ВАТАН ҲИМОЯСИ – ЎЗЛИК ҲИМОЯСИ
Ватан кишининг уйи мисоли эканлиги ҳеч кимга сир бўлмаган ҳақиқатдир. Уй эса кишининг шахс сифатида камол топишида муҳим пойдевор вазифасини айтади. Бошқача айтганда, у инсоннинг ўзлиги шаклланишида ҳал қилувчи ўринлардан бирига эга. Шундай экан, ватан ҳимояси – ўзликни асрашдир.
Шунинг учун улуғ аждодларимиз илм талаби йўлида мағрибу машриқни кезиб саёҳат қилишган бўлсалар-да, охир-оқибат ватанларига қайтиб келишган ва бу ерда илму маърифат зиёсини тарқатиб, унинг тараққиётига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшишган.
Шу билан бирга улар керак бўлган вақтда қўлларига қурол олиб, Ватан ҳимоясига ҳам отланишган. Тарихда машҳур олимлар, муҳаддислар, сўфийлар муробитлик – чегара ҳудудларини қўриқлашга бел боғлашган ва ҳатто жангларда иштирок этишган.
Жумладан, Заҳабий ўзининг “Сийару аълом ан-нубало” ва “Тарих ал-Ислом” асарларида қайд этишича, йирик муҳаддис ва ҳофиз таба тобеин Ҳажжож ибн Муҳаммад Термизий (ваф. 821 йил) Дамашқнинг Миссиса деган жойида чегарачилик хизматини бажарган. У ўз хизматини давом эттирар экан, одамлар таълим олиш учун унинг ёнига келишарди. Улар орасида эса у зотдан илм олиш учун Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва унинг сафдоши ва устози Яҳё ибн Маъин Бағдодий каби улуғ зотлар ҳам бор эди. Зеро, Ҳаким Термизий “Наводир ал-усул” асарида саҳоба Салмон Форисий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Ким Аллоҳ йўлида чегара хизматида жон фидо қилса, қабр азобидан сақланади ва унинг ушбу бажариб турган солиҳ амали савоби қиёматгача етиб туради”.
Ушбу ҳадиснинг айтилиш сабаби бошқа ривоятларда шундай келади: “Саҳоба Каъб ибн Ужра бошқа бир саҳоба Салмон Форсий ёнидан ўтди, у форс ерларида чегарани қўриқлаб турарди. Салмон унга: “Бу ерларда нима қилиб юрибсан?” деди. У: “Мен чегарачиман” деди. У: “Сенга бу чегарачилигингда ёрдам бўладиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсамни айтиб берайми?” деди. Каъб: “Ҳа” деди ва у юқоридаги ҳадисни айтиб берди.
Маълум бўладики, ҳадиси шариф маъносига кўра, бундай киши қиёмат қойим бўлганга қадар чегарани қўриқлаб турганидек тўхтовсиз етиб турадиган ажру савобга эга бўлади.
Умуман, аждодларимиз инсонийлик бурчларини ҳеч қачон унутмасдан, илм ва амал уйғунлигини ўзларида мужассам этишган, шунинг учун ҳам улкан даражаларга етишган.
Албатта, бу борада Нажмиддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳнинг жасорати ҳам алоҳида таҳсинга сазовор бўлган. Бу ҳақдаги маълумот «Тарихи гузида» («Танланган тарих»), Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», кейинчалик эса, «Равзат ул-сафо», «Ҳабиб ус-сияр» ва бошқа машҳур тарихий китоб ва тазкираларда ҳам учрайди.
Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари “Насойим ал-муҳаббат” китобида дейди:
Чун тотор куффори Хоразмға етибдурлар. Ҳазрат Шайх асҳобини йиғиб, амр қилибдурларки, вилоятларингизға боринг! Алар ул Ҳазратнинг амри била ўз вилоятларнга борибдурлар. Асҳобдин баъзики, Ҳазрат Шайхқа доғи чиқар илтимос қилибдурлар. Шайх дебдурларки, биз бу куффор илкида шаҳид бўлурбиз. Асҳоб тарқағондин сўнгра ким, куффор Хоразмға кирибдурлар. Ҳазрат Шайх қолган асҳоб била чиқиб, ғазвға машғул бўлубдурлар. То шаҳодат шарбатин тотибдурлар. Дерларки, шаҳодат вақтида бир кофурнинг парчамин тутқон эрмишлар. Андоқки, шаҳодатдин сўнгра ўн киши айира олмайдур ва ул парчамни кесиб айирдилар. Ва баъзи дебдурларки, Ҳазрат Мавлоно Жалолуддин Румий қоддасаллоҳу сирраҳу ғазалиётида ишорат бу қиссаға ва ўз интисобини Ҳазрат Шайхқа қилиб дебдурки:
Биз қўлга қадаҳ олувчн улуғвор кишилармиз.
Ориқ эчкиси билан қолган қашшоқлардан эмасмиз.
Бир қўлда иймоннинг холис шаробин ичарлар,
Бир қўлда кофирнинг кокилин маҳкам тутарлар.
Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
Izoh qoldirish