МОВАРОУННАҲР ФИҚҲ ИЛМИ МАРКАЗЛАРИ
Бугунги Ўзбекистон ҳудуди ўрта асрларда ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшган минтақалардан бири бўлгани айни ҳақиқатдир. Мовароуннаҳр минтақасидаги илмий-маданий марказлар биринчи ренессансларнинг тарихий юксалиш вазифасини бажарган. IX–XII асрларда шаклланиб, самарали фаолият кўрсатган диний-маънавий ва илмий-маданий марказларнинг асосийлари қаторига Бухоро, Самарқанд, Насаф (Қарши), Кеш (Шаҳрисабз), Термиз, Марғилон каби марказлар киради. Бухорода “Асҳоб Абу Ҳафс”, Самарқанддаги “Дор ал-Жузжония” ва “Дор ал-Иёдия”, Шош, Термиз мактаблари фаолият кўрсатган. Оламшумул аҳамиятли ютуқларга эришган бундай марказлар ёки мактаблар тарихи етарли даражада ўрганилмаган.
Имом Абу Ҳанифа рoҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабига асос солганидан сўнг, шогирдлари устозларининг мазҳабини тарқатиш ва ривожлантириш йўлида кўплаб ишларни амалга оширишган. Улардан кейин келган уларнинг шогирдлари-мазҳаб уломолари мазҳаб доирасини кенгайтиришга киришдилар[1].
Кейинчалик Абу Ҳанифа шогирдлари воситасида етишган мазҳаб вакиллари турли диёрларга тарқаб кетишди. Улар кўпроқ ўша вақтнинг илм ва сиёсат марказларидан бўлмиш шаҳарларга боришди. Аббосийлар халифалигида кўп йиллар давомида шайхул ислом ва қоз-юл кузот лавозимига ҳанафий олимларидан тайинланиши оқибатида, Ислом мамлакатларининг маркази Ироқ, хусусан, унин пойтахи Бағдод ҳанафий мазҳабнинг марказига айланди.
Қози, муфтий, имом сифатида йирик мансабларда фаолият юритган ҳанафий мазҳабини ривожланишига катта ҳисса қўшган Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл Анборий Басрий (728–775), Қосим ибн Маън (ваф. 175/791), Абдуллоҳ ибн Муборак (736–797) Абу Исмат Нуҳ ибн Абу Марям (ваф. 173/789), Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Кўфий Ансорий (731–798), Ибн Абу Зоида Яҳё ибн Закариё (737–798), Асад ибн Амр (ваф. 188/804), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (749–805), Ҳафс ибн Ғиёс Куфий (735810), Вакиъ ибн Жаррох (746-812), Абу Мутиъ Балхий (ваф. 199/814) ва Ҳасан ибн Зиёд Лўълуъий (734-819) кабилар ижтиҳодда мустақил бўлишган ҳамда мазҳаб равнақига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшдилар.
Ҳанафий мазҳаби тарқалиши жараёнига дастлаб, Балх ва Рай[2] шаҳарларида асос солинди. 142/759-60 йилдаёқ Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бири Абу Бакр ибн Абдуллоҳ Умар ибн Аҳмад ибн Довуд (ваф. 177/787–788 й.) Балх шаҳри қозиси бўлган. Ҳатто унинг вафотидан кейин ҳам ҳанафийлар у ерда ўз таъсирини сақлаб турди.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг ўзидан ёки шогирдларидан кўплаб балхлик уламолар таълим олдилар. Жумладан, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Сулаймон ибн Зиёд (ваф. х. 1-ярми), Абу Умар Муҳаммад ибн Маймун ибн Баҳр ибн Саъд ибн Раммоҳ (ваф. 171/787 й.), Абу Муҳаммад ибн Салим ибн Солим Балхий (ваф. 194/809 й.), Абу Мутеъ Хакам ибн Абдулoҳ Балхий (ваф. 199/814 й.) ва Абу Муоз Холид ибн Сулаймон Балхий (ваф. 199/814 й.). Бу уламолар Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларини Хуросонда, хусусан Балхда тарқатган.
Абу Мутеъ Ҳакам Балхий Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг дўсти ва етук шогирди бўлиб, “Ал-фиқҳ ал-авсат” асарини у зотдан ривоят килган. У йигирма йилдан ортиқ Балх қозиси бўлган. Абу Умар Муҳаммад ибн Маймун ибн Баҳр ибн Саъд ибн Раммоҳдан (ваф. 171/787 й.) кейин ўн олти йил қозилик қилган ва ҳанафий фиқҳини таълим бериб, ёйган.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг хуросонлик ва мовароуннаҳрлик кўплаб шогирдлари қозилик, муфтийлик ва бошқа юқори нуфузли лавозимларга тайинланиши ҳанафий мазҳабининг бу улкаларда ёйилишига катта ёрдам берган. Дастлаб Балхда қабул қилинган ҳанафий мазҳаби қисқа вақтда ўлкадаги бошқа шаҳарларда ҳам ёйилди.
Термизнинг Балх билан бевосита алоқаси сабабли Термизда ҳам ҳанафий мазҳаби тасири устун кела бошлади. Холид ибн Зиёд Термизий (VIII аср) даслаб ҳанафий мазҳабини Термиз атрофларига ёйган шахс сифатида манбаларда келтирилади[3]. Термизнинг пешқадам олимларидан. Бу кишидан Қутайба ибн Саъид ва Ҳабаш ибн Ҳарб ал-Пайкандийлар дарс олганлар. 100 ёшига кириб вафот этганлар[4]. Абу Ҳанифадан сабоқ олиб, бир муддат Термиз ва Чағониёнда қози бўлганида Мовароуннаҳрга ҳанафий мазҳабининг тарқалишига ҳисса қўшган[5].
Ўғиллари Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд Термизий (VIII аср) Марвда қози эдилар.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Фақиҳ ат-Термизий. Термиз аҳлидан. Муҳаммад ибн Наср ат-Термизийдан ҳадис ривоят қилган. 200/816 йилда таваллуд топиб, 295/909 йилда вафот этган.
Абу Муҳаммад Абдулвоҳид ибн Муҳаммад ас-Сарминжий имом хатиб. Фақиҳ Абу Бакр Аҳмад ибн Муслимдан ҳадис ривоят қилган. Ундан Абу Муҳаммад Абдулазизи ибн Муҳаммад ан-Наршахий ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилган. Булардан бошқа кўплаб фақиҳлар ўша даврларда Термиз ва унинг атрофида фаолият олиб борганлар ва шогирларини тарбиялаб ўз мактабларини ярата олганлар.
Шуниси аҳамиятга моликки, Термиз уламолари ҳанафий фиқҳини Мовароуннаҳр ўлкасига кириб келишига дарвоза вазифасини ўтаганлар, шу билан биргаликда, Термиз олимлари ҳадис билан фиқҳ илмини ўзларида жамлай олганлар.
Асли Бухородан бўлган Шурайк ибн Абдуллоҳ ибн Синон Нахаий Куфий (715–794), Бухорода истиқомат қилган, Абу Ҳафс Кабирнинг (767–831) устозларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Фазл ибн Атийя Марвазий (ваф. 180/796), Абу Убайд Исҳоқ ибн Бишр Бухорий (ваф. 206/821), узоқ йиллар Абу Ҳанифага ҳамроҳлик қилган Абу Иброҳим Муҳаммад ибн Қосим Асадий (ваф. 207/822), Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг (810–870) устозларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Салом Бойкандий (778–840)лар Бухорога ҳанафий мазҳаби кириб келди. Ва ўз устунлигига эга бўла бошлади. Бунда Абу Ҳафс Бухорийни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
IX асрда Бухорoда ҳанафий таълимотини ёйган ва маҳаллий фиқҳ мактаби – ўз мактабини шакллантира олган Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс кабир Бухорий (в. 832)дир. У Имом Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбонийларнинг шогирди. Академик В.В.Бартолд у кишининг қабри устида «Мовароуннаҳ уламолари устози» деган ёзув бўлганини ёзади[6].
“Абу Ҳафс Кабир” куняси билан танилган Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий 150 ҳижрий (767 милодий) йили Бухоро шаҳрининг Фагсодара маҳалласида туғилиб, 216 ҳижрий (832 милодий) йили ўша ерда вафот этган. Олим Бағдодга боради, Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан дарс ола бошлайди. Ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганиб, Бухорога қайтиб келади. Бухоро шу киши туфайли “Қуббат ул-ислом” (“Ислом дини гумбази”) деб аталган. Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс Кабир кўплаб фақиҳларни тарбиялаб етиштирган. Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрда тарқалишида хизмати катта бўлган.
Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий фиқҳнинг турли масалаларига доир кўп асарлар ёзган. Булардан “Фатавои Абу Ҳафс Кабир”, “Китабул имон” айниқса машҳур бўлган. Абдулкарим Самъоний айтишича, Абу Амр Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Хузоий ал-Мохий: “Мен Абу Ҳафс Кабирнинг “Китабул имон” китобларидан таълим олганман”[7], – деган. Абу Ҳафс Кабирнинг фиқҳга доир турли масалалар ёритилган “Ал-аҳвоъ вал ихтилоф” (“Ҳавоий гаплар ва келишмовчиликлар”), “Ар-радду алал лафзия” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) каби асарлари ҳам бор.
Абу Ҳафс Кабирнинг илмда забардаст ўнлаб шогирди бўлган. Улардан Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадакорий Бухоронинг Бадакор қишлоғидан эди. Яна шогирдларидан Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хуноматий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизгукий, Муҳаммад ибн Абдулло Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шаргий, бу кишининг отаси Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шаргий ҳам Абу Ҳафс Кабирдан таълим олган.
Бу фиқҳ мактабининг вужудга келиши Сомонийлар ҳукмронлиги даврига (819–1005) тўғри келади. Чунки бу даврда Балх, Термиз ва Мовароуннаҳнинг бошқа шарҳлари ўртасида мустаҳкам маданий алоқалар ривожланган эди. Шу сабабли ҳам маҳаллий фиқҳ мактаби шаклланган дастлабки даврларда Балх, Бағдод ва бошқа ҳанафия мазҳаби марказларининг таъсири сезилиб турарди.
Қорахонийлар даврида Бухорода қатор йирик фақиҳлар яшаб ижод этганлар. Улар маҳаллий урф-одатлар ва ҳуқуқий мезонлар ичидан ҳанафия мазҳаби талабларига мувофиқ келадиганини ажратиб, уларни ёзма фатволарда акс эттирганлар. Улар сарасига Шамс ул- Аимма Ҳалвоний, Шамс ул-Аимма ас-Сарахсий (в. 1097), Фахрул Ислом ал- Баздавий (1010–1090), Ифтихор ад-дин ал-Бухорий (в.1174), Фахриддин Қозихон (в. 1196), Бурҳониддин Марғиноний кабиларни киритиш мумкин. Энг эътиборлиси, улар каби Мовароуннаҳрда фатво чиқаришга салоҳиятли фақиҳлар кўпчиликни ташкил этган. Бу борада Ҳисом ад-дин Умар ибн Абдул-Азиз ал-Бухорий (в.1141), Бурҳон ад-дин Бухорий, Абу Ҳафс ан-Насафий (в.1142), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ёқуб ас-Сабзамуний, Исҳоқ ибн Муҳаммад Aс-cамарқандий, Абул Ҳасан Али ибн Саид ар-Рустағфурий, Абдул Азиз ибн Абдур Роззақ ал-Марғиноний, Заҳир ад-дин Марғиноний ва бошқалар номини келтириш мумкин.
Имом Абу Ҳанифа ва шогирдларидан таълим олган йириқ фақиҳлар Самарқандда ҳам фаолият олиб бордилар. Бу орада Самарқандда муҳим илмий ривожланишлар қайд этилиб, Самарқандда калом ва фиқҳ мактаблари каби муҳим йўналишлар пайдо бўлди. Бошқа шаҳарларда бўлгани каби сомонийлар давлатинин пайдо бўлиши ва ривожланиши даврларида Самарқанд қозилари бутунлай ҳанафий уламоларидан тайинланган. Қозилик лавозимига тайинланган уламолар расмий ишлари билан бирга, қизғин илмий фаолиятлар олиб бориб, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабини тарқатишга ҳаракат қилганлар. Булардан ташқари, расмий мансабда бўлмаган бошқа уламолар хам кенг кўламда илмий фаолиятлар олиб борган.
Самарқандда ҳанафий мазҳабининг Дорул Жузжония ва Дорул Иёдия икки мактаби кенг кўламда фаолият кўрсатган. III/IX асрда Самарқандда ҳанафийларнинг энг муҳим таълим маркази Дорул Жузжония бўлган. Бунда Абу Мансур Мотуридий, у зотнинг устозлари ва шогирдлари фаолият юритган. Дорул Иёдия Абу Аҳмад Иёдий ва Абу Бакр Иёдий каби уламолар фаолият юритган таълим маркази бўлган. Ўша вақтда Хуросон, Сурия, Ироқ ва Онадўли каби ўлкалардан талабалар Самарқандга илм таҳсил қилиш учун келганлар[8].
Дорул Жузжония Самарқандда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабида фаолият кўрсатган муҳим илмий марказ бўлган IV/X аср ўрталарига қадар аҳли раъй (ҳанафий мазҳаби) йўналишида, ундан сўнг асҳобул ҳадис (шофиъий мазҳаби) йўналишида фаолият кўрсатган бу марказдан Абу Мансур Мотуридий ва кўплаб уламолар етишиб чиққан. Дорул Жузжония илм даргоҳи ҳижрий III асрда Абу Мукотил Самарқандий томонидан қурилгани эҳтимол қилинади. Ундан кейин бу мактабни Абу Сулаймон Жузжоний ва Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Сабиҳ Жузжоний ривожлантирган. Абу Муқотил Самарқандий Абу Ханифа рoҳимаҳуллоҳнинг ёнида таълим олгандан сўнг Самарқандга қайтиб келиб, устозининг мазҳабини ёйди. Абу Ҳанифа рoҳимаҳуллоҳнинг эътиқодий қарашлари баён қилинган “Китаб ул-олим вал мутааллим” номли асарини Самарқандга олиб келди ва у ерда илмий фаолият юритди. Мазкур асар устоз ва шогирд ўртасида диалог шаклида ёзилган[9].
Ибн Яҳёнинг берган маълумотига кўра, Дорул Жузжония таълим маркази уламоларнинг шажараси қуйидагича: Абу Ҳанифа (ваф. 150/767 й.) – Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 189/804 й.) – Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний (ваф. 200/816 й.) – Фақиҳ Имом Абу Абдуллоҳ ибн Жузжоний – Шайх Фақиҳ Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний (ваф. 250/864 й.) – Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий (ваф. 275/888 й.) – Абу Мансур Мутуридий (ваф. 333/944 й.)[10].
Мазкур устозлар силсиласида учта “Жузжоний”[11] нисбалик уламо мавжуд. Ушбу жиҳатдан мазкур таълим даргоҳи "Дорул Жузжония" номи билан танилган бўлиши мумкин. Абу Наср Иёдийдан бошқа барча устозлар ўзларини бутунлай илмий фаолиятга бағишлаганлар. Абу Наср Иёдий эса юқорида айтиб ўтилганидек, илмий фаолият билан бирга қозилик қилган ҳамда вақти-вақти билан сафарларга чиққан.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Дорул Жузжония мактабида Абу Ҳанифа рoҳимаҳуллоҳнинг фикрлари ва услубини айнан ўзлаштирган ва давом эттирган ҳанафий уламолар майдонга келган. Бу мактабнинг энг машҳур вакили, шубҳасиз, Абу Мансур Мотуридийдир.
Бу каби фиқҳ марказларининг асосийлари қаторига Насаф (Қарши), Кеш (Шаҳрисабз), Уструшана (Жиззах воҳаси), Ахсикент, Марғилон каби йирик ўзига хос марказлар киради. Оламшумул аҳамиятли ютуқларга эришган бундай марказлар ёки мактаблар кўпчилигининг тарихи етарли даражада ўрганилмаган.
Умуман, X–XII асрларда Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган алломаларнинг сони анча кўп бўлган. Жумладан, Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний «Китаб ал-Ансоб» асарида 370 га яқин фақиҳ ҳақидаги маълумотларни келтирган, Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавий (Катаиб Алам ал-Ахйар) асарида айни шу даврда яшаб ўтган 71 фақиҳнинг номини зикр этади[12].
Мамашикуров Бекназар Бобомурадович,
ЎзРФА шарқшунослик институти мустақил тадқиқотчиси
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абдулкарим ас-Самъоний. Насабнома. – Тошкент: Ҳилол нашриёти; – Б. 143.
- В. В. Бартольд История Туркестана. 9 т. Т. II. Ч. I. – М., 1963. – С. 122.
- Абдулкарим ас-Самъоний. Насабнома. Тошкент: Ҳилол нашриёти; – Б. 13.
- Ибн Яҳё. Шарҳу жумали усулид-дин. – Б. 120a-121а.
- Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катаиб ал-аълом алахёр.
- Бугунги Афғонистон ҳудудида жойлашган вилоят бўлиб, Хуросон ва Мовароуннаҳрни боғлайдиган йўл устида жойлашган.
- Муминов А. К. Мавераннахрская школа фикха (IX–XIII)
[1] Эроннинг шимолида ва Теҳрон шаҳрининг яқинида жойлашган шахар.
[2] Абдулкарим ас-Самъоний. Насабнома. – Тошкент: Ҳилол нашриёти; – Б. 143.
[3] Ўша асар. – Б. 144.
[5]В. В. Бартольд История Туркестана. 9 т. Т. II. Ч. I. – М., 1963. – С. 122.
[6] Абдулкарим ас-Самъоний. Насабнома. – Тошкент: “Ҳилол” нашриёти. – Б. 13.
[7] Ибн Яҳё. Шарҳу жумали усулид-дин. – Б. 120a-121а.
[8] Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катаиб ал-аълом алахёр.
[9] Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катаиб ал-аълом алахёр.
[10] Бугунги Афғонистон ҳудудида жойлашган вилоят бўлиб, Хуросон ва Мовароуннаҳрни боғлайдиган йўл устида жойлашган.
[11]Муминов А. К. Мавераннахрская школа фикха (IX–XIII века) // Общественные науки в Узбекистане. 1990. – № 10. – С. 40.
[12] محمود محمد خلف. دراسات في تاريخ بلاد ما وراء النهر الإسلامية: منذ الفتح الإسلامي حتى القرن الرابع الهجري. – الإسكندرية: دار التعليم الجامعي، 2019. – ص 15.
Izoh qoldirish