АҲМАД АЛ-ҒАЗЗОЛИЙ
أحمد الغزالي
Мажидуддин Абу-л-Футуҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий
(? – 520/1126, Тус)
Имом ал-Ғаззолийнинг укаси, воиз ва мутасаввиф
Мажидуддин Абу-л-Футуҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий Тус шаҳрида туғилган. Бошланғич таълимни шу ерда олган. У отаси билан сўфийларнинг мажлисларида қатнашган. Шофеий мазҳабига оид фиқҳий манбаларни ўрганган. 1095 йилга келиб у кучли олим бўлиб етишади, натижада акаси Имом Ғаззолий унга Бағдоддаги Низомийя мадрасасида мударрис бўлишни таклиф қилади. Аҳмад Ғаззолий Бағдодга бориб, Низомийя мадрасасида мударрислик қилган. Кейинчалик тасаввуфга бўлган муҳаббати сабабли ёлғизликда ҳаёт кечирган. Нишопур, Ҳамадон, Исфаҳон каби турли шаҳарларга саёҳат қилиб, сўфийларнинг суҳбатларида қатнашган. Жумладан, Абулқосим ал-Журжонийнинг шогирдларидан бири Абу Бакр ан-Нассожнинг суҳбатларида иштирок этган.
У тасаввуфда акаси Имом Ғаззолийдан фарқли йўналишни танлаган. Имом Ғаззолий илм, зукколик, шаръий ҳукмлар ва ахлоқ қоидаларини биринчи ўринга қўйган сўфийлик тушунчасини илгари сурган бўлса, Аҳмад Ғаззолий илоҳий ишқ тушунчасини ўз қарашларининг марказига қўйган. Аҳмад Ғаззолий дунёда содир бўладиган ҳамма нарсани илоҳий муҳаббат билан изоҳлаган.
Тасаввуфнинг мазмун-моҳиятини ишқ, жозиба ва жўшқинликдан иборат деб билганлар Аҳмад Ғаззолийни Имом Ғаззолийдан устун, деб биладилар. Тарихий манбаларда келтирилишича, Имом Ғаззолий укасига “шариатга кўпроқ содиқ бўлишга ҳаракат қилиш”ни тавсия қилган, укаси эса “ҳақиқат ҳақида билимга эга бўлишга кўпроқ аҳамият беришини” айтган. Имом Ғаззолий укаси ҳақида: “Биз излаган эдик, у топди”, – деб айтгани ривоят қилинади.
Аҳмад Ғаззолийнинг илоҳий ишқ ҳақидаги ғоялари форс тасаввуф адабиётида ва айниқса, тасаввуф аҳлининг Аллоҳга муҳаббатини тараннум этувчи шеъриятида чуқур из қолдирди. Унинг асарларида баён этилган ғоялар Фаридиддин Аттор, Саъдий Шерозий, Фахриддин Ироқий, Ҳофиз Шерозий шеъриятига катта таъсир қилган.
У 1126 йилда Қазвинда вафот этган ҳамда кейинчалик унинг шарафига номланган Аҳмадия масжидида дафн этилган.
Ас.: (асарлари). Аҳмад Ғаззолийнинг тасаввуфга бағишланган “Савониҳу-л-ушшоқ” (“سوانح العشاق”), “Бавориқул илмоъ” (“بوارق الالماع”) каби асарлари бор.
Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Ад.: (манба ва адабиётлар рўйхати )
- Забеҳуллоҳ Сафо. Тарихи адабиёти Эрон. – Теҳрон: Фирдавс, 1965. – 716 б.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Лисону-л-мезон. – Ҳалаб: Мактабату-л-матбуоти-л-исломия. 2002. Ж.1. – 150 б.
- A. Schimmel. Mystical Dimensions of Islam. – Chapel Hill, 1975. – P. 91, 244, 291.
Izoh qoldirish