айний ва асариҳу фи илмил ҳадис. – Ар-риёз: Дарул башаирил ислмия, 1983. – Б. 81.; Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Важайзул калом физ зайл ала дувалил ислом. Таҳқиқчи: Башшар Аввад Маъруф. Аҳмад Хотимий. Қоҳира: Муассаса Ар-рисола, 1995. – Б. 661.
[15] Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саховий. Аз-заул ломиъ ли аҳлил қарнит тасиъ. 10 жилдлик.. – Байрут: Дарул Жайл, 1992. Ж. 10. – Б. 137; Солиҳ Юсуф Маътуф. Бадриддин Айний ва асариҳу фи илмил ҳадис. Ар-риёз. Дарул башаирил ислмийя. 1983. – Б. 85; Бадриддин Айний. Умдатул-қорий. – Байрут, Лубнан: Дарул кутубул илмия, 2001. 1-жуз. Ж. 1. – Б. 18.
[16] Бадриддин Айний. Умдатул-қорий. – Байрут, Лубнан: Дарул кутубул илмия, 2001. 1-жуз. – Б. 10: Ибн Ҳажар Асқалоний. Ал-мужаммаъул муассис лил муъжамил муфаҳрис. 4 жилдлик. – Байрут: Дарул маърифа. 1992. – Ж. 3. Б. 347; Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадриддин Айний ва асариҳу фи илмил ҳадис. – Ар-риёз: Дарул башаирил исламия, 1983. – Б. 210.
[17] Ибн юсуф Шатиҳ. Докторлик дисс. Маъалим минҳажил луғавий фи шарҳил ҳадисин набавий индал Имам Айний. Жазоир: Қосидий университети. 2014 йил. Б. 90-94.
[18] Хузарий. Тарихи ташреъ. 234-б. Зарқо. Ал-Фиқҳул Исламий фи савбиҳи ал-жадид. 1-жилд, 183. Аҳмад ибн Насириддин Нақиб. Ал-Мазҳаб ал-ҳанафий. 1-жилд, 125-б.
Izoh qoldirish