ВАТАН ҲИМОЯСИ – ШАРАФЛИ ВАЗИФА
Юртимизда ватан ҳимояси сингари муҳим ишга ўзининг ҳаётини бахшида этган ҳарбий йигитларимиз кўплаб ҳурмат ва эҳтиром билан тақдирланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” сифатида катта байрам ва улуғ тантана билан нишонланади.
Ушбу мақомдаги эътибор ва эътироф ушбу касб эгаларининг ўз зиммаларидаги хизматларини юқори баҳоланишини намоён этиб, уларнинг келажакдаги иш фаолиятига куч-қувват, шижоат ва албатта садоқат бахшида этади.
Дарҳақиқат, 1993 йил 29 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.
Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш барчанинг зиммасидаги муқаддас бурч саналади. Ушбу мажбуриятни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари ҳисобланган миллий армиямиз ва барча ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар тарафидан халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни муносиб баҳолаш ҳамда уларга зарур шарт-шароит яратиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Армия ва халқ – бир тану бир жон!”, – деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради”, – деб айтган сўзларидан ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин бўлади.
Дарвоқе, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида кечаётган кескин ҳодисалар, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Сўнгги вақтларда мамлакатимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий армиямизнинг ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба берадиган жанговар қудрати ошиб бормоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир ҳарбий хизматчининг билими, малакаси ҳамда руҳий тайёргарлиги оширилиб борилмоқда. Уларнинг оилаларига муносиб шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар, фарзандларини олий таълим муассасаларига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилиш, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш ҳамда замонавий инфратузилма барпо этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
14 январь кунини эса мамлакатимизда фақатгина ҳарбийларимиз эмас, балки барча юртдошларимиз тинчлик ва осойишталик байрами куни сифатида кенг нишонлашмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз”, – деб ривоят қилинган ҳадисларидан ҳам шуни англаш мумкинки, Ватан ҳимояси йўлида олиб борилаётган ҳар қандай хизмат савобли амаллар қаторига киради.
Мухтасар қилиб айтганда, тинчлик бор жойга байрамлар ярашади, шунинг учун жаннатмакон диёримизда ушбу тинчликни таъминлаб келаётган ҳарбий хизматчиларни яна бир бор ушбу байрам билан муборакбод этиб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва албатта масъулиятли хизматларида куч-қувват тилаб қоламиз.
Маҳмуд Нормуродов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Izoh qoldirish