ТЕРМИЗДА КАЛОМ ИЛМИ
Ислом динининг ёйилиши ва ривожланиши жараёнида мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс–мунозаралар авж олади. Улар борасида баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўлади. Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар бир–биридан фарқли ақидавий қарашлар асосида, турли номлар билан аталадиган фирқаларни шакллантира борган. Фирқалар етакчиларини исми билан, қилаётган асосий даъволари билан, ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлаганлар. Мазкур фирқаларнинг вакиллари хилма–хил эътиқоддаги шахслар бўлиб, уларнинг баъзилари ўзларининг эътиқодида ғулув кетиб, Исломдан чиқиб кетишга яқин қолган бўлса, айримлари Исломга бегона бўлган турли фалсафий қарашларни дастурул амал қилган эди.
Эътиқодий масалаларга ақлий нисбат бериш устуворлик қиладиган йўналиш “калом” номини олади. Калом йўналишининг дастлабки йирик мактабига номини берган, хаёти ва фаолияти Термиз билан боғлиқ бўлган Жаҳм ибн Сафвон асли қиссачи сифатида шаклланган бўлиб, бизгача етиб келган маълумотларга биноан баҳс–мунозаралар, қаттиқ тортишувлар борасида ажралиб турган. Жумладан, унинг буддавийлар билан баҳслашуви борасида нақллар сақланиб қолган. Мазкур мунозара илк Ислом давридаги манбаларда қайд этилган мусулмонлар билан буддавийлар орасидаги ягона ғоявий баҳс бўлиб қолмоқда. Жаҳм ибн Сафвонга тегишли бизгача етиб келган қисқагина матнда муаллиф Византия, форслар ва туркларнинг ўзаро муносабати тарихи борасида маълумот берган[1]. Унинг асарлари сақланиб қолмаган. Шунинг учун ҳам Жаҳм ибн Сафвон ҳақидаги маълумотлар билвосита манбалардан олинади. Ундан кейинги муаллифлар Жаҳм ибн Сафвонни ва жаҳмийлар номини олган йўналиш вакилларини қаттиқ танқид қиладилар. Қандай бўлмасин, калом йўналишидаги биринчи йирик мактаб жаҳмийлар номи билан юритилади[2].
Калом йўналишига мансуб бўлган мактаблар турли–туман масалалардаги баҳс–мунозараларда ғулув кетганлиги сабабли аҳли сунна уламолари улардан сақланиш лозимлигини таъкидлаб, охир–оқибат калом илми билан шуғулланишни қатъий равишда батамом ман қилиш даражасигача борганлар. Уларнинг фикрича, калом илми олимлари ақлга берилиб, Қуръон ва ҳадисдан узоқлашган эди[3]. Лекин вақт ўтиши билан аҳли сунна уламолари каломнинг хатарли жиҳатларидан огоҳлантириш билан бирга, Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми" ҳақида ҳам сўз юритганлар. Яъни энди "калом илми"ни мутлақо ман қилишдан уни жоиз ва ножоиз турларига ажратишга ўтилган[4].
Мазкур жараённинг Термиз илмий муҳитида қандай кечганлиги ҳанузгача мукаммал ўрганилмаган. Жумладан, Термизий алломаларнинг калом йўналишидаги асарлари ўзларининг тадқиқотчиларини кутиб ётишибди[5].
Термизда калом илми ҳақида сўз юритганда Муҳаммад Ҳаким Термизий алоҳида аҳамият касб этади. Унинг каломга муносибатини алломанинг бутун мероси асосида баҳо бериш керак. Зеро, алоҳида олинган бирор бир асар асосида хулоса қилинадиган бўлса Муҳаммад Ҳаким Термизийни мутакаллим бўлган ёки умуман каломнинг ашаддий танқидчисига айлантириш мумкин. Масалан, имоннинг кўпайиб камайиши муаммоси баҳсталаб бўлиб, Муҳаммад Ҳакимнинг мавзуни шарҳлашидан уни мутакаллимга айлантириш мумкин[6]. Алломанинг бошқа асарлар асосида унинг каломга салбий муносибати борасида хулосага келиш мумкин. Чунки Ҳаким Термизий калом аҳлининг ўзларига тегишли бўлмаган масалалар билан овора бўлиб қолганлигини, кўп масалаларда ғулув кетганликларини қайд этади. Жумладан, аллома калом аҳлининг Аллоҳ ва эътиқоднинг табиати ҳақидаги мавҳум мулоҳазаларга салбий муносабатда бўлади[7]. Термизийнинг фикрича, калом ҳикматни бузмоқда, чунки у Аллоҳни билиш жараёнини маърифат орқали эмас, балки, ақлий мулоҳаза юритиш воситасида амалга оширади. Шу билан бирга, аллома тажриба ақли энг фойдали ва энг афзал ақл эканлигини таъкидлайди[8].
Жалолиддин МИРЗАЕВ
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Араб тилида: al-Jāḥiẓ, Rasāʾel al-Jāḥeẓ. ed. ʿAbd-al-Salām Moḥammad Hārun, 1 vols., Cairo, 1965. Manāqeb Аль-Торк . С. 82; рус тилида: Асадов Ф.М. Арабские источники о тюрках в раннее средневековье. Баку:— Элм, 1993—С.99-100.
[2] Прозоров С.М. Ислам как идеологическая система. Т. II / Институт восточных рукописей РАН. — М. : Наука — Вост. лит., 2016. — С. 242. http://www.orientalstudies.ru/rus/index.php?option=content&task=view&id=266
[3] Оқилов С. Абу-л-Муин ан-Насафий илмий мероси ва мотуридийа таълимоти. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2008– Б. 35-38.
[4]Бу ҳақида қаранг: Абдулқодир Абдур Раҳим. Калом илми атрофидаги баҳслар. http://muslim.uz/index.php/aqida/item/626
[5] Масалан,Туркияда сақланаётган қўлёзма: Ahmad b. İbrâhîm at-Termizi el-Hanefî. Nashrul-Laali. Çorum Hasan Pasha İl Halk Kutuphanesi. 19 Hk 956.
[6] Батафсил қаранг: Ал-Ҳаким ат-Термизий. Нодир масалалар. Сарахс аҳли сўраган масалалар асари асосида. Иброҳимжон Усмонов нашри. Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2007. –Б. 9-11.
[7] Жалолиддин Мирзо. Муҳаммад Ҳаким Термизий: ҳаёти ва ижоди саҳифалари. – Тошкент: “San`at jurnali”, 2007. –Б.11.
[8] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Нодир масалалар. Сарахс аҳли сўраган масалалар асари асосида. Иброҳимжон Усмонов нашри. Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2007. –Б.84.
Izoh qoldirish