08.01.2024

АҲМАДИ ЖОМ

أحمد جامي

Аҳмад ибн Абулҳасан Жомий Номиқий Торшизий

 (440/1048 – 536/1141, Кашмир)

Тасаввуф шайхи

Аҳмад ибн Абулҳасан Жомий Номиқий Торшизий ҳижрий 440 йилда Хуросоннинг Кашмир вилоятидаги Номиқ қишлоғида туғилган. “Шайхулислом”, “Шайхи Жом”, “Пири Жом” каби унвонлар билан танилган. Машҳур саҳоба Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалийнинг авлоди бўлгани учун Шайх Аҳмад ал-Арабий ёки Аҳмад ал-Бажалий номлари билан ҳам танилган. Ўзи туғилган Хуросоннинг Номиқ қишлоғига нисбатан Аҳмад Номиқий деб аталган, кейинроқ ўрнашиб қолган Жом шаҳрида машҳур олим жаражасига етишгани учун Аҳмади Жом деб ҳам аталган.

У ёшлигини айш-ишрат ва ичкиликбозликда ўтказган. Дўстлари учун уюштирган бир зиёфатда дуч келган баъзи вазиятлар уни тавба қилишга мажбур қилган. Натижада оиласини ва қишлоғини ташлаб, Жом шаҳри яқинидаги тоғга чиқиб кетган ҳамда ўн саккиз йил давомида фиқҳ, калом, ҳадис, тафсир, адабиёт ва тасаввуф соҳаларида билим олган. 

Аҳмади Жом қирқ ёшга тўлганида Сарахс, Ҳирот, Марв, Бохарз ва Нишопурда кўплаб таниқли уламолар ва амирлар билан учрашди, бу шаҳарларда аҳолига ваъз ва насиҳатлар қилди. У сунний мазҳабида бўлиб, диний ҳақиқатларни ёйиш, халқнинг маънавиятини юксалтириш учун ҳаракат қилди. 1140 йилда ҳаж зиёратига бориб, қайтаётганда Нишопурга тўхтаб, шаҳарнинг таниқли олимлари билан учрашади. У ҳижрий 536 йилнинг 10 муҳаррамида (1141 йил 15 август) Жом шаҳри яқинида Меъдобод қишлоғидаги уйида вафот этган ва шу ерда дафн этилган. Узоқ умр кўрган Аҳмади Жомнинг баъзи манбаларда уч юз минг, баъзи манбаларда эса олти юз минг кишининг исломга киришига сабабчи бўлгани келтирилади.

Меъдобод ўша пайтда муҳим жой бўлмаса-да, шайх қабри шу ерда бўлгани, фарзандлари, набиралари шу ерда яшагани учун унинг издошлари зиёрат қиладиган, ҳатто ўрнашиб қолган шаҳарчага айланган. Аҳмади Жом қабрини Амир Темур ва Ҳумоюн каби машҳур ҳукмдорлар зиёрат қилгани ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар келтирилган. Кейинчалик Меъдобод шаҳри Турбати Жом ёки Турбати Шайхи Жом деб атала бошланган. Унинг маънавий меросини фарзандлари, набиралари, издошлари давом эттирдилар ва вақт ўтиши билан бу оқим “Жомия” тариқатига айланди.

Аҳмади Жомдан қирқ икки фарзанд, яъни ўттиз тўққиз ўғил ва уч қиз қолган бўлиб, у бошқаларга ҳам уйланишни маслаҳат берган. Аҳмади Жомнинг насл-насаби Эронда тўққиз асрдан бери Машойихи Жом номи билан машҳур бўлиб, унинг маънавий таъсири бугун ҳам давом этмоқда. Ибн Баттута уни ҳинд султони ўлдиргани, бу даврда Жом шаҳри шайх фарзандлари қўлида бўлганлиги, улар катта бойликка эга бўлиб, тўкин-сочин ва фаровон яшаганликларини қайд этган бўлсада, ушбу маълумотни аксарият ислом тарихчилари рад этадилар. Бобурий султон Ҳумоюннинг онаси Моҳим Бегим, Акбаршоҳнинг онаси Бону Бегим ўз насл-насабларини Аҳмади Жомга боғлаганлар.

Ас.: (асарлари). Аҳмади Жомнинг “Мифтоҳу-н-нажот” (“مفتاح النجاة”), “Канузу-л-ҳикма” (“کنوزالحکمة”), “Сирожу-с-соирин” (“سراج السائرین”) каби асарлари бор. 

Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Ад.: (манба ва адабиётлар рўйхати ) 

  1. Heshmat Moayyad. Die “Maqāmāt” des Ġaznawī, eine legendäre Vita Aḥmad-i Ǧāms, genannt Žandapīl 1049-1141. – Frankfurt: 1959.
  2. Зарринкуб Абдулҳусайн. Жустужў дар тасаввуфи Эрон. – Теҳрон: Муассаса интишорот Амир Кабир, 1938. – 446 б.

 

Мухиддин Чориев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish