АҲМАД АЛ-УҚАЙЛИЙ
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Уқайлий ал-Ансорий Шамсиддин ал-Бухорий
(? – 657/1259, Бухоро)
Ҳанафий фақиҳи
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Уқайлий ал-Ансорий Шамсиддин ал-Бухорий ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан бўлиб, ҳозирги Бухоро вилояти ҳудудида туғилган ва шу ерда фаолият олиб борган. У Бухоронинг машҳур фақиҳларидан ҳисобланган она томонидан бобоси Шарафиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлийдан сабоқ олган. Она тарафидан шажараси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг акаси Уқайл ибн Абу Толибга бориб туташганлиги учун “Уқайлий” нисбасини, ота тарафидан эса ансорийларга туташганлиги учун “Ансорий” нисбасини олган.
Аҳмад ал-Уқайлийнинг ҳанафий мазҳабига доир фиқҳий билимларни ўрганиш силсиласи қуйидагича: Аҳмад Уқайлий бобоси Шарафиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлийдан, у Садру-ш-Шаҳид Ҳисомуддин Умардан, у отаси Абдулазиз ибн Умар ибн Мозадан, у Шамсу-л-аимма Сарахсийдан, у Ҳулвонийдан, у Қози Насафийдан, у Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазлдан, у Сабзамунийдан, у Абу Ҳафс Сағирдан, у отаси Абу Ҳафс Кабирдан, у эса Имом Муҳаммад Шайбонийдан ҳанафий фиқҳи асосларини ўрганди.
Аҳмад Уқайлий ўз давридаги машҳур уламолардан илм ўрганиб, ҳанафий фиқҳи бўйича етук олим бўлиб етишди. У ҳаётининг асосий қисмини илм ўрганиш ва тоат-ибодат билан ўтказди.
Ҳижрий 657/милодий 1259 йил рамазон ойининг бешинчи кунида Бухорода вафот этган.
Ас.: (асарлари). Аҳмад ал-Уқайлий Имом Муҳаммад Шайбонийнинг фиқҳга оид қарашларини ўз ичига олган “Жоме ас-сағир” асарини севиб мутолаа қилган ҳамда ушбу асарни назмий шаклда қайта ёзган.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Ад.: (манба ва адабиётлар рўйхати )
- Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода. Табақоту-л-фуқаҳо. – Мосул: 1941. 139 б.
- Муҳаммад Абдулҳай Лукнавий Ҳиндий Абул Ҳасанот. Фавоиду-л-баҳийя фий тарожим ҳанафийя. – Қоҳира: Дору-л-китоб исломий, 1907. 263 б.
- Умар Ризо Каҳҳола. Муъжам ал-муаллифин. Ж.5. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1993. Ж.2. 680 б.
Izoh qoldirish