Термиз илмий муҳити ва Абу Мансур Мотуридий таълимоти
Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожланишига катта улуш қўшади. Илоҳиёт илмлари тўла шаклланиб камол топишига хизмат қилади. Уларни қайта ишлаб чиқиб, маълум тизимга солишдек бир ишни амалга оширди ва ҳанафий талимотининг Марказий Осиё халқларининг урф–одатлари билан боғлиқлигини асарлари орқали кўрсатиб беради. У яратган таълимот Ислом динининг буюк ақидавий таълимотларидан бири сифатида танилди.
Мотуридий илмий мероси борасида кўплаб тадқиқотлар амалга оширилаётган бўлсада[1], алломанинг таълимоти шаклланишига туртки бўлган омиллар, олимларнинг қарашлари билан алоқаси етарлича ўрганилмаган. Мотрудий ақидаси замон ва макондан айри ҳолда, Абу Ҳанифа мероси билан оралиқда бўшлиқ холда тасвирлаш устуворлик қилади.
Мотрудий меросининг етакчи тадқиқотчиларидан бири Ульрих Рудольф ҳам ўзининг фундаментал асарида фақатгина Мотурдий фикрлари бўшлиқдан эмас, балки Ҳаким Термизий фикрлари билан ҳамоҳанг эканлигига ишора қилиб кетади[2]. Лекин Мотуридий асарларида Муҳаммад Ҳаким Термизий шахси ва унинг қарашлари ҳақида умуман сўз юритилмайди. Шундай бўлса–да, Мотуридий Муҳаммад Ҳаким Термизий меросидан, эҳтимол, билвосита баҳраманд бўлган бўлиши керак.
Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳар ишлатилаётган сўзнинг маъносини чуқур ўрганиб, уни ташкил этган ҳарфларни таҳлил этади. Кейин эса уларнинг маъно билан боғлиқлик жиҳатини очиб беради. Бу билан сўзлар ва улар билдирган объект номи ўзидан–ўзи пайдо бўлиб қолмаганлигини, балки бунда мантиқий изчиллик борлигини кўрсатиб беради[3]. Масалан, Термизий имон ва ислом бир нарсанинг ўзи эмаслигини, уларни Қуръонда қандай ишлатилган бўлса, шундай маънода ишлатиш кераклигини таъкидлайди. Алломанинг бундай ёндашуви натижасида синоним (mutarādifāt) ҳисобланган турли атамаларнинг аслида турфа маъноси борлиги тўғрисидаги ўзига хос тамойили шаклланади. Мазкур тамойил кейинчалик ҳанафия усулининг ажралмас қисмига айланади.
Муҳаммад Ҳаким Термизий учун ҳар бир инсоннинг тақдири Аллоҳ томонидан белгилаб қўйилганига қарамай, у ўз хатти–ҳаракатлари учун масъулдир, деб ҳисоблайди. Унга кўра, инсон ҳаётий имтиҳонлар учун яратилган. Шу билан бир вақтда, унга ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиши ва тўғри йўлни топиши учун кенг имкониятлар ҳам бериб қўйилган. Инсон ўз хатти–ҳаракатларида ихтиёрлидир. Чўлда кетаётган одам йўлни ва турли хавф хатарни билса, омон–эсон манзилига етади. Бу инсонга берилган ҳикматдир. Бундан ташқари алоҳида илоҳий ҳикмат бўлади[4].
Муҳаммад Ҳаким Термизий ақлга катта эътибор берган бўлса–да, у муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ўз даврида фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини чалғитиб боради. Термизий барча йўналишларни танқид қилиш билан ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида раддиялар беради. Ислом тафаккурининг турли йўналишларида ижод қилган Муҳаммад Ҳаким Термизий улар орасидан мўътадил мувозанат ҳолатини топишга уринган дастлабки алломалардан эди. Барча йуналиш вакиллари билан баҳсга киришар экан, мутаффакир ҳар бир таълимотдан ислом тафаккури учун фойдали, уни янада ривожлантиришга қаратилган жиҳатларни олишга ҳаракат қилади. Юқорида санаб ўтилган амаллар Муҳаммад Ҳаким Термизий каби Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодининг ҳам асоси бўлган.
Жалолиддин МИРЗАЕВ
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Масалан, Ўзбекистонда: Уватов У. Имом ал-Мотуридий ва унинг таълимоти. – Т.: Фан, 2000.Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий ёзма мероси ва унинг “Китаб ат-та’вилот” асари: Тар. ф. ном. дис... автореф. – Т.: ЎзФА ШИ, 2003. Оқилов С. Абулмуин Насафий ва унинг мотуридия таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси (“Табсирату-л-адилла” асари асосида): тарих фанлари номзодлик диссертацияси автореферати. – Т.: Тошкент ислом университети, 2005. Алимов У. IX-XI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши. – Т.: O’zbekiston milliy ensiklopediyasi. Movarounnahr, 2008. Зиёдов Ш., Қориев О., Бекмирзаев И. Мовароуннаҳр ислом илмлари ривожида ҳанафий таълимоти. Монография. Ўз ФА ШИ, ТошДШИ. – Т.: Fan va texnologiya, 2012. ва бошқалар.
[2] Rudolph, Ulrich. Al-Maturidi and the development of Sunni theology in Samarqand / by Ulrich Rudolph; translated by Rodrigo Adem. Brill Academic Pub, 2014, p.276: 202 изоҳ.
[3] Ал-Ҳаким ат-Термизий. Қуръондаги маънодош сўзлар. О.Қориев ва Ҳ.Аминов нашри. Т.: “Наврўз”,2017.6 бет.
[4] Батафсил маълумот: Aiyub Palmer. The Social and Theoretical Dimensions of Sainthood in Early Islam: Al-Tirmidhī’s Gnoseology and the Foundations of Ṣūfī Social Praxis. A dissertation of Doctor of Philosophy In the University of Michigan 2015, pp. 99-100.
Izoh qoldirish