ВАТАН АРДОҒИ
Ушбу туйғу ҳар бир инсон боласи қалбида мурғаклигидан ўрнашиб олар экан, унинг ёши улғайган сари кучайиб боради. Ватанга бўлган меҳр тўғрисида чурқ этмаган инсоннинг ҳам ҳар бир лаҳзаси ҳол тили билан: “Мен унда ўсиб улғайдим, сиз кўриб турган бу камолотнинг барчаси шу ватан бағрида менга улашилди”, – деб туради. Унинг ёши кексаяр экан, ватан меҳри ҳам ортиб боради. Шундан бўлса керак, мусофирликда бўлганлар ёшини яшаган сари ўзи туғилиб ўсган жойни қумсаб, унга қайтиш йўлини излай бошлайди.Тарихга назар солар эканмиз, биз шу нарсанинг гувоҳи бўламиз.
Тарихдан маълумки, тақдир тақозоси билан мусофирликда юрган олимлар ёки давлат арбобларининг аксарияти имкон топишлари билан ватанларига қайтиб келганлар. Уларнинг баъзилари қайтишга имкон топа олмасада, вафотидан сўнг ватанга олиб боришларини васият қилишган. Буни ҳукмдор Сабуктегин тақдири мисолида кўришимиз мумкин:
“Амир Сабуктегинга мусибатлар изма-из келишда давом этди. Ундан сўнг шу вақт ичида унинг азиз синглиси оламдан ўтиб, болалари етим бўлиб қолди. Бу мусибат амир тўшакка михланиб қолгунича давом этди. У тўшакдан туриб кетишдан умидини узди. У Ғазнага бориб, унинг тоза ҳавоси ҳамда ширин сувидан фойдаланишга муштоқ бўлди. Начора, паймонаси тўлган экан, ажал уни орзусига етишдан олдин олиб кетди. Шундан сўнг у тобутида Ғазнага олиб борилди”.[1]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамага бўлган иштиёқлари вақти-вақти билан у кишини осмонга тикиладиган қилиб қўйди. Расулининг қалбида кечган нарсани билган Зот намоз ўқиб турган жойларида қиблани Ақсодан Каъбага бурганлиги тўғрисида ваҳий юбориб, бурилишга амр қилди.
Хуллас ватан меҳри қалбидан жой олган, ватан ҳимоясидек шарафли вазифага бел боғлаганлар дунё ва охират мукофотларига лойиқ кўрилувчи шарафли касб вакиллари бўлиб, уларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига юртлар тинч, инсонлар осуда ҳаёт кечирадилар.
Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро
илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1]Сабуктегинниг орзуси Ғазна ҳавосидан тўйиб нафас олиш эди. “Таърихи яминий”. Аббосхон Абдуллаев таржимаси. – Б. 207-208.
Izoh qoldirish