АҲМАД АТ-ТУБОНИЙ
أحمد التباني
Жалол ибн Аҳмад ибн Юсуф ат-Табризий ал-Милосий Жалолиддин ат-Тубоний
(730/1329 – 793/1391, Табриз)
Ҳанафий фақиҳи
Жалол ибн Аҳмад ибн Юсуф ат-Табризий ал-Милосий Жалолиддин ат-Тубоний ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан бўлиб, унинг туғилган жойи тўғрисида манбаларда аниқ маълумотлар келмаган. Фақат алломанинг “Табризий” нисбасидан унинг Табриз шаҳрида туғилганлигини тахмин қилиш мумкин. У вояга етгач, Мисрнинг Қоҳира шаҳрига келиб, шу шаҳардаги Тубон деган жойда яшайди. Алломанинг “ат-Тубоний” тахаллуси айнан шу жой номидан олинган. Унинг устозлари сифатида Амир Котиб ибн Амир Умар ибн Амир Ғозий Қаввомиддин Форобий ал-Иттиқоний Абу Ҳанифа ҳамда Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Абдуллоҳ Абу Муҳаммад Жамолиддин ибн Ҳишом кабиларни келтириш мумкин.
Аллома ислом тарихида “ат-Тубоний” номи билан машҳур бўлиб, фиқҳ асосларини Қаввомиддин ал-Кокийдан ўрганган. Имом Бухорийнинг машҳур “Саҳиҳу-л-Бухорий” китобидаги ҳадисларни Шайҳ Имом Алоуддин ибн Туркманийдан эшитганлиги тўғрисида манбаларда маълумотлар келтирилган.
Аҳмад ат-Тубоний ўз даврининг кўплаб олимларидан илм ўрганиб, ҳанафий фиқҳи, унинг асослари, сарф ва наҳв, балоғат илмлари борасида етук олим бўлиб етишган. Умрининг катта қисмини ислом қонунчилигини ўрганиш, фатволарнинг моҳиятини тадқиқ этиш билан ўтказган.
Мамлук амири Амир Сарғатмиш Носирий томонидан Қоҳира шаҳрида ташкил қилинган Сарғатмиш мадрасасида ва кейинчалик ушбу шаҳардаги Юсуфийя мадрасасида мударрислик фаолияти билан шуғулланган.
XV асрда яшаган машҳур фиқҳ олими Камолиддин ибн Абу Шариф Аҳмад ат-Тубоний ҳақида шундай маълумотни келтиради: “Унинг асл исми Расул бўлиб, манбаларда Жалол деган ном билан зикр қилинади. У усулу-л-фиқҳ олимларидан бўлиб, Мисрда узоқ муддат мадрасалардан мударрислик қилган ҳамда фатво бериш билан шуғулланган. Аҳмад ат-Тубонийга Мисрда қозилик лавозими таклиф қилинганда, рад жавобини берган”.
Аҳмад ат-Тубоний ҳижрий 793 йилнинг ражаб ойида / милодий 1291 йилда Қоҳирада вафот этган.
Ас.: (асарлари). Аҳмад ат-Тубоний “Басмала” ва унинг моҳияти, иймон саломатлиги, бу борада банда томонидан йўл қўйиладиган нуқсонлар, фарз ва вожиб амаллар ўртасидаги фарқлар борасида бир қанча асарлар ёзган. Шунингдек, алломанинг Муғалтой ал-Қибриснинг “Шарҳу-л-Бухорий” (“شرحالبخاري”) асарига қисқача изоҳларни ўзи ичига олган “Мухтасару-л-талвиҳ шарҳи-л-Бухорий” (“مختصر التلويح شرح البخاري”), ибн Ҳожибнинг “Мухтасар” (“المختصر”) асари шарҳига бағишланган “Шарҳу-л-мухтасар” (“شرح المختصر”) ҳамда “Шарҳу-л-минор” (“شرح المنار”) каби асарлари бор.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Ад.: (манба ва адабиётлар рўйхати )
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Ад-Дурару-л-Камина фий Аъйани-л-Миа ас-Самина. – Ҳайдаробод: Доирату-л-маориф ал-усмонийя, 1993. – 572 б.
- Умар Ризо Каҳҳола. Муъжам ал-муаллифин. Ж.5. – Байрут: Муассасату-р-рисола, 1993. Ж.2. 680 б.
- Ҳожи Халифа. Суламу-л-вусул ила табақоти-л-фуҳул. – Истанбул: 2010. – 421 б.
Izoh qoldirish