05.01.2024

ДУНЁ ОЛИМЛАРИ НИГОҲИДА МАРД ЖАСУР ВАТАНПАРВАР ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

Хоразмшоҳлар томонидан босиб олинган мамлакатлар халқлари вакилларидан иборат бўлган қўшин аксарият пайтлари урушларда, жанговор юришларда ўзининг ватанпарварлиги жасорати билан ҳаммани лол қолдириб, ғалабалар томон интилган. Тарихчилар маълумотларига кўра, хоразмшоҳлар давлат теграсида яшайдиган барча халқлар учун ҳарбий таълимдан сабоқ олишни мажбурий қилиб қўйишган. Бу хусусда муаррих Закариё ал-Қазвиний Хоразмнинг пойтахти Гурганж ҳақида тўхталар экан, шундай ёзади: “Гурганж ниҳоятда кўп сонли аҳолига эга бўлган катта шаҳар. Бу ерда яшовчиларнинг барчаси, ҳатто кўкат сотувчилар, қассоблар, новвойлар, тўқувчилар ҳам жангчилар ҳисобланади. Айтишларича, хоразмшоҳ Султон Муҳаммад ибн Такаш бир гал қорахитойлар билан бўлган жангда мағлуб бўлгач, оз сонли қўшин билан, лашкарларининг озлигини биров кўрмасин деган мақсадда пойтахтга тунда кириб келади. Эртаси куни тонгда у душманга қарши курашга Гурганждан 30 минг лашкар билан отланади”. Ёки бўлмаса, улуғ аллома Рашидиддин Ватвот Хоразмнинг яна бир мустаҳкам қалъаси Хазорасп ҳақида тўхталар экан: “Бу ерда яшайдиганлар уруш юлдузлари остида таваллуд топиб, найза ва қиличларнинг сутидан баҳраманд бўлиб, вояга етадилар”, – деб ёзади. Бу маълумотлар Хоразмда ҳарбий соҳага ниҳоятда катта эътибор берилганлигини кўрсатади. Хоразмшоҳлар давлатида қўшин (армия) бир неча қисмлар ва бўлинмалардан ташкил топган. Энг кичик қисм ўн иккитадан ўн олтитагача лашкардан иборат бўлган. Унга ўнбошилар етакчилик қилган. Ундан кейинги қисм юз йигирматадан юз олтмиштагача лашкарни ўз ичига олган. Уни юзбошилар бошқарган. Навбатдаги қисмга бир минг беш юз лашкар бириккан. Унга мингбошилар раҳбарлик қилган. Ўн мингдан ортиқ лашкарлардан иборат қўшин бўлинма, туман деб аталган. Бўлинма, туманни эса малик унвонига эга бўлган ҳарбий бошқарган. Қўшин бир неча ўнлаб бўлинмалардан ташкил топган. Мамлакатнинг, давлатнинг барча қўшинлари олий ҳарбий бошқарув “Девон ал-ард” ёки “Девон ал-жайш”, яъни “Қўшин девони” томонидан бошқарилган. “Қўшин девони” бошлиғи эса “соҳиб ал-жайш” ёки “арид ал-жайш” деб аталган. Хоразмшоҳлар қўшинининг “соҳиб ал-жайш”и “қоъид” ёки “муқаддам” деган унвон билан улуғланган. Масалан, хоразмшоҳ Эл-Арслон қўшинларининг бошлиғи — муқаддами қилиб қорлуқ амири Шамсулмулк ибн Ҳусайн Аййёрбекни тайинлаган ва уни ўз синглисига уйлантирган. Жалолиддин Мангуберди қўшинининг бошлиғи — муқаддами эса кўп ҳолларда унинг ўзи бўлган. Айрим ҳолларда лашкар бошилар муқаддам қилиб тайинланган. “Қўшин девони” лашкарларни рўйхатдан ўтказиш, уларни қуроллантириш, лашкарбошиларни тайинлаш, уларга ойлик белгилаш, қўшинни озиқ-овқат ва маблағлар билан таъминлаш каби ҳарбий ишларга бошчилик қилган. “Қўшин девони” таркибида “девон нозири”, “девон қозиси” каби ҳарбий лавозимлар ҳам бўлган. Бу лавозим эгалари қўшиндаги бўлинмалар, қисмлар фаолиятини назорат қилиш, лашкарлар ва лашкарбошилар ҳақ-ҳуқуқларининг қонуний асосларини белгилаш билан шуғулланганлар. Хоразмда давлатнинг асосий ҳарбий қўшинидан ташқари хоразмшоҳларнинг мамлукларидан тартиб берилган ўн минг отлиқ лашкардан иборат хос навкарлари ҳам бўлган. Бу хос навкарларни (харасни) биринчи бор Оловиддин Муҳаммад ибн Такаш жорий этган. Хос навкарлар хоразмшоҳнинг алоҳида буйруқларини бажарганлар ва оиласини ҳимоя қилган. Давлатнинг асосий қўшини билан биргаликда мамлакатнинг турли ўлкаларида, йирик шаҳарлари ва қалъаларида маҳаллий бошқарув асосидаги қўшинлар ҳам фаолият юритган. Уларнинг тизими, фаолият юритиши, таркиби ҳам мамлакатнинг асосий ҳарбий қўшини таркибига ҳамоҳанг бўлган. Шу билан бирга, хоразмшоҳлар бирор жойни босиб олса ёки мамлакати таркибига қўшса, ўша жойларни жангларда алоҳида ўрнак кўрсатган, қаҳрамонлигини намоён этган амирларига иқто қилиб, мулк сифатида бўлиб берган. Иқто олган амирлар орасидан бири “амир ул-умаро”, амирларнинг амири қилиб белгиланган. Бу амирларнинг амири бошқа амирлар ва уларга иқто қилиб берилган жойлар устидан раҳбарлик қилган. Хоразмшоҳлар давлатида лашкарлар қилич, найза, камон, камон ўқлари, сўйил, болта, ханжар, қалқон ва яна бошқа кўплаб қуроллар билан қуролланган. Булардан ташқари, қўшин таркибида тош отарлар (манжаниқ), қамал машиналари (даббабат), юрувчи миноралар (матарис), оғир тўқмоқ (жамалукат), ҳимоя деворлари (тошбақалар), ҳужум нарвонлари (салалим) каби йирик қуроллар ҳам бўлган. Бу қуроллардан жангларда кенг фойдаланилган. Жанг пайтида бошқаларга ўрнак бўлган, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган юқори лавозимли лашкарбошиларга дастлаб амир унвони, кейин малик, ундан сўнг хон унвони берилган. Масалан, Жалолиддин Мангуберди ҳижрий 624 йилда (милодий 1226 йилда) Исфахон яқинида мўғулларнинг 150 минг кишилик қўшинини мағлуб қилганидан кейин ўз қўшинининг ўнг қанотидаги амирлардан бир нечтасига — Йигит Маликка Утурхон, Текчориқ Хонкишига Хоссхон, Қўйсунқур Маликка Сунқурхон, Абу Бакр Маликка Иномхон унвонларини берганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Хоразмшоҳлар қўшини жангга кирганда ёки ҳимояланганда ўзига хос тартиб-қоидага амал қилган. Бунда қўшиннинг олдида “муқаддима” ёки “ёзоқ” қисми бўлган. Буни қўшиннинг илғор қисми ҳам дейишган. Бу қисм қўшиннинг асосий қисми учун йўл очиб берган ва асосий қисмнинг душман қўшини билан юзма-юз келиб қолишининг олдини олган. Қўшиннинг “ёзоқ”, илғор қисмидан кейин ўнг қанот лашкарлари жойлашган. Бу “маймана” деб аталган. Ундан кейин қўшиннинг марказий қисми ўрин эгаллаган. Марказий қисмга “қалб” деб ном берилган. “Қалб”дан кейин қўшиннинг чап қанот қисми ўрин олган. “Майсара” чап қанот қўшин номини билдирган. Энг охирида асосий қўшиндан кейин борувчи ҳимояловчи ва пистирма қисмлар бўлган. Улар “муъаххара” ва “хафиа”номлари билан аталган. Жалолиддин Мангуберди ҳарбий фаолияти давомида қўшини таркибида, бошқариш тизимида, қурол-яроғлар таъминотида, жанговар ҳаракатлари ва бошқа ҳарбий жабҳаларда улуғ аждодларига хос бўлган энг яхши анъаналарни сақлаб қола олган. Айни пайтда, у бўлиб ўтган жангларда ҳарб илмининг юксак билимдони, янги ҳарбий тактикаларнинг яратувчиси, қўшинни моҳирлик билан бошқара оладиган лашкарбоши, қўрқмас, мард, қаҳрамон курашчи, Ватан, халқ озодлиги учун жонини бахш этган фидойи инсон сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Бу улуғвор хусусиятлар унинг ҳаёт, кураш йўлларида яққол намоён бўлди. Маълумки, Жалолиддин Мангубердининг мўғуллар билан илк жанги 1216 йилда Иргиз (Изғир) дарёси бўйида бўлиб ўтади. Шу йили Чингизхон Кушлухонни йўқ қилиш учун ўғли Жўчини 30 минг лашкар билан унга қарши урушга йўллайди. Иккинчи томондан хоразмшоҳ Оловиддин Муҳаммад Кушлухонга қарши 60 минг лашкари билан йўлга тушади. Жўчи Кушлухонни мағлуб қилиб, унинг мол-мулкини олиб қайтаётганда Иргиз дарёси яқинида Оловуддин Муҳаммад қўшини билан дуч келади. Орадаги тинчлик музокаралари иш бермагач, ўртада қаттиқ жанг бўлиб ўтади. Жангда Жўчи Хоразмшоҳ қўшинининг чап қанотига ҳужум қилади ва уни мағлуб этади. Шунда Хоразмшоҳнинг ўғли Жалолиддин бошчилигидаги ўнг қанот қўшини мўғулларга ҳужум қилиб, уларга қақшатқич зарба беради. Шундай қилиб, Жалолиддиннинг мардлиги туфайли Хоразмшоҳ қўшини ғалабага эришади. Жўчи қўшини тунда жанг майдонини тарк этади. Бу Жалолиддиннинг илк ғалабаси эди. Мўғуллар билан Жалолиддин лашкарларининг навбатдаги жанги Наса шаҳри яқинида бўлиб ўтади. Хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммад Каспий денгизидаги оролда вафотидан олдин фарзандлари Жалолиддин, Ўзлоғшоҳ, Оқшоҳни олдига чақириб, валиаҳдликни Ўзлоғшоҳдан олиб Жалолиддинга топширади. Хоразмшоҳ ўлимидан кейин Жалолиддин икки укаси — Ўзлоғшоҳ ва Оқшоҳ билан Хоразмга келади. Аммо Ўзлоғшоҳ тарафдорлари бўлган қипчоқ амирлари Жалолиддинга хиёнат қилади, унинг валиаҳд қилиб тайинланганини тан олмайдилар. Уни Амударёга чўктириб ўлдириш режасини тузадилар. Бундан хабар топган Жалолиддин 300 отлиқ лашкари билан Хоразмни тарк этиб, Қорақум орқали Хуросон сари йўл олади. У Наса шаҳрига яқинлашганда бу ерда мўғулларнинг 700 лашкари борлигини билади. Уларга ҳужум қилиб, лашкарларидан 2 баравардан ортиқ бўлган мўғулларни қириб ташлайди. Бу воқеани тарихчилар “Мусулмонлар қиличининг мўғуллар танасига илк марта ботиши эди”, деб таърифлайдилар. Чингиз лашкарлари билан яна бир жанг Қандаҳор қалъасида бўлади. Жалолиддин Мангуберди Нишопурга келиб қўшин тўплаганидан кейин Ҳирот ҳукмдори, ота томондан тоғаваччаси Амин ал-Малик билан учрашади. Унинг қўл остидаги 10 мингдан ортиқ лашкарлар Жалолиддин қўшини сафига қўшилади. Шундан сўнг Жалолиддин Мангуберди ва Амин ал-Малик Қандаҳор қалъасини қамал қилиб ётган мўғуллар устига ҳужум қиладилар. Мўғулларнинг бир қисми қалъа атрофида қириб ташланади. Қалъадан қочган мўғуллар ҳам омон қолмайди. Муаррих Шаҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий бу ҳақда шундай деб ёзади: “Чингизхон Қандаҳорда қўшинлари бошига қандай талофатлар тушганини билгач, ўғли Тўлихонни энг яхши сараланган лашкарлардан иборат кўп минг сонли қўшинга бош қилиб отлантирди. Жалолиддин уларни... Парвон ёнида тоғдан тушаётган сел оқими сингари беҳисоб отлиқлар, шер келбатли лашкарлар билан қаршилади. Иккала қўшин бир-бирига кўринганда унинг ўзи Тўлихон марказига отилиб кирди, уларнинг жанговар сафларини бузиб ташлади. Ёғий байроғини отлар туёқлари остига итқитди. Уни ўз сафини ташлаб орқага қочишга мажбур қилди. Шундан кейин мўғуллар қиличларга нишон бўлди. Ғазаб отига минган Жалолиддин душманлардан қанчасининг бошини танасидан жудо қилди. Бошқача бўлиши мумкинмиди? Ахир улар унга, отасига, укаларига, давлатига, Ватанига, яқинларига, юрт ҳимоячиларига, халқига қанча беҳисоб азоблар берди?!” Тарихий манбаларда, Парвондаги жангда мўғуллардан Шики Қутуқу бошчилигидаги 45 минг отлиқ лашкар иштирок этгани қайд қилинади. Жалолиддин Мангуберди қўшинининг ўнг қанотига Амин ал-Малик, чап қанотига Сайфиддин Эгроқ бошчилик қилган. Жалолиддин Мангуберди эса қўшин марказида жанг қилган. Бу жангда Султон Жалолиддин 30 мингдан ортиқ лашкари билан мўғулларнинг 45 минглик қўшинини мағлуб этган. Парвон жанги арафасида Жалолиддин Валиён қалъасини қамал қилишга уринган Текечук ва Малғор бошчилигидаги мўғул лашкарларига қарши курашади. Уч кун давом этган жанг натижасида мўғуллар қалъа қамалини ташлаб қочадилар. Бу маълумотлар Жалолиддин Мангубердининг жанг майдонларида ниҳоятда мард, ботир инсонлигини, оз сонли қўшини билан ўзидан бир неча баробар кўп бўлган душманларни ҳам мағлуб қила олган етук, моҳир лашкарбоши эканлигини, жанг санъатини, унинг тактикасини мукаммал ўзлаштирган саркарда эканлигини кўрсатади. Тарихий манбаларда яна бир ҳолат алоҳида қайд этилади. Чингизхон ҳаёт пайтида бирорта мамлакатнинг қўшини унинг лашкарларини мағлуб эта олмаган. Жалолиддин ва унинг лашкарлари эса Чингизхон қўшини устидан бир эмас, бир неча марта ғалабага эришган. Юқорида санаб ўтилган жангларда эришилган ғалабалар бунинг яққол мисолидир. Жалолиддин Мангуберди нафақат жангу жадалларда қаҳрамонлик, мардлик кўрсата олган шахс сифатида, балки жанговар ҳаракатларнинг янги йўлларини, тактикаларини ишлаб чиққан, уларни амалиётга жорий эта олган ҳарб илмининг юксак билимдони сифатида ҳам тарихга муҳрланган. Масалан, у отлиқ қўшинларнинг жанг пайтида ҳам отлиқ лашкарлар, ҳам пиёда навкарлар сифатида жанг қилиш тактикасини ишлаб чиққан. Бунда жанг қуролларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, отлиқ лашкар қилич ва сўйилдан фойдаланиб ҳужумга ўтган бўлса, у пиёда навкарга айланганда найзадан фойдаланган. Душманнинг отлиқ лашкари учун найза билан қуролланган пиёда ҳамиша хавфли ҳисобланган. Шунинг учун Жалолиддин қўшинида отлиқ лашкарлар ҳам қилич, ҳам сўйил, ҳам найза билан қуроллантирилган. Унинг яна бир ҳарбий ҳийласи — узун найзалар билан қуролланган пиёда навкарларни душманнинг отлиқ қўшинларига қарши қўйган. Бунда пиёдалар узун найза билан саф-саф бўлиб ёки тўп-тўп бўлиб душман отлиқларига қарши борган. Отлиқ қўшинлар бундай сафларни ҳам, тўпларни ҳам бузиб ўта олмаган. Аксинча, ўзлари ҳалокатга учраган. (Жалолиддин Мангубердининг бу ҳийласи, тактикаси Мэл Гибсоннинг “Ватанга бахшида қалб” (“Шерюрак”) фильмида кенг қўлланилган). Жалолиддин жанговар юришларида ишлатган ҳарбий ҳийлаларидан яна бири енгил қуролланган, тез ҳаракат қилувчи отлиқ қисмларни, бўлинмаларни ташкил этгани билан боғлиқ. Маълумки, жангу жадалларда отлиқ қўшинлар оғир қуроллар билан қуролланган ва турли хил воситалар билан ҳимояланган ҳолда қатнашганлар. Бу уларнинг тез ва енгил ҳаракат қилишига имкон бермаган. Шу сабабли у енгил қуролланган, тез ҳаракат қилувчи отлиқ қўшинларни ташкил этган. Улар душманлар қаршисида кутилмаган ҳолларда пайдо бўлиб қолиши, уларни эсанкиратиб қўйиши, жиддий зарба бериши билан ғалабага ҳисса қўшганлар. Султон Жалолиддиннинг ҳарбий тактикасида энг кўп қўлланилган жанг усулларидан бири — бу душман қўшини марказига ҳужум қилиб, уни пароканда қилиш, унинг ўртасига ёриб кириб, қириб ташлашдан иборат бўлган. Чунки марказнинг ҳалокати қўшиннинг мағлубиятига олиб келган. Шунинг учун Жалолиддин ўз қўшинининг марказига мард, довюрак, душман қўшини марказига ёриб кира оладиган лашкарларни тўплаган. Унинг ўзи ҳамиша қўшин марказига бошчилик қилган. Ҳар бир жангда бошқаларга мардлик, қаҳрамонлик борасида ибрат, ўрнак кўрсатган. Жалолиддиннинг оз сонли лашкарлар билан душманнинг кўп сонли қўшинлари устидан доимо ғалаба қилиш сирларидан бири ҳам ана шунда бўлган. Жалолиддин Мангубердининг кейинчалик Ҳиндистонда оз сонли лашкари билан Шатра ранасига (Муаррих Рашидиддин бу воқеалар хусусида ёзар экан, Жалолиддин дастлаб дайдилар тўдасини енгди, кейин 120 кишилик қўшини билан ҳиндларнинг 40 минг лашкарининг додини берди, деб маълумот беради), Учча ҳукмдори Қубачага қарши жангларда қўлга киритган ғалабалари асосида ҳам мана шундай ҳарбий тактикалар ётади. Ёки Жалолиддиннинг 20 минг лашкари билан Деҳли ҳукмдори Шамсиддин Элтутмишнинг 100 минг пиёда, 30 минг отлиқ, 300 та фил билан қуролланган қўшинини саросимага солиб, уни ўзи билан тинчлик ўрнатиш борасида музокара қилишга мажбур қилиши ёхуд 40 минг отлиқ лашкарлари билан грузинларнинг 60 мингдан ортиқ лашкарини мағлуб этиши, Қўниё султонларининг бирлашган қўшини устидан кам сонли лашкарлари билан ғолиб бўлиши, Хуросон, Ироқ, Кирмон, Форс кўрфази, Озарбайжон, Аррон, Кавказорти ўлкаларини қўл остига бирлаштириб, улкан давлат тузиши Жалолиддин Мангуберди ҳарбий қудратининг, у ишлаб чиққан жанговар тактикалар, янгича кураш йўлларининг, мардлик ва матонатининг, ҳукмдорлик қобилиятининг яққол намуналари эди. Жалолиддин Мангубердининг куч-қудрати, қаҳрамонлиги, улуғ саркарда, етук давлат раҳбари, ҳарбий маҳоратига нафақат атрофидаги унга ҳамкор, ҳамфикр бўлган инсонлар, амирлар, султонлар, хонлар, шоҳлар, балки унинг ашаддий рақиблари, душманлари ҳам тан берганлар. Масалан, Синд дарёси бўйидаги қаттол жангдан кейин уруш оловидан қутулиб кетган Жалолиддиннинг мардлигидан ҳайратга тушган Чингизхоннинг унга қарата “Ҳақиқий ота ўғил мана шундай бўлиши керак! У шундай қирғинбарот жанг майдонидан ва ўлим дарёси гирдобидан қутулиб ҳимоя қирғоғигача чиқа олдими, демак, ундан яна ҳам кўп қаҳрамонликлар ва сон-саноқсиз ташвишлар кутиш мумкин”, деган сўзларида улуғ саркардага нисбатан нафрат билан биргаликда унинг мардлигига тан бериш ҳам ўз ифодасини топган. Ёхуд 1226 йилда Исфахон шаҳри яқинидаги Оқсин қишлоғида мўғулларнинг 150 минг кишилик қўшинига қарши Жалолиддин Мангубердининг 100 минг лашкардан иборат қўшини ўртасидаги муҳорабани эслайлик. Ушбу муҳораба пайтида Жалолиддин ёнидаги 14 нафар шахсий лашкари билан мингдан ортиқ мўғулларнинг орасида қамалда қолади. Қамал доираси тобора тораяди. Шу алфозда Жалолиддин ўз аъламбардори (қўшин байроғини кўтарувчи)нинг байроқни судраб қочиб кетаётганини кўради. Унинг орқасидан от солиб бориб, байроқдорни ўлдиради. Байроқни ердан олиб, тик кўтаради. Кейин мўғуллар сафига ҳужум қилиб, ўзи ва сафдошлари учун йўл очади. У сафдошлари билан қамални ёриб чиқиб кетади. Мўғул саркардаси Тойнал нўён Жалолиддиннинг бу ҳаракатларини кузатар экан, унинг мардлигига тан бериб, шундай дейди: “Сен қаерда бўлма, ҳар қандай шароитда ҳам ўлим сиртмоғидан, ёв қўлидан қутулиб кета оласан! Ҳақиқатан ҳам, сен ўз даврингнинг улуғ қаҳрамонисан, халқингнинг буюк йўлбошчисисан!” Бу мардлик учун, мард инсон учун берилган ҳақиқий баҳо эди. Тарихий манбалардан маълумки, Жалолиддин Мангуберди билан Қўниё султонлари ўртасида душманлик муносабатлари мавжуд бўлган. Шунинг учун 1231 йилда Қўниё султони Малик ал-Ашрафга унинг акобирларидан бири Жалолиддин ўлими ҳақида хабарни хурсандчилик билан етказади. Шунда Малик ал-Ашраф бундай дейди: “Сизлар мени унинг ўлими билан қутлаяпсизларми? Бироқ энди сизлар бунинг самарасидан баҳраманд бўласизлар. Оллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, унинг ҳалокати мўғулларнинг ислом мамлакатлари ерларини босиб олишларига йўл очиб беради. Энди Йаъжуж ва Маъжуж билан бизнинг ўртамизда девор бўлиб турадиган хоразмшоҳ Жалолиддиндек инсон йўқ!” Бу айни ҳақиқат эди. 1258 йилга бориб деярли бутун ислом олами мўғуллар босқини остида топталади. Жалолиддин Мангубердининг ўн бир йилдан ортиқ мўғул босқинчиларига қарши олиб борган кураши беиз кетмади. У шу даврдаги кураши билан кўп халқларни мўғуллар исканжасига тушишдан асраб қолди. Шунинг учун улуғ олим, археолог Сергей Толстов: “Хоразмшоҳлар давлати Жалолиддин Мангуберди тимсолида Европани ва унинг тараққиётини мўғуллар босқини туфайли юз берадиган таназзулдан ўз жони ва қони эвазига асраб қолди!”, – деганида тўла ҳақ эди.

Султонова Нодира Эргашовна,

Тошкент архитектура-қурилиш институти

“Фалсафий ва ижтимоий-сиёсий фанлар” кафедраси ф.ф.д (PhD)

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Mirziyoev Sh.M. Halqimizning roziligi bizning faoliyatimizga berilgan eng oliy bahodir. II jild. – Toshkent: O‘zbekiston, 2019.
  2. Mirziyoev Sh.M. Milliy taraqqiyot yo‘limizni qat’iyat bilan davom ettirib, yangi bosqichga ko‘taramiz. I jild. – Toshkent: O‘zbekiston, 2017.
  3. Mirziyoev Sh.M. Niyati ulug‘ xalqning – ishi ham ulug‘, hayoti yorug‘ va kelajagi farovon bo‘ladi. III jild. – Toshkent: O‘zbekiston, 2019.
  4. Латифжон Бахоуддин ўғли. Хоразм маърифат соҳили. “Зарқалам”. – Тошкент, 2003. 
  5. Ўзбек халқининг келиб чиқиши: илмий методологик ёндашувлар, этногенетик ва этник тарих. – Тошкент: Шарқ.
  6. Шахобиддин Муҳаммад ан-Насафий. Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тавсилоти. Ўзбекистон. 2005. 
  7. Я.Ғ.Ғуломов.Хоразмнинг суғориш тарихи. Ўзбекистон. – Тошкент, 2002. 

 

 

Izoh qoldirish