08.01.2024

АҲМАД АТ-ТАБАРИЙ

أحمد الطبري

Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Табарий

 (615/1218 – 694/1295, Макка)

Муҳаддис

Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Табарий шофиий мазҳабига мансуб фақиҳлардан бўлиб, Маккаи мукаррамада туғилган ва шу ерда вафот этган. Ота томонидан бобоси Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Табаристоний 1184 йили Табаристондан Маккага кўчиб келган. Аҳмад ат-Табарий ислом тарихига оид манбаларда асосан Муҳибуддин ат-Табарий номи билан зикр қилинади. 

У Абу Довуднинг “ас-Сунан”, Қози Ийязнинг “аш-Шифо”, Абулҳасан ал-Воҳидийнинг “ал-Васит” асарларини ривоят қилиш ижозатини Макка шаҳрида Абулҳасан ибн ал-Муқайяр ал-Бағдодийдан олган. Имом Бухорийнинг “ал-Жоме ас-саҳиҳ” асарини ривоят қилиш ижозатини эса отасининг амакилари Тақиюддин Али ва Камолиддин Ёқуб ибн Абу Бакрдан олган. 

Аҳмад ат-Табарий Макка шайхларидан ҳадис ва тилшунослик бўйича дарс олган. Хусусан, Баҳоуддин ибн ал-Жуммайзий ва Шуайб ибн Яҳё ибн аз-Зафаронийдан ҳадис илмини ўрганди. Ундан эса Абдулмўмин ибн Ҳалаф ад-Думятий, Абулҳасан ибн ал-Аттор, Аламуддин ал-Бурзалий, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қасталлоний, Қутбиддин ал-Ҳалабий, Абу Ҳайён ал-Андалусий, Макка қозиси лавозимида фаолият юритган ўғли Жамолиддин Муҳаммад ва набираси Муҳаммад ибн Муҳаммад илм ўрганганлар.

Ўз даврида “Шофиийлик мазҳабининг шайхи”, “Муҳаддислар шайхи”, “Шайхул ҳарам” номлари билан шуҳрат қозонган. Ямандаги Расулийлар давлати ҳукмдори Музаффар Юсуфнинг ҳурматига сазовор бўлган ҳамда “Мансурийя” номи билан машҳур бўлган, Музаффар Юсуфнинг отаси томонидан асос солинган мадрасасида мударрислик қилган.

Ас.: (асарлари). Аҳмад ат-Табарийнинг “ал-Аҳкому-л-кубро” (“الأحكامالكبرى ”), “Хулоса сияр саййиду-л-башар” (“خلاصة سير سيد البشر”), “ат-Ташвиқ ила-л-байти-л-атиқ” (“التشويق إلى البيت العتيق”), “Шарҳу-т-танбиҳ” (“شرح التنبيه”) ва бошқа асарлари бор.

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Ад.: (манба ва адабиётлар рўйхати ) 

  1. Абул Маҳосин ал-Ҳусайний. Зайл тазкирати-л-ҳуффоз. – Байрут: Дору-л-кутуб ал-илмийя, 2009. – Б.458.
  2. Аҳмад Муҳибуддин ат-Табарий. Хулоса сияр саййиду-л-башар. – Ҳайдаробод: Доирату-л-маориф ал-усмонийя, 2005. – Б. 298.
  3. Шамсиддин аз-Заҳабий. Ал-Маъжаму-л-мухтас би-л-муҳаддисин. – Тоиф: Мактабату-с-садиқ, 1988. – Б. 388.

 

 

 

 

Izoh qoldirish