Термизда ҳанафия мазҳабининг шаклланиши ва ривожланиши
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ан–Нуъмон ибн Собит (699–767) томонидан тузилган ҳуқуқий тизимда кундалик турмуш масалаларида, хусусан, никоҳдан тортиб солиққача бўлган масалаларни ҳал қилишда Исломий эътиқоднинг мазмуни намоён этилди. Унда мусулмон жамоасида юксак инсонпарварлик муносабатларини шакллантиришга қаратилган муназзам ва мукаммал тизим юзага келади. Шу билан бирга, жамоа ҳаётини тартибга солишда Исломни қабул қилган барча элатларнинг урф–одатларини ҳисобга олиш ғояси илгари сурилади. Натижада мазҳаблар орасида орасида энг кенг ёйилгани ҳанафия бўлиб қолди, мусулмонларнинг катта қисми унга риоя қиладилар.
Мовароуннаҳрда ханафийлик мазҳабининг ёйилиши ҳақида сўз юритганда биринчи навбатда Абу Ҳанифанинг келиб чиқиши масаласини ойдинлаштириш лозим. Алломанинг келиб чиқиши борасида турли–туман фикрлар билдирилган. У қайси шаҳарда туғилганлиги хозиргача илмий мунозараларга сабаб бўлмоқда. Манбаларда Абу Ҳанифа туғилган шаҳарлар орасида Термиз шаҳри ҳам қайд этилади. Хозирги билимларимиз доирасида алломанинг қайси шаҳарда туғилганлигини тўлиқ тасдиқловчи бир тўхтамга келишга имкониятимиз йўқ. Лекин, манбалардаги маълумотлар Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит тарафдорлари Термизда VIII асрнинг биринчи ярмидаёқ етакчи бўлганлигини эътироф этишади.
Абу Ҳанифанинг сафдошлари ҳақида жуда кам маълумотлар сақланиб қолган бўлса–да, бизгача Холид ибн Зиёд ибн Жарв Аздий Термизий фаолияти борасида муҳим хабарлар етиб келган. У Термиз қозиси сифатида қачондан фаолият кўрсатганлиги номаълум, лекин мазкур воқеа Мовароуннаҳр шаҳарлари орасида ҳанафийларнинг қозилик мансабини эгаллаши борасидаги илк қадам дейиш мумкин. Термиз қозиси Холид ибн Зиёд Термизий бир юз бир ёшида вафот этади. Унинг ўғли Абдулазиз ибн Холид отаси вафотидан сўнг Термиз қозиси лавозимини эгаллайди[1]. “Термиз аҳлининг имоми” Абдулазиз ибн Холид Термизий Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг шогирдларидан биридир. Хуросон волийси Али ибн Исо ибн Моҳон (ваф. 195/810) даврида ғоялар хилма–хиллиги ниҳоятда кучайиб кетиши, улар ўртасида муросасиз кураш ва зиддиятлар авж олиб кетиши оқибатида Абдулазиз ибн Холид Термиздан бадарға этилади. Манбаларга кўра, Фарғона ва Тошкентда ислом динининг маҳаллий аҳоли ўртасида кенг ёйилишида Абдулазиз ибн Ҳолид Термизийнинг ҳиссаси катта бўлган. Абу Ҳанифанинг Абдулазиз ибн Холид Термиздан бадарға этилган даврда Термиз қозиси бўлган Солиҳ ибн Муҳаммад Термизий жаҳмий ва муржиъий бўлгани манбаларда таъкидланади[2]. Аммо кенг доирадаги манбаларни ўрганиш шуни кўрсатадики, бу аслида Аҳл ар– раъй ва Аҳл ал–ҳадис йўналиши вакилларининг қарама–қаршилигидан келиб чиққан таъкид эканлиги маълум бўлади. Солиҳ ибн Муҳаммад Термизий Ҳаммод ибн Абу Ҳанифадан (ваф. 176/792) унинг отасидан ривоят қилган "Нусхату Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа ъан абийҳи” китобини тўғридан–тўғри ривоят қилган. Абу Ҳанифанинг Термиздан бўлган бевосита шогирдлари орасида Исроил ибн Зиёд Термизий ажралиб туради. У устозининг таърифу тавсифини – маноқибини битган.
Манбаларда Абу Ҳанифанинг таълимотини унинг етакчи шогирдларидан ўрганган термизлик олимлар ҳақида маълумотлар келтирилади. Жумладан, Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг отаси Али ибн Ҳасан Термизий устозлари сафига Абу Ҳанифанинг энг яқин шогирдлари ва издошлари: Имом Муҳаммад, Балх қозиси бўлган Шаддод ибн Ҳаким Абу Усмон, Абу Нуъайм Фазл ибн Дукайн Кўфий кирганлар. Али ибн Ҳасан Термизийнинг ва унинг ўғли ҳанафийлар гуруҳига яқинлигини кўрсатувчи маълумотлар етарлича. Шунингдек, Ҳужвирийнинг далолатича, фикҳ илмида Муҳаммад Ҳаким Термизий Абу Ҳанифанинг шогирдларидан таҳсил олган[3]. Шундай қилиб, хулоса қилиш мумкинки, Термизда ханафийлик мазҳабининг устиворлик этиши, унинг илк қадамлари давридёқ, VIII асрнинг иккинчи ярмидаёқ, Мовароуннаҳрдаги бошқа шаҳарлардан олдинроқ юз беради.
Муҳаммад Ҳаким Термизий ёшлигидан ҳадислар ва ҳанафийлар ҳуқуқини ўрганишга киришади. Унинг ҳадисларга ва ҳуқукий масалаларга бўлган муносабатидаёқ ўзига хос илмий–танқидий ёндошиш намоён бўлади. Термизий ҳадисларни етказувчиларга–ровийларга қўшимча талабларни қўяди. Унга кўра ровийларнинг устозлари ҳам тақводор пешволардан бўлиши, маъно ва таъвилни (шарҳлашни) яхши билишлари лозим эди[4]. Ҳанафийлик тарафдорлари муҳитида шаклланган Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг ўзи Абу Ҳанифа усулини усул ар – раъй номи билан қайд этади. Мазкур йўналишга мансуб бўлишига қарамасдан Термизий бу мактабга хос бўлган диний ва ҳуқуқий қарашлар важидан «қиёс» усулига салбий муносабатда бўлади. Аллома «қиёс» усулини ўхшатиш («мушакила») сифатида қабул қилиб, унинг турли ҳукмларни қабул қилишда етарли эмаслигини таъкидлайди.
Жалолиддин МИРЗАЕВ
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1]Мирзаев Дж.З. Термез – первый мусульманский город Мавараннахра // Uzbekistan’s contribution to the development of Islamic civilization. –C.174.
[2]Josef van Ess. Theologie und Gesellschaft im 2. und 3. Jahrhundert Hidschra: Eine Geschichte des religiösen Denkens im frühen Islam. Band 2: 1992.S.557.
[3] Раскрытие скрытого за завесой («Кяшф ал-махджуб») Абу-ль Хасана ибн Османа ибн-аби Али аль Джулляби аль-Худжвири аль-Газнави. Издание В.А.Жуковского. Ленинград,1926. Фикримизча, Хужвирий хато қилган, Абу Ҳанифанинг бирор бир шогирди даврий фарқ туфайли Термизийга устозлик қилиши мумкин эмас. Унга Абу Ҳанифа йўналишида Жоруд ибн Жоруд ас-Сулами(в.858) устозлик қилган бўлиши керак.
[4] Жалолиддин Мирзо. Муҳаммад Ҳаким Термизий: ҳаёти ва ижоди саҳифалари. – Тошкент: “San`at jurnali”, 2007. Б.8.
Izoh qoldirish